Нурилла Остон

Ҳамма томон мафия

Ҳамма жойни изм-измлар босиб кетди. Аввал бандитизм пайдо бўлди, кейин банда ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқиб, анархизм юзага келди, кейин вандализм, капитализм, империализм, социализм, коммунизм…

Бу балолардан қутилдик, деганда энди терроризм деган балоси чиқиб турибди. Самолётни осмонўпар бинога олиб бориб урган, ҳамма томонга бомба жойлаб, автобусни портлатган, тинч аҳолини бесаранжом қилган. Яна контрабанда деганиям чиққан.

Ҳам контра, ҳам банда! Контра, дегани ёт унсур деган маънони англатарди илгари.

Банда деган сўз-ку, ҳаммамизга маълум. Бандалик-да энди, дейишади биров ўлганида. Фалончи бандаликни бажо келтирибди, дейишади. Контрабандаликни бажо келтирибди, дейишмайди.

Бандалардан мафия ташкил топади. Ҳамма жойда мафия, ҳамманинг ўз мафияси бор. “Бу менинг территориям,-дейди гадой-гадойга.-Ўзингинг территориянгда гадойлик қил, бўлмаса…”,-деб казо-казо одамларни санаб кетади, бу ёғи салкам халқаро ташкилотларга бориб етади.

Қайси оқсуякни кўрсанг, ота ё она томонидан шажараси Иброҳим Халиуллоҳга бориб тақалади. Бирор ортиқча гап айтишга қўрқасан. Иброҳим Халиуллоҳнинг миллатларини сўрасангиз, у киши Одам Атонинг авлодидан бўлганларини, хотинлари Биби Сорадан яҳудийлар ва Биби Ҳожардан араблар тарқалганини тушунтириб кетишади.

Ҳа, майли сизлар Одам Атонинг авлодлари бўлсаларинг, биз қора халқ маймундан тарқалганмизми, деб сўраёлмайсан. “Ундай бўлса, сизлар яҳудий билан ота бир, она бўлак, туғишган ака-ука экансизлар-да”,-десанг маломатга қоласан. “Худога ширк келтираяпсан,-дейишади ғазабланиб.-Буларнинг ҳаммаси фақат ўзига аён. Сен муридмисан, муридлигингни қил. Миллатчилик худога ёқмайди”. Битта эшон бир пайтлар амаллаб ҳукумат тепасига чиқиб олиб, халқни ғорат қилиб юборганини айтишмайди. Адашган-да, дейишади. От ҳам тўрт оёқда қоқилади-ку!

Бозорларда ҳам мафия. Давлат пулини ҳамёнига урган бир паттачини ишдан бўшатишмоқчи экан, “БМТ” дан: “Қўйинглар, ишласин”,-деган қўнғироқ бўпти… Одам гавжум жойларда кўчага мошинангни қўймоқчи бўлсанг билагига қизил латта танғиган, кирлигидан ёқаси йиртиқ, фуфайкасининг ранги билинмайдиган даванг келиб “стоянка пули” сўрайди. Бир нарса йўқолса, ёки мошинани биров суриб кетса иши йўқ. “Қайдан биламан”,-деб елкасини қисиб жўнаб қолади.

Бошлиғимиз минбардан ваъз ўқиётганида ҳар сафар кўнглим бузилиб, кўзимга ёш келади. Шундай таъсирчан гапларни гапиради, шундай ширин гапларни топиб айтади, ҳаммамиз икки соат йиғлаб ўтирамиз. Уни яқинда шармандаи-шармисор қилиб ишдан ҳайдашди. Ҳаммамиз йиғлай-йиғлай хайрлашдик. Йўқ, орадан олти ой ўтмасдан яна катта ташкилот раислигини қўлга олди. Тагида мошин, баъзи пайтларда текширгани келиб қолади. Ўша пайтда “сеҳрланиб қолибмиз, ўлиб қолибмиз”,-деб ёмонлаганларга сичқоннинг уяси минг танга бўлади.

Бир зиёфатда кимдир:”Инсоф, диёнат қолмади ҳеч кимда. Сталин даври бўлганида ҳозир шу ерда ўтирганларнинг ярми полицай, ярми айғоқчи бўларди”,-деди. Юзи чўчқанинг тумшуғидай қип-қизил, ширакайф йигит буни эшитиб, қўлларини ишқаб:

–Эҳ, зўр бўларди-да, полицай бўлсак, ҳаммани жўнатардик, хотинлари бизга қоларди,-деди. Кимдир дастурхондаги ликопчани олиб унинг башарасига улоқтирди, бўлди тўполон, бўлди тўполон, зиёфат бир томонда қолиб кетди.

Маҳаллада туғма девона бор, ким нима берса, шу билан тирикчилик қилади. Ҳар доим ёнида сув тўлдирилган пластмасса идиш, қўлида китоб билан “Аввал Ватан, кейин жон”,-деган ашулани хиргойи қилиб юради. Бир гал у рўпарамдан чиқиб қолди. “Аввал Ватан, кейин жон”,-деди девона башарамга қараб. Мен унинг ҳозир хаёли жойидами-йўқми, бир синаб кўрай деб сўрадим:

–Бу нима деганингиз, фалончибой?

–Аввал Ватанни берамиз,-деди девона пинагини бузмай.-Кейин қочолмай қолсак, жонни ҳам топширамиз.

–Ие, ватанни сотасизми,-дедим унинг савдойи қиёфасига қараб.

–Ҳа, оласизми?-деди у менга жиддий тикилиб.

Довдираб қолдим. Хайр-маъзурни насия қилиб жўнавордим. Чунки бу замонда жиннигаям ишониб бўлмайди. У мени синаб кўриш учун жинни қиёфасида юрган мафия бўлиши мумкин.

Хуллас, ҳамма томон мафия Белгилаб қўйилган имтиёз бўйича томорқа олишим керак, ҳар йили берамиз, деб беришмайди. Ҳисобчи, котиб, бригадир, раис ҳаммаси битта мафия. Яна “зимламир” деган биттаси бор, кўзи урғочи шоқолнинг кўзига ўхшайди, қанча иморат-жой сотиб, ҳалиям қамалмай юрганига қойил қоламан. Бу ҳам мафиянинг иши.

Нимасини айтасиз, фоҳишалар ҳам мафияга ўлпон тўлаб туришаркан. Қабристондан жой танлаш, ўликни кўмиш учун мафиядан рухсат олиш керак. Ўлиги-ки шунчалик дардисар бўлганидан кейин, тиригининг куни қурсин.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s