“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

1943 йилнинг кўклами бугунгидек эсимда. У пайтларда қишлоғимизни Қоратош дейишарди. Каттагина иккита қирнинг ёнбағри бўйлаб жойлашган. Ўрталикдаги энсизгина текисликда одамлар экин-тикин қилишарди. Экинзорларнинг бир четидан арава сиғарли йўл ўтган. Кунботар томонида тўрт қаватли уй баландлигидаги яхлит, қоп-қора харсангтош кўринади. Ўртасидан олчага ўхшаш аллақандай мевали дарахт ўсиб чиққан. Мевалари пишганда биз ёпирилиб бориб, териб ердик. Қишлоқ ҳам шу тошнинг номи билан аталган бўлса керак. Қора харсангдан этакроқдан эса даштлик бошланади. Кунчиқар тарафда Қатормоя тизмалари жойлашган. Нарироқдан-тизмалар узилган жойлардан қўр тўкиб Қўйтош тоғлари кўринади.Ўн-ўн беш ёшлардаги бола эдик. Ўртоқларимиз билан эрталабдан кечгача кўча чангитардик. Отам урушнинг бошидаёқ фронтга кетган. Кейинроқ Гулмиш момом, бир-икки ой ўтгач қандайдир касалликка чалиниб онам ҳам вафот этишди. Мен бобомнинг қарамоғида қолдим. Ким билади, уруш ҳосиласи-қаҳатчилик ва отамнинг айрилиғи бўлмаганида улар тирик қолишармиди? Ҳайҳотдай уйда фақат уч киши Тугал акам, бобом ва мен қолгандик. Continue reading