ДЕБОЧА
Ёқимсиз тушга ўҳшайди, на уйғона оласан киши, на давомини кўргинг келади. Орадан икки йил ўтган бўлишига қарамасдан мухокама қилинаётган мавзулар ўзгармаган: МТС, Гулнора Каримова ва албатта Ислом Каримов. Айтганча, энди улар иккита, «катта» ва «кичкина» – ёшига кўра шундай аташади, жусса, вазн ва сиёсий обрўсига кўра улар унча фарқ қилишмайди. Нуфузли Foreign Policy журнали ва Америка тинчлик жамғармаси бу йил эълон қилган лаёқатсиз давлатлар индексини кўрсангиз нима деяётганимни тушунасиз. «Катта» Ислом Каримовнинг «мавқеи» нафақат Алмазбек Атамбаев, балки Эмомали Рахмоникидан ҳам пастроқ. Россия телеканаллари ва ғарб нашрларида эса «кичкина» Ислом Каримов кўпроқ машхурлашмоқда.
МТС чиқиб кетгач уяли алоқа хизматлари нархининг ўртача учбаробарга ошгани, «Coca-cola» ширкати ёпиб қўйилгач 1.5 литрлик «Pepsi»нинг нархи 3 АҚШ долларидан ошгани, Қозоғистон ва Россиядан келтирилаётган 1.5 литрлик «Coca-cola»нинг нархи 4 АҚШ долларидан ошгани, бензин, дизел, шакар ва бошқа алланималар таъминотини эплай олмасдан оддий халқнинг жазирамада турнақатор навбатларда туришга мажбур қилиш асосида амалдорлар томонидан фойда қилинаётгани, ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг қиммат нархда ноқонуний тарзда хориж валютасига сотилаётгани, қисқаси юртбошимиз рахнамолигида юритилаётган санаб адоғига етиб бўлмайдиган «доно ва оқилона» сиёсатлари бугун еттидан 70 ёшгача хаммага маълум.
Шунга қарамасдан режим муаммоларни ечишга эмас, аксинча уни хаспўшлашга ва йўқдек қилиб кўрсатишга қаратилган харакатларини давом эттирмоқда. Охирги пайтларда хорижий ширкатларни «ҳуркитиб» вақтинча ёпиб туриш ва бу билан фақат ўз халқига зарар келтиришдан нарига ўта олмай қолган Каримов режимининг инқирозга юз тутмаётгани сири нимада? Нима учун ёш болалар ҳам ишонмай қўйган учига чиққан кўзбўямачиликларга қарамасдан ақли расо одамлар кўзларини чирт юмиб қорани оқ дейишда давом этмоқдалар? Содда қилиб айтганда нима учун хеч нарса «ўзгармаяпти»? Бу қачонгача давом этади? Бизни келажакда қандай сиёсий спектакллар кутади? Каримов режими оёқда қолиши учун яна кимларни ва нима сабабдан «қурбон қилади»?
Шулар ва шунга ўхшаш саволлар хақида фикрларим билан ўртоқлашар эканман сизни ҳам бу борада фикр билдиришга чорлайман. Шундай қилиб гапни бугуннинг Ўзбекистони хақида китоб ёзиладиган бўлса сарлавҳа бўлишга арзигулик ягона мавзу бўлган Каримовча қатағон сиёсатини очиб беришдан бошлайман.
ЎЗБЕКИСТОН-1937
«Хар сайловда шу бўлар такрор,
Хар сайлов ҳам шундай ўтади…»
Сайловлар йили бўлган 2014 йилда хам халқни оқибатсизларча эзишда давом этар экан режим бир омилга – зўравон кучга таянмоқда. Бугун халқ тилида СНБ деб билинадиган Миллий хавфсизлик хизматининг аралашмаган соҳаси қолмаган. Президент Каримов асос солган ва СНБ томонидан такомиллаштирилган, негизида коррупция вакўзбўямачиликдан бошқа ҳеч вақо бўлмаган ривожланишнинг ўзбек моделини тўхтатишнинг эса имкони йўқ. Демак зўравонликни ҳам тўхтатиб бўлмайди.
Амалдорлар режимга садоқатига кўра вазифа ва лавозимларга қўйилади ва вақти келганда хар қандай хизматларига қарамасдан айнан шу садоқатли одамларга чора кўрилади. Алохида таҳлилга мавзубўладиган бу гирдоб домидан чиқишнинг имкони йўқлигини хамма яхши билади. Айниқса сайловлар йилида янада авж оладиган Каримовнинг бу «қама-қама» сиёсатидан бошқа амалдорлар ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишлари бу гирдоб шиддатини янада оширади. Ҳатто Ислом Каримовга ёрдамлашиб Ўзбекистонни 1937-йилга «қайтаришга» хизмат қилаётганларнинг ўзлари ҳам бу гирдоб домига тушишдан кафолатланмаганлар.
Бугун мамлакат миқёсида бирорта ўрта ёки қуйи даражали амалдор ўз хохишига кўра ишдан кетмаган ва кета олмайди ҳам. Бугун нафақат ҳокимият ва ижтимоий соҳа амалдорлари, балки хуқуқ-тартибот органлари сафида ҳам «эсон-омон» пенсияга чиқиш амри-маҳол бўлиб қолган. Бугун минглаган амалдорларнинг ишлари терговда, ўн минглаган ташкилотларда «даврий» ёки «доимий» текширувлар олиб борилмоқда, юз минглаган амалдорларга аллақачон у ёки бу кўринишда чоралар кўриб улгурилган бўлса юзлаган амалдорлар тергов даврида ўз жонларига қасд қилишган ёки юрак хуружини бошдан кечиришган. Жазони ўташ жойида орттирилган дардлар натижасида мажрух бўлиш ёки оламдан ўтиш ҳолларини гапирмаса ҳам бўлади.
Шунга қарамасдан Каримов режимига садоқат билан хизмат қилаётган, режим манфаатлари йўлида ўз яқинларига ҳам чора кўраётганлар камаймаётир. Улар эртага ўзларига ҳам орқадан етишиб чиқаётган янги авлод чора кўришини билишади. Ўзлари терговда фойдаланаётган усуллар ўзларига ҳам қўлланилиши мумкинлигини ҳам билишади. Билишади, аммо афтидан режим уларни ҳам боши берк кўчага олиб кириб, қилаётган ишларидан бошқа вариант йўқлигини «тушунтириб қўйган». Вақти келиб бу усуллар ва схемалар хақида китоблар ёзилади ва Каримов режимининг асл башараси очиб берилади. Хозирча эса режим оёқда ва унга сидқидилдан хизмат қиладиганлар сони, СНБ мисолида оладиган бўлсак, кундан кунга «орттириб борилмоқда».
Каримов уларга «Мана мен қизимни қилмишлари учун жазолаяпман, сизлар ҳам ўз яқинларингизни жавобгар қилишдан таптортмасликларингиз керак!» дея берган «сигнали»ни тагини очибқарасангиз самимийлик йўқлигини хамма билади. Қизига нисбатан кўрилаётган «псевдо-чоралар» ортида ётган энг катта сабаб оила молиявий жиноятларининг жаҳонга овоза қилингани, қолаверса Гулноранинг отаси тахтига кўз тиккани ва бунинг ортидан оила ичида жанжал чиққани экани хаммага аён. Айни сабабдан Каримов тирик экан унинг ўрнига кўз олайтиришга ҳеч кимнинг хаққи йўқлигини атрофдагиларга тушунтириб қўйиш учун ҳам яхшигина дарс вазифасини ўтаяпти бу «Гулноранинг иши».
Катта қизи Гулнорани танобини тортиб қўяр экан, Ислом Каримовнинг нимагадир кичик қизи Лолага нисбатан чора кўрмаётгани ҳам одамлар эътиборидан четда қолмаяпти. Лоланинг «фаолияти» Гулнораникидан унчалик фарқ қилмайди, қолаверса мамлакат бойликларини ташиб кетиш борасида Гулнора Лоланинг олдида «ип эшолмайди». АммоКаримов узоқни кўзлайдиган сиёсатчи, иккала қизини ҳам битта сайловга қурбон қиладиган ахмоқ эмас. Каримов наздида бу сайловлар эсон-омон ўтиб кейинги, 2020 йилдаги сайловлар яқинлашганда Лоланинг ҳам жўжаларини санаш вақти келади.
Зеро янги муддатга қолишга қарор қилган қария Каримов умрининг охиригача тахтдан кета олмаслигини тан олган. Аммо у бошқараётган режимининг «қама-қама» сиёсати хозиргидай шиддат билан ва шу йўсинда давом этадиган бўлса 2020 йилда бўлиши керак бўлган навбатдаги президентлик сайловларига оз муддат қолганида хамма қуйи, ўрта ва юқори даражали амалдорларни қамаб бўлиб, МХХ раиси ниҳоят ўзини ўзи-қамаш тўғрисида қарор чиқариб бу қарорни ўзи ижро этишига тўғри келиб қолса ажаб эмас. Шунда доно, оқил ва узоқни кўра оладиган, бунинг устига «меҳрибон ва оқкўнгил» Каримов умум-амнистия эълон қилиб хаммани озодликка чиқарса, сайловда 100 фоизлик ғалабани кафолатлаган бўлади.
Лола Каримованинг уй қамоғига олиниб, унга тегишли корхона-ташкилотлар давлат тасарруфига ўтказилиши эса Каримовнинг халқаро ҳамжамият томонидан янги муддатга сайланганини тан олдириш учун асос бўлиб хизмат қилса керак. Камига «жахон олимлари» номи остида халқаро миқёсдаги бир ҳовуч сафсатабозларни халқ ҳисобидан мамлакатга таклиф қилиб «Ётиб ейишни ўзбекдан ўрган», «Биз узоқ тарихдан буён бахтиёрмиз, бахт нималигини ўзбекдан сўра» каби мавзуларда илмий-амалий конференция ўтказса бўлди – янги муддатга президентлик кафолатланган бўлади.
Афтидан Каримов ўзи олиб борилаётган, 1937-йиллардаги қатағонниҳам ортда қолдирадиган, «замонавий қатағон» шундай якунланади ва бу қатағон ўз манфаатларига хизмат қилади деб ўйлаяпти чоғи? Аслида ундай эмас, Каримов бошқа имкони йўқлигидан қатағон сиёсатини жадаллаштирмоқда. Сиёсий жихатдан «иқтидорсиз» бўлиб қолган режимнинг «қама-қама» сиёсати бир неча омилларга хизмат қилади:
Биринчидан бу «қама-қама» сиёсатидан режим мамлакат ичкарисида ўз қудратини «исботлаб» туришининг ягона воситаси сифатида фойдаланмоқда. Қолаверса ҳар қандай хизмат ва обрўсига қарамасдан амалдорларни қамаш йўли билан режим халқни қўрқитиб туришига ҳаракат қилмоқда.
Иккинчидан, коррупция ва кўзбўямачиликка асосланган «миллий иқтисоднинг юксак суръатлар билан ўсиши» ортида аслида иқтисодий таназзул ётгани кундан кунга яққолроқ аён бўлиб бормоқда. Вазиятни ўнглаш имкони йўқлигидан режим бу кичик миқёсдаги таназзулларнинг айбдорларини жазолашдан бошқа ечим топа олмаётир. Аммо масштаблар тоборо кенгайиб борар экан гирдоб каттароқ қурбонлар талаб қилишини ва навбат каттароқ амалдорларга келишини қўпчилик тушуниб етмаяпти.
Учинчидан, бу сиёсат жойлардаги кучлар балансини таъминлаб, махаллий элитани узлуксиз «силкитиб туриш» воситаси сифатида ишлатилмоқда. Яъни «махаллий Каримовчалар»нинг ўз қудратларини кўрсатиб қўйиш учун қўл остидаги корхона ташкилотларни текширтириш, махаллий раҳбарларга нисбатан ишлар қўзғатиш ва «Ё мен айтган шартлар асосида ишлайсан ёки қамаласан» ултиматуми қўя олиш механизми сифатида фойдаланилмоқда. «Айтганимни қиласан ёки қамаласан» сиёсати давлат бошқарувининг ягона самарали бошқарув механизмига айлангани эса режимнинг чириб битганини исботлаб берувчи асосий белгидир.
Аслида «қама-қама» сиёсати режимга бегона эмас. Лекин 1980-йиллар сўнгида Каримовнинг иқтидорга келиши билан бошланган ва 90-йиллар охирида ўз кульминациясига чиққан ўзгача фикрловчилар, мухолифатдагилар ва диндорларга қарши қўлланилган «қама-қама» сиёсати бугун режимнинг садоқат билан хизмат қилаётган амалдорларига нисбатан ҳам ёппасига қўлланилаётган экан, Каримов режимини интиҳосини башорат қилиш қийин эмас. Айниқса марказий аппарат энг юқори лавозимли мулозимларининг ҳам бу сиёсат гирдобига тушишдан кафолатлатмагани режимга сидқидилдан хизмат қилаётган амалдорлар учун дарс бўлмоқда. Режимга қилган хизматларига қарамасдан чора кўрилган ва жазо ўтаётганлар ҳам, амнистиядан-амнистиягача президентдан илтифот кутаётган уларнинг яқинлари ҳам муаммонинг ечими қандайлигини яхшибилишади. Гап қачон ва қайси восита ёрдамидалигини аниқлашда қолган…
Каримов режими эса «қама-қама» сиёсатига асосланган бошқарув сиёсатини давом эттиришга мажбур. Чунки коррупция, қўшиб ёзиш ва кўзбўямачиликларнинг орти кундан кунга каттароқ очилиб бораверадиган бу иқтисодий инқироз даврида узлуксиз кимларнидир жазолаш, тўхтовсиз айбни кимларгадир тўнкаб туриш керак бўлади. Шахсан Каримов учун ким қамалишининг катта аҳамияти йўқ, унга кимдир қайсидир кўрсаткичларни сохталаштиргани учун жазога тортилгани тўғрисида маълумот етиб борса бўлди. Махаллий амалдорларга эса кимнинг қамалиши жуда муҳим. Каримовнинг «қама-қама» сиёсати улар учун сиёсий ва иқтисодий саҳнадаги рақобатчиларини йўқ қилиш меҳанизми бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса баъзи холларда ўз ишининг устаси бўлган амалдорларни ҳам режим томонидан қурбон қилинишига сабаб бўлмоқда.
Хўш, Ўзбекистонни 1937-йиллардагидек қатағондан ҳалос этишнинг имкони борми? Йўқ, реал хаётни умуман акс эттирмайдиган коррупция, қўшиб ёзиш ва кўзбўямачилик сиёсати мана шу тенденциядадавом эттирилар экан янги қурбонларга талаб ортиб бораверади.
Каримовнинг ўзи умум-амнистия эълон қилиб ўзига садоқат билан хизмат қилганига қарамасдан жавобгарликка тортилганларни авф қилдира оладими? Йўқ, чунки жавобгарликка тортилганларнинг аксарияти режимнинг юқорироқдаги бўғини берган топшириқларни ижро этгани учун бугун жавобгарликка тортилмоқда ва бу занжирнинг орқасидан қувилса айбдорлик айнан энг юқори амалдорларга бориб тақалади. Жавобгарликка тортилаётганлар режимни орқасини беркитиш учун жавобгарликка тортилмоқда ва уларни авф этишюқоридаги амалдорлар ҳатосини тан олиш ва мажвуд муаммоларга ечим излаш заруратини туғдиради. Шундай экан бугунги юзага келаётган муаммолар учун кимнидир қамаш билан чекланиш ягона ечим саналади. Ҳатосини эътироф этиб ўзгаришлар қилишга ўрганмаган режим эса бу сиёсатдан асло воз кеча олмайди.
Ундай бўлса Каримов қайсидир сабаблар билан сиёсий саҳнани тарк этса бу «қама-қама» сиёсати бархам топадими? Менимча бу саволга ҳам Каримовдан кейин анча вақтгача «Йўқ!» деб жавоб беришга мажбур бўламиз. Чунки Каримов режимининг ўзига хос ва ўзига мос «давлат бошқарув меҳанизми» бўлган «қама-қама» сиёсати ўрта ва қуйи амалдорларнинг қўл остидагилар билан «хисоблашиш» меҳанизмига ҳам айлантирилган. Жойлардаги амалдорлар ўзларига мўмай даромад келтираётган ва рақибларидан фориғ бўлишлари учун хизмат қилаётган бу механизмдан осонликча воз кечишмайди.
Шундоқ экан навбат сизга ҳам келиб қолса ажабланманг мухтарам амалдор, ахир Ўзбекистоннинг иқтисоди йилига ўртача 7-8% «ўсишда»давом этмоқда …
Б. ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Сиёсий шарҳловчи.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |