“Туронзамин” почтасидан

aldarkusaЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

(Ҳажвия)

Хурматли ватандошлар, азиз опа-сингиллар, ака-укалар! Қизларим, қайнисингилларим ва жиянларим! Чет эллардаги қизим ва невараларим, бошқа ўлкаларда саргардон юрган дангаса юртдошларим, баракатопгурлар! Янги 2014-йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолганда хаммангизни табриклаб, яна бир бор, қайтариб айтаман яна бир бор сизларни бағримга босиш мен учун катта бахт ва юксак шарафдур!

Мендан сўрасалар эди, қандай қилиб бутун юртни битта бағрингизга босиб сиғдира оласиз, деб сўраганларида эди, мен шундай айтардим – бағрим кенг, бағрим кўп, ҳаммангизга етади деб. Нафақат гўзал Тошкент вилоятини Товоқсойи-ю, Олмалиғида ёки азим Қашқадарёни Қарши чўлларида, балки Бухоро ва Навоий воҳаларини Қоровулбозорларида, қолаверса Қорақалпоқни Жаслиғида хам бир-биридан кенг, шинам ва туну-кун сизларни кутаётган бағирларим бор. Мустақиллик йиллари шарофати билан биз у жойларни сонини 2 баробар оширишга, у ердагиларни сонини эса ўндан тўққиз баробар оширишга эришдик. Демоқчиманки, хар 10 тадан тўққизтамиз ўша жойда, тушунарликми сизга? Яна қайта сўраябман, тушунарликми сизга, деб?
Ҳурматли дўстлар! Мезонга назар солсак, ҳар биримиз учун тарихий ҳисобланган 1991 йилни августидаги ГКЧП бизнинг Истиқлолимизга қамар тошини қўйиб, Мустақиллигимиз пойдеворига асос солганини сиз билан биз ҳеч унутмаслигимиз керак. Шахсан мен ўша бахтли кунларда Хиндистон осмонидаги самолётдан мустақил бўлганимизни олқишлаб телеграмма юборганим ҳеч эсимдан чиқмайди, доимо тушларимга кириб чиқади. Бировни қўлига тушиб қолганидами ўша табрикнома? Шундай экан, оғир курашлар туфайли эришган бу кунларимизни кўз қорачиғидай асраш ҳар доимдагидек кириб келаётган 2014-йилда ҳам ҳалқимиз олдида турган устивор вазифалардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу йўналишда ўтган 2013-йили ҳавфсизлик хизмати ходимларини сонини 2 баробарига оширишга, прокурорларни эса қишлоқ хўжалиги бошқарувига жалб қилишга эришганимиз менда алоҳида фахр уйғотади. Чунки айнан прокурорларни тинимсиз мехнати туфайли ғалла ва пахтадан юксак хирмон кўтаришга эришганимизни мехнатсевар ҳалқимиз яхши билади.
Азиз юртдошлар! Ўтган 2013-йилни “Обод турмуш йили” деб номлаганимиз ҳалқимиз томонидан алоҳида самимият билан қабул қилинди. Бу борада эришган ютуқларимиз туфайли келаси йилдан бошлаб кўп болалик оналарга нафақа пулларини тўламаслик имкони яратилди. Шунингдек Афғонистон ва ўзга ўлкалардаги уруш қатнашчилари, Чернобил фожеасини бартараф қилишда иштирок этган ватандошларимизга нафақа тўлашга хожат қолмаганлиги “Обод турмуш йили”даги барча юртдошларимизнинг саи-харакатларининг юксак натижаси деб ҳисоблайман!
Мухтарам азизлар! Жахонни турли мамлакатларида содир этилаётган бўхронлар бизни юртни четлаб ўтиб, осмонимиз хар доимгидек мусаффо бўлиб турганини катта мамнуният билан таькидлашга ижозат берасизлар! Бу йўналишдаги харакатларимизни кириб келаётган 2014-йилда хам давом эттирамиз. Ҳалқимизни тинчлигини сақлаш мақсадида 2014-йилда оломон иштирокидаги турли тадбирлардан, жумладан ҳар қандай сайловлардан воз кечдик. Ҳатто Президент сайловини ҳам 2015-йилга кўчиришга эришдик. Яна кўрамиз, балки бу турдаги сайловдан умуман воз кечишимиз керакдур. Чунки А.Саидов, Д. Тошмухамедова каби даьвогарларни бекордан-бекорга асосий ва маьсулиятлик давлат хизматидан сайловолди муддатига бекордан-бекорга озод қилиш давлат бюджети маблағларини беҳуда сарфлашдан ўзга нарса эмас!
Қадрли дўстлар! Кириб келаётган 2014-йилда биз сизлар билан бир қанча мухим саналарни нишонлаш арафасидамиз. Жумладан, собиқ Совет давлатидан бизга эскилик сарқити ва қолдиқ бўлиб қолган “Ташселмаш”, “Ўзбекселмаш”, “Таштекстилмаш” каби йирик корхоналар фаолиятини тугатганимизга 20 йил, Тошкент авиация корхонасида охириги самолётни ишлаб чиқарганимизга 15 йил, ўнлаб шахарларимиздаги юзлаб саноат корхоналарини батамом бекитганимизни 10 йиллиги каби саналар юртимизнинг ҳар бир фуқаросида алоҳида ғурур уйғотади. Бу борада ўша корхоналардан бўшаган ишчи-хизматчиларини нафақат ўзларини, балки бола-чақаларини, ҳатто керак бўлса невараларини Россия, Қозоғистон ва бошқа ўлкаларга юбориб, у ерда ишлаётган юртдошларимиз сонини 5 миллиондан 8 миллионгача етказиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Бу мақсадга эришсак, ўйлайманки мухожирларимиз томонидан юртимизга юборилаётган пуллар миқдори давлатимизда кунни тунга улаб хормай -толмай мехнат қилаётган миршабларимиз, солиқчи ва божхоначиларимизга аталган мукофот пулларини тўлиқ қоплай олишига ҳеч қандай шубҳам йўқ.
Азиз ватандошлар! Ўтган 2013-йилда кўп соҳалар каби маданият ва саньат борасида эришган ютуқларимиз хам талайгина. Айниқса куни кеча Швейцариянинг Женева шахридаги саройларимизнинг бирида Тошкент музейларида сақланган таниқли рассомларимиз асарлари кўргазмаси тақдимоти жахон ҳамжамияти томонидан, айниқса интернет оламида муносиб баҳоланди. Хозирда Лос-Анжелес шахридаги Беверли-Хиллда, Париж, Дубай ва бошқа йирик шахарларидаги масканларимизда ҳам бундай тақдимотлар навбат пойлаябди.
Мухтарам дўстлар! “Соғлом бола йили” деб номланган 2014-йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолди. Албатта барчамиз шу онларда бола-чақаларимиз билан байрам дастурхони атрофидамиз. Сизлар қатори мен хам хонадонимга барча яқинларимни таклиф қилганман. Лекин бахтга қарши соғлом болаларимга мен билан Янги йилни кутиб олиш насиб этмади. Байрам дастурхонимга баьзи невараларим узоқ ўлкаларда бўлганликлари сабабли кела олмадилар, яқиндагилари эса бошқа қандайдур сабаблар билан қатнаша олмаябдилар. Болаларимни, қизларимни ҳам ўзига яраша асосан соғлиғи борасида сабаблари бор. Ҳар қандоқ бўлганида хам дастурхоним тўкин ва мўл. Янги йил арафасида келажакда мен сизларга ҳам шундай дастурхонлар ният қилган бўлардим. Чунки бизни миллатга мос энг хунук иллат қандай, деб сўраса агар, мен айтган бўлардим, бу нафс балоси, деб. Ахир баракатопгур, нафсингни тийиб йил давомида емасанг, Янги йил кечаси мана шундай тўкин дастурхонга эришасан, қўясан, тушунинг ахир баракатопгурлар!
Шу дақиқаларда яна бир бор баарча-барчангизни кириб келаётган Янги 2014-йил билан яна бир бор табриклашга рухсат этасизлар! Қилаётган ишларимизда олло ўзи мададкор бўлсин. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Янги йилингиз билан!

Ўзбекистон Президентини табригини сизларга етказган М.Мансур. 31.12.2013-йил Тошкент.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.