Пўлатовизм нима?

tolibyoqubovЯқиндан бошлаб Бирлик партияси “раиси” Абдураҳим Пўлатовнинг бир касали қўзғаб қолди. У азалдан “пулатовизм” касалига чалинган эди – шу касаллик қурғур қўзиб туради. У қандай касаллик, дейсизми? Эшитмаган бўлсангиз қуйида келтирилган ва 2009 йил 15 декабрьда ёзилган менинг мақоламни ўқинг.

Толиб ЁҚУБОВ

ПЎЛАТОВИЗМ (Пулатовизм)

Бир пайтлар олимлар бутун дунёда ўқитиладиган, ўрганиладиган жаҳон тили эсперантони шакллантирмоқчи бўлганларида уни дунёдаги барча тиллардан сўзлар йиғиш йўли билан амалга оширмоқчи бўлганлар. Жиддийми, ножиддийми – билмайман, бироқ бир гапни эшитганман: эсперантога ўзбек тилидан фақат битта сўз – КЕТМОН – киритилган экан. Агар мазкур гап рост бўлса, бу – ўзбек тили, адабиёти, маданияти ва фани учун ўта ачинарли ҳолдир. Жиддий гапирадиган бўлсак, бу вазиятни ўзгартиришимиз, тўғрилашимиз керак.

Бир тушунча бор-ки, уни ифодаловчи сўзни мен бирорта лўғатда топа олмадим. Мутахассислар ҳам буни тасдиқлашди. Бу тушунча бирор соҳа (хусусан, сиёсат)да ташкилот раҳбари бўлиб ишлаган, бироқ омади юришмаган ва ўзининг ёқимсиз тили ва феъл-атвори (характери) туфайли нафақат халқ, ҳатто кўпчилик сафдошлари назаридан қолиб кетган одамнинг ўз собиқ сафдошларини ғийбат қилишдан лаззатланиши, ҳузур ва мазза қилишини англатиши керак. Бу, табиий, инсон психологияси билан боғлиқ тушунчадир. Шу туркумдаги тушунчалардан садизм [инсоннинг азобланишидан лаззатланиш, ҳузур қилиш] ва мазохизм [жинсий алоқани аёлга ўта оғир азоб берган ҳолда амалга оширишдан лаззатланиш, ҳузур қилиш]ни келтириш мумкин. Бирор соҳа (хусусан, сиёсат)да ташкилот раҳбари бўлиб ишлаган, бироқ омади юришмаган ва ўзининг ёқимсиз тили ва феъл-атвори (характери) туфайли нафақат халқ, ҳатто кўпчилик сафдошлари назаридан қолиб кетган одамнинг ўз собиқ сафдошларини ғийбат қилишдан лаззатланиши, ҳузур ва мазза қилишини мен п у л а т о в и з м (pulatovizm) деб атадим.

Ушбу мақоланинг номи бўлмиш янги сўз – “пулатовизм”ни ўқиб, муҳтарам ўқувчи уни “марксизм”, “ленинизм”, “маоизм” каби фалсафадаги ғоя деб тушунмаслигини истар эдим. Иккинчи истагим эса бу сўз (термин), эҳтимол, ўзбек тилидан эсперанто ва лўғатларга кириши мумкинлиги истагидир.

Абдураҳим Пўлатов 20 йилдан бери ўзини Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (ЎБХҲ, Ҳаракат) ва шу номли партиянинг раиси деб ҳисоблайди. Бироқ унинг омади чопмади: ҳозирги кунда ҳам мамлакатга президент бўлиш орзусида юрган бўлса-да, ҳаёт ва тарих унга уч бармоқдан иборат фигурани кўрсатганига анча вақт бўлди. 1992 йил декабридан бошлаб чет элда яшагани учун уни нафақат халқ, балки деярли барча сафдошлари унутди. Ҳозир унда фақат икки машғулот қолди, холос: “Ҳаракат” веб-сайтини юритиш ва собиқ сафдошларини иғво қилиш. Сайтни юритиш бўйича мутахассисни ифодаловчи “блоггер”, “вебмастер” (ва б.) терминлари мавжуд бўлиб, бироқ Абдураҳим Пўлатовнинг иккинчи тур фаолиятини ифодаловчи терминни ҳар қанча изласангиз ҳам топа олмайсиз. Уни ўйлаб топишга тўғри келди.

Юсуф Жума, Муҳаммад Солиҳ, Сулаймон Муродов, Ёдгор Обид, Ҳазратқул Худойберди, Алибой Йўляхшиев, Исмоил Дадажонов, Баҳром Ҳамроев, Дадахон Ҳасан, Дилором Исоқова, Муътабар Аҳмедова, Абдужалил Бойматов – эҳ-ҳеее, Абдураҳим Пўлатов иғво қилганларнинг қайси бирларини ёзай!? Абдураҳим Пўлатовнинг “марҳамати”-иғвосидан мен ҳам бенасиб қолмадим. Яқинда у мен ҳақимда “Ҳурматли Толиб Ёқубни Оллоҳ ақлдан оздирмаган, у тубан ва пасткаш одам эмас, йўлидан бироз адашиб қолган банда” деб номланган мақола ёзибди [қаранг: “Ҳаракат” сайти, Актуал мавзу, 19.09.09]. Айтишим лозим-ки, бу унинг мен ҳақимдаги биринчи мақоласи эмас. Абдураҳим Пўлатов иғвосига энг кўп учраган инсон, сўзсиз, Муҳаммад Солиҳдир, “иккинчиси менман”, десам Дадахон Ҳасан, Исмоил Дадажонов, Ҳазратқул Худойберди каби собиқ бирликчилар, табиий, мендан хафа бўлсалар арзийди. 65 ёшни уриб қўйган Абдураҳим Пўлатов аслида ким ўзи ва у нимани истайди?

Абдураҳим Пўлатов битмас-туганмас энергия билан йиллар сайин ўзига Ҳаракат “доҳийси”нинг қаҳрамонона таржимаи ҳолини яратиш ва ўзини Ислом Каримовнинг неокоммунистик ҳокимиятига қарши ЎБХҲ курашининг “зафар қучувчи” стратеги сифатида кўрсатиш учун ЎБХҲ ва шу ном билан аталувчи партия тарихини қалбакилаштиришга ҳаракат қилаётгани баъзан одамни ҳайратга солади. Ҳар қандай сохтакор каби Абдураҳим Пўлатовнинг ҳам ичи таҳликага тўла эканини мен тушунаман. У ҳужжатлар, тирик гувоҳлар ва Ҳаракат қатнашчиларини “йўққа” чиқариб ЎБХҲ архивлари билан ҳар қанча чираниб кўзбўямачи каби қўл ўйини (манипуляция) қилмасин, уйдирмани ҳақиқий фактлардан ажрата оладиган холис одамлар топилмаслигига унга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Абдураҳим Пўлатов қалбининг тўрида Ҳаракат тарихининг ҳукмидан қўрқиш бўлмаслиги мумкин эмас. Абдураҳим Пўлатов олдида ишончли ва ҳужжатли қилиб келажакнинг ортини кўриб бўлмайдиган пардасини кўтарадиган ва унга ўтмишда ўтган буюкларнинг обрў-эътибори “сариқ чақача” ҳам бўлмай қоладиган ўзининг “буюк обрў-эътибори” (образи)ни кўриб “мазза” қилишига имкон яратадиган инсонлар Ўзбекистонда ҳали топилади. Абдураҳим Пўлатов ҳақида унинг собиқ сафдошлари [А.Йўляхшиев, Б.Ҳамроев, Ё.Обид, Т.Ёқубов ва б.] ёзаётган ҳақиқатларга у моҳиятан жавоб қайтара олмайди, чунки тўғри жавоб қайтариш учун унда сал бўлса-да соғлом виждон бўлиши лозим; у фақат ўзгаларнинг виждонини ҳақоратлашдан бошқани билмайди, чунки ўзида бу неъмат кўринмайди. Шунинг учун ҳам у ўзига нисбатан виждонлироқ собиқ сафдошларига қарата ўзининг нафратини сочади; унинг ҳатто ҳақоратлари ҳам ўзига ўхшаш примитив ва сохта. Шунинг учун ҳам у мен ҳақимда, ўзининг таъбири билан айтганда, “ҳурмат”лаган ҳолда ёзибди – ахир у азалдан атрофида ўзидан кўра виждонлироқ ва ақллироқ ўзгача фикрловчи одамлар бўлишини ҳеч қачон ёқтирган эмас.

Мана унинг қиёфаларидан бири. ЎБХҲ Марказий Кенгаши Ҳайъати аъзоси Зиёдулла Зиёмовнинг ташкилотни тарк этишига айнан Абдураҳим Пўлатовнинг шаллақилик билан катта бир йиғинда уни ҳақорат қилгани сабаб бўлганини одамлар эсдан чиқариб юборганича йўқ. 1989 йил ва 90-чи йиллар бошида “Бирлик”да турли соҳаларнинг кучли мутахассислари гурухи мавжуд бўлиб, Зиёдулла ака шуларнинг бири, кучли иқтисодчи эди. Йиғинларда Абдураҳим Пўлатов иқтисод нуқтаи-назаридан бажарилишини ўзи ҳам тушунмайдиган масалалар ҳақида гапирар, Зиёдулла ака ҳар қандай иқтисодчи қўядиган: “Бу ишни бажариш учун пулни қаердан оласиз?” деган оддий бир саволни унинг олдига қўяр, “доҳий” эса унинг асосли эътирозидан буғилиб, у билан уриша бошлар эди. Шундай йиғилишлардан бирида у Зиёдулла акага нафрат ила: “Онанг… дан оламан!” дегач, Зиёмов “Бирлик”ни бутунлай тарк этди.

ЎБХҲдан кўпгина юқори малакали мутахассисларнинг кетиб қолиши ёки унга кириб келмаслиги асосан Абдураҳим Пўлатовнинг беъмани хулқ-атвори (характери), манманлиги ва оғзининг коскилиги сабаб бўлганини ўша вақтда кўпчилик билар эди. Мен айтаётган воқеалардан 20 йил ўтгач, у ҳеч қандай гувоҳ йўқдек ўзини тутмоқда ва фактларни ёлғон-яшиқ билан алмаштирмоқда. Мана битта мисол. У мен ҳақимдаги мақоласида хусусан шундай ёзади:
“… унинг [яъни, менинг – Т.Ё.] 1991 йилда “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши мажлисида ёзувчи Жамол Камолни ҳамманинг кўз ўнгида ёқасидан ушлаб урганимни ёзишлари… “Бирлик” Марказий Кенгашининг мажлислари ҳар доим очиқ шаклда ўтарди ва уларга ҳар доим камида 100 одам қатнашарди…”. Мен мақоламда Абдураҳим Пўлатов 1989 йили Ёзувчилар Уюшмаси биносининг коридорида [ЎБХҲ штаб-квартираси Уюшма биносида жойлашган эди] Уюшма раҳбари ёзувчи Жамол Камолнинг ёқасидан ушлаб, бақириб ҳақоратлаётганини ўз кўзим билан кўрганимни ёзган бўлсам-да, у санани ҳам [1991 й.!!; ЎИХҲ штаб-квартираси Уюшма биносидан аллақачон чиқариб юборилган эди], воқеа жойини ҳам [Марказий Кенгаш йиғилиши!] атайлаб ўзгартириб ёзган.

“Бирлик” партияси масаласида у ёлғонни бўйинча қилиб тақиб олган. 1990 йил бошида [чамаси, январида] ЎБХҲнинг штаб-квартирасидан иккаламиз чиқиб 2-3 соат кўча айландик. Мен ЎБХҲ таркибида бир сиёсий партия тузиш вақти келганини гапирдим, бироқ бу фикрга Абдураҳим Пўлатовни 2-3 соат давомида кўндира олмадим. 1990 йил апрель ойида Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси тузилгач, унинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Бироқ биз, 10-15 бирликчи, Ўзбекистон Фанлар Академияси аспиранти, наманганлик Оппоқов (исми, чамаси, Юсуфжон эди) бошчилигида партия тузиш учун унинг Низом ва Программасини ёзишни илгарироқ бошлаб юборган эдик. Партия таъсис қурултойигача уни “Ўзбекистон халқ-демократик партияси” деб атадик.

Шошиб қолган Абдураҳим Пўлатов дарҳол ташаббусни қўлга олди. У қандай йўл билан бўлса ҳам партия ҳужжатларини Оппоқовдан олиб, зудлик билан таъсис қурултойини ўтказди. Мен ўша қурултойда қатнашганман. Тортишувлардан кейин Абдураҳим Пўлатовнинг босими билан партияга “Бирлик” номи берилди. Унинг ёзишича: “Толиб ака ҳам раҳбар органларга сайланди” эмиш. Бу ғирт ёлғон. Партия раҳбариятига Оппоқов бошчилигидаги Ташаббус Гурухидан деярли ҳеч ким киритилмади, хусусан мен ҳам. Абдураҳим Пўлатовнинг шу жойдаги яна бир ёлғони: “17 июнь куни (табиий, 1990 йил) Тошкентнинг марказида, Ленинград кўчасидаги Тошкент шаҳар юридик консультация бюросининг мажлислар залида (бюронинг раҳбари фаолимиз Миролим Одилов эди) 90-100 кишининг иштирокида…”. Унинг бу жумласида қурултой ўтказилган жой тўғри кўрсатилган бўлса-да, иштирокчилар сони камида икки баравар кўпайтириб кўрсатилган.

Мен мақоламда партияни давлат рўйхатидан ўтказишга уриниш бўлмаган, деб ёзган эмасман. Бирнеча марта бўлган. 1991 йили президент сайлови арафасида 5 сентябрь куни “Эрк” партияси, 11 ноябрда эса ЎБХҲ давлат рўйхатидан ўтди. Адлия вазирлигига чақиртирилган ЎБХҲ раҳбариятидан Абдураҳим Пўлатов, Бекжон Тошмуҳаммедов ва Пўлатжон Охуновни вазир Муҳаммадбобур Маликов қабул қилган. Масала қайси ташкилотни – ЎБХҲними ёки “Бирлик” партиясиними – давлат рўйхатидан ўтказишга бориб тақалганда вазир Ислом Каримовнинг варианти, яъни партияни рўйхатдан ўтказишни таклиф этган. Буни Бек ака ва Пўлатжон маъқуллашган, бироқ Абдураҳим Пўлатов қайсарлик билан рад этган. Бу масалада гувоҳ сифатида мен уч муайян инсоннинг номини кўрсатаяпман, Абдураҳим Пўлатов эса ўз мақоласида 13 бобдан иборат кўп жиҳатдан эртакнамо иддаоларини ёзмоқда.

Абдураҳим Пўлатов шу тахлитда ёлғон гапириб, бир пайтлар унга елкадош бўлган ўз сафдошларини иғво қилиб ўтади. Мақоласида у биринчи марта замон келиб “Бирлик” партияси раҳбари лавозимидан кетишини ёзибди. Ишониш қийин. Унинг зеҳниятидан келиб чиқилса, лавозимдан олинганини эшитгач, у ўзини осиши эҳтимоли катта дейиш мумкин.

Саломат бўл, Абдураҳим Пўлатов, ва узоқ яша! Сен каби ахмоқларсиз, алдаркўсаларсиз ва тинимсиз мақтанувчи барон мюнтгаузенларсиз ҳаёт жуда зерикарли туюлади инсонларга. Нафратга тўла бўлса-да собиқ сафдошларинг ҳақида ёзаётган ахмоқона “мақолаларинг” билан бизларни “хушнуд” этиб тур!

2009 й. 15 декабрь

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek, Zolimning malaylari. Bookmark the permalink.