“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

1943 йилнинг кўклами бугунгидек эсимда. У пайтларда қишлоғимизни Қоратош дейишарди. Каттагина иккита қирнинг ёнбағри бўйлаб жойлашган. Ўрталикдаги энсизгина текисликда одамлар экин-тикин қилишарди. Экинзорларнинг бир четидан арава сиғарли йўл ўтган. Кунботар томонида тўрт қаватли уй баландлигидаги яхлит, қоп-қора харсангтош кўринади. Ўртасидан олчага ўхшаш аллақандай мевали дарахт ўсиб чиққан. Мевалари пишганда биз ёпирилиб бориб, териб ердик. Қишлоқ ҳам шу тошнинг номи билан аталган бўлса керак. Қора харсангдан этакроқдан эса даштлик бошланади. Кунчиқар тарафда Қатормоя тизмалари жойлашган. Нарироқдан-тизмалар узилган жойлардан қўр тўкиб Қўйтош тоғлари кўринади.Ўн-ўн беш ёшлардаги бола эдик. Ўртоқларимиз билан эрталабдан кечгача кўча чангитардик. Отам урушнинг бошидаёқ фронтга кетган. Кейинроқ Гулмиш момом, бир-икки ой ўтгач қандайдир касалликка чалиниб онам ҳам вафот этишди. Мен бобомнинг қарамоғида қолдим. Ким билади, уруш ҳосиласи-қаҳатчилик ва отамнинг айрилиғи бўлмаганида улар тирик қолишармиди? Ҳайҳотдай уйда фақат уч киши Тугал акам, бобом ва мен қолгандик.
-Бобом-отамнинг акаси. Тугал акам эса бобомнинг ёлғиз ўғли. Алп қоматли, қирра бурун, бургут кўзли келишган йигит. Кун бўйи далада ишлаб, уйга ётишга келади. Иссиқ-совуғимиздан яқин қариндошлар, қўни-қшниларимиз хабар олиб туришади. Бобом улардан миннатдор бўлса-да нималардандир кўнгли тўлмай, баъзан ўзича ғинғиллаб юради. Ишдан келганидан кейин “алам”ини Тугал акамдан олади…
-Аёлсиз уй уй бўптими,-деди бир куни унга.-Қачонгача тоқ юрмоқчисан? Аканг бўлса уёқда қон кечиб юрипти. Бизнинг аҳволимиз ўзингга маълум. Менга ачинмасанг ҳам мана бу норастани1 ўйла.
Тугал акам бобомга бирор нарса дейишга уялади чоғи, қизариб ер чизди. Сўзсиз ерга қараб ўтириши мени ҳам диққат қилиб юборди: “Хотин олишнинг нимаси ёмон экан,-деб ўйлайман ўзимча.-Бир оғиз майли десаю… Тугал акамнинг ўрнида мен бўлганимдами…” Лекин унинг ўрнида бўлиб қолсам нима қилардим, уйланишнинг нимаси яхши-ю, нимаси ёмонлигини тасаввур ҳам қилолмасдим.
Бир куни бобом қисталанг қилишни жуда ҳаддидан ошириб юборди.
-Сенга гап ҳайф!-деди жаҳли чиқиб.-Индамай юриб Шайвалини2 тахтига қийшиқ минаман деб ўйлайсан. Бор, билганингни қил!
Бобом қайта бир оғиз ҳам гапирмади. Ҳатто хуфтон намозини ўқимай ҳам тўшагига ётиб олди. Одатда у вақти кирган бирор намозни канда қилмасди. Қаттиқ ғазаблангани шундан маълум эди. Буни Тугал акам пайқади. Мени секин туртиб, “кетдик” деган маънода им қоқди. Бошлашиб, Каттабулоқ томонга чиқдик. Кичик булоқлар орасидаги сандиқдай силлиқ харсангга ёнма-ён ўтирдик. Негадир иккаламиз ҳам жим эдик. Атрофимиздаги кичик “кўзлар”лардан оқаётган сув тинимсиз чулдирайди. Катта “кўздан” оқаётган сув шовуллаб, уларнинг нозик оҳангларини босиб кетмоқчи бўлади.

1. Нораста-норасида.
2. Шайвали-Шайбоний демоқчи.
Диққат билан қулоқ соламан. Булоқларнинг бир маромда шилдираб оқиши, сўфитўрғайларнинг чулдираб сайрашига ўхшаб эшитилади. Хаёлимга ўзимиз айтиб юрадиган бир қўшиқ келди-ю, сувнинг шилдираши қулоғимга кирмай қўйди.
Муллатўрғай
Отим бўлғай,
Қанотимда
Хатим бўлғай.
Бир чўқим гўштим
Еган кишим,
Етти эшикка
Етим бўлғай…
Қўшиқ матни маъносидан таъсирланибми:
-Сувнинг шилдираши муллатўрғайнинг чулдирашига ўхшаб кетаркан,-дедим беихтиёр.
Ўхшатишим Тугал акамга ёқмади.
-Вой эси паст-э,-деди беозор товушда.-Шундай майин, шундай ёқимли оҳангни қарғиш теккан қушнинг “чев-чев” ига ўхшатасан-а. Сулув қизнинг кулгисига ўхшайди-ку у… Ҳеч бўлмаса чинни пиёланинг жарангига ўхшат.
Одамлар сўфитўрғайни негадир “қарғиш теккан қуш” дейишади. Шунданми, уни муллатўрғай, ғазалой деб турли номлар билан аташади. Буни билганим учун Тугал акам билан бахслашиб ўтирмадим. Қайси қизнинг кулгиси сувнинг шилдирашига ўхшашини ўйладим-у топомадим. Қишлоғимизда бундай қиз йўқлигини аниқлагач:
-Тугал ака,-дедим гапни чалғитиб.-Бовамди нега хафа қиляпсиз?
У “ялт” этиб менга қаради. Сезиб турибман: “Бунга ишонса бўлармикан”-деб ўйлади. Лекин юзини бошқа томонга ўгириб, ҳеч нарса демади. Бари бир қўймадим:
-Айтинг, жо-о-н ака!
-Жуда муғамбирсан,-деди у кулиб.-Одамни киши билмас гапга соласан.
-Қачон шундай қилдим сизга?
-Бўлди, бекинишни ўйлаган туя минмайди. Ундан кўра дилингдагини очиқ сўрайвер.
-Бовамни хафа қилиб, уйланмаётганингизди сабабини билмоқчийдим-да.
-Бу бошқа гап…-у бир зум ўйланиб қолди.-Биласанми, яқинда мен ҳам урушга кетаман. Уйлансам уйимизга мослашиб улгурмаган келинчакни ортимда қолдириб кетиш яхшимас-да.
Тугал акам ҳам урушга кетади, деб сира ўйламаган эканман. Бу янгилик менга ёмон таъсир қилди. Кўз олдимга отам келди. Энди Тугал акам ҳам кетса, кенг уйда бобом иккаламиз шумшайиб қолишимизни ўйлаб, хомуш бўлиб қолдим. Жимликни яна тугал акам бузди:
-Шунгаям хафа бўлдингми, эси паст, буни бобонгга айтиб, гул чиқариб юрма. Эрталаб қўлингга хат бераман, Ўгатда бировга обориб берасан. Шунга қараб бир иш қилармиз.
-Кимгайди?
-Бир қизга. Ҳожар опангни танимайсанми?
-Ҳа-а, Усмон бовани қизи.
-Худди ўзи, тур, энди кетамиз.
Тугал акамнинг урушга кетишини билгач, бўғинларим тамом бўшашди. Ўзимни қўлга олишга ҳарчанд уринмай фойдаси тегмади. Уйимиз бўсағасида бобом иккаламизнинг шумшайиб ўтирганимиз кўз олдимга келавериб, жуда мазамни қочирди.Шу туфайли уйга келибоқ тўшагимга кирдим. У эса калишнусха чироқни ёстиғи ёнига олиб, алламаҳалгача нимадир ёзди. Кейин ҳамма ёзганларини тахлаб йиртди ва бошқатдан ёзди. Кейин нима бўлганини билмайман: ухлаб қолибман.
Эрталаб руҳим тетикланиб уйғондим. Бобом учаламиз давра қуриб, жимгина чой ичдик. Афтидан бобом ҳам жаҳлидан тушган. Чиройи очиқ. Гуё кечқурун ота-бола орасидан ҳеч гап ўтмагандай.
Чойдан кейин Тугал акам иккаламиз ташқарига чиқдик. У тўнининг этагини қайириб, шимининг чўнтагидан янги газетага ўралган нарсани чиқариб қўлимга берди. Сирли шивирлаб сўради:
-Кечаги гап эсингдами?
-Ҳа.
-Ўз қўлига бер, жавобиниям олиб қайт. Қани, бир “зув”лачи.
-Зув-в-в…
Ўгат қишлоғи Қоратошдан, бири баландроқ-бири паст, икки қир нарида. Мендақа “зув”лаб чопадиганлар учун бориш-келиши бир соатга ҳам бормайдиган йўл. Катта йўлга яқин ва каттароқ қишлоқ бўлгани учун колхозимизнинг идораси, етти йиллик мактаб, савдо дўкони-ҳаммаси шу ерда. Биздаги мактабда тўртинчи синфгача бўлган болаларгина ўқийди. Мен тўртинчи синфда бўлганим учун ўз қишлоғимизда ўқирдим. Ўгатга фақат дўкон билан газета ва хатларни олиш учун почтачиникига келардик.
Почтачи Усмон бобо эди. Газета-журнал ва хат-хабарларни туман марказидан от билан олиб келарди. Иккита катта қишлоққа икки кундаям тарқатиб улгуролмасди. Айниқса ўрим-йиғим пайтларида отини хирмонга олиб қўйишарди-ю, у эшак миниб қоларди. Шундай пайтларда хат-хабарларни олиш учун уйига ўзимиз борардик. Аксинча зориқиб кутилган хатлар ҳафта охири ёки кейинги ҳафтага қолиб кетарди.
У Қоратошга келса кўпинча бизнинг уйимизга тушиб, бобом билан эзилишиб гурунглашади. Мулоёим ва ширинсўз чол. Элдаги ва фронтлардаги янгиликларни айтиб, бобомнинг кўнглини кўтариб кетади.
-Парво қилманг, Ўрол ака,-дейди ҳазиллашиб.-Бу Гитлер деган тўнғиздиям оёғи қийшайибқолди. Яқинда дустамон1 тушади…
Мен борганимда Усмон бобо туман марказига отланиб турган экан. Гапни қисқа қилди:
-Бувҳожар, Ўрол аканинг неварасига хат бўлса топиб бер,-деди қизига. Кейин менга ўгирилиб қўшиб қўйди.-Мабодо бўлмаса бугун олиб келаман. Хафа бўлмай кет. Бовангга салом айт.
Бизга хат бор-йўқлигинибўлажак янгам яхши биларди. Бўлса сўрамасимданоқ чиқариб берарди. Ўша куни йўқ экан, одатдагидек сўзсизгина бошини чайқади. Мен эса қўлимдагини бериб, жавобини олиб кетишим керак. Эшикнинг олдида бундай қилиб бўлмасди. Ичкарига киришнинг йўлини қидириб, маҳмадонагарчилик қила бошладим:
-Қараб кўрмай хат йўқлигини қаёқдан биласиз?
-Биламан-да,-у ортиқча гапга ўрин қолдирмади.
-Бўлмасам, акамни газитини беринг…
Тугал акам ҳеч қандай газетага обуна бўлмаганди. Нима қилишимни билмай, таваккалига шундай дедим. Бу ҳийлам иш берди. Акаси ўқийди деб ўйлаганми , илтимосимни ерда қолдиролмади. Бурилиб ичкарига кирган маҳалда мен ҳам “лип” этиб эшикдан ўтиб олдим.
-Манови сизга экан, акам бериб юборди,-дея газетани қўлига ушлатдим.
У “ялт” этиб менга қаради-ю, дув қизариб кетди. Қўлидагини ноилож нимчасининг чўнтагига тиқди. Индамасам шу ҳолича тураверадиган.

1. Дустамон-юзтубан, эт-бети билан.
-Акамга нима дей?-сўрадим сабрим чидамай.
-Билмасам…-талмовсиради у.
-Орасида хат бўлса керак, оқшом йиртиб-ёзаётувди. Ўқимадингизам…
У терс ўгирилиб, чўнтагидагини қўлига олди. Ўралган газетани ёзаётганида менга қизил ипак рўмолнинг бир чети кўриниб кетди. Хода ютгандай қаққайиб тураверишдан унғайсизланиб, токчадаги журналларнинг суратларини кўра бошладим. Бир маҳал Ҳожар янгамнинг овозини эшитдим:
-Газитингизди олмайсизми?
Токчадаги “Қизил Ўзбекистон”нинг ҳар хилидан бир-иккитасини олдим-да, орасига суратлари кўп бир журнални қистириб қўлтиғимга урдим. Ҳожар янгамга қарасам кулиб турибди. Ортиқча газета ва журнал олганимга қаршилик билдириш ўрнига кўзларини олиб қочди. Бундан фойдаланиб, яна саволга тутдим.
-Акамга нима дей?
-“Ўзингиз биларкансиз”-деб қўя қолинг.
-Ёзиб бермайсизми?
-Йў-ўқ… Уят бўлади. Шундай айтаверинг.
-Хўп. Зуввв…
Югуриб чиқиб ортимга ўгирилсам, Ҳожар янгам жилмайиб эшикнинг кесакисини ушлаб турибди. Яна “зув”лаганимча йўлга тушдим. Ортимдан булоқ сувининг шилдирашига ўхшаброқ кетадиган кулги эшитилди. Шунда беихтиёр Каттабулоқнинг бошида Тугал акам айтган ўхшатиш эсимга тушди. “Бекорга эмас экан-да”-деган фикр кечди хаёлимдан. Тўхтаб яна ортимга қарамоқчи бўлдим-у айнидим: “Шу писмиқнинг кулганига анқайиб ўтирадиган анойиманми”.
Ростини айтсам, келин бўлиб хонадонимизга келгунига қадар Ҳожар янгамни унчалик хуш кўрмасдим. Негадир ичимдагини топ дейдиган писмиққа ўхшаб кўринарди. Тугал акамдек оғир-вазмин йигит шундай қизни яхши кўриб қолганига сира ақлим етмасди. Бунинг устига, иккала индамаснинг пайт топиб қачон гаплаша қолганини тасаввур қилолмасдим. Шунинг таъсирида бўлса керак, кечқурун хилватини топиб Тугал акам гап сўраганидаям тўнғилладим:
-Жавобни ўзингиз биларкансиз!
-Шундайми? Сен эси паст бошини айлантириб, уни йиғлашгача оборгандирсан.
Тугал акам мени мақтаса ҳам, койиса ҳам “эси паст” дерди. Қайси маънода айтганлигини гап оҳангидан дарров билиб олардим. Ўша куни негадир ажратолмай қолдим. Таваккалига андава тортишга тушдим.
-Йиғламади-ю, лекин кулди. Кулгиси худди Каттабулоқнинг чулдирашига ўхшаб кетаркан.
-Шундай де!-Тугал акам яйраб кетди.-Сен эси паст балосан! Энди бовангга секин шипшитсанг ҳам бўлади. Отаси билан бир гаплашиб кўрсинчи. Бовангга қандай айтишни биларсан-а?
-Бўлмасам-чи…
Бир ишни зиммамга олсам, насия қилиб кетадиган одатим йўқ. Акамнинг топшириғини ўша тундаёқ бобомга еткиздим. Унинг қувонганини кўрсангиз: юзларига қон югуриб, кўзларига шуъла ингандай бўлди. Эртасигаёқ иккаламиз қўшнимизнинг оқ эшагига мингашиб, Ўгатга жўнадик. Бобомнинг кайфияти чоғ. Йўл-йўлакай мени гапга солиб, нималарнидир аниқламоқчи бўлади. Ўзининг одатдаги ўткир иборали гаплари билан Усмон бобо хонадонидагиларни роса мақтади.
-Э-э болам, “Онасини кўр-у қизини ол”-деган машойихлар. Онаси тамизли аёл-да бу қизнинг.
-“Онаси мақтаган қизни олма, чечаси мақтаган қиздан қолма”,-дердингиз-ку.
-Машойихлар шундай ҳам деган…-бобом бирдан гапимнинг нишабини пайқаб қолди.-Нима, сенга уни онаси мақтадими?! Бемаза сўзларди жуда кўп гапирасан. Тувалбой сени “эси паст”, деб тўғри айтади.
Бобомни хафа қилиб қўйдимми, деб ўйловдим. Қаёқда, у хафагарчиликнинг кўчасигаям киргиси келмади. Гапни қолган жойидан олиб кетди. Маълум бўлишича, Усмон бобо одамларнинг султони, кампири аёлларнинг маликаси экан. Болалари, жумладан қизи ҳам шунга яраша бўлиши керакмиш. Тугал акам билан мен аҳмоқ эмишмиз. Агар Усмон бобонинг уйига етиб қолмаганимизда, ким билади, яна қандай “унвон”лар олардик…
Усмон бобо билан кампири бизни очиқ юз билан кутиб олди. Бобом келишимиздан мақсадини айтганида ўйланиброқ қолди. Сезиб турибман, бобом билан қуда бўлгиси бор, лекин қандайдир андишага боряпти.
-Биз ҳам уруғли элмиз, ёқали тўнмиз,-деди ниҳоят.-Ўйлашиб-кенгашиб кўрайлик. Мен маъқул деганимминан қариндош-уруғларга малол келар. Улардан ҳам оғиз солиб юрганлари йўқ эмас. Энг сози-яна бир айланиб кетарсизлар…
Бобом уйга қайтишимизда жуда кўтаринки руҳда, ниятининг амалга ошишига заррача шубҳаланмай йўлга тушди. Назаримда, бобомнинг ўз таъбири билан айтганда, “икки қўлимизни бурнимизга тиқиб”, бўш қайтаётгандик. У ҳали-замон Усмон бобонинг гўрига ғишт қалай бошласа керак, деб ўйладим. Индайвермагач “қитиқ патини қўзғаб”, ўзим гап бошладим:
-Усмон боваям қизига ўхшаган писмиқми дейман.
-Товушингди ўчир, лодон!-унинг жаҳли чиқди.
Бобом мени бориб турган ахмоққа чиқариб, Усмон боболарни йиртиқ қопга сиғдирмай мақтаб кетди.
-Нимасини мақтайсиз уларни?-дедим алам қилиб.-Бари бир қизини бермади-ку!
-Эки карра лодонсан. Биз билан қудалашишга у рози. Удум шундай: бир-эки борганингда “йўқ” деб туришади. Ишинг битишини дастлаб кутиб олганидаёқ сездиришади. Қизини бермаса “яна бир айланинг” демасди. Қизи борди нози бор-да, болам!
Бобом тўғри айтган экан, кейинги боришимизда саккизта арпа нон-у, икки товоқ ош билан “нон синдирилди”. Орадан икки ҳафта ҳам ўтмай уйимизга келин тушди. Тўй замонасига яраша дабдабасиз, ўйин-кулгиларсиз ўтди. Бобом “тўқол” эчкиларимиздан бирини сўйдирди-да, ҳамқишлоқларимизнинг “қуллуқ бўлсин”ини олди.
Келин келиб кўпдан дилимизни эзиб келаётган ғуборлар тарқагандай бўлди. Ҳовлимизга сон, уйимизга барака кириб қолди. Бироқ, бу бахт узоқ давом этмади. Уч-тўрт ойлардан кейин Тугал акам урушга кетди. Уйимиз яна ҳувиллаб қолгандай бўлди.

* * *
Тугал акамнинг фронтга кетганига бир йилча бўлиб қолди. Шу даврда мен анча ўзгардим: илгариги маҳмадоналигим, бетгачопарлигимдан асар ҳам қолмади. Бу давр бобомни ҳам анча қаритиб, чўктириб қўйди. Гапларида аввалгидай “шира”-ўткир иборалар камайиб қолди. Уйимиз остонаси ёнига пўстакни ёзиб, устида узоқларга тикилганича соатлаб ўтиради.Отам билан тугал акамни жуда соғинганини, келиб қолишармикан деган умид билан йўлига илҳақ бўлаётганини фаҳмлардим. Уларни устига онам эсимга тушиб, юракларим туз қўйгандай ачишарди. Бобомнинг аҳволини кўриб, кўнглим бузиларди. Йиғлаб юбормаслик учун ноилож ундан узоқлашардим. Баъзан бобомнинг кўзларида ҳам нам айланиб қоларди. Лекин йиғлаганини сира кўрган эмасман. У мени ўйлаб шундай қиларди шекилли: ҳар қандай шароитда кўз ёшларини ичига ютарди.
Кўпинча иккаламиз отамнинг қандайдир ўрмонда тик туриб тушган сурати билан Тугал акамнинг автомат ушлаб тушган суратларини эринмай томоша қиламиз. Шу жонсиз суратлар орқали ўзларини кўргандай севинамиз, баҳоли қудрат бир-биримизни овутамиз. Шундан юракларимиз озроқ таскин топади…
Бешинчи синфга ўтгач, Ўгатдаги тўлиқсиз ўрта мактабга қатнай бошладик. Лекин бир ой ҳам ўқий олмадик. Учта юқори синфни иккита ёш йигит эплаштириб туришарди: она тилидан тортиб математикагача шу иккаласи ўқитади. Сентябрь тугамай уларни ҳам фронтга олиб кетишди-ю, юқори синфлар номаълум муддатга (ўқитувчи топилгунча)бекитиб қўйилди. Ишга яроқли кишиларнинг ҳаммаси эрталабдан қоронғи тунгача далада бўлади. Қишлоқда қари-қартанглару болалар қолади. Фронтлардан яхши хабарлар келаётганига қарамай одамлардан ташвиш аримаган. Ҳафта-ўн кунда кампирлар кимнингдир уйида йиғи бошлашади. Биз билан бировнинг иши йўқ.
Ёш бўлмасак-да бу йиғи-сиғилар сабабини яхши билардик: кимнингдир уйига қорахат келса ё қорахат келганига қирқ кун, бир йил тўлса шундай қилишади. Кечга бориб қиёмат қоим бўлади-кампирлар ёнига ишдан қайтган келин-кепчик ва ёш-ёш қизлар қўшилади. Юракларни зирқиратувчи оҳу фиғонлар анчагача-бирор қария уришиб-койиб тўхтатмагунича давом этади. Аллақайларда бораётган қаттол урушнинг қора кўланкаси шу узоқ тоғ ва дашт қишлоқлари кўчаларида ҳам сузиб юрарди. У кексаларнинг пешонасига ажин кўринишида тамға босса, болаларнинг юрагини аёвсиз эзарди.
Бари бир бола эдик. Бугун юракларимиздан қон томса-да, эртасига ҳаммасини унутгандай бўлардик. Дунёнинг ўзи уқубатлар дунёси деб билардик шекилли, унинг ташвишларини кўпда эламасдик. Кексаларнинг дориломон кунлар ҳақидаги ҳикоясини эшитсак, эртак тинглаётгандай бўлардик. Маъмур замонлар қачондир яна қайтишини тасоввуримизга сиғдиролмасдик. Баъзан ўртоқларимиз билан қишлоқдан четроққа чиқиб, Қатормоя тоғлари бағридаги ялангликларда турли ўйинлар билан машғул бўлардик. Очиқсак тоғдан ейиладиган гиёғларни терамиз. Баҳорда бундай гиёҳлар кўп бўлади. Ёзда мева-чевалар жонимизга ора киради. Баҳорга келиб кўпгина хонадонларда арпа нони ҳам камайиб кетади. Ҳар куни бир маҳал аталами, гўжами ичамиз. Униям оналаримиз ёки янгаларимиз ишдан қайтгач, алламаҳалда пишириб беришади. Қолганини эртасига илитиб ичамиз.
Кўпинча яхши отлар урушга, бундайроқлари далага ишга жўнатилиб, ҳувиллаб қолган колхоз отхонасида ўйнаймиз. Неча уришиб-неча ярашамиз. Кечқурун уйларимизга ёқавайрон бўлиб қайтамиз. Йўлда кимдир бурнини йиртиб, бир чимдим суюқ лой туфлайди, биров ипи “қочган” иштонини чангаллаганича, ўзича чалиб урган болани “кашталаб” сўкади. Қайси бир “зўр” қўрғошин қуйиб оғирлаштирилган ошиғини ютиб олган болани тупроққа белайди. Ўзининг ундан кучлироқ эканини намойиш қилибми ё ютдирган ошиғини қайтариб олиш учунми ғирромлик қилади. Бошқалар уларни ажратиш ўрнига атрофида чапак чалиб гижгижлайди: “Бирингга арпа, бирингга буғдой гиж-гиж”. Иш қон чиқар даражасига яқинлашсагина орага тушиб, ажратиб қўйишади…
Энди-энди ўйлаб қоламан: бола қалби ҳар қандай қийинчиликни-етишмовчилик, қаҳатчилик, хатто уруш ва қирғинбаротларни ҳам тан олмас экан. У тинчлик, бахт ва шодлик учун туғилади. Буни ўзи англаб етмаса-да, ботинан шунга талпинади. У ўз дунёсида-болалик оламида муқим яшайверади.
Ошиқ ўйинида тенгдошларимнинг кўпчилигини қойил қолдирардим. Шу туфайли ўзимдан каттароқлар билан ҳам тайсалланмай ўйнайверардим. Оқибатда боягидай зўравонларнинг ғазабига аксар мен йўлиқардим.
Орамизда Бадал деган бола бўларди. Оти Баҳриддин бўлсаям Бадал дердик қисқартириб. Ўн уч ёшларга кирганига қарамай “р”ни айтолмасди. Соқовланиб гапирарди. Биров билан ёқа бўғишмаган куни кам эди. Нўқсонини айтиб жиғига тегардик. Ўзиям қўтосдай семиз эди. Кўплашишмаса тенгдошларигаям зўрлик қиларди. Бир куни шу бола мен билан ошиқ ташлашмоқчи бўлди. Болаларнинг гижгижлаши билан мен ҳам рози бўлдим. Даврани кенг очиб, иккаламиз ошиқ ташлашга тушдик. Ҳадемай энг яхши, оғир ошиқларини ютиб олиб қўйдим. У енгил ошиқларини мен ютганлар билан алмаштирмоқчи, кейин ўйинни давом этдирмоқчи бўлди. Кўнмадим. Иш жанжалга тақалди. Ёшлигимда ўжарроқ эдим шекилли, Бадалга сира ён бермадим. Шу феълим туфайли ундан аввал ҳам калтак егандим. Бу галгиси ўтиброқ тушди. Ушшайиб ёқамдан хиппа бўғди-да ерга ағдарди ва қўлларимни орқага қайира бошлади. Бунинг уддасидан чиқолмагач, аламига дўппослаб кетди. У мушт туширяпти, мен типирчилаб сўкинаман. Болалар чапак чалиб гижгижлашади. Шунинг устига Ҳожар янгам келиб қолди ва болаларга ҳайфсан бериб, бизни ажратиб қўйди…
Ҳожар янгам хонадонимизга келин бўлиб тушганидан кейин ҳам ўзимни унга бефарқдай тутдим. Бу билан уйимиздаги яккаю ягона арзанда ким эканлигини кўрсатиб қўйишга интилганман чамаси. Тил учида “чеча” дердим. Илтимосларини хушимга келса қилиб, бўлмаса қилмай қўяверардим. У айтганларини бажарсам-бажармасам, мени катталардай ҳурматларди. Хафа бўлиш деган нарсани билмасди. Шунинг таъсиридами, боа-бора дилимдаги ясама “адоват” юмшади. Тугал акам фронтга кетганидан кейин бир-биримизга суяниб қолдик.
У ўрта бўйли, сутга чайгандай оппоқ юзли, пайваста қора қошли, нозиккина ва беозор келинчак эди. Кишига қараганида кулиб тургандай кўринадиган тиниқ қора кўзларида адоқсиз бир меҳр жилваланиб кўринарди. Уйимизга келганидан кейин Каттабулоқнинг чулдирашидек жарангдор кулгисини сира эшитмадим-у, лекин ҳеч қачон юзидан табассум аримасди. Уйимиз бир бўлишига қарамай бобом иккаламиз ўтирадиган хонага ҳам зарур бўлганидагина кирарди. Қўни-қўшниларникига умуман чиқмасди. Улардан ниманидир сўраш керак бўлса, мен келтириб берардим. Хонасида бир ўзи қамалиб ўтираверади. Бобомнинг талаби билан ёлғизсиратмаслик учун кўпинча мен ёнида бўлардим. Баъзи-баъзида қариндош-уруғлар, қўшни аёллар кириб туришади.
Кўкламда Ҳожар янгам далага чиқиб кетди. Уни кам кўрадиган бўлиб қолдим: ухлаганимда ишдан қайтиб, уйғонгунимча кетиб қолади. Ҳар ўн беш-йигирма кунда бобом мажбурлагандай қилиб, ишидан олиб қолади.
-Жонингга бунча жабр қиласан, чўп-устихон бўлиб кетдинг-ку, болам,-дейди койиб.-Бундай, сал дам-пам ҳам олиб тур-да.
-Бормасам ўнбошидан гап эшитаман, ота,-дейди у қимтиниб.-Далада иш кўп…
-Ҳе ўша ўнбошингни… Айт, келиб менга учрашиб кетсин у.
Ўнбоши барибир бобомнинг ёнига келмади. Балки ишлари кўпдир, балки бобом билан учрашишдан ҳайиқар…
Ҳожар янгам Бадал иккаламизни ажратгач, кўзёшларимни кўйлагининг енги билан артди. Кийимларимдаги чангни қоқди ва ёш боладай қўлимдан етаклаб йўлга тушди.
-Болалар билан муштлашиб юргунча мен билан хирмонга бормайсизми, мулла бола?-сўради йўлда кетаётганимизда.
Одатда янгалар эри томонидан ҳеч кимнинг исмини айтмасди. Шу удумга кўра қишлоғимиздагиларнинг ярмидан кўпига янгалар томонидан турли-туман, ғалати-ғалати лақаблар тиркалганди. Ҳожар янгам мени негадир “мулла бола” дерди. Балки мактабда яхши ўқиганим туфайлидир. Сизлаб гапирарди. Бу одатлари мени тамом эликтириб, гапини икки қилмайдиган бўлиб қолгандим. Ўшанда ҳам:
-Бораман!-деб юборганимни билмай қолдим.
Янгам ишлаётган хирмон қишлоқдан икки-уч чақиримгина нарида экан. Йўлда иккаламиз суҳбатлашиб кетдик.
-Бугун ишга кечроқ боряпсизми?-сўрадим ундан.
-Акангизга посилка жўнатдим,-деди у жилмайиб.-Яқинда ёзган хатида тоқиясиниям1 сўраган экан…
-Урушда тоқия нимага керак?
-Унами2 жангда юришмайди-ку, дам олиш пайтларида ҳавасга кийиб ўтирса керак-да.
Кузнинг биринчи ойи тугаб борётган эса-да, далаларда иш қизғин: бир томонда ўроқчилар буғдой ўришса, иккинчи томонда ўрилган боғларни ҳўкиз тортадиган чана ёки от араваларга юклаб хирмонга ташишади. Учинчи томонда буғдой боғлари уйиб ташланган хирмон. Пунктга ғалла ташишдан бошқа ҳамма ишни аёллар бажаришади. Ғалла тайёрлаш пункти туман марказида бўлиб, қишлоғимиздан олтмиш чақиримча узоқда эди. Тоғ оралаб шунча жойга ғалла ташиш аёлларга оғирлик қиларди. Шу сабабдан бу ишни қариялар билан фронтдан жарохатланиб қайтганлар бажаришарди.
Ҳожар янгам пучуқ бир дугонаси билан хирмонда буғдой янчаркан. Бири ҳўкизларни буғдой дасталари устидан “хўп” қилиб етакласа, иккинчиси орқадан ҳўкизларни гаврон билан уриб ҳайдар, хирмон четига ёйилиб чиққан похол ва сомонларни паншаха билан ўртага суриб тураркан. Урушгача буғдойни отлар билан янчишаркан. Яхши отлар фронтга жўнатилгач, хирмонларга ҳўкиз берилган. Даста устидан икки-уч, айрим ҳолларда тўрт ҳўкизни етаклаш-аёл учун машаққат. Аммо улар чидашарди.
Борган кунимда хирмон менга ёқиб қолди. Қишлоққа қайтгунимизча ҳўкизлардан бирини миниб, халачўп билан ўзим ҳайдадим. Уларни етаклаб юришга ҳожат қолмаганидан, янгам билан дугонаси ёйилган похол ва сомонларни хирмон ўртасига суришади, пешма-пеш янги дасталарни ташлашади. Ишлари енгилашганидан ташқари, унуми ҳам ортди-қуёш ботгунча хирмон ёнида ғарам бўлиб ётган буғдой боғларини янчиб, тунги шабадада совуришга тайёрлаб қўйдик. Кечқурун Ҳожар янгамнинг хирмонида хўп ҳайдаганимни эшитиб, бобом хурсанд бўлди. Мақтовларидан ийиб кетиб, хирмонга ҳар куни борадиган бўлдим. Бундан Ҳожар янгам билан дугонаси ҳам хурсанд эдилар. Бироқ, икки кун ичида ҳўкиз миниш жонимга тегди. Сонларим яғир бўлиб, ачишиб оғриди. Ҳўкизга эгар уриб бўлмайди. Яйдоқ молни узоқ миниш, мендай пишимаган боланинг орқасини яғир қилиб қўяди. Шунинг учун хирмонга бормай қўйдим.
Ўша куни янгам мийиғида кулиб, индамай кетди-ю, бобом роса койиди:
-Аёлларчалик ҳам бўлмадингми, болам! Йигит киши чидамли бўлиши керак-ку. Мен Бувҳожарни ёғи бўлмасаям чироғим дейман, сенам кўнглига қарасанг бўларди.
Бобом ғалати иборалар, мақол ва маталларни кўп айтарди. Бунга ўрганиб кетгандим. “Ёғсиз чироқ” ҳақидаги кейинги таъбир менга қизиқ туюлди. Маъносини сўрамоқчи ҳам бўлдим-у, овозидаги шикасталик шаштимни қайтарди. Бари бир, бу иборани анчагача унутолмай юрдим: ёғи йўқ чироқ бўладими? Бундай чироқнинг кимга кераги бор?

1. Тоқия-дўппи.
2. Унами-доимо, ҳамиша.

* * *
Вақт-зўр оқим, азиз билиб, унутгимиз келмаган ноёб хотираларимизни ҳам онгимиз ойнасидан ювиб кетади. Бобомнинг ғалати таъбири қанчадир фурсатдан кейин ёдимдан кўтарилган экан. Орадан кўп йиллар ўтгач, дафъатан яна эсладим. Маъносини ҳам ўзимча англадим! У Ҳожар янгамни бекорга “ёғи бўлмасаям чироғим” деб юрмаган. Ўша қора кунларда ўзига суянч бўлган, ёғи бўлмаса ҳам ёниб, зимистон исканжага олган юрагига нур индирган бўлса керак. Бобомнинг бошига ёққан қор, шубҳасиз, унинг ҳам бошига ёққан. Бундан, эҳтимол, у кўпроқ ситам тортгандир. Шунга қарамай ўзи эшитган мудҳиш хабарларга ишонмаган. Қачондир яна хушхабар эшитишига ишончи собит бўлган. Бунинг учун қанча куч керак бўлдийкин? Бунча сабр, сабот ва матонатни қаердан олдийкин?!.
Бир нарсани-бобом “ёғ” деганида нимани назарда тутганлигини ҳануз аниқ билмайман. Ўша пайтда нимани ўйлаган: ўзининг ёлғиз фарзанди ва келинининг суюкли ёри-Тугал акамними? Эҳтимол Ҳожар янгам зурриёт кўришга улгурмай бундай кўргуликка йўлиққанини назарда тутгандир, “Аёлнинг ёниб яшаши учун матлуб жуфти ҳалолу фарзанд ёғ вазифасини бажаради”-деб билгандир. Менимчаям шу икки хилқат аёлнинг бағрини бутун, ҳаётини сермазмун қилади…
Усмон бобонинг ўша куни уйимизга келганини яхши эслайман. “Ўйнаб кел”-деб мени уйдан чиқариб юборишди. Нега бундай қилишганини ўйлаб ҳам кўрмабман. Илгари сира бундай қилишмасди. Қайтага чой-пой дегандай ишларга юмшаб туришарди. Иккаласи меҳмонхонамизга узоқ қамалиб, ниманингдир маслаҳатини қилишди. Афтидан тугал акам ҳақидаги қорахатни Усмон бобо ўша куни келтирган. Қариялар унга ишонишганми-йўқми, ҳар қалай, вақтинча ҳеч кимга билдирмай туришга келишишган. Қандайдир англашилмовчилик юз бериши мумкинлигини ҳам эътиборга олишгандир. Ўшанда, оз бўлса-да, шунақаси ҳам учраб турарди: қаердадир, кимдандир қорахат олинган-у, ярим йил-бир йил орасида унинг тириклиги маълум бўлиб қоларди.
Ҳожар янгам ишдан қайтгач, бобомнинг ўтиришини кўрибоқ қандайдир хунук воқеа рўй берганлигини сезди. Лекин билмаганга олди. Бобомни аяб, суриштиришдан ўзини тийди. Менгина бу фожиани вақтида пайқамай қолдим: ҳар иккаласи уни мендан ўзларича сир тутишди. Болага қаттиқ таъсир қилади, деб ўйлашган чамаси.
Уларнинг ўша куниги қиёфаларини ҳалиям яхши эслайман. Бобом бод урган палакдай сўлиб, қовжираб қолди. Кун бўйи меҳмонхонамиз олдида совқотгандай жунжикиб ўтирди. Мени эсидан чиқаргандай, бир оғиз ҳам гапирмади. Ниманидир сўрасам, эси кирди-чиқди бўлиб қолгандай қўлини маъносиз силкитиб қўяди. Ҳожар янгам келганидаям шу холатида ўтирарди. Уни кўргачгина ўзини мажбурлаб ўрнидан турди ва индамай нарироққа йўналди.
-Нима бўлди, ота, тобингиз қочдими?-сўради янгам хавотирланиб.
-Ҳеч нима бўлгани йўқ!-бобом негадир дағалроқ жавоб берди.-Қаричилик-да, озроқ толиқибман.
Сал ўзига келиб олиш учун у бир-бир босиб, биздан узоқлашди. Янгамнинг хавотири ортиб менга қаради. Мен эса елка қисдим. Шунда юзларида катта ўзгариш сезилмагани ҳолда кўзлари бир чарақлаб қисилганидан юрагига шубҳа инганини илғадим.
-Уйга биров келганмиди?-сўради у.
– Тушга яқин Усмон бова келувди,-дея минғирладим.
-Нималарни гаплашишди?
-Билмадим… Мени ташқарига чиқариб юборишди.
У билинар-билинмас титради ва шошиб хонасига кетди. Тездаёқ қўлида уч бурчак қилиб букланган хат билан қайтди. Уни калишнусха жинчироқнинг хира ёруғиша тутиб, шоша-пиша ичида ўқиди. Кўриб турибман, юз-кўзларида пайдо бўла бошлаган ғам аломатлари аста-секин эрий бошлади. Салдаёқ бутунлай аввалиги ҳолига қайтди.
Хатни танидим, ўтган куни Тугал акамдан Ҳожар янгамнинг номига келган хат. Тўлиқ мазмунини билмайман. Янгам менга бобомга етказишим учун бизларга салом айтилган ва ўзининг соғ-саломат юрганлигини билдирган жойларинигина ўқиб берувди. Шундан атиги бир кун кейин келган хабарни (агар ёмон хабар бўлса) анчайин англашилмовчилик, деб ўйлаган бўлса керак…
Ҳожар янгамнинг қариялар мени ташқарига чиқариб юбориб гаплашганини эшитган пайтдаги ҳолати қўрққулик эди. Нимагалигини билмасам-да, кўзларида акс этган тубсиз қайғу менинг ҳам юрагимни зириллатиб юборган эди. Яратилажак ҳайкалимда унинг шу ҳолатини жонлантирсамми, деб ўйладим. Бир варақ ватман қоғозини олдимга ёздим-у, қўлимга қалам олдим. Ишни бошлаёлмай, яна хаёлга чўмдим. Мен чизишга киришмоқчи бўлаётган эскизда ўн тўққиз-ёигирма ёшлардаги келинчакнинг қиёфаси акс этиши керак. Бу ёш Илҳом ака билдирган фикрларга мос келмайди. Ўзимга ҳам камида ўттиз ёшлардаги аёл ҳайкалини яратиш маъқул кўринади. Шундай қилсамгина оналарнинг мужассам образини яратоларман балки.
Қаламни “тап” этказиб қоғоз устига ташладим-у, ўрнимдан турдим. Қўлларимни орқага олганимча бошимни солинтириб, аста хона бўйлаб айлана бошладим. Беихтиёр кейинги воқеаларни хотирамда тикладим. Шу воқеалар замиридан Ҳожар янгамнинг ўзимга керакли қиёфасини излашга тутиндим.
Бобом айтмаса-да Ҳожар янгамнинг ёнида бўлиш менга ёқарди. Аммо ҳўкизларни ўйлаб юрагим безилларди. Эртасига бобомни ўкситмаслик учунгина хирмонга бордим. Бу сафар буғдой янчаётган хўкизларнинг зўрига бобом ўргатганидай эски-тускилардан тўқим ясадик. Устига ташлаб, чилвир билан қисиб боғладик. “Қари билганни пари билмайди”-деганларича бор, энди унга миниб юриш анча қулай ва озорсизроқ бўлиб қолди.
Кечки пайт хирмонимизга ўнбоши келди. Ҳўкизларни хўпда шиғиб айлантираётганимни кўриб, қувониб кетди.
-Бормисан, ука!-деди шодон овозда.-Бекорга кўча чангитгунча бизга пичигана1 ёрдамларинг теккани яхши-да. Пичи ишҳақи берамиз. Бу рўзғорларингга пичигана ёрдам бўлади. Эртагаёқ суяги қотган болаларди хирмонга тортамиз. Хирмонлардаги аёлларди пичигана камайтириб ўроққа солмасак, ўрим чўзиляпти. Бундайда ёғин-сочинга қолиб кетамиз.
Ўнбошининг асли исми Исломқул. Икки гапининг бирига “пичигана” сўзини қўшиб айтарди. Шу туфайли одамлар унга “Пичигана” лақабини қўйиб олишган. Бунга ўрганиб кетган шекилли, эшитсаям хафа бўлмасди. Баъзи ҳазилкашларининг таъбири билан айтганда “мийиғида пичигана кулиб” қўя қолади.
Эртасига азонда ўнбоши уйимизга келиб, даладаги аҳволни бобомга тушунтирди. Кейин Ҳожар янгамни чақириб:
-Пичигана қийналсаларинг ҳам хирмонда қайнинг эковинг ишлаб турасан,-деди.-Қайнингга кунига эки килодан дон берамиз. Бўлами ё пичигана қўшайликми?
Янгам “ялт” этиб бобомга қаради. У гўё ҳеч нимани эшитмагандай парвойифалак ўтирарди. Индайвермагач, ўнбошига паст овозда ўзи жавоб берди:
-Эл қатори-да, ака…
Ўнбоши донни бобомнинг ҳурмати учун ўзи айтганидай, пичигана кўпайтириши мумкин эди. Лекин уни хирмондан яширинча берарди. Чунки далада кеча-кундуз демай тер тўкаётганларнинг ҳам оладигани менга бермоқчи бўлаётганидан унчалик кўп эмасди.

1. Пичигана-сал, салгина, озроқ.
Буни билгани сабали янгам нафсини тийишни маъқул кўрган бўлса керак.
Исломқул ўнбоши ўша куни ўндан ортиқ болани далага чиқарди. Ёши каттароқларини ўроққа солиб, мен қаториларни хирмонларга бўлиб юборди. Биз янчган донни ўроқчилар тунги шабадада совуришди. Пунктдан қайтганлар тозаланган буғдойни пешма-пеш қоплаб, араваларга боса бошлашди. Биз дон тайёрлов пунктига жўнатилаётган араваларнинг биринчисида уйга қайтдик.

(Давоми бор).

%d bloggers like this: