“Туронзамин” почтасидан

savollarХўп ажойиб юртимиз бор

2014-йилнинг биринчи ойи ҳам ҳаш-паш дегунча тугади. Кечагина Янги йилни кутаётгандик, кўз очиб юмишга улгурмай ташқарида феврал. Бунақа ойларнинг нечтаси бирин-кетин ўтиб бораябди.

Лекин юртимиз узра ўтаётган бу ойларни алоҳида хусусияти бор – улар ниҳоятда бири бирига ўхшаш, кўримсиз, хира ҳамда ғафлат ойлар. Зах ҳиди анқиб туради. Ҳар биримиздаги оилавий воқеалар ёки оилавий тадбирларимизни ҳисобга олмаганда ўтган биронта ойда биронта эсда қоладиган нарсалар йўқ. 25 йилдан бери шу аҳвол.

Илгариги муддат 70 йилга чўзилганди. Қисқаси январ ойи ҳам ҳар доимдагидек фақат юртбошимизни ва аҳамиятсиз ютуқларимизни мақташ билан ўтди. Чарчамаганига ҳайронсиз, мақтовчиларни. Шуларга қофия бўлиб ҳукумат мажлисида навбатдаги маротаба мухтарам Президентимиз ўтган йилга якун ясадилар. Уларнинг 2014-йилдаги нутқларини 1996- ёки 2001- ёки 2008-йиллардаги нутқларидан ҳеч фарқи йуқ. Ҳохлаганини олиб ҳохлаган йилга натижа сифатида ўқиб берса бўлади.

Ҳар доимдагидек 8 фоизлик ўсиш. Ҳар доимдагидек фақат барқарор ривожланиш ва устивор вазифалар. Ҳар домдагидек ислоҳотлар бераётган самаралар. Нарх-навони ўта юқорилиги, ҳалқни асосий қисми иш топа олмай хорижларда ҳор бўлиб юриши, миллий пулимизни қадрсизлиги, порахўрликни мисли кўрилмаган даражаси ва бошқа юзлаб иллатларимиз ҳақида лом-лим дейиш йўқ. “Обод турмуш йили”-ю “Соғлом бола йили”. Юзлаб, минглаб саноат корхоналар касотга учраб йўқ бўлиб кетаябди, лекин ўсиш сурати ҳеч 8 фоиздан камаймайди.

Катта-катта корхоналар ишламаса ҳам аҳолига ҳеч электр энергияси этмайди. Бу тафовутларни тушунтирадиган мард топилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши бўлаётган кунлари бир гуруҳ хамюртларимиз мардикорчилик қилгани Тошкентдан автобусда Россияга қараб йўлга тушаябдилар. Бир неча кун юргач, уларнинг автобуслари Қозоғистоннинг чўлу-биёбонларида, аниқроғи Қарағанда шахри атрофидаги Соран қишлоғи ёнида бузилиб қолаябди. Ташқарида 30 градус совуқ. Автобус ичидаги 70 одамдан 5 таси аёл, 4 таси эса 18 га тўлмаган болакайлар.

Юртимизда ўрнатилган тартибга биноан Ўзбекистон элчихонаси бу воқеага умуман бефарқ. Ахир элчихона ҳар бир бузилган машинага эътибор бераверса бўлмас. Ахир у автотаъмирлаш корхонаси эмаску, уни элчихона деган номи бор! Буни устига Вазирлар Махкамасининг йил якунига бағишланган мажлиси бўлиб турган кунлар бўлса! Яхшиям бу воқеа вилоят пойтахти мақомидаги Қарағанда шахри яқинида рўй берибди.

Яхшиям Карағанда вилояти Фавқулотда вазият ходимлари бор экан. Улар хамюртларимизни бир мактабни иссиқ спортзалига жойлаштирибдилар. Одамларимизга иссиқ чой ва овқат берибдилар, автобусни таъмирлашга ёрдамлашиб, яна йўлга кузатиб юборибдилар. Лекин уларга бизнинг Давлат вакилларидан биронтаси на рахмат айтган, на миннатдорчилик билдирган…

Чунки улар “Обод турмуш йили” га якун ясалаётган бир пайтда иккиламчи нарсаларга чалғимасликлари керак.

Чунки улар ўз рахбарлари билан йигирма йилдан бери ёлғонни гапиравериб, ўзлари ҳам шу ёлғонларга ишониб қолишган.

Чунки уларни турмушлари обод, болалари соғлом. Болалари Женевада ёки Лос-Анжелесда. Бош вазирники Исроилда, унинг ўринбосариники Куала-Лумпурда, прокурорники Дубайда, бир вазирники Москвада бўлса, бошқасиники Лондонда.

У болалар маблағ оқимларини керакли томонларга йўналтириш билан, кўчмас мулкни олди-сотдиси билан, банк тижорати билан банд. Алла-қаёқдаги Қарағанданинг 30 градуслик совуқ Соран қишлоғи уларнинг етти ухлаб тушларига кирмаган. Совуқда қолиб кетган болалар эса шамоллашлари мумкинми? Асло йуқ! Чунки уят бўлади! Яна “Соғлом бола йили”да-я!

Қарағандадаги 70 та юртдошларимиз йўлга тушиб улгурмасларидан Қозоғистоннинг Ақтўбе шахри ёнида 35 градус совуқда 66 та одамларимиз минган автобус бузилаябди. Яна автобусда аёллар ва болалар бор, яна элчихона бефарқ, яна қозоқ дўстларимиз ёрдам бераябди, яна ҳеч ким уларга рахмат айтмаябди.

Умуман элчихоналаримиз ва элчиларимизни юртдошларимизга бўлган муносабатлари ҳақида достонлар ёзса бўлади. Россиядаги миллионлаб мухожирлар орасида паспортларини йўқотган ёки олдириб қўйганлар сон мингта. Шундай пайтда вақтинчалик хужжат олиш учун элчихонага кириб кўрингчи. У ердаги уддабурон йигитларимиз ёрдам бериш тижоратини йўлга солишибди. Элчихонага кирғизиб қўйиш нархи 2000 рублдан 3000 гача экан. Бу фақат бино ичига кирғизишга.

Хужжатни тезлатаман десангиз, қўшимча гаплашса бўлади. Ҳамма нарсаларга ставкалар бор. Ҳатто инвестиция олиб кираман деган тадбиркорга виза беришни ҳам ставкаси бор. Мана шунақа тижорат. Бу ҳам “юксак маънавият”ни бир бўлаги бўлса керак.

Январда “катта”мизни туғилган кунлари ўтди. Яна бир бор ҳар доимгидек очиқ нишонланмади. Биронта юборилган табрик ҳам эьлон қилинмади. Камтарликдан дейишади. Балки. Балки бошқа сабаблар бордур. “Катта”миз бир жойга борадиган бўлса олдиндан у ерни минглаб қўриқчилар ўраб олишини ва ҳар бир учрашадиган одамини ипидан игнасигача текширишларини билганимиздан бу “камтарлик”ни бошқа сабабларини фараз қилиш қийин эмас.

Бундан ўрнак олиб деярли барча ҳокиму вазирлар ва бошқа амалдорлар ўз туғилган кунларини махфиёна нишонлашга ўрганмоқдалар. Ҳатто яқин одаминикига азага ёки худойига бориш ёки касалхонадаги бемордан хабар олиш хам махфиёна тарзда бўлишига ҳаракат қилинаябди.

Мана шунақанги “юксак маънавият”, мана шунақанги “обод турмуш”, мана шунақанги “соғлом бола” йилини бошланиши!

М.Мансур 2014-йил 1-феврал Тошкент шахри.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.