Абулфайз Баротов

barotov“ОТАМ ЎЛМАЙДИГАН БЎЛДИ”
(Бўлган воқеа)

Бу воқеани Булунғурлик Раҳмонқул деган кишидан эшитганман.
Отам қишлоғимизнинг фаолларидан эди. Ҳамқишлоқларим уни “коммунист ота” деб аташарди. Коммунистик партияга ашаддий эътиқод қўйган отамнинг энг ёмон кўрган, нафратланган нарсаси, исрофгарчилик эди. Ерда ётган нон ушоғини кўзга суртиб бир четга олиб қўяр эди. Уйимизда сал исрофгарчиликка йўл қўйилса борми, баримизни бир ерга тўплаб, ”ҳозир пленум чақириб, жазолайман ҳаммангни”, деб дағ- даға қиларди.
Саксонинчи йилларнинг бошида чўлда ишлаш учун отландим. Чўл совхозларининг бирида директор ўринбосари, шу билан айни пайтда жамоатчилик асосида маҳалла раиси вазифасида ҳам ишлай бошладим. Ўша пайтларда маҳаллалар ҳозиргидай шаклланиб мустақил бўлмаган эди.
Бўш вақтим бўлди дегунча қишлоққа жўнайман. Отам қаричилик сабабми, ишқилиб кейинги пайтларда отам тез-тез касалликка чалиниб ётиб қолар, икки гапнинг бирида “сизлар билан рози-ризолашмай ўлиб қолмайин-да”, деб оҳ- воҳ қиларди.
Отамнинг дунёда энг яхши кўрган егулиги писта- бодом билан тоғ дўланаси эди. Уни қаердан бўлса ҳам топтириб келтириб, чой билан танаввул қилар экан, ”оҳ-оҳ, ҳудонинг бу нози-неъматларини емабсиз, дунёга келмабсиз”- деб қўярди.
Бир гал отамни кўргани келганимда:
Ота,бу келишимда сизга бир дунё писта- бодом ва дўлана олиб келаман,- деб ваъда бериб юбордим.
Ўша йили аксига олиб пахта йиғим-терими эртароқ бошланиб, қишлоққа боришим чўзилди. Лекин отамга берган ваъдам бўйича, дўлана ва писта бодомни тахт қилиб қўйганман. Тўсатдан қишлоқдан хабарчи келиб қолди.
Раҳмонқул, тайёргарлигингизни кўриб, тезда қишлоққа етиб борар экансиз. Отангизнинг мазаси йўқ деб, акам тайинлаб юборган нарсаларни айтди.
Чопон кийиб, хотин, бола чақаларни ёнга олиб, акам айтиб юборган нарсаларни шаҳар бозоридан ҳарид қилиб йўлга тушдик. Қишлоққа етиб боргунча, ”ишқилиб отам тирик бўлсинда, кўриб қолайин-да,” деб, худога ёлвораман.
Уйимизга одамлар кириб чