МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ (Эврил Турон)

ЎЗЛИГИНГНИ УНУТМА, ЭЛИМ!

(Давоми)

Қадимий қора гуруҳчи шовинистлар шундай разил ишлар билан шуғулланиб келадилар. Бу ҳақда В. И. Ленин 1914 йилдаёқ қаҳр билан ёзган: «Миллатларни эзиш сиёсати — миллат ажратиш сиёсатидир. Бу сиёсат, шу билан бирга, халқ онгини доимий равишда заҳарлаш сиёсати ҳамдир. Қора гуруҳчилар, ҳамма мақсадлари турли миллатларнинг маанфатларини бир- бирига қарши қўйишга, жоҳил, ва нодон омманинг онгини заҳарлашга асослангандир».
Қора гуруҳчилар сахий ўзбек юртини булғаб, қонга қориб кетдилар, зимдан, пул билан ёвуз махфия — мафияларни (уюшган жиноятчиларни) ишга солдилар… Ёвуз махфиялар эса турк, ўзбек, рус, арманларнинг пулга ўч калтафаҳм кишиларини ишга солдилар. Бу калтафаҳмлар аввал даҳшатли миш-мишлар тарқатдилар, кейин қўлларини қонга ботирдилар. Шундай разил йўл билан икки оға-ини — турк билан ўзбекни жунбушга келтирдилар. Содда ўзбек билан содда турк қора гуруҳчиларнинг фитналарига йўлиққанларини билмадилар. Ўзбек: «Айб туркда»,
турк: «Айб ўзбекда», деб бир-бири билан қирпичоқ бўлдилар. Бу пайтда қора гуруҳчилар:
«Ўзбеклар ваҳший, ўзбеклар экстремист», деб ўзбекларга бўҳтон тошларини ёғдирдилар…
Ёвуз «иш» хўжалари эса, тўрт мучаси соғ ҳолда, ўз юртларига кетдилар. Қани бу ерда ҳақиқат? Ўртада яна ўзбек ёмонотлиқ бўлиб қолди. Қора гуруҳчилар эса ўз юртларида яна мансабга миндилар.
Узоқ бир кезлари қора гуруҳчи ва сталинчилар Иттифоқ миқёсида сунъий равишда
очарчилик уюштирган эдилар. Бу тўғрида Сергей Заваротний ва Петр Положевец шундай ёздилар:
«1933 йилнинг ёзида уюштирилган очарчилик ниҳоясига етди. Турли маълумотларга қараганда ўша очарчилик ўлатидан 4—10 миллион кишининг ёстиғи қуриган» («Комсомольская правка» газетаси, 3.02.90).
Хўш, очарчиликни уюштиришдан мақсад нима эди? Мақсад —халқни қўрқув ва асоратда сақлаш эди… «Сталин чиндан ҳам ёвуз эди, — изоҳлайди «Комсомольская правда», — унинг қўллари қонга ботган. У қўрқув ва даҳшат билан суғорилган жамият барпо этди. Бу жамиятнинг пойдевори зўравонликдан бунёд этилди».
Очарчилик. Фарғона фожиаси… Бир-бирига ўхшаш бу икки фожианинг сунъий равишда такрорланишига ўзлигимизни, тарихимизни билмаслигимиз ҳам сабабчи бўлган. Гўллик — ўзингга душмандир; гўллик — душманга қуролдир. Бу гўллик дарахтларини қора гуруҳчилар билан сталинчилар экишган. Очарчилик… Фарғона фожиаси… пахта қуллиги… қашшоқлик… ер, сув, ҳавонинг заҳарланиши… бола, аёл, Орол ва ўрмонлар ўлими… ўзлик, урф-одат, тил, тарихни унута бориш… манқуртга айлана бориш… — бу дарахтларнинг меваларидир.
Бу машъум офатларни ўғил-қизлар билишармикан? Билишмас. Бироқ энди қайта қуриш эшиги очилиб, баъзи нарсаларни фаҳмлай бошладилар. Мен буни Самарқанд улусига борганимда, болаларнинг гап-сўзларидан сездим:
— Нега пахтада фақат ўзбек ишлаяпти?
— Шаҳарда шароит қулай-да, — дейишди ўқувчиларнинг ўзлари, — етти-саккиз соат ишлайсан, шанба, бозор кунлари дам оласан, иссиқ, совуқ сув бор… маош ҳам яхши… Метро, автобус, трамвай, троллейбус, таксилар ғир-ғир қатнаб турибди… Бизда-чи? Бизда тиним йўқ, шароит йўқ, нон билан чойга қаноат қиламиз, ўн кунлаб гўшт емаймиз, ота-онамизнинг олган ойлиги ўттиз-қирқ сўмдан ошмайди, шундай яшаб бўладими?!
Мен бу чин гаплар қаршисида ожиз қолдим. Ростдан ҳам, ўзбек элининг аҳволи оғир.
Расмий маълумотга кўра, юртимизда 9 миллион киши қашшоқ яшаяпти. Ҳеч шубҳа йўқки, пахтада ишлаётган ялпи ўзбек камбағал. Чунки, пахтадан келадиган даромад қулнинг даромадидан ҳам оз. Чунки, пахта меҳнати қулнинг меҳнатидан ҳам оғир. Масалан, 100 килограмм буғдой (сабзавот ё мева) етиштириш учун 8 соат меҳнат сарфланади. Шунча пахта учун 38 соат сарфланади. 1 гектар ердан олинган буғдойдан (сабзавот ё мевадан) 12 минг сўм даромад қилинади. Шунча жойдан олинган u1087 пахта учун 1,5 минг сўм… Бу —миллий ҳақ-ҳуқуқни қора гуруҳча, сталинча оёқости қилиш эмасми? Бу вақти келиб, миллий низоларга сабаб бўлмайдими?
Нега ўзбек халқи ўз меҳнатини ўзи баҳоламаяпти, Москва баҳолаяпти. «Ҳукумат таклиф этган тадбирлар ҳам регионларни баравар кўрмайди, — деди СССР Олий Кенгашининг II съездида собиқ Ўзбекистон Бошқонлар Кенгашининг раиси, СССР халқ депутати М. Мирқосимов, — Масалан, бизда пахта толасига давлат буюртмаси 100 фоизни ташкил этади.
Яъни, пахта толасининг ҳаммасини Иттифоқ идоралари тақсимлайди. Бунда марказни кучайтириш истаги сезилиб турибди. Лекин жумҳуриятлар ожиз ва ҳуқуқсиз бўлса, марказ ҳеч қачон кучли бўла олмайди… Пахта толасига асосли нарх белгилаш биз учун ҳаётий аҳамиятга эгадир… Пахта толасини кейинчалик қайта ишлашдан олинган фойда ҳануз жумҳуриятдан ташқарида қолмоқда».
Марказий бошқарув системаси — ўзбек элини, ўзбек табиатини бутунлай ҳолдан тойдирди.
Шунданми, Эркин Воҳидов: «Ўз ерига, ўз мулкига эга бўлган халқ мустақил халқ», — деб насиҳат қилади ва бу билан эзилган элни ўз юртига ўзи эгалик қилишга ундайди.
Қайта қуриш даврида бу гаплар амалга ошар, деб ўйлайман. Бу ўзимизга, бирлигимизга боғлиқ. Бироқ шунга қарамай, миллий тенгсизликлар тўлалигича барҳам топмаяпти. Масалан, Иттифоқда жон бошига 3900 сўм миллий даромад тўғри келади. Ўзбекистонда 1200 сўм… СССР бўйича ҳар бир деҳқон 167 сўмдан маош олади. Ўзбек деҳқонининг ойлиги — 40 сўмга ҳам етмайди. Бу рақамларнинг мағзини чақиб кўрайлик!
…Ўқувчилар менинг узоқ сукутга толганимни кўриб, жим қолдилар. Кейин яна саволга тутдилар:
— Пахтани биз етиштираётирмиз. Бироқ нега тўқимачилик саноатлари олисда жойлашган?
Ахир, бундан халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам зарар кўряпти-ку? Ўзимиздаги завод,
фабрикаларда ҳам асосан бошқа юртлардан келган кишилар ишлаяптилар. Ўзларининг қишлоқлари бўлса, ҳувиллаб қолмоқда. Буни биз рўзнома-ойномаларни ўқиб, телевизорда кўриб турибмиз…
Бу ҳақли саволлар мени яна ўйга толдирди. Юз йиллардан бери u1058 Тиркистон хомашё базаси бўлиб келмоқда. Бунинг учун Туркистонга ким раҳмат айтди?
Ўтмиш хатоларига чек қўймоқ керак. Миллий ишчилар синфимизни шакллантиришимиз зарур. Худди шуни Оқ подшо ҳукумати истамаган. Сталин ҳам…
Ўғил-қизларнинг гап-сўзларига синчиклаб қаралса, уларда оз бўлса-да, ҳар ҳолда миллий, ижтимоий, сиёсий онг етилаётгани маълум бўлади. Бироқ, барибир, билим ва фикрлашда, соғлиқ ва саломатликда, хуллас, кўп жиҳатдан улар литва, эстон, латиш, молдаван, украин, рус болаларидан орқада… бунинг сабаблари кўп.
Бироқ мен бири-иккита сабабини очаман. Энг ёмони — пахта ўқувчини эзиб қўйган. Даладан қора терга ботиб келган бола шубҳасиз ота-онасига кўмаклашади: Томорқага қарайди, мол-ҳолларга қарайди, оғилини тозалайди… Хуллас, оғир меҳнат, рўзғор ишлари уни ҳолдан тойдиради… Ўзбек ота-онаси рус ота-онасидай болани вақтида ювиб-таролмайди, вақтида едириб-ичиролмайди, вақтида ўқитиб, вақтида ухлатолмайди, бунга унинг имкони йўқ. Шундай оғир шароит ва оғир тангликда ўсаётган бола ўқишга вақт топадими? У «ажун кўзгуси»га қарар- қарамас уйқуга кетади. Қолаверса, ҳамманинг уйида «ажун кўзгуси» бор, деб ким айта олади?
Бунга кучи етганлар бор, етмаганлар бор… Оғир меҳнат, оғир танглик, оғир шароит болани ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан сиқиб қўйган. Бундай тенгсизлик ўзбек боласининг юрагида қандай туйғулар уйғотади?!
Дейлик, икки жойга ниҳол эксак, бирини парвариш этсак, яъни унга вақтида ишлов берсак, вақтида сувд вақтида «озуқа» берсак. У соғлом кўрқам, бақувват бўлиб ўсади. Иккинчисига қарамасак, у бужмайиб қолади… Ўзбек боласига парвариш керак, шароит керак, моддий неъмат керак, шунда у соғлом, чиройли, эсли-ҳушли бўлиб етилади.
Чирчиқ шаҳрида ўн биринчи синфда (кечки) ўқиётганимда, шундай саволим учун бошим балога қолган:
— Муаллим, нега Ўзбекистон ССР Давлат гимни Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз,
Ассалом доҳиймиз Ленин жонажон, — деб бошланади? Бундан рус кишиси ўзини ноқулай сезмайдими? Чин дўстлик шунга зорми?..
Йиллар ўтиб, менга Москвада: «Рус оғамиз», «рус улуғ», «рус қудратли» деган мақтовларга зор эмасмиз, — дейишди рус ёзарлари, — дўстлик тенглик, самимийлик асосларига қурилмоғи керак, акс ҳолда: «Сендан мен камми?», деган гап келиб чиқади ва ўртада миллий низолар туғилади».
СССР Конституциясида виждон эркинлиги қайд этилган. Бироқ бунга амал қилинаётирми?
Виждон эркинлиги мавжуд экан, Иттифоқдаги ҳамма мактаблар бир тусда бўлмаслиги керак, балки ҳар бир миллатнинг мактаби ўз руҳи, ўз урф-одати ва ўз тарихига мос тарзда миллий бўлиши керак. Ҳар бир мактабда дунёвий илмлар билан бирга «Номус», «Иффат», «Ростлик», «Гўзаллик», «Жасурлик», «Элпарварлпк», «Юртпарварлик» дарслари ҳам ўтилса, тоза инсонлар кўпаярди.
Виждон эркинлиги мавжуд экан, мактабларда христианларга христиан, буддавийларга будда, мусулмонларга ислом дини сабоқлари ўқитилиши тақозо этилади. Дин ҳам болани тўғри тарбиялашга хизмат қилади. Қуръонда: «Илмни эгалланг! — дейилади. — Илм саҳрода — дўст, ҳаёт йўлларида— таянч, ёлғизлик дамларида — йўлдош, бахтиёрлик дақиқаларида — бошлиқ, қайғули онларда — мададкор, одамлар орасида — зебу зийнат, душманларга қарши курашда — қуролдир».
Ота-оналар, ўқитувчилар, жамоат вакиллари—катта ёшли кишилар бир бутун бўлиб, бола тарбиясига эътибор беришлари керак. Қийшиқ ўсаётган ниҳолни тўғрилаш мумкин. Дарахтни- чи?.. Улуғ файласуф Жон Локкнинг қуйидаги фикри ибратлидир: «Халқнинг бахт-саодати —болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ».
Милоддан беш юз йил олдин яшаб ўтган юнон файласуфи, математиги Пифагор: «Ҳар қандай халқнинг урф-одатини билай десанг, аввало унинг тилини ўрган», деб айтган. Араб, рус, инглиз, немис, форс ва бошқа тилларни ўрганиш ўзбек фарзандининг маънавий дунёсини бойитади. Бироқ биринчи галда ўз тилингни чуқур u1073 билишинг шарт. Турк — ўзбек тили ажундаги энг қадимги, энг бой энг гўзал, энг бурро, энг доно, энг жасур тиллардан биридир. Буажойиб, бу ғаройиб тилни севмаган ўзбек ўз ота-онасини ҳам, ўз миллатини ҳам, ўз юртини ҳамчинакамига севолмайди. Навоий бобомизнинг: «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз», деган сўзларини биз бўйнимизга тумор қилиб тақиб юришимиз керак! Тилимиз — миллатимизнинг жони, имони, виждони, ҳаётидир. Зотан, тилидан айрилган миллат — миллат сифатида ўлади.
Бироқ Ўзбекистоннинг 20 миллион халқларидан қарийб 17 миллиони ўзбек тилида
гапиришига ва ўзбек тили давлат тили бўлишига қарамай, партия, совет, ҳукумат идораларида ҳамон она тилимизда иш олиб борилмаётир. Бу кечирилмас ҳолдир!
Туркий — ўзбек тилимизни бойитиш, қадрини ошириш йўлида Алишер Навоий умр бўйи курашди. Бунинг учун улуғ бобомизни қанча бошимизга кўтарсак оз. Бироқ Алишер Навоийдан бир неча юз йил олдин ўтган Аҳмад Яссавийни нега унутиб қўймоқдамиз? Улуғ бобомизнинг тили — араб, форс сўзларидан холи тил, худ-и бугунги тил, тоза турк — ўзбек тилидир. Буни одил баҳолаш вақти етди.
Улуғ бобомиз Аҳмад Югнакий ҳақида ҳам худди шундай фикрдаман.
Биз Бобур ўзбекники, Махтумқули туркманники, Обой қозоқники, Тўқтағул қирғизники, Бердақ қорақалпоқники, Билол уйғурники десак янглишамиз. Ахир, бизлар — туркман, қирғиз, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек… қадимдан то тўнтаришгача бир тилда сўзлаб, бир тилда ўқиб, бир ёзувда ёзиб келганмиз. Бизлар эски ёзувимизга қайтишимиз керак. Шунда аслимизга қайтамиз. Ахир, бизлар — қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек, қирғиз, уйғур, туркманлар билан туғишганмиз, бир миллатмиз — туркмиз. Демак, ҳақли равишда, бизлар бир бутун бўлиб яшашимиз керак, — ўзимизни турк деб, юртимизни Туркистон, деб аташимиз керак. Шунда
тарихий адолат тикланади!
Туркий элларни маънавий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан боғлайдиган ойнома ва рўзнома чиқаришимиз албатта керак. Токи, биз доим бир-биримизнинг ҳаётимиздан хабардор бўлиб турайлик, бу қон-қардошлик туйғуларини мустаҳкамлайди ва қора гуруҳча, сталинча қарашларни парчалашда восита бўлади…
Ўзбекистонда юздан ортиқ миллат вакили яшаяпти, дедик. Буларнинг асосий қисми туркий халқлардир. Дейлик, улар билан тилимиз бир. Қолганлари рус, украин, корейс, немис каби дўстлардир. Булар Ўзбекистонда яшар эканлар, ўзбек халқига ҳурмат юзасидан ҳам, ўзбек тилини ўрганишлари керак. Қадимдан: «Пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага», деган мақол бор.
Масалан, биз ўзбеклардан бир қисмимиз Россияга бориб, яшаб, ишлаб: «Россияда давлат тили ўзбек тили бўлсин ёхуд иккитиллилик бўлсин», деб даъво қилсак, бу бизнинг рус миллатига, рус юртига, рус нон-тузига ҳурматсизлигимиз, менсимаслигимиз, адолатсизлигимиз, тазйиқимиз бўлади. Чунки, бу ерда рус миллати яшаяпти. Шунинг учун ҳам бу ерни Россия, деб атайди, яшаган жойга ҳурматсизлик қилиш — нонкўрликдир, нонтепкиликдир. Шу мантиқдан келиб чиқиб айтаманки, ким юртимизни, халқимизни, тилимизни, ҳурмат қилмас экан, демак, биз уни зўрлаб тутиб турмаймиз…
Болаларимиз — гўзал эртамиздир. Эртага улар бизнинг ўрнимизни эгаллайдилар.
Болаларимиз қадим тарих, қадим маданиятга эга бўлган халқимизнинг муносиб авлодлари бўлиб етишишлари керак. Зеро, миллат шунчаки сонига қараб эмас, етук фарзандларининг кўнглигига қараб қадрланади. Ўз миллатини, ўз юртини севган ҳар бир ўғил-қиз бу йўлда бутун куч-ғайрати билан курашмоғи зарур. Миллат қанча маънавий бой бўлса, у шунча тоза, шунча улуғ, шунча қудратли бўлади.

“Фитна санъати” китобидан.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s