Сойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси
Сайдулла Ўрозметовнинг хотирасига бағишланади.
Институтни битириб келганимга қарийб йигирма йил бўлдиёв. Талаба пайтимданоқ Ҳожар янгамнинг шундай ҳайкалчасини яратиш устида ўйлардим. Ким билади, балки бу истак менда илгарироқ пайдо бўлгандир. Чунки, болалигимда ҳам одамларнинг бир-бир ярим қаричлик шаклларини ясаб юрардим. Мақтанчоқлик бўлмасин-у, ёмон ясамасдим. Ишга жойлашгач бўш вақт топсам, ҳаммасини шу ишга сарфладим. Ёшим қирқни қоралаганидагина мақсадимга эришдим шекилли, онамдек бўлиб қолган янгамнинг уч хил холати акс этган учта ярим метрлик ҳайалчасини яратолдим. Кўрганлар беихтиёр: “И-и-йе, Бу Бувҳожар чечанг-ку,-деб юборишди.-Тозаям ўхшатибсан, бироқ нега қўғирчоқдайгина қилиб қўйдинг? Жа-а бўлмаса, ўзининг бўйи бараварли қилиб ишламайсанми!”
Бу гаплар ҳайфсанмиди ё дилдан билдирилган истакмиди, дафъатан ажратолмай қолардим. Вақтлар ўтиши билан маълум бўлди-ки, ҳайкалчаларимни кўрганлар йирик планда ишланмаганидан норози бўлишаркан. Демак, улар ҳам Ҳожар янгамни ҳайкали қўйилса арзийдиган аёл, деб билишаркан. Бу-менинг ҳам орзуим эди. Бироқ орзу-истак бошқа, уни амалга ошириш бошқа.
Йигирма йил-катта муҳлат. Махсус мактаб кўрмаган, соҳа бўйича бирор тажрибага эга бўлмаган мендай ҳаваскор ҳайкалтарош учун самарасиз ўтаётган йилларнинг алам ва машаққатларига чидаб, мақсад сари интилавериши осон кечмади. Йиллар давомида хилватда ишладим. Ясаганларимни бировга, ҳатто болаларим ва рафиқамга ҳам кўрсатмадим. Ҳайкалчаларим кўнглимдагидай чиққачгина у-бу нарсаларни тушунадиган, ҳолис баҳо бероладиганлардан бир-иккитасини чақириб кўрсатдим. Шу бўлди-ю, бу янгилик оғиздан оғизга ўтиб, овоза бўлиб кетди.
Овозалар қўшни қишлоққаям етган бўлса керак, ёзги таътил кунларининг бирида мактабимиз директори Илҳом ака кутилмаганда уйимизга кириб келди. Ҳа йўқ-бе йўқ, ишларимни кўрсатишни илтимос қилди. Ноилож уни ҳайкалчалар турган хонага бошлаб кирдим.
-Сизни бу қўғирчоқларнинг нимаси қизиқтириб қолди, Илҳом ака?-сўрадим устидаги ёпинчиқни хушламайгина четга олиб.
У индамади. Ҳайкалчаларнинг ҳар бирини синчиклаб, узоқ назардан ўтказди. Саволимга жавоб бўлмагач, мен ҳам уни четроқдан кузата бошладим. Мақсадим-юзидан фикрини уқиб олиш эди. Кишининг кечинмаларини айтадиган гапидан кўра юз ифодалари, кўз қарашлари аниқроқ зуҳур этади.
Биринчи ҳайкалчада йигирма беш ёшлардаги келинчакнинг ўнг қўлини пешонасига қўйганича тик оёқда узоқ-узоқларга кўз тикиб турган ҳолати акс этган. Юз-кўзларигинамас, бутун вужудидан соғинч ва умид аломатларини илғаса бўлади. Уни ўзимча “йўл қараётган келинчак” деб номлагандим. Иккинчисида элликларга борган аёлнинг бир қўлини иягига тираб, иккинчисини кўксига чалиштирганича ўй суриб ўтиргани тасвирланган. Бунинг ҳам кўзлари узоқларга тикилган, юзларида соғинч ва интизорлик ифодаси бўртиб кўринади. Ҳайкалчанинг номини қисқа қилиб “Соғинч” деб атадим. Учинчи ҳайкалчада ўн саккиз-йигирма ёшлардаги келинчакнинг хўп ҳайдаганда керак бўладиган гавронни сиқиб ушлаганича тик турган ҳолати акс этган. Юз-кўзларида ғазаб ва нафрат. Унга ҳалигача муносиб ном тополмагандим. Ҳар учала ҳайкалчадаги ягона ўхшашлик-аёл вужудидан уфуриб турган қатъият ва матонат ифодаси эди.
Илҳом ака мен томонга ўгирилди.
-Қойил!-деди таъсирланиб.-Сенда шундай иқтидор борлигини билмас эканман. Чечангни митти нусхаларини эмас, чинакам санъат асарларини яратибсан. Ўзи кўрганми буларни?
-Йўқ.
-Бир ҳисобда кўрсатмаганинг, тўғридир. У буларни кўриб қувонмайди албатта. Бўйи баровар қилиб ишлаганингда бошқача бўларди. Энди шунга ҳаракат қил. Ишларингдан кўриниб турипти-анча тажриба тўплагансан.
-Бу иш қўлимдан келмас…-ишончсизгина минғирладим.-Сиз айтгандай ҳайкал ясашнинг ўзи бўладими! Яна лойдан…
-Ярим метрлик бетакрор асарларни яратолган одам беш метрлик монументал ҳайкал ҳам яратолади. Фақат журъат ва ҳоҳиш керак. Сенда истедод бор, уни ишга солиш керак. Бунинг учун қанча вақт ва маблағ керак бўлса топамиз: ишингдан бир йилга, керак бўлса кўпроққа ижодий отпуска олиб бераман. Оиланг таъминотиниям ўйлама. Уни ишинг битганидан кейин бериладиган гонорар ҳисобидан колхозга юклаймиз.Сендан талаб қилинадигани ишлаш ва чечанг сиймосида чинакам АЁЛ ва ОНА образини яратиб бериш.
-Борди-ю шундай ҳайкални яратолсам, қаерга ўрнатмоқчисиз? Менинг ҳовлимгамасми ишқилиб?!
Илҳом аканинг жаҳли чиқиб кетди.
-Сен, ҳатто, манови ҳайкалчаларингни баҳосиниям билмайсан шекилли. Мен уларнинг ҳар бирини биттадан машинага алмаштирмасдим.
-Қўйинг-э!
-Шундай! Яна бир нарсани билиб қўй-мен айтгандай ҳайкални яратсанг, харидорларинг кўпайиб кетади, уни шаҳарларга ўрнатишни истаб қолишади. Лекин биз уни ҳеч кимга бермаймиз. Бувҳожар чечангни ҳайкали ўзи туғилиб ўсган қишлоқда қолиши керак!
-Дидингиз қабул қилоладиган ҳайкални яратдим дейлик, уни қаерга ўрнатмоқчисиз?
-Ўгатнинг гузарига.
-У ерда аскар ҳайкали бор-ку!
-Бу гапни сен айтяпсанми, ўша “ҳайкал” ҳайкалми?! Ўша аскар қиёфасида бизнинг одамларимизга бирор ўхшашлик, ақалли бирор ҳис-туйғу борми? Жуссасидаям рухсизлик номутаносибликлар бор. Уни аллақачон бузиб ташлаш керак эди. Айтганимдай ҳайкални яратганингдан кейин, яратолишингга заррачаям шубҳам йўқ, бу масалани кўтарамиз. Керак бўлса пойтахтгачаям борамиз.
-Одамларнинг дидини ўтмаслаштиравермай, эртароқ шундай қилиш керак эди.
-Тўғри. Ҳайкал очилганида мен РАЙОНОда ишлардим. Сен ҳам йўқ экансан. Бундай ишларга ақли етадиганларнинг кўплари ҳар ёқда бўлишган. Борлари “шундай бўлиши керакдир-да”-деб индашмаган, минбардагиларга тақлид қилиб, қарсак чалиб туришган…
Олтмишинчи йилларнинг охирларида колхоз ва совхозларда ҳам номаълум солдатларга ёдгорлик ўрнатиш масаласида компаниячиликка ўхшашроқ бир ҳаракат бошланди. Шу баҳонада аллақаёқдан иккита сайёр ҳайкалтарош келиб, бизнинг раисимиз билан ҳам шартнома тузади. Ўша пайтда раисимиз деҳқончилик ва чорвага анча омилкор бўлса-да чаласаводроқ, санъатдан узоқ одам эди. Жанггоҳлардан қайтмаган аскарлар хотирасига ҳайкал ўрнатишга юқорининг талаби билангина рози бўлган. Акс ҳолда бунақа ишлар ҳаёлига келмасди…
Ҳайкалтарошлар керакли алебастр ва пишиқ ғиштларни ғамлаб, атрофини баланд тахта девор билан ўраб ишга киришишади. Уларнинг ичкарида нима қилаётганини биров билмаган, фақат овқатланиш ва алебастр қоришга сув киритиш ҳамда заруриятлар учунгина ташқарига чиқиб туришган. Бошқа пайтларда эшиклари мудом берк турган. Ҳайкал битгач раисимиз ўттиз-қирқ колхозчини қишлоқ гузарига тўплаб, кичкина бир митинг ўтказди ва ҳайкалтарошларга берадиганини бериб, силлиққина жўнатиб юборади. Ҳайкалнинг қандай чиққани, одамларга маъқулми-йўқлиги билан биров қизиқмаган. Қишлоқ гузарида, ўхшовсиз бўлса-да, шундай қурилманинг пайдо бўлгани ўша пайтда одамларга зўр янгилик бўлиб кўринади. Йиғилганлар шунисига алданишгандир балки.
Елкасида автомат, бошида каска ва эгнида шинел борлиги туфайли ҳайкални аскарники деса бўларди. Борди-ю бошида телпак, эгнида тўн, қўлида таёқ ёки ўроқ билан тасвирланганида уни бемалол чўпон ёки деҳқоннинг ҳайкали дейиш мумкин эди. Бир қўлини баландга кўтарган, иккинчиси ёнида. Катта очилган кўзлари, ярим юмуқ оғзи ва сўррайган бурнига қараб бирор маънони англаш мушкул эди. Шакли одамники бўлса-да, мазмун йўқ эди.
Ҳайкал очилган пайтда қора бўёқ билан яхшилаб ишлов берилгани учун қора мармардан йўнилгандай ярқираб, салобатли кўринган. Қор-ёмғир ва шамоллар таъсирида бир йил ўтмай сири кўчиб, ола-қуруқ бир балога айланиб қолди. Шундан буён ёғингарчиликлар мавсуми тугагач, мактаб ўқитувчилари қайтадан қорага бўяб туришади. Қулоқ ва бурунлари, автоматидаги дарзлар ҳамда емирилган жойларини мен таъмирлаб тураман. Уни олиб ташлаш фикри менда ҳам туғилганди-ю, айтишга журъат қилолмагандим. Илҳом ака шундай фикрдалигини билгач қувониб кетдим. Аммо ўрнига янгамнинг йирик пландаги ҳайкалини бериш масаласи ўйлантириб, ташвишга солиб қўйди.
Кўнглимда Ҳожар янгамнинг миттигина ҳайкалчасини ясаш фикри туғилганида ҳайкалтарошликнинг бундай заҳматлари борлигини билмасдим. Ишни нимадан ва қандай бошлашни узоқ ўйладим. Материал танлашдаям анча иккиландим. Ёғоч, гил ва мармар деганлари қишлоғимизда сероб. Ёғоч ва гил билан ишлаш негадир кўнглимга ўтирмади. Лойдан ясалган буюмлар қуритиш ва пиширишда шакл ўзгаришларига учраши мумкин. Ҳайкалтарошликдек нозик ишларда энг кичик ўзгаришлар ҳам ойлар, йиллар давомида қилинган меҳнатни бир зумда йўққа чиқаради. Ёғочдан ясалган буюмлар ҳам умрбоқий эмасдек. Шунинг учун бўлса ҳам мармарни танладим.
Ҳайкалтарошликка доир баъзи адабиётларни топган ва синчиклаб ўқиб чиққандим. Қабр тошларига матн туширувчиларнинг ишларини кузатдим. Айрим сабабларга кўра ҳайкалтарошларнинг ишлаш жараёнларини сира кўролмадим. Шу туфайли ўз билганимча ишни бошлайвердим. Керакли асбоб ускуналарни турли дўконлардан тўплаб олгандим.
Аҳдим қатъий бўлганидан беш йилдан ортиқроқ чидаб, тош йўниш билан шуғулландим-у, бирор қувонтирарли натижага эришолмадим. Шундан кейин киши кўргулик ҳайкал яратолишдан умидимни узиб, бу машғулотдан кўнглим совиди. Ойлаб иш столимга яқинлашолмай юрдим. Баъзан бор иродамни ишга солиб ишни қайта бошламоқчи бўлардим-у, бари бир иш столимга яқинлашишдан юрагим безилларди. Умидсиз кайфиятда гувраниб юрган кунларимнинг бирида хаёлимга “сариқ гил билан ишлаб кўрсам-чи”-деган ўй келди. Айниб қолмаслик учун дарҳол Каттабулоқ томонга йўл олдим.
Қишлоғимизда иккита булоқ бор. Кичигини Новбулоқ дейишади. Қир этагидан чиққанига қарамай, кимдир ўрнатган ёғоч новдан бошбармоқдайгина сув жилдираб оқиб туради. Каттабулоқ қишлоқ ортида-қирнинг ярмидан ҳам баландроқда бўлса-да, отнинг илигидай йўғонликдаги сув шовуллаб оқади. Атрофида яна ўнга яқин кичик “кўз”лари бор. Бу булоқдан сал нарида кичик бир тепача кўзга ташланади. Бола пайтларимизда ундан сариқ лой олардик. Юпқа кулчалар ясаб, офтобда қуритар ва кесак ўрнига кутурлатиб еб юрардик. Қандайдир хуштаъмлиги бор эди. Бу лойдан ясаган ўйинчоқларимиз-уй ҳайвонлари, турли машина ва ҳуштаклар қуритилгач, бошқа лойдан ясалганларидек ёрилиб кетмасди.
Фикримча қачонлардир сариқ гилдан кўтарилган бу тепача бўлмаган. Тагида сариқ рангда лойқаланиб оқадиган каттагина булоқ бўлган. Оралари яқин бўлишига қарамай Каттабулоқдан ойнадай тиниқ, ундан эса лойқа сув оқишига қараб, манбаълари бошқа-бошқа бўлганлигини тахмин қилардим. Сариқ булоқ йўлида учрайдиган гил тошларни ювиб, емириб, лойқаланиб чиққан. Вақт ўтгани сари турли ўт-ўланлар-йўсинлар йўлини тўсиб, сувдаги лойқа аста-секин тўсиқлар қаршисида чўка борган ва булоқнинг кўзини бекитган. Тепача ҳам сувнинг босими таъсирида кўтарилган. Ҳар жойидан ҳалиямсизибгина чиқиб турса-да, катта сув олдидаги қотган чўкиндини ёриб ўтолмаган…
Гил билан ишлаш анча осон ва қулай эди. Аввалгидек ғайрат ва иштиёқ билан ишга киришдим. Яримметрлик аёл ҳайкалчасини ясаш унчалик қийин кечмади-ю, уни Бувҳожар янгамга ўхшатишим қийин бўлди. Йиллар давомида тажрибам ошган шекилли, охир-оқибат янгамга айнан ўхшайдиган ҳайкалчани яратдим. Аммо руҳий олами-ички кечинмаларни акс эттиролмадим. Мазмундан бегона бўлса-да, шакли келишган қўғирчоқларни ўйинчоқ сифатида болаларга тақдим этиш мумкин, бироқ уни оммага санъат асари сифатида тақдим этиб бўлмайди.
Бу гал умидсизланмадим-шунча ишни қилолгач, характер яратишнинг ҳам уддасидан чиқишимга ишонардим.
Лойдан яхлит ясаган ҳайкалчаларимнинг вазни анча оғирлигини пайқаб қолдим. Уни камида ярмига енгиллаштириш лозим эди. Дарҳол кулоллар чархини сотиб олдим. Ишим янаям енгиллашди: ҳайкалчанинг ичи кўзасимон ғовак қилиб ишлангач лой кам сарфланиб, уни пишитиш ҳам осонлашди. Охири кўнглимдагидек ҳайкалчани яратдим: “Йўл қараётган келинчак” дастлабки ютуғим эди. Унда янгамнинг ташқи кўринишигина эмас, руҳий дунёсини ҳам акс эттиролдим. Бундан руҳланиб “Соғинч” ва вужудидан ғазаб ёғилиб турган номсиз ҳайкалчаларимни нисбатан қисқа муддатларда тугатдим. Сирладим ва алоҳида хумдонларда кўмир билан захасиз пишириб олдим…
Илҳом аканинг мақтов ва ишончи қувонтирган бўлса-да, у айтганидай ҳайкал яратишдан ҳалиям чўчиб турардим. Шу сабабли иккиланиброқ сўрадим:
-Ясаладиган ҳайкалнинг баландлиги қанча бўлиши керак?
-Қийналмасанг беш, ҳатто ўн метр бўлаверсин.
-Гил-мўрт материал. Бундай катталикдаги ҳайкални лойдан тиклашнинг ўзи бир муаммо. Боз устига хумдондан зарар еткизмай пишириб чиқариш ҳам қийин. Энг ёмони, жойига ўрнатилгач нари борса бир неча ўн йилгагина чидаши мумкин. Ёғин-сочинлар, шамолу бўронлар уни емириб юборади.
-Қишлоқ гузарига сен ясаган ҳайкал ўрнатилмайди, қолипини олдириб, бронзадан қуйдирамиз. Бу ишни қуюв цехи бор исталган завод ўз зиммасига олиши мумкин. Наҳотки шуни ўйламаган бўлсанг?
Биринж ҳайкаллар қолипдан чиқишини билардим. Лекин янгамнинг ҳайкалини бронзадан ясаб, қачондир қишлоқ марказига қўйдирарман, деган фикр етти ухлаб тушимга кирмаганди. Балки шунинг учун бу тўғрида ўйламагандирман. Нима бўлганида Илҳом аканинг зеҳни тезлиги ва билимдонлигига қойил қолдим. Шу туфайли, қийин бўлса-да, унинг талабини бажаришга уриниб кўрмоқчи бўлдим.
-Ҳайкалнинг бўйини уч метр қилиб белгиласак-чи?-сўради рози бўлмасмикан, деган ҳадикда.-Бу чечамнинг бўйидан қарийб икки баровар узун. Асосини баландроқ кўтариб ўрнатсак, шу баландликдаги ҳайкал ҳам анча салобатли кўринади.
-Бу фикринг ҳам дуруст, ўзинга маъқул бўлса майли, шундай қила қол.
-Кўриниши, қиёфаси қандай бўлсин?
-Менимча энг яхши андоза биринчи ҳайкалчанг-“Йўл қараётган келинчак”. Қарши бўлмасанг унга бир-иккита тузатиш киритардим.
-Айтаверинг.
-Ўзбек келинлари икки-уч болали бўлгунича ички ҳиссиётларини бировга билдиришдан истиҳола қилишади. Қаҳрамонинг камида ўттиз ёшлардаги аёл бўлсин. Йўл қараётган аёл пешонасига қўлини қўйиб, гавдасини алифдек тик тутиб турмайди, сал бўлса-да, йўлга эгилиброқ қарайди. Иложи бўлса икки оёғини бундай жуфтлаб турмаса-бири олдинроқ, иккинчиси орқароқда турса. Шунда ҳаракатдалиги, истиқболга ишончи барқарорлиги сезилади. Ҳаракатдаги аёлнинг кўйлаги оёқларига тўғри тушиб турмайди. Енгил шабада бўлсаям сал орқароққа ҳилпирайди. Қолгани ўзингга ҳавола. Маслаҳат шу-ки, ҳайкалингни шунчаки ясама, ижодий фикрлаб ярат. Бунинг учун иш бошлашдан олдин Бувҳожар чечанг ҳақидаги эсдаликларингни яна бир қур синчиклаб варақлаб чиқ. Шунда ҳайкални қандай яратиш масаласи ойдинлашиб қолса ажабмас.
Ҳожар янгамнинг сиймосини яратишга, кейинчалик унинг руҳий оламини акс эттиришга шўнғиб, айрим икир-чикирларни назардан қочирган эканман. Ҳайкалтарошликда энг майда деталларга, ҳатто аҳамиятсиздек туюлган унсурларга бепарво қараш сезиларли номукаммалликка олиб келиши мумкинлигини дафъатан пайқадим. Шунда ҳилватга қочиб, ҳайкалчаларимни узоқ вақт кўздан панада сақлаганимга илк марта ўкиндим. Яхши билан ёмонни, ютуқ билан нуқсонни ажратоладиганлар ҳар доим топилади. Ишларимни атрофимдагиларга кўрсатиб, фикрларини эшитиб турганимда ҳозирги даражамга тўрт-беш йил илгарироқ эришган бўлармидим, деган фикрга бордим.
Илҳом ака билан анча фикрлашдик. Кўп масалаларда қарашларимиз бир хил бўлса-да, унга ғазабдаги номсиз ҳайкалчам ёқмаганини пайқадим. Сабабини сўрагандим ачитиброқ жавоб берди:
-Аёл-одамзод ҳаёти бардавомлигининг беминнат заҳматкаши. У-меҳр-муҳаббат тарқатиш учун яратилган инсон. Инсонда сен тасвирлагандек кечинмалар ҳам бўлиши мумкин. Сабаби қандайлигидан қатъий назар, аёлдаги бундай ҳиссиёт ўткинчи. Демак, уни шу қиёфада тасвирлаш учун вақт сарфлаш ҳайф, жамоатга кўз-кўзлаш эса бориб турган калтабинлик бўларди.
Тўғри гапнинг тўқмоғи бор. Илҳом аканинг гаплари қаттиқ тегса-да ўйланиб қолдим. Ҳожар янгамнинг номсиз ҳайкалчамда акс этган қиёфасини буғдой янчилаётган хирмон жойда бир марта, атиги бир мартагина кўрганман. Бошқа ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмадим. Кўз олдимда ўттиз йилча сокин оқаётган дарёдай сидирим яшади. Шу муддатда бу дарёнинг бағрида кечаётган пўртаналар, уюрмалар ҳеч қачон кўзимга яққол кўринмаган. Ёнма-ён яшаётганимиз ва синяковлигим туфайлигина баъзи-баъзида унинг қалб туғёнларини сезгандай бўлардим холос. Аммо буларнинг ҳеч бири ғазабнок аёл ҳайкалчасини яратишимга асос бўлолмасди. Афтидан олдинги ютуқларимдан илҳомланиб, янгамнинг ўзгача қиёфадаги янги ҳайкалчасини яратишга орқа-олдини ўйламай киришиб кетганман шекилли.
Хабар олиб туришни ваъда қилиб уйига кетгач, янгамнинг ғазабли қиёфасини синчиклаб назардан ўтказдим ва Илҳом аканинг ҳақлигига тўлиқ ишондим. Уни зарб билан ерга уриб пачоқламоқчи бўлдим-у, ўзимни тийиб қолдим. Қандайдир эскироқ матога ўраб кўздан панага-ертўламизга яширдим ва ўша ғам-андуҳли кечадан хотира сифатида ўзим учун асраб қўйдим. Кейин устахонамга қайтиб стулга ўтирдим-у, Ҳожар янгам билан боғлиқ нурли ва нурсиз кунларимизни яна бир қур эслашга тутиндим. Энг фараҳли онларда у қандай кўринишда ва қайси ҳолатда бўлганлигини ҳаёлимда қайта тиклаб, шу асосда яратилажак ҳайкалнинг эскизини чизмоқчи эдим.
(Давоми бор).
-“Туронзамин”га журналист Абулфайз Баротов йўллаган.
Filed under: Uzbek |