Абдулазиз Маҳмудов

mahmudovБухоро амирининг ҳалафлари

Айтинг-чи, нима учун ўзбек мухолифатида, дейлик, Қирғизистон, Қозоғистон ёки Туркманистондан фарқли ўлароқ, режим томонидан инжитилган собиқ  ҳукумат амалдорларининг роли ҳаминқадар?

Бу сатрларни ёзарканман, Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими Мурод Жўраев, нефть базасининг собиқ директори Самандар Қўқонов, банкир Рустам Усмонов, собиқ вице-президент, марҳум Шукрулло Мирсаидовларнинг фожиали тақдирини эсладим. Бир пайтлар тахтга яқин бўлган ва ўзгача фикрлаганлиги учун жабрланган жасур шахсларнинг камтарона рўйхати.

Улар қулларча итоаткор ва ўз юзига эга бўлмаган – “винтчалар”дан, занг босган давлат механизмига хизмат кўрсатадиган ҳамда мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиш ва бойиш учун фойдали тушунчалардан бошқа мутлақо ҳеч қанақа маслакка эга бўлмаган амалдорлардан фарқ қилардилар. Ҳозир мен эслаётган одамлар ғинг демайдиган судралиб юрувчи эмасдилар. Улар ўзбек давлатининг гуллаб-яшнашини чин дилдан орзу қилардилар, чор-атрофда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида фикр юритардилар ва уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг қобилиятли кашшофи эди. Улар ислоҳотчи эдилар, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиши учун янги йўлларни қидирардилар ва ўз ўй-фикрларини яшириб ўтирмасдилар.

Мурод Жўраев Ўзбекистоннинг янги тарихида биринчилардан бўлиб Муборак шаҳрининг маъмурий қайта қурилишини амалга оширди ва демократик равишда сайланган ҳоким, халқ депутати, кўзга кўринган мухолифатчи бўлди.

Самандар Қўқонов қайта қуришнинг беш йили ичида намунали нефть базасини барпо эта олди ва Нишонов давридаги кўплаб хўжалик раҳбарлари каби, ҳокимият алмашгач, мол-мулкнинг қайта тақсимланиши қурбонига айланди. Афтидан, янги хўжайинлар каттароқ улуш олишни истаганлар. Нефть маҳсулотлари каби хушхўр бўлак қайсар халқ депутатининг тасарруфида қолмаслиги керак эди. Бу ҳақда фақат тахмин қилиш мумкин, холос. Босим бошлангач эса Қўқонов коммунистик партия сафини тарк этиб, мухолифатга қўшилди. Самандар Қўқоновни нефть базаси директори лавозимидан четлаштириш иши билан ўша пайтларда Тошкент вилоят ижроия қўмитаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган Зокиржон Алматов шуғулланган.

Рустам Усмонов билан биз дўстона алоқада эдик. 1989 йил ёзида мен унинг Советободдаги уйида бир ойдан ортиқроқ яшаганман. Ва у ақлли ва қобилиятли тадбиркор сифатида ёдимда қолган. У менга ўзининг асаларичилик кооперативи ва қизил қуртлар етиштириладиган иссиқхоналарини кўрсатганди. Мустақил тадбиркор бўлиш ҳуқуқи учун маҳаллий мансабдорлар билан қандай кураш олиб бораётганини айтиб берганди. Биз у билан СССРдаги қайта қуриш, Ўзбекистонни ислоҳ қилиш, миллатлараро муносабатлар ҳақида соатлаб гаплашган ва ҳатто ҳамкорликда яратиладиган тарихий фильм ҳақида орзу-хаёлларга берилгандик. Кўп ўтмай у ҳокимиятга қарши туриш билан турмушда муваффақиятга эриша олмаслигини тушуниб етган кўплаб “шубҳаланувчилар” каби мухолифатдан четлашди ва шу билан йўлларимиз ҳам айрилди. Нисбатан қисқа вақт ичида Рустам ака Усмонов “Рустам Банк” деб номланган биринчи хусусий тижорат банкини барпо қилди. Буни амалга ошириш юқори лавозимдаги шахсларнинг қўлловисиз бўлмади, албатта. Ислом Каримов эътиборига тушган Рустам ака ўзининг бизнес карьераси чўққисида бўлган паллада, мен унга жадидлар ҳақидаги тарихий фильмнинг суратга олиниши молиялаштиришни таклиф қилдим, бироқ унда бу ишга нисбатан иштиёқ сезмадим. Шундан кейин биз қарийб учрашганимиз йўқ. Рустам Усмоновнинг бухгалтерияси шаффоф бўлгани ва солиқларни ўз ўрнида тўлаб боргани учун у ўз даромадини бирор киши билан бўлишишга сабаб кўрмасди

Тадбиркорнинг суратларини чизган, унинг оиласи билан дўстона муносабатларда бўлган ва Рустам Усмоновнинг муаммоларидан яхши хабардор бўлган рассом Азиза Маматова фикрича, банкирни “сиқувга олган” кишилар ортида Исмоил Жўрабеков турган. Ва бу пировардида унинг таъқиб этилиши ва узоқ муддатлик қамоқ жазосига ҳукм қилинишига сабаб бўлди. Менимча, агар Рустам Усмонов асрий анъаналарга мувофиқ равишда даромадини ҳукмдор билан бўлишганида эди, эҳтимол, қамоқдан қутилиб қолган бўларди. Билмайман. Балки бу ҳам уни қутқариб қолмаган бўларди. Чунки мустақиллик эълон қилинганидан кейиноқ мамлакат биз муваффақият билан қутулиб кетганимиздек кўринган ўрта асрларга тез суратлар билан қайта бошлади. Демак, ундан қутилиб кетмаган эканмиз! Аксинча, унга тобора чуқурроқ шўнғиб бораяпмиз ва бу жараён “миллий тикланиш” дея аталмоқда. Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Шукрулло Мирсаидов, Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Жаҳонгир Маматов, Иномжон Турсунов, Муҳаммад Солиҳ, Рустам Усмоновлар бу “миллий тикланишнинг” илк қурбонларига айландилар.

Одатда, Бухоро амирининг энг ишончли одамлари қуллар бўлган. Анъанага кўра, хон дастурхонига яқинлатилган қулда ҳеч қанақа мустақил ҳаракат, фикр ва маслак бўлмаслиги керак бўлган. Унда сўзсиз итоат, итдай содиқлик ва “ҳукмдорнинг донолиги”ни алқалашдан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги керак эди. Агар ҳар қандай қул чақимчилик воситасида хоннинг хос кишиси бўлишни орзу қилаётган бўлса, муносиб инсон қандай қилиб фитналардан омон қолиши мумкин. Агар ақлли, виждонли инсоннинг фикрлари, одатлари, сўзлари ва хатти-ҳаракатлари лаганбардор ҳасадчилар томонидан қайд этилиб, тасқара бир шаклда олампаноҳга етказилаётган бўлса, у қаерга борсин.

Собиқ вице-президент – мухолифат мувофиқлаштирувчиси Шукрулло Мирсаидовнинг тақдири кўпчиликка маълум. Аввал Мирсаидовни у тадбирсизлик билан текшириб кўрган юқори мартабали қуллар сотишди, кейин эса пастроқ мақомдаги қуллар уни биратўла топтаб ташлашди. У ақлли ва жасур инсон эди. Бажонидил мазмундор интервьюлар берарди. У доим омма ичида бўлган, турли баҳс-мунозараларда иштирок этган, оддий одамларга тушунарли бўлган тилда гапирган ва Ўзбекистонни “буюк” эмас, балки муваффақиятли мамлакатга айлантиришни орзу қилган.

Қаҳрамонларимнинг ҳаммаси у ёки бу даражада олий ҳокимиятга яқин бўлган ҳамда ўз жасурлиги ва ўзгача фикрлагани учун жабрланган инсонлардир. Бу рўйхат катта бўлиши мумкин ҳам эмасди. Чунки ҳокимият йўлакларида ҳам, қолоқ феодал мамлакат даражасида ҳам маънавиятли ва эгаллаб турган лавозимига муносиб, замонага мос фикрлайдиган одамлар доим танқис бўлган. Бу, айниқса, малакали кадрларнинг катта қисми мамлакатни тарк этганидан кейин жуда сезилиб қолди. Афтидан, “Маънавият ва Маърифат” жамғармаси ҳам айнан шу кемтикни тўлдириш учун тузилган. Вазифасига кўра Жорж Оруэллнинг “Ҳаққоният вазирлиги”га менгзайдиган бу жамғарма бугунги кунда “миллий тикланиш” билан шуғулланмоқда…

Ваҳоланки, ҳечқанақа “тикланишсиз” ҳамгарданимиздаги оғир тош каби бизни жаҳаннам қаърига тортаётган зеҳниятимиз, маданиятимиздан ҳеч қаёққа қочиб, қутилиб кетолмаймиз. Умуминсоний демократик қадриятларга мослашишга қодир бўлмаган ўрта асрларга хос бу атавизм кундан-кунга, худди сомонли ғишт қолипи учун ясалган ёғоч қолип сингари, чала-ярим қулларни ва шафқатсиз золимларни шаклга солиб бераяпти. Қанақа кийим кийганидан, қайси тилда сўзлашишидан қатъий назар, камдан-кам ҳолларни истисно қилганда, дунёнинг исталган бурчагида бу “сомонли ғиштлар”ни хулқи ва авзойидан таниб олса бўлади. (Сомонли ғишт фақат лой девор ёки пахса уй қуришга ярайди). Шуниси ажабланарлики, “сомонли ғишт”га оид жиҳатларни ўтган асрнинг биринчи ярмида мамлакатни тарк этган, ривожланган демократик давлатларда яшаётган ва ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлмаган муҳожирларнинг фарзандлари ва невараларида ҳам кузатиш мумкин. Афтидан, бу ерда нафақат маданият, балки ирсият ҳам катта роль ўйнади.

Аммо маданият не демак?

Маданият бу ҳайвоний инстинктларнинг намоён бўлишига нисбатан қўйилган кўплаб таъқиқлардир. Бу юриш-туриш этикаси ва одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар меъёрларидир. Маданият бу пировардида янги давлатларнинг юридик қонунлари ва ахлоқий қоидаларига айланган асрий анъаналар, урф-одатлар, маросимлар ва диний амрлардир. Бу қоидалар ҳар бир миллат маданиятининг асосини ташкил қилади. Улар табиатдаги душман кучлардан муҳофазаланиш, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий уйғунлик ва маданият соҳиблари равнақини таъминлайди. Ҳар бир алоҳида маданият диний арбоблар, олий ўқув юрти ўқитувчилари, мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ижодкор одамлар хизмати туфайли ривожланади ва улар китоблар, газеталар, журналлар, телевидение ва кино ёрдамида омма онгига ҳар бир алоҳида маданиятга хос бўлган маънавий қадриятларини сингдирадилар. Маданият даражаси қанчалик юқори бўлса, унинг соҳиблари турмуши ҳам шунчалик фаровон бўлади. Маданият даражаси ва ижтимоий мувозанат эса жамиятнинг барча қатламлари томонидан ахлоқий тамойиллар ҳамда жиноий ва фуқаровий ҳуқуқ меъёрларининг истисносиз равишда бажарилишига боғлиқ бўлади. Яъни қонун барча нарсадан устувор, қонун олдида фаррош ҳам, президент ҳам тенг бўлиши керак. Масалан, ривожланган мамлакатда одамни беш йилга қамашган бўлишса, жазо муддати тугагач, уни озод қилишади.

Бироқ Ўзбекистон қомуси омборчада чанг босиб ётган ва фақат Конституция куни олиб чиқиб ясатиладиган ва хўжакўрсинга атрофида давра қуриладиган, пластмассадан тайёрланган янги йил арчасидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам бизда ашаддий рецидивистларни авф қилиш ва уйдирилган айбловлар билан мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларнинг жазо муддатини узайтириб қўйиш мумкин. Агар конституцияда президентлик учун икки муддат белгиланган бўлса, ушбу муддат тугагач, маданиятдан насибадор одам бошқа ишга ўтиши ёки нафақага чиқиши керак. Бироқ у ҳайвоний инстинктига бўйсуниб, ўзини Бухоро амири каби тутаётган, аёнлар ҳайвоний инстинктига эргашиб, ўзбошимчалик қилаётган, халқ эса ўз-ўзини сақлашдек ҳайвоний инстинктга бўйсунган ҳолда сукут сақлаётган бўлса, у ҳолда маданият инқирози юзага келади. Ижтимоий уйғунлик ва жамиятнинг фаровонлигини таъминлашга қодир бўлмаган маданият таназзулга юз тутади. Дейлик, Шимолий Африкадаги маданиятлар инқирози ва улар изидан бошланган инқилоблар каби…

Таназзулга юз тутган маданиятлар умуминсоний қадриятларга мослашишга қодир эмас. Улар жамиятнинг иқтисодий тараққиёти ва ижтимоий мувозанатини таъминлай олмайди. Ҳукмрон синф манфаатларига хизмат қилишга қаратилган маданиятлар асрдан-асрга умумий иқтисодий манфаатлар ва кафолатлар асосида бирлашган ҳукмрон элита оилаларининг гуллаб-яшнаши учун қулай бўлган қадриятлар тизимини яратади. Ва яна бир нарса! Инқирозга юз тутган маданиятлар худди замонавий тараққиётдан ортда қолган маданиятлар сингари ҳайвонот оламининг асосий инстинктини – поданинг ўзини-ўзи сақлаш инстинктини таъминлашга қодир эмас, улар давлатнинг суверенитети ва хавфсизлигини ташқи душмандан ва ижтимоий тўлқинлардан ҳимоя қилолмайди, шунинг учун улар қўшнилар томонидан осонгина забт этилади, йўқ қилинади ёки ассимиляция қилинади ёки Францияда Буюк Француз инқилоби ёки Россиядаги Октябрь тўнтаришидан сўнг бўлгани каби ўзини-ўзи йўқ қилади. Дарвоқе, бугун Украина ва Россия ўртасида содир бўлаётган воқеалар ҳам маданиятлар инқирозидир. Менинг маданият ҳақидаги тушунчаларимга бағишланган бу ғайриоддий экскурсдан сўнг яна яқин тарихимизга қайтсак. Аниқроғи, 19-аср иккинчи ярмидаги Ўрта Осиё хонликлари забт этилишидан аввал Бухоро жамиятида ҳукм сурган таомилга. Мен Темурийлар, сўнг эса Шайбонийлар ҳокимияти парчалангани, асрларча давом этган ўзаро урушлар, хонликларнинг иқтисодий, сиёсий, маданий маҳдудлиги, кўп асрлик турғунлик ва таназзул ҳақида гапириб ўтирмайман. Мен шунчаки Туркистонга рус экспансияси арафасида ўрта аср Бухоросидаги одамларнинг маданияти, хулқ-атвори, зеҳнияти ҳақида шоҳидларнинг гувоҳликларини келтириб ўтаман.

Биринчи кузатув1820 – 1821йилларда Россия элчилиги таркибида Бухоро хонлигига ташриф буюрган рус армияси капитани Егор Казимирович Меендорфга оид. Қуйида унинг китобидан олинган ва менга замонавий маданиятимиз учун хосроқ кўринган айрим фикрларни келтирмоқчиман:

… [Бухоро амирлигида] бойликка интилиш шунчалик кучлики, эътиборли давлат амалдорлари эҳтирос билан савдо-сотиққа берилиб кетганлар…

…Хондан бошлаб ҳар бир амалдор бошқа совғалардан кўра пулни афзал кўради: пулга бўлган харисликни тасаввур ҳам қилолмайсиз…

…Шарқ қасрларида кенг тарқалган чақимчилик, фитна, ҳасадгўйлик хоннинг хос аёнлари ахлоқига ҳалокат таъсир кўрсатмоқда; агар вазият тақазо қилса, улар анвойи ёлғон ва таҳқирли хушомадгўйликни қойиллатадилар…

…Бутун маъмурият қуллар, арзандалар ва асосан бир оила, қушбеги оиласи қўлида жамланган… Бир сўз билан айтганда, биз Бухорода барча мустабид давлатларда кўрганимиз ҳолатни кўришимиз мумкин: катта ҳокимиятга эга бўлган бош вазирни. Бу ҳокимиятдан унинг ўзи фойдаланади ёки унинг давлат тақдирига умуман бефарқ бўлган ёки биз ватанга муҳаббат дея атайдиганимиз ҳиссиётга бегона бўлган қуллари ва тобелари воситасида истефода этади…

…Бухородаги давлат амалдорларининг кўпига миллатнинг чиқиндиси ўлароқ қараш лозим: бир тарафдан аблаҳлик, иккинчи томондан эса юқори лавозимларни эгаллаш учун зарур бўлган ошна-оғайнигарчилик…

…Хон давлат амалдорларига мукофот ўрнига манфаатли топшириқлар беради, бошқача қилиб айтганда, халқни истаганча хонавайрон қилишга йўл қўйиб беради. Ушбу қонхўрлар табақаси бир-бири билан чатишиб кетган. …Бошлиқ қўл остидаги одамни ҳимоя қилади, чунки у бошлиқнинг талончилик билан шуғулланишига кўмаклашади. Ушбу иккинчи даражали мустабидларнинг ҳар хил зўравонликларига оддий одамлар ёки ҳомийлари бўлмаган мулк эгалари тўхтовсиз равишда дучор қилинади…

…Бухоро атрофидаги давлатларга нисбатан қудратлироқ бўлса-да, хоннинг иродасизлиги туфайлими ёки қўшниларидаги жанговарлик кайфияти сабаблими, ўзига нисбатан ҳурмат орттира олмади…

…Мусулмон, агар қонунлар ўрнида кўрилган Қуръон ҳукмлари ва тафсирларда ёзилганларга амал қилса, ўзини бенуқсон ҳисоблайди. Биз учун виждон ва шараф амри бўлган хулқ-атвор меъёрлари унга мутлақо ёт. Бухороликлар ирим-сиримга ўта ишонган халқ ва ҳукумат улардаги бу ҳисни дастаклаб туриш учун ҳеч нарсадан қайтмайди…

…Бир фаросатли ва жасур мударрис умумтомонидан қабул қилинган ғояларга қарши чиқиб, рад қилиб бўлмайдиган мантиқ асосида ўз фикрларининг ҳақ эканини исботлашга уринган. Уламолар унга жавоб бериш ўрнига, агар жомеъ минорасидан ташланишни истамаса, овозини ўчиришни буюрганлар. Табиийки, бутаҳдидбарчабаҳс-мунозараларгаякунясаган…

…Мен Бухоро халқи ахлоқига бошбошдоқлик ҳукм ўтказаётганини, бу ҳокимият унга қўрқувни сингдираётганини ва диний тоқатсизликнинг ҳалокатли оқибатларини пайқадим. Мамлакат пойтахти буйруқ ва диний маросимларга риоя қилинишини назорат қилиш ҳукуматнинг асосий машғулоти бўлган монастирни ёдга солади. Шундай бўлса-да, давлат ҳокимиятининг бу ҳаракатлари одамларни яхшироқ қилиб қўёлмайди. Бухороликларнинг фикру-зикри савдога қаратилган, бойиш иштиёқи шунчалик кучлики, улар савдо ишлари билан андармонликни ўзлари истаган зоҳидона ҳаёт тарзига алмаштиришлари ўта қийин.

Е.К.Меендорф “Оренбургдан Бухорога саёҳат”.

1822 йил. 7,8-боблардан иқтибослар

Бу эса Бухорога Е.К. Меендорфдан қирқ йил ўтиб ташриф буюрган венгриялик саёҳатчи Арминий Вамбери китобидаги баъзи бир иқтибослар:

…Мен қараш уятсизлик, сўраш жиноят, ёзиб олиш эса кечирилмас гуноҳ ҳисобланадиган ўлкадан қайтмоқдаман…

…Мен Бухорони унинг ҳукумати ва халқи динни тоза ҳолатда сақлашга қилаётган ҳаракатлари ўзимга маълум бўлгани сабабли ҳам унутолмайман. Мен Бухорони Исломнинг ҳақиқий таянчи, деб атаганларини кўп эшитганман. Бу унвон жуда бўш. Макка ва Мадина Исломнинг Қуддуси бўлган ҳолда, Бухорони Исломнинг Рими, деб аташ тўғрироқ бўларди…

…Мен бутун кучим билан Усмонлининг диний номусини сақлаб қолишга ҳаракат қилдим, ичимда эса бидъат билан қоришган исломчилик таъсири остида ҳам шунча яхши хусусиятларини сақлаб қололган Туркларни табриклардим, ҳолбуки, улар тоза эътиқод манбасига яқинлиги билан мақтаниб юрадиган қабиладошлари каби фақат қашшоқлик, иккиюзламачилик ва ёлғончилик билан ажралиб турадилар, холос…

…Диний ва ҳукумат шаклбозлиги зулми хурсандчилик ва қувончнинг ҳар қандай асоратини йўқ қилиб ташлаяпти. Амирнинг жосуслари ҳатто оила ичига ҳам кириб бораяпти ва диний тартибот ёки подшоҳ обрў-эътиборига қарши чиқишга журъат қилган кишининг ҳолига вой. Мустабидлик йиллари элни шунчалик қўрқитиб қўйганки, ҳатто ораларида ҳеч бир гувоҳ бўлмаган эр ва хотин ҳам “Худо унинг умрини яна 120 йилга узайтирсин” деган сўзларни қўшмасдан амирнинг исмини тилга олишга ботинолмайдиган бўлган…

…Биздаги тушунчаларга кўра ўзини одил санайдиган подшоҳ ўзини Қўқондаги ҳукмдор тутгани каби тутмаслиги керак эди…

…У юқори лавозимли амалдорларга нисбатан қаттиққўл бўлиб, ҳатто арзимаган айб учун ҳам уларни ўлимга ҳукм қилиш билан жазолайверади, камбағалларга нисбатан эса мурувватлироқ. Шунинг учун бўлса керак, уни халқ орасида филлар қотили ва сичқонлар ҳимоячиси деб аташади.

Арминий Вамбери. “1863 йилдаги Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат”

Инглиз тилидан таржима, САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, Ю.А. Бокрама босмахонаси, 1865 йил, 95-96-97-бетлар.

Ачинарли ва афсусланарли! Орадан икки юз йил ўтди. Шаҳарларимиз ташқи қиёфаси ўзгарди. Биз замонавий автомобилларда юрибмиз, самолётларда учаяпмиз, электр энергияси, водопровод, табиий газ, радио ва телевидениедан фойдаланаяпмиз, бизда сунъий йўлдош антенналари, компьютер ва интернет, кино ва телевидение, замонавий тиббиёт ва яна бошқа кўплаб нарсалар бор. Аммо буларнинг ҳаммаси умумий илмий-техник тараққиёт билан боғлиқ бўлган интерьер, холос. Бунда бизнинг ҳеч қанақа хизматимиз йўқ. Биз шунчаки фойдаланувчилармиз, холос. Сўнгги уч юз йил ичида биз ҳеч нарса кашф қилганимиз йўқ. У нас сомнительный менталитет и массовое сознание, дремлющее в средневековье. Бизнинг зеҳниятимиз кадарли, онгимиз эса ўрта аср мудроқлигида. Амир Насрулло II биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, биз буюк Беруний ва Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва Улуғбек, Амир Темур ва Бобур авлодлари эканимизни муттасил таъкидлаб туради. У бир дарёга икки марта кириш мумкин эмаслигини билмаса керак, афтидан. Вақт дарёси буюк Беруний ва Абу Али ибн Синони, Алишер Навоий ва Улуғбекни, Амир Темур ва Бобурни аллақачон асрлар қаърига олиб кириб кетган. Бизнинг сувимиз бўлак, ўзимиз эса паканалармиз. Биз кекчи Бухоро амирларининг ва фойда учун ҳеч қанақа разилликдан тоймайдиган уддабурон сарой ювиндихўрларининг замондошларимиз. Бизнинг замонамиз ҳақида Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Фитрат ва бошқалар ёзишган – ўқиб кўришни тавсия қиламан. Паранойяга айланаёзган ўз-ўзини сақлаш инстинкти яққол акс этиб турган каззоб, қўрқоқ қуллар ва кекчи мустабидларни ғишт каби қолипдан чиқариб турган маданиятни қайта тиклашга не ҳожат? Бундан юзлаб йиллар аввал хонавайрон бўлиб синган, 150 йил олдин босқинчиларга қаршилик кўрсатолмаган маданиятни тиклаб нима қиламиз? Бугунги кунда қўшни давлатда яшаётган миллатдошлар, ёввойи кўчманчилар минг-минглаб ўлдираётган миллатдошлар тақдирига бефарқ бўлган маданиятни тиклашга не ҳожат? Қашшоқлик ва бошбошдоқликдан бошқа мамлакатларга қочиб кетаётган миллионлаб оддий одамларни муносиб тирикчилик имкони билан таъминлашга қодир бўлмаган маданиятни тиклаб нима қиламиз? Олижаноблик ва олийҳимматлилик, шараф ва қадр-қиммат тушунчаларига, ҳақиқат ва тўғри сўзга ўрин йўқ бўлган маданиятни тиклашнинг нима кераги бор? Озгина одамни истисно қилганда, қаллоблар, фирибгарлар, байтулмолни таловчилар, порахўрлар ва ўғрилар равнақ топаётган маданиятни тиклашга не ҳожат?

Оддийгина шафқат ва марҳаматга жой бўлмаган, миллатнинг бебаҳо генофондини қамоқларда чиритаётган ва йўқ қилаётган фаол иштирокисиз Ўзбекистон ҳеч қачон умуминсоний маданиятга интеграция бўлолмайдиган эркин фикрловчилар, демократия, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат тарафдорларини таъқиб қилаётган маданиятнинг нима кераги бор? Юз йиллар аввал бўлгани каби шу кунда ҳам бир ҳовуч ҳукмрон синф манфаатлари учунгина хизмат қилаётган, ижтимоий адолатсизлик, ёлғон ҳамда ўнлаб миллион қашшоқ ва қўрқитилган одамлар тақдирига бефарқ ҳукмрон элитанинг ўзбошимчалиги ҳукм сураётган маданиятни тиклаш кимга керак? Ва ниҳоят! Ахлоқий таназзул ва миллатнинг жисман йўқ қилинишига хизмат қилаётган маданиятни тиклашга не ҳожат? Бунақа маданият яшашга ҳақли эмас.

Абдулазиз МАҲМУДОВ

(Абдулазиз Маҳмудов – мустақил ўзбек документалисти. У ўз мақолаларида Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдириб келади. Муаллифнинг фикри “Жараён” таҳририяти фикри билан тўғри келмаслиги мумкин).
http://www.Jarayon.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.