“Туронзамин” таҳлили

savollarБобур Холиқназаров: Миллий хавфсизлик хизматининг Ўзбекистон Республикаси

Сарлавҳадаги чалкашлик аслида воқеликни акс эттиришини, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати бугун Ўзбекистонни тўлалигича ўз қўлига олгани нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам яхши маълум. 2010 йилга келиб сон жихатидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари сонини қувиб ўтган МХХ бугун «тотал бошқарув» ва ҳар қандай соҳада бевосита қарорлар қабул қилишни ўз зиммасига олган тоталитар машинага айланган.

2000 йилларга келиб МХХ «курироват» қиладиган соҳалар кўлами кенгайтирилиб халқ хўжалигининг ҳар бир тамоғига биттадан «куратор» жорий қилинган бўлса, бугунга келиб ҳар бир тармоқ марказий апаратида алохида МХХдан «зам» – ўринбосар лавозимлари ташкил этилди. «Зам» жорий қилинишига қарамасдан сақлаб қолинган ва асосан махаллий даражада фаолият юритадиган «кураторларнинг» корхона-ташкилот фаолиятини зимдан, хуфёна кузатиб керакли чора тадбирлар кўриш функциялари эса бугунга келиб ўзлари «кураторлик» қиладиган ташкилотларида ялпи мажлислар ўтказишгача бўлган функциялар билан алмаштирилди. Бу мажлисларда МХХ ходимлари нимани ҳам мухокама қилишлари мумкин дерсиз? Улар ўзларининг бошқарув иерархиясида корхона-ташкилот рахбаридан юқорироқ туришларини исботлайдиган шаклда мазкур корхона-ташкилот бошқарув фаолиятига бевосита аралашишиб корҳонага тегишли барча якуний қарорларни қабул қилишади.

Табиийки, сон жихатидан кўпаяр экан МХХга ишга ёлланаётганлар билим, кўникма ва салоҳиятларининг пасайиб бориши олдини олишнинг иложи йўқ. Айни сабабдан бугунга келиб мажозий қилиб айтганда «Салласини олиб кел» деганда белидан тепасини чопиб олиб борадиган, шахсий фикрга эга бўлмаган, юқоридан топшириқ бўлганда ўзининг энг яқин инсонларини ҳам аямайдиган кадрлар етишиб чиқди. «Тотал бошқарув»нинг ҳадисини олган МХХнинг марказий рахбарияти учун эса бундай «манқурт-авлод» кадрлари айни муддао хисобланади. Бу кадрлар ёрдамида оқибатларини ўйламасдан ҳар қандай кўзбўямачилик ва разилликни амалга оширса бўлади. Керак бўлганда эса тап тортмасдан бу «ўз вазифасини суистеъмол қилган МХХчиларни» фойдаланилган қоғоздек улоқтириб юборавериш мумкин.

МХХчиларнинг баъзи мақсадларда «фойдаланиб кейин улоқтириб юборилишлари» амалиёти ҳам янгилик эмас. Бундайлар сони йилдан йилга ошиб борар экан, Гулнора Каримова билан боғлиқ маш-машалар бошланганидан бери ёппасига тус олган. Бугун ёпиқ эшиклар ортида ўтган суд мажлисларида Гулнора Каримова хавфсизлигини таъминлашга бириктирилган Президент хавфсизлик хизмати ходимларига нисбатан режим ёппасига чора кўрди. Улардан баъзилари эса айнан МХХнинг юқори даражали мулозимлари хизматлари эвазига мамлакатдан қочиб кетишга муваффақ бўлишди.

Аслида қочириб юборилган ходимлар жазога лойиқ эди ва улар энг юқори даражали МХХчилар, хусусан раис Рустам Иноятов ва ўринбосар Хаёт Шарифхўжаевлар борасида компроматлар йиғиб Гулнорага тақдим қилиш билан шуғулланган эдилар. Гулнора йиғдирган маълумотлар ҳам бекорга исфор бўлмади. Бугун МХХ марказий идорасининг 80 нафар ходими иши терговга оширилгани хақидаги миш-мишлар, Хаёт Шарифҳўжаевга даҳлдор катта гурухнинг тергов изоляторларида сўроқ қилинаётгани борасидаги ярим-расмий маълумотлар билан тасдиқланар экан, бу ишлар Гулнора тўплаётган компромат материаллар асосида қўзғатилгани эътибордан четда қолмоқда.

Демак бу компромат материалларни тўплаётган Гулнора қачондир улардан фойдаланишни режалаштирган бўлган. Бу материаллардан фойдаланишнинг ягона имконияти эса отасининг ўрнига ўтирган холидагина туғилади. Шундан хулоса қилсак бўладики Гулнора мамлакатда биринчи шахс бўлишга жиддий тайёрланаётган бўлган. Бу холда унинг биринчи душмани отаси қурган режимни оёқда тутаётган МХХ институти хисобланиб, Гулнора президентликка келиши учун айнан МХХни «қайта ташкил этиш» режаси устида ишлаган.

Ёзилмаган қонунларга кўра энг садоқатли режимда бирорта содиқ инсон бўлмайди. Гулноранинг режалари борасида ҳам унинг гурухидан кимдир МХХнинг марказий аппаратига «шипшитиб» қўйган. КГБнинг асл меросхўри бўлган ва унинг барча салбий омил ва тамойилларини ўзида мужассам этган МХХда хаммага, хатто Ислом Каримов ва Гулнора Каримовага нисбатан ҳам узлуксиз компромат йиғиб борилади. Марказий аппаратдагилар ўзларига нисбатан компромат йиғаётган Гулнорага «иштонсизнинг иштони йиртиқни устидан кулиши» хато эканини тушунтириш вақти етганини англашган ва устамонлик билан Россиянинг МТС мобил операторини мамлакатдан чиқариб юбориш режасини ишлаб чиққан.

Гарчи МХХдагилар МТС оператори мамлакат ичкарисидаги муҳим қўнғироқларни ёзиб Россиясининг ФСБсига тақдим қилиб боришини олдиндан жуда яхши билишган бўлсада, пировард натижада Гулнора империясининг қулашига олиб келадиган «МТСни мамлакатдан қувиб солиш» режасини президентга айнан ўзининг қўнғироқлари ҳам мунтазам ФСБ томонидан эшитиб борилгани шаклда етказишган. Бу режага «добро» берган Каримов қизининг катта сиёсатдаги хаётига ҳам нуқта қўйганини бошида идрок этмаган. Чунки Гулнорани супуриб ташлашнинг энг осон йўли унинг халқаро миқёсдаги жиноятларини очиб ташлаш эканини улар яхши билишган ва МТС ва айниқса унинг ўша пайтдаги директори Беҳзод Ахмедов МХХнинг бу режасида туз кўзир вазифасини ўтаган.

Шундай қилиб раис Рустам Иноятов Каримовлар оиласига кимдир Иноятовга қарши компромат йиғар экан ўшанинг ўзига юз чандон кучлироқ компромат йиғилишини тушунтириб қўйган. Ғазаб отига минган Каримов бу ишларнинг ортида МХХ турганини англаб етган 2013 йилнинг август ойларида МХХ раисини алмаштиришга ҳаракат қилган аммо Зелимхон Хайдаров ва бошқа атрофидагилар ўзларининг ҳам компромат папкалари борлигини билганлари учун Каримовни бу қароридан қайтаришга муваффақ бўлишган.

Бугун Каримов ўз қизини уй қамоғига хукм қилган ва унинг МХХ зобитлари томонидан хатто жисмонан ҳам тахқирланишига кўз юмишга мажбур экан, у ўз режимини оёқда тутаётган МХХдан ўзи ҳам қўрқишини тан олмоқда. Аммо ўзининг «оқил ва доно»лиги билан танилган Каримов ҳам анойилардан эмас. Шунинг учун ўзини буюк ва тенги йўқ даҳо бўлиб шаклланишига хизмат қилган ва натижада ўзидан ҳам катта куч ва имкониятга эга бўлиб бораётган МХХни кучсизлантириш учун чоралар изламоқда.

Айни сабабдан бугун халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари каби МХХ сафларида ҳам тозалаш ишлари олиб борилаётгани Каримовнинг МХХ билан зимдан хисоб-китоби деб ҳам аташ мумкин. Режимнинг ягона бошқарув инструменти бўлган «қама-қама» сиёсатини бу инструментни қўллаш органи бўлган МХХнинг ўзига қарши ҳам ёппасига қўллай бошлагани, мажозий қилиб айтганда, ёвуз аждарҳонинг ўз думини ғажишни бошлаганини эслатади. Юқорининг кўрсатмаси билан ўз сафдошларига ҳам чора кўраётган МХХ зобитлари эртага таёқ уларнинг бошларида ҳам синиши мумкинлигини билишади. Демак режим сиёсатига нисбатан норозилик МХХ сафларида ҳам пишиб етилмоқда.

Назаримда Каримов режимининг дарз кетган асосий нутқаси манашу бўлса керак. Чунки бугунгача ҳар қандай фаолиятига доим «яшил чироқ» ёқиб қўйилган МХХчиларнинг баъзилари бир куннинг ўзида айбдорга айлантирилиб, илгариги «имунитет» ва бошқа ваъдаларга қарамасдан уларга нисбатан чора кўриялётгани МХХдаги умумий мухитга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Нима бўлганда ҳам бугун режим турли сабаблар билан ўзига садоқат билан хизмат қилаётган ва ўзининг «умуртқа поғонаси» хисобланган МХХ сафларида ҳам «тозалашлар» ўтказаётгани ўзига қимматга тушиши аниқ.

Режим тотал бошқарув сиёсатини юритиш мақсадида МХХ ҳодимларига чексиз ваколатлар бериб бутун бошли бир тармоқ ёки худуд тақдирини хал қиладиган қарорлар қабул қилиш айнан МХХ маъсул ходимлари зиммасига юкланган. Коррупция ва кўзбўямачилик машинасининг жадал ишлаши натижасида халқ ҳўжалигининг жуда кўп тармоқлари катта зарар кўрмоқда ва охир оқибатда бу зарарлар шу тармоқ учун маъсул бўлган МХХ ходимлари зиммасига тушади. Режим манфаатларига хизмат қилар экан халқ манфаатлари ва истиқболни ўйламаётган мутасадди МХХчилар бўлса бугунги хуқуқ ва ваколатларига қарамасдан жавобгарликка тортилишдан қочиб қутилолмайдилар.

Янги авлод МХХ чилар учун ўз хамкасбларига нисбатан ёппасига чора кўриш хозирча хеч қандай муаммо ёки таҳдид туғдирмаяпти. Балки жойлардаги кичик миқёслардан кўтарилиб бугун Республика СБ («Махсус» ёки «Шахсий хавфсизлик» бўлими) бошлиғи генерал Хаёт Шарифхўжаевнинг ўз туғишган укаси ва қатор қариндошларини ишдан бўшатиб тергов изоляторларига олиб кирилгани МХХ сафларида резонанс берар? Балки бу ходисалар вақт ўтиши билан МХХ зобитларининг режимга нисбатан муносабатини ўзгаришига сабаб бўлиб режим учун тахдидга айланар?

Хозирги конъектурада буни хақиқатга яқин дейиш қийин. Чунки сон жихатидан МХХ мудофаа кучлари ёки милиция ходимлари сонидан ошиб кетган. Қолаверса ҳар бир ҳарбий қисмда, худди бошқа жуда кўп давлат ташкилотлари сингари, МХХдан «зам», яъни қўмондон ўринбосари тайинланган бўлиб улар мазкур қисмнинг МХХга садоқатини кафолатлаб туриш учун хизмат қилишади. Чегара қўшинлари ва милициянинг махсус топшириқлар бўйича отрядлари (ОМОН) тўғридан-тўғри МХХга бўйсундирилиб қўйилгани ҳам МХХнинг кучишлатар тизимлар орасида тенги йўқ кучга айлантирган.

