40 кун Туркияда

2013_10_12_Istanbul (8)4. Чизгилар

Мирзо Улуғбекнинг замондош ва илмдоши  даниялик Тихо Браҳе йигитлик чоғида дўсти билан баҳслашиб қолади. Баҳс даҳанаки жангга айланиб, охири улар дуэлга чиқадилар. Дўсти қилич билан Тихонинг бурнини кесиб ташлайди.

“Энди осмонга қараб яшайдиган бўлдинг, ерга қаролмайсан,  қолаверса энди ҳид ололмайсан”,-деган экан “дўсти”.

Дунёнинг ишларини қарангки, Тихо рамзий маънода кўкка қараб яшаган ва даврининг кучли астрономик жадвали-харитасини тузган. Космосдаги ҳаракат системасини асослаб берган Кеплер уни устози аввалин деб билган. Кеплернинг ёзишича,  олтин бурун тақиб яшаган Тихо ўлаётган пайтда “Бурнимни кесган дўстимга раҳмат, бўлмаса вақтимини ҳид олиш кемирарди” деган экан.

Рақибига  шу тарзда кинояли раҳмат айтиш ўзимида ҳам бор.

Биз Истанбулда тўйни эсон-омон ўтказиб олганимиздан кейин қариндошлар бирин-кетин уйга қайта бошладилар. Қайтишлари билан уларни сўроққа тутишибди, “Қаерга  борганингизни биламиз, нималарни гаплашдингиз?” ва ҳоказо таниш саволлар. Улардан тушунтириш хатлари ёзиб олишибди. Буни эшитиб опамга телефон қилдим.

-Бу ҳақда ўйлама укажон,-дедилар опам.-Энг асосийси ёшлар бахтли бўлишсин! Бизга кўришмоқ насиб этди. Шунисига шукур! Булар тўйдан қўрқадиган бўлиб қолишибди. Худойим уларга тўй насиб этсин!2013_10_12_Istanbul (10)

-Уларга ҳам раҳмат, сизларни тўйдан олдин “чақиришганда” кўришолмай қолардик,-дедим Тихо фалсафасини эслаб.

Биз Истанбулда эканлигимизда “турклар сунъий ирқ” деган тортишма чиқиб қолди. 15 йил олдин бунақа гап айтган одамнинг оёғини осмондан қилиб юборишарди. Энди эса бу масалани телевизион дастурларида баҳс мавзусига айлантиришибди. Биттаси ҳатто:

-Булар бўрининг кўкка тумшуқ чўзиб турганини туркчилик дейишади,-деб туркларни камситмоқчи ҳам бўлди.

Унга “Сен бир умр оёқ остига қараб нима топдинг?” дейдиган мард топилмади.

Ахир кўкда юлдузлар бор…

Ахир кўкда поёнсиз фазо бор…

Ахир кўкда буюк Оллоҳ бор…

Шундай экан, ҳайвон ҳам, инсон ҳам кўкка қараса ва кўкка интилса буюк ҳақиқатга интилмайдими? Шундай! Лекин баъзиларнинг фалсафаси азалдан аниқ. Уларга кўра бош кўтармаслик керак, доим пастга қараш лозим. Буни соддагина қилиб бурунга боқиш ҳам дейиш мумкин.

Кўз бурунга боқа-боқа кўкни кўрмай қолади.

Кўзларга кўкка боқиш насиб этсин!

Жаҳонгир Маматов.

jahonnoma.com

%d bloggers like this: