Ҳажв тиғи бирлан…

aldarkusa“Байрам” кайфияти

Бугун юртимизда “байрам”! “Таваллуд куни.” Бу кунни дам олиш куни деб эълон қилишибди, “Ахборот”да кўрдим. Қаранг, билмас эканман, оказывается бугун қўш байрам экан! “Таваллуд куни”ни 76 йиллиги билан бирга “Бошқарув куни”ни 25 йиллик юбилейи ҳам нишонланар экан. Советлар пайтида 25 йиллик муддат олий жазо чораси эди, хозирда эса у кунларни алла-қачон унутиб, истиқлол шарофати билан катта байрамлар қилаябмиз! Бу номард газеталарни биронтаси бу ҳақида ёзмайди, негадур?

Шундан хам тўғри айтишади – Бош редакторларни ҳаммаси ғирт бездельник деб. Эртадан кечгача юқоридан ёки Девондан қандай кўрсатма бўлар экан, деб пойлаб ўтиришади. Юқоридан мени таваллудим ҳақида ёз, деб айтишмайдику ҳеч замонда. Юртбошимиз тўғри таъкидлаганларидек, ёши ўтиб қолган рахбарларни бирин-кетин алмаштиришни бошлаш керак. Бу ишни Бош редакторлардан бошлаб, энг юқоридаги Девон билан тугатиш керак. Аммо лекин иккала тарафдан ҳам бошланса, яна ҳам зўр бўларди.

Майли, майда-чуйдага чалғимай мавзуга қайтайлик. Биринчидан байрамни яхшилаб ўтказиш керак. Тўй тўйдек бўлсинда. Шахсан мен болаларимга картошка қовуриб бераман, свет ўчмаса бўлгани. Балким светни умуман ўчиришмас, байрамку ахир. Сюрприз қилиб қозонга 76 та картошка соламанда, қофия бўлсин деб ёнига 25 та лағмон осаман. Хотин ғиди-биди деб кўрсинчи, кечаги мажлисда Президент фахрланганлигини ёзган газет билан башарасига соламан. Ёзиб қўйибдику, лўнда қилиб, мустақиллик йиллари картошка истеъмоли 7 баровар ошди, деб! Лағмон бўлса 25 йилдан бери ҳар куни осилади.

Аммо кечаги мажлисда “катта”ни гапларига қойил қолдим. Бу гапларга Путин отдыхает. Модернизация ва диверсификация ҳисобига мутаносибликка эришибмиз, эшитиб қотиб қолибман! Так держать!!! Фақат ялпи ички махсулотни 8 фоизга ўсиши ва инфляция миқдори башоратдан ошмаганлиги ҳақида ўн иккинчи маротаба такрорлаши ўхшамабди. Чунки ҳар йили бир нарсани қайтараверса, бироз меъдага тегар экан. Қолганида эса зўр! Чет элдан қарзимиз ошмай, 17 фоиз бўлганича қолибди. Бу қарз кўпдан бери осилиб ётибди. Ҳайронман, Россияда юрган миллионлаб дангаса землякларимиз бўйнига осиб қўйса бўладику буни. Улар обунада иштирок этмаса, металлолом ва макулатура йиғмаса. Арзимаган қарзимизни тўлашса ўлиб қолишмайди ёки бир жойлари кам бўлиб қолмайди.

Деҳқонларимиздан ўрнак олишсин. Давлат бойлигига яна бойлик қўшганлари учун каттамиз уларга миннатдорлик билдириб, буни ҳам қарз, ҳам фарз дебдилар. Менимча бу фақат “катта” томонидан деҳқонларга берилган қарз бўлса керак. Ҳечкиси йўқ, об-ҳаво яхши келса бир йилни ўзида бу қарзни тўлаворишади азамат деҳқонларимиз, яна ҳеч нимани кўрмагандек бўлиб кетамиз. Булардан ташқари “катта”мизни машина тўғрисидаги гапларини айтмайсизми? Ҳар 100 оиладан илгари 22 тасини машинаси бўлса, хозир 41 тасида бор экан.

Менимча бу рақам яна ҳам юқори бўлиши мумкин эди, фақат олдиндан бериладиган “қуруғи”ни ҳал қилишга баъзи обьектив қийинчиликлар мавжудлигини инобатга олиш керак.

Яна майда-чуйдага аралашиб кетдик, мавзуга қайтайлик. Пешинда доимо ҳар нарсадан хабардор бўлиб юрадиган қўшним чиқиб, бугунги байрамга Фонд Форумни 10 йиллигини қўшишмаганлигига ҳайрон бўлди. Фонд Форум ҳали хам борми, деган саволимга уни билишича, ўтган ҳафта отахон қизлари билан ярашибди эмиш ва яқин кунларда Фонд яна ҳаммадан пул йиғишни бошлар эмиш. Қаранг, алла-қ аёқда илон қимирласа, сезади-я, номард. Илон деб бу миш-мишларни тарқатаётганларни назарда тутмаябман, балки…, ҳулласи ўзинглар тушунасизлар, кимни назарда тутаётганимни. Қўшнини гапига қараганда учта байрамни бир қилиб, “Оила байрами” деб номланса бўлар экан. Келаси 2015-йилни “Оила байрами” йили деб аташга ҳам асос бўлармиш. Гапида жон бор, номардни. Тем более келаси йил оила сайлови, э-э-э кечирасиз президент сайлови йили.

Қўшним ўзи асли пашшахўрди-ю, лекин бу гаплари билан байрам кайфиятимни анча кўтарди, унга 100грамм қуйиб берсам арзийди. Сўнг болаларим олдига борай. Улар ҳам катта бўлиб қолишди, яна отасига ёки онасига ҳафа бўлиб чет элларга кетиб қолишмасин, ёки яна ҳам ёмони бир-бирлари билан аразлашиб, 12 йиллаб гаплашмай юришмасин. Унда чорак асрдан бери энди кўтарилаётган кайфиятимдан урвоқ ҳам қолмайди, худо сақласин.

“Байрам”инглар муборак бўлсин! “Байрам” табриги билан М.Мансур. 30.01.2014йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.