Бу ҳам етмагандек режимдан «тотал бошқарув» хуқуқини олган МХХ ходимлари Ички ишлар тизими ходимларини камситишнинг ҳар қандай разил турларини амалиётга кенг жорий қилишган. Жумладан 2012-2014 йиллар давомида МХХнинг «ниқобли отрядлари» томонидан Ички ишлар биноларида ўнлаб махсус операциялар ўтказиб турли даража ва лавозимдаги милиция ходимларини юзларига қоп кийғазиб қўлларига кишан солинган холда олиб кетишган.

Улардан энг охиргиси, шу йилнинг бахорида Ички ишлар вазирлиги Бош терговчисининг вазирлик биносидаги ўз ишхонасида МХХ зобитлари томонидан олиб чиқиб кетилиши операцияси бўлган. Бу операция икки кучишлатар тизим ходимлари юқори даражадаги мулозимларининг зиддияти кескинлашишига сабаб бўлган. Операцияга гувох бўлган бошқа юқори лавозимли ИИВ ходими хурмат юзасидан қўлга олинган хамкасбини бинодан олиб чиқиб кетишда кишан ва бошга кийдириладиган халтадан фойдаланмасликни талаб қилган. Бунга нисбатан МХХ ходимидан «Махсус операцияга аралашмаслик» кўрсатмасини олган ИИВ мулозими «ИИВ биносида махсус операция ўтказиш учун фақат ва фақат президентнинг рухсати бўлиши лозим»лигини айтиб қаршилик қилган. Аммо унга бунинг бефойда эканини «тушунтириб» қўйишган. Раҳбариятларига нисбатан МХХ ходимлари томонидан ёмон муомила қилинаётгани ИИВ ҳодимлари орасида норозиликка сабаб бўлган.

Хуллас, МХХнинг хуқуқ ва ваколатларини рамкага солиб, қонуний асосда ишлашини ташкил этиш, бугунги кунда олиб бораётган ноқонуний фаолиятлари учун ёппасига чора кўриш каби сиёсат режим учун «рикошет» таъсирга эга бўлиши кафолатланган. Бугун ўзлари билан биргаликда ижтимоий хавфсизликнинг устунлари ҳисобланган ИИВ ва прокуратура тизимларида фаолият юритаётган елкадошларига нисбатан кескин чоралар кўрар эканлар МХХчиларнинг ўзлари ҳам бу хавфдан ҳимояланмаганларини англашади.

Халқ ўзи дахо қилиб олган диктатордан, диктатор ўзини оёқда қолишига хизмат қилаётган МХХдан, МХХ эса режимнинг «қама-қама» сиёсати албатта бир кун ўзини ҳам бу гирдобга тортишини билганидан қўрқиб яшашади. Қўрқиб яшашади, аммо хеч ким вазиятни ўнглаш, коррупция ва кўзбўямачиликдан воз кечиш таклифи билан чиқмайди. Аммо МХХ бу занжирнинг кучли халқасига айланиб улгурган ва Каримов режимининг яна қанча иқтидорда қолиши айнан МХХнинг унга бўлган садоқатига боғлиқ. Агар МХХ Каримовга қарши чиқса Каримовда МХХга қарши қўллай оладиган куч йўқ. Тарихга назар солсангиз хавфсизлик кучларининг хаддан ташқари кучайтириб юборилиши доим харбий тўнтариш билан якун топган. Истесноларсиз…

Айниқса хавфсизлик хизмати рахбари оиласининг бизнеси хукуматнинг қизиқишига айланса, бундай хукумат рахбаридан воз кечилган. Бу гал ҳам шундай бўладими ёки МХХ раиси президент қизини супуриб ташлагани холда президент МХХ раисининг ўғлига нисбатан чора кўрдира олмайдими, саволнинг жавобини қизиқиш билан кутиб қоламиз.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.