Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихидан

ҚИРИМ

Суратда׃ Мустафо Жемил ўғли(чапда) ва Жаҳонгир Муҳаммад. 1995.

Суратда׃ Мустафо Жемил ўғли(чапда) ва Жаҳонгир Муҳаммад. 1995.

1975 йилда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари эдим. Икки ўринбосар бўларди. Чунки эрталабдан ярим тунга қадар, баъзан эса кейинги саҳаргача ишлаш лозим эди. Шунинг учун бир кун мен ишласам, иккинчи кун Обид ака деган киши ишларди. Ҳар куни тушдан кейин соат тўрт-беш атрофида газетанинг хомакисини Бош муҳаррирга кўрсатиш лозим.

Бир кун Бош муҳарриримиз Исмоил Сулаймонов масъул котиб Кабир Шукуров билан одатдагидек газетанинг сарлавҳаларига назар ташлар экан, Кабир акага қараб:

-Шароф ота (Шароф Рашидов-Ж.М.) Қирим татарларининг “Илдиз” деган журнали ҳақида яна гап очдилар. Умуман уларни Қашқадарёга, Муборак атрофига тўплаб, ўша ерда уларга Автоном жой қилиб бериш, журнални ҳам ўша ерда чиқариш ҳақида гапирдилар. Лекин ана у Мустафо Жамилов каби ёш болалар қарши чиқаётган экан,-деб қолди.

Шу ўринда қисқа чекиниш қилиб, “Қирим” калимаси “Қрим” тарзида ҳам бирдек ишлатилишини айтмоқчиман. Бу сўзнинг этимологияси қир(тепалик) сўзидан келгани ва шу халқнинг ўзи “Қирим” (“Qirim”) шаклида ёзаётганини инобатга олиб, мен ҳам айни йўлни танладим. Ваҳоланки, илгарилари “Қрим” сифатида ҳам кўп ёзганман.

Энди яна мавзуга қайтсак. Ўшанда ёш йигитман ва юқоридаги суҳбат дарров диққатимни тортди. Хаёлимда минглаб саволлар айлана башлади. Кўп ўтмай газеталарда тепадан тайёрланиб юборилган салбий мақолалар пайдо бўлди. Уларда Ойша Сейтмуратова, Мустафо Жамилов номи ҳам тилга олинарди.

Бош муҳарриримиз “ана у” деганда бармоғини пастга бигиз қилиб, Ленин музейи томонни кўрсатди. Бир кун олдин Қирим татар ёшлари шу ерга келиб намойиш қилишмоқчи бўлишгани ва уларни ушлаб кетишганини эшитгандик.

Исмоил Сулаймонов янги ташкил этилган “Қишлоқ ҳақиқати”(кейинчалик “Қишлоқ ҳаёти” деб номланди-Ж.М.)га “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасининг бош муҳаррирлигидан олиб келинган эди. Кабир Шукуров ҳам у билан бирга келган. Кабир ака кўнгли очиқ, дангал гапирувчи, мард инсон эди.

Ҳали энди 19-20 ёшда бўлганим ва талаба эканлигим учун ҳам у менга ҳақиқий раҳнамолик, устозлик қилган.

Ўша кезда дунёнинг ҳамма воқеалари менинг ҳам воқеаларим каби эди. Қирим татарларининг тақдири ҳақида қизиқишим ва ўрганишимга, бу ҳам ўз воқеаларимдан бирига айланишига ана шу икки кишининг мухтасаргина суҳбати сабаб бўлган.

1990 йилда Ўзбекистон Халқ депутати сифатида Қирим татарларининг муаммолари билан ҳам шуғулланганмиз. Чунки сайлов округимда Месхет турклари каби Қирим татарлари ҳам яшардилар ва уларга Украинага кўчишларида ёрдам қиламан, деб сўз бергандим.

Олий Мажлиснинг иккинчи сессиясида Ўзбекистон ҳукумати бу эзилган халқни азалий ватанига кўчиш маблағи билан таъминлаши масаласини кўтарганимда Ислом Каримов чақириб׃
-Бу бизнинг эмас, Украинанинг муаммоси. Улар бу ишни пайсалга солаятилар,-деди.

Биз бу масалада анча гаплашдик ва у Леонид Кравчукга телефон қилишини айтди. Орадан кўп ўтмай Украина билан ҳамкорлик Битими имзоланиши олдидан Президентнинг Миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов билан Киевга бордик. У ерда ҳам айни масала кун тартибига келди. Украина томони Ўзбекистон ҳам ёрдам бериши лозимлигини Битимга киритиш ҳақида талаб қўйди. Зиёмов Каримовга телефон қилди. Каримов “Рози бўлаверинглар, қоғозда қолиб кетади, барибир”, деди.

Лекин бу масала Битимга киргандан кейин баъзи имтиёзлар бўлди. Мен Ўзбекистондан кетгандан сўнг Битим қандай ишлагани ҳақида хабарим бўлмади.

Аммо Туркияда туриб “Эрк” газетасини нашр этганимизда мана бу мақолани ёзгандим׃

“ҚИРИМ КИМНИКИ?

Кейинги вақтда рус ва Ғарб матбуотида “Қирим кимники?” деган мавзу асосий ўрин эгаллаб қолди. Бир тарафдан Русиянинг кўзга кўринган арбобларидан тортиб, оддий бир фуқаросигача “Қирим бизники” деса, иккинчи тарафдан, Қирим президенти этиб сайланган Машков бошчилигидаги гуруҳлар “Қирим Русияники” демоқдалар. Учинчи бир тарафда украиналиклар “Йўқ, Қирим бизники, уни ҳеч кимга бермаймиз”, демоқдалар.

Қиримнинг ҳақиқий эгаларига эса, ҳеч ким қулоқ солмаяти. Хўш, аслида Қирим кимники, унинг ҳақиқий эгалари кимлар?

Қораденгиз шимолида жойлашган Қирим 27 минг квадрат километр саҳнда бўлсада, жуғрофий, геополитик муҳим жойдадир. Шу сабабдан унинг “ошиқ”лари кўп. Икки ярим миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган бу ўлка 350 йил давомида Усмонли давлатининг бир бўлаги эди. Унга қадар ҳам бу ернинг туб аҳолисини татарлар, яъни турклар ташкил қиларди. Бу заминда 1500 йилдан бери турклар яшаб келишганини исботловчи қўлёзмалар, тарихий асарлар, археологик далиллар мавжуд.

1783 йилда чор Русияси томонидан босиб олинган Қиримда бирин-кетин руслар пайдо бўла бошладилар. Лекин 1921 йилда Қирим Мухтор Жумҳурияти эълон қилингач, бу гўзал ўлкага оқиб келувчилар кўпайди. 1946 йил 25 апрелда золим Сталин Мухтор Жумҳуриятини тугатиб, уни Русиянинг бир вилоятига айлантирди. Бу ерда славянлар – рус, украин, белорус кўчманчилари ерлаштирила бошланди.

Бунга қадар, яъни 1944 йилнинг 18 майида Сталин амри билан бир кечада Қирим татарлар ҳайвонлар учун мўлжалланган вагонларга чиқарилиб, ўз юртларидан бадарға этилдилар. Сибир ва Ўрта Осиёга сочиб юборилган бу халқнинг катта бир қисми – чол-кампирлар, бола-чақалар йўлларда сарсон-саргардончиликда йўқолдилар. Бу планли равишда бир миллатни қирғинга дучор қилиш эди.

Аммо енгилмас, жасоратли халқ ўзлигини йўқотмади. 1950 йилданоқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун мужодалага, курашга кирди. Бу кураш Ватан ва миллат тақдири учун муқаддас жанг кураши эди. Суд-сўроқлар, тергов-қамоқлар курашчиларнинг йўлига тўсиқ бўлолмади.

1954 йилда Хрушчев Коммунистик Партия Марказий комитети қарори билан Қиримни Украинага берди. Шу билан курашчиларнинг умидларини узишмоқчи бўлишди. Аммо советлар бирлигининг турли ерларига сургун қилинган Қирим татарлар қаҳрамонларча бирлашиб боравердилар.

Ниҳоят, 1967 йил 5 июлда Совет ҳукумати Қирим татарларига нисбатан ҳақсизлик бўлганини тан олди. Совет империяси замонида миллат ва ватан тақдири учун курашиб ғолиб чиққанлар бўлса – бу Қирим туркларидир!

Шундан сўнг улар ширин ҳаёт, кошона уй-жой, ҳузур-ҳаловатдан бир қарич ерни афзал кўриб, ўз ватанига кўчиб кела бошладилар. Бошпанасиз, оч-наҳор бўлса-да ота маконда, боболари тин олаётган заминда яшашни устун кўрдилар. Бу турк халқининг ўз тарихига муносабатининг энг ёрқин тимсолидан биридир.

Уларга на уй-жой, на қурилиш учун ер, на яшаш учун рухсат берилди. Аммо бу уларнинг оқимини тўхтатиб қололмади.

Ўзбекистонда 1966 йилдан бошлаб Москов корчалонлари Қирим татар курашчилари устидан ўтказган судлар ҳали кўпчиликнинг ёдида. Ўша кезлари бу халқнинг йўлбошчиси Мустафо Жамилов – Мустафо Абдулжамил Қиримўғлини сотқин, хоин деб эълон қилишди. Ватан ва миллат учун курашиб у “сотқин”, “хоин” номини олишни шараф деб билди ва адашмади. Чунки мустамлакачининг баҳоси учун эмас, халқнинг даҳоси учун яшаётганига, курашаётганига инонарди. Олти марта қамалиб, сургунларга дучор қилинган Мустафо Абдулжамил етти ойлик чоғида Қиримдан улоқтирилган бўлса, орадан 45 йил кечиб, 1989 йилда ўз ота маконига қайтди.

“Биз Ўзбекистонда яхши яшардик, -дейди Мустафо Абдужамил – Ўзбекистон ҳам бизнинг Ватанимиз. Зеро, Қиримдан кеча олмаймиз. Турклар яшаган ҳар бир қарич ер бизга Ватан, зеро Қирим ҳам Ватан”.

1991 йилда Қирим турклари миллий кураш ҳаракатининг бош йиғини бўлди. Унда расман “Қирим татар Миллий ҳаракати ташкилоти” тузилгани эълон қилинди. Мустафо Абдужамил Қиримўғли унинг раиси бўлди ва улар ўз олдиларига тўртта масала қўйдилар.

Булар – Қирим туркларининг миллий ва инсоний ҳақ-ҳуқуқлари тан олиниши, бу халқнинг эътибори очиқ шаклда эътироф қилиниши, Ватанларига тўпли шаклда кўчиб келиш, ерлашишига эришиш, миллий ва маънавий маданиятларини ҳар томонлама тиклаш учун шарт-шароит яратилиши, ўз жумҳуриятларини тиклаш учун кураш эди.

Бугун қарийиб 400 минг Қирим татари ўз ерига қайтди. “Қирим татар миллий мажлиси” ташкил этилди.

1994 йилнинг 18 майида Ватанларидан сургун қилинганларининг 50 йиллиги муносабати билан сиёсий тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Мана, Қирим кимники? Сталин каби жаллодлар, Советлар бирлиги каби империя қаршисида чекинмаган бу халқ бугунги “шоввоз”лардан чўчирмиди? Албатта йўқ!

Шундай экан, “Қирим кимники?” деган саволнинг ягона жавоби бор: Қирим қаҳрамон, курашчи халқникидир! Қирим Қирим татарлари – Қирим турклариникидир! (“Эрк” газетаси 3(98), 1994 йил, 16 феврал).

Мустафо оғага бу мақолани “Туркия” газетасида мен билан бирга ишлаган камоли эҳтиромга соҳиб бўлган дўстим Камол Чапраз берган экан. У мақолани ўқиб, камина билан учрашишни истабди. Ўшанда роса суҳбатлашиб, туркларнинг тақдири бунчалик мураккаб кечгани ҳақида ҳасратлашганмиз. Бу сурат ўша учрашувдан хотирадир.

Мана бу шеърни эса 1996 йилда ёзгандим ва “Самарқандни соғиниб” китобимга кирган׃

Кокилингни тарай-тарай
Қораяди Қораденгиз,
Соҳилингга қарай-қарай
Тораяди кеча-кундуз
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Кўнглинг тўла ёшмиди-ё?!

Қояларинг куя-куя
Қаро бўлиб қолдилар.
Севганларинг суя-суя
Яро бўлиб қолдилар.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Денгиз сувмас- ёшмиди-ё?!

Оёғимга бошин қўйган
Тўлқин-соғинч ялласи.
Сенга қараб кўзин ўйган
Момо-ҳасрат алласи.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Тош кўтарган дошмиди-ё?!

Осмонингда бўзлай-бўзлай
Оққушлар қайтиб кетди.
Қулоғингга сўзлай-сўзлай
Эл дардин айтиб кетди.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Шарт кесилган бошмиди-ё?!

Истанбул, 1996.

www.jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Bir surat tarixi, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

One Response to Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихидан

  1. Pingback: Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихидан. ҚИРИМ » Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s