Абулфайз Баротов

abarotovЎЛИМ ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚАТ

Кўзни юм, кўзга айлансин кўнгил
Жалолиддин Румий

Худо инсонга бойлик ва фарзандни азиз қилиб қўйди, ҳаётимиз риштасини узадиган ажални эса даҳшатга айлантирди. Аслида шундаймкин?

Инглиз олими доктор Раймонд Моудининг “Ўлимдан кейинги ҳаёт” китобида ёзилишича, ўлаётган киши (ўлиш жараёнининг бошида, баъзан эса ўлимга оид бошқа ҳодисалардан кейин) одам ўзга руҳий қиёфаларнинг иштирокни англай бошлаган. Бу қиёфалар, афтидан, ўлаётган кишига янги ҳолатга ўтишида кўмаклашиш учун ёхуд унинг ҳали қазоси етмаганини, жисмоний таналарига қайтиши лозимлигини ўқтириш учун пайдо бўлишган.
Мана бу воқеага эътибор беринг.
“Мен буни кўзим ёриганда кўп қон йўқотиб, қийналганимда бошимдан кечирдим,- деб эслайди бир аёл. -Врач менинг ҳаётга қайтишимдан умидини узиб, қариндошларимга мени ўлди деб айтди. Мен уларнинг гапларини эшитар, барчасини диққат билан кузатардим, ҳатто врачнинг гапини эшитганимда эс-ҳушим жойидалигини ҳис этдим. Айни пайтда бу ерда ҳозир бўлган қиёфалар –улар ҳийла кўп эди, хонанинг шифтида учиб юришарди. Улар тириклигимда билган, таниган, лекин қазо қилган кишилар эди. Мен ўзимнинг бувимни, бир пайтлар мактабда бирга ўқиган қизни ва бошқа кўплаб қариндош-уруғларни, қадрдонларни танидим.
Ҳа, мен уларнинг юзларини кўрдим, улар ёнимда туришарди. Барилари бирдек меҳрибон, чеҳралари очиқ эди. Уларнинг ёнимдалигидан кайфиятим кўтарилди. Улар мени ҳимоя қилгани ёки кузатиб қўйгани учун келишганини ҳис этдим. Гўё мен уйимизга қайтганман-у, улар мени кутиб олгани шу ерга йиғилишган гўё. Шу вақт ичида мени ёруғликдан қувониш ва севинч туйғулари тарк этгани йўқ. Бу беҳад жозибали ва ажойиб лаҳзалар эди.”
“…Кексайиб қолган холам оғир хасталаниб ётиб қолгандилар, -дея гапириб берган эди биттаси. -Мен ёнида у кишига қараб ўтирардим. Холам узоқ вақт бетоб бўлиб ётдилар ва оиламиздан кимдир биров у кишининг соғайиб кетишини худодан тилаб, дуо ўқир эди. Бир неча марта холам ҳушларини йўқотиб, нафас олмай қўйдилар. Бироқ биз у кишини ҳар гал бир амаллаб асраб қолардик. Бир куни холам менга қараб: “Жоан мен кетишим керак, у ёқ жуда яхши. Мен у ёқда қолишни хоҳлаймн, бироқ сизлар дуо ўқиб, худодан тилаб, мени қайтариб олиб қолаяпсизлар. Худо хайрингизни берсин, бас қилинглар, энди дуо ўқиманглар. Худодан тиламанглар мени қайтар деб,” дедилар. Шундан сўнг биз дуо ўқимай қўйдик ва тез орада холам қазо қилдилар.”
Мана энди ушбу воқеаларга қулоқ тутинг:
“Уларнинг мени ҳаётга қайтариш учун уринишаётганини кўрдим. Бу жуда ғалати эди. Мен гўё супачада тургандек, уларнинг тепасида туриб кузатардим. Улар билан гаплашмоқчи бўлдим, аммо ҳеч ким мени эшитмади.”
х х х
“Вой, мен ўлдим, қандай яхши!”
х х х
“Мен орқага қайтганимдан сўнг яна бу дунёда яшашга маҳкумлигимини билиб, қарийб бир ҳафтача йиғлаб юрдим. Мен ҳаётга қайтишни хохламагандим.”
х х х
“Тирикликка қайтганимдан сўнг менда ғаройиб туйғулар сақланиб қолди. Бу туйғулар бир неча кунгача мени тарк этмади. Ҳатто ҳозир ҳам баъзан шунга ўхшаш туйғуларни ҳис этиб тураман.”
х х х
“Мени оғир аҳволда шифохонага ётқизишди, қарийб бир ҳафта бехуш ётганман. Врачлар соғайишимга шубҳа билдирганлар. Шунда хаёлимда фикран шундай савол пайдо бўлди: “Ўлишни хоҳлайсанми?” “Билмадим, мен ўз ҳақимда ҳеч нарса билмайман,”- деб жавоб бердим. Шунда порлоқ нур: “Мана бу чегарадан ўт, билиб оласан,”- деди. Гарчи аниқ кўрмаётган бўлсамда, қаршимда аллақандай тўсиқ бордай туюлди. Бу тўсиқдан ўтганимни биламан, мени ғаройиб ҳислар, осойишталик ва ҳузур-ҳаловат туйғулари чулғаб олди, вужудимда ташвиш, безовталикдан асар ҳам қолмади.”
х х х
“Жароҳат олган дақиқада мен танамда фавқулодда кучли оғриқ сездим, кейин оғриқ йўқолди. Ўзимни гўё қоронғу бўшлиқда учиб юргандай ҳис этдим. Ўшанда кун жуда совуқ эди, лекин бу жойда – қоронғу бўшлиқда иссиқ мен учун ҳар қачонгидан кўра ёқимлироқ эди. Хаёлимдан: “мен ўлдим шекилли,” –деган фикр келганини эслайман.”
х х х
Бир аёлнинг юрак хуружидан кейин ҳаётга қайтганида айтганлари:
“Мен жуда ғалати туйғуларни ҳис эта бошладим. Осойишталик, енгиллик ва оромдан бошқа нарсани сезганим йўқ. Мен барча ташвишларим барҳам топганини пайқадим ва ичимда ўйладим: “қандай яхши, тинч, осуда, оғриқ йўқ.”
ХХ аср кишиларига насиб этган ва буюк кашфиётларидан бири ҳисобланган- Раймонд Моудининг “Ўлимдан кейинги ҳаёт” китобида ўлиб тирилган 150 тача инсоннинг бошидан кечирган ўлим ҳолатлари таҳлил қилинганида, уларнинг дунёқарашлари, феъл-атворлари ва динга муносабатлари турли-туман бўлсада, у дунё ҳақидаги хабарларидаги фикрлари бир хил чиққан: демак, инсон ўлимидан кейин ҳам яшашда давом этади.
Ўлим ҳақида гапиришга оғринамиз. Бундай ҳолатни икки жиҳатдан изоҳлаш мумкин. Биринчиси, психологик ва муомала маданияти билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, –бу мавзунинг табу (қатағон, тақиқ) ҳисобланишидир.
Аммо инсон асрлар давомида бу дунё келиб кетишининг сирини билишга доимо қизиққан. Кетганлар қаёққа равона бўлишади? Наҳотки улардан абадул-абад бирор-бир сас, дарак бўлмаса?! Ахир, инсон умри шунчалик омонатми, шунчалик бебақоми, ўлдинг–ўчдинг деганларидек, дорилбақога рихлат этмоқ билан ҳамма-ҳаммасига сўнгги нуқта қўйиладими?
Ўлган ва маълум сабаларга кўра ҳаётга қайтган кишиларни марҳум қариндошлари, дўстлари билан биргаликда шунақанги бир шаффоф зот кутиб оладики, ундан ёғилаётган меҳр-шафқат ва ҳароратни авваллари сира-сира кўрмаганлигини эслашади. Шунда ўлим ҳолатини бошидан кечираётган кишининг онгида иккита савол кўндаланг бўлади:
“Сен у дунёда нималар қилдинг,
Нималарни кўрсата оласан?”
Ана шундан кейин шаффоф зот бошқа бирор-бир сўз айтмай, унга ўз шахсий ҳаётини сарҳисоб қилиш имконини яратади ва уни босиб ўтган умр йўлида кечирган муҳим воқеалар ичидан қайта олиб ўтади, хаёли кўзгусида бутун ўтмишини қайта жонлантиради. Маълум бир дақиқада у афтидан ёлғон ва чин дунёлар оралиғи бўлиб туюлувчи тўсиқ ёки чегарани пайқайди. Шунда ҳаётга қайтиш кераклигини, ўзининг қазо муддати етмаганини сезади. Айни шу лаҳзада у қаршилик қила бошлайди. Чунки у нариги дунёдан, яъни бутунлай ўзгача ҳаётдан огоҳ бўлган, шунинг учун ўзига таниш бу дунёга -“тирикликка” қайтгиси келмайди. Шу дамда унинг бутун борлиғи шодлик ва меҳр-муҳаббатга ошуфта эди. У энди ҳузур-ҳаловатга эришганди. Бироқ у майл-хохишига қарамай, аллақандай йўсинда жисмоний танасига бирикади ва қалбида бу ҳодисани одамларга гапириб бериш туйғуси ўйғонади.
Р.Моудининг бу китоби ўлим ҳолатини бошидан кечирган турли кишиларнинг турли пайтлардаги туйғулар йиғиндисидан вужуда келган.
Болгариялик, ноёб қобилиятга эга бўлган кўзи ожиз башоратчи Ванганинг ҳаётидаги воқеалар ҳам Моудининг фикрларини тасдиқлайди. Ванга ёшлигидан етишмовчилик ва қашшоқликда ўсганлиги боис, одамлардан ҳеч нарсани аямайдиган сахий инсонга айланди. Ташриф буюрувчилар кўплаб қиммат баҳо совғалар келтиришар, башоратчи фақат эсдалик бўладиганларини олар, бошқаларини черковга, камбағалларга улашарди.
Ванганинг машҳурлигидан фойдаланиш мақсадида унинг ҳузурига ташриф буюрганларни Ванга дарҳол билар ва уларга шундай дерди: “менинг номим, обрўйим, қобилиятимдан фойланиш мақсадида меҳрибонлик қилманг, ким нопок қалб, ғараз мақсад билан келса, уни одамларнинг ғазаби таъқиб қилади ва шафқатсиз жазолайди. Олдимга менинг учун ҳақиқий дўстларча келинг, мен дўстларча жавоб қайтараман. Ҳаммангиз мендан сўрайверасиз, сўрайверасиз, бошимга тушган қисмат, истакларим қандайлиги ҳақида сўрамайсиз? Сизлар талаб қилган нарсаларни мен қаёқдан оламан? Шахсан мен ўзимдан бошқа ҳеч нарсага эга эмасман. Сизларга нима бера олишим мумкин. Маслаҳат беришим, бирон нарсани ўргатишим мумкин, аммо сиз буларни тушунмайсиз ва ҳеч нарса ўрганмайсиз. Мен фақат руҳий озиққа муҳтожман – буни менга ким бериши мумкин, сизлар беролмайсизлар, чунки ҳаммангиз руҳан камбағалсиз. Сизларга фақат очкўзлик ҳукумронлик қилади, сизлар шу ҳаётга муносибсизлар, мен бундайлардан нафратланаман.”
Ванга марҳумлар билан мулоқат қила оларди. Унинг фикрича ўлим, фақат жисмоний ҳаётнинг тугаши эди. Инсон шахси ажалдан кейин ҳам сақланиб қолади. Одамнинг жисмоний танаси чирийди, руҳи эса яшашда давом этади.
Ванганинг ўтган ҳар куни, ҳатто касаллигида ҳам бир хил бошланган. Ўта диндор башоратчи эрталаб ибодатхонага борар, художўйликни хўжакўрсинга қилишни ёқтирмас, Худога бўлган ишончининг чеки-чегараси йўқ эди.
Башоратчига айниқса, пайғамбарларнинг дунё азоблари ҳақидаги кўзни очувчи гаплари ёқарди. “Азоблардан норози бўлманглар,”- дерди у. –Азоб бу –қалбни покловчи восита, тозалаб турмасангиз кийимингиз кир бўлгандай…”
Ванга ўз ибодатларида Худодан мухтожларнинг ҳаммасига ёрдамлашиш учун руҳий куч ва сабр-тоқат беришни сўрарди. У ибодат пайтида кўпинча йиғлар, Худога юрак-юракдан сиғинар эди. Вангадаги қобилият–ғаройиб, фавқулоддаги ҳодиса эди. Олимлар ва тадқиқотчиларни шундай савол қизиқтирарди: нима сабабдан башоратчилик, даволаш, вафот этганлар руҳи билан мулоқат эта олиш қобилияти айнан болгар аёлида намоён бўлди?
Саволга Ванганинг ўзи жавоб берган: “мени кўришдан маҳрум қилган қаттиқ бўрондан кейин Худога шундай ҳимоясиз аҳволда қашшоқ оиламга юк қилиб қолдирмасликни сўраб кечаю-кундуз илтижо қилдим. Худо оҳимни эшитди, бу қобилият мен учун Худонинг инъоми эди. Мен кўришдек буюк неъматдан жудо бўлдим, аммо Яратган эгам менга кўзга ташланадиган ва ташланмайдиган оламларни кўрувчи кўз ато этди.
Вангага бағишлаб ёзилган китобларнинг, олинган ҳужжатли фильмларнинг сон-саноғи йўқ. Аммо буларнинг барига қарамасдан унинг ноёб қобилияти сири сирлигича қолмоқда. Ванганинг айтишича, у марҳумлар учун “бу дунёга дарча” бўлган.
Ванга 1989 йилда шундай деганди: “Тезда одамлар кўчаларда марҳум қариндошларини учрата бошлайдилар.”
“Ёмонлик билан яшамаслик, бировдан ўч олмаслик, хайрли ишлар қилиш учун қалбга қулоқ солиб яшаш Ванганинг шиори эди. Қалб коинот билан алоқада, дерди Ванга. -Лекин ҳамма ҳам қалб овозидан калла овозини ажратавермайди.”
х х х
Гуноҳ иш қилиб қўйиб жаннатдан қувилган инсон ибтидойи ҳолатда кун кечиришдан аста-секинлик билан ривожланишга, тараққиётга юз тутди, қадами ўзга сайёраларга етган бўлсада, адолатсизликдан, ҳаром-ҳаришликдан фориғ бўла олмади. Бундай иллатлар кўпайиб, инсон очкўзлик ботқоғига бота бошлади. Ундан қутулишнинг иложи йўқдек гўё.
Инсон Худони унута бошлади. Машҳур башоратчи Мишель Нострадамус, “биз Худога қайтишимиз керак,”- деган эди.
Бир танишим бундан кўп йиллар муқаддам Ҳиндистонга қилган сафари ҳақида шуларни гапириб берган эди:
-У ерда тиланчилар жуда кўп, аммо ўғрилар кам. Очликдан вафот этган уйсизларнинг жасадларини эрталаб машиналарда йиғиштириб кетганининг гувоҳи бўлганман. Уларнинг онгига охират, машҳарда берилажак жазо азоби шундай мустаҳкам ўрнашиб қолганки, жаҳаннам қийноғини тортишдан кўра, очдан ўлишни афзал кўришади.

%d bloggers like this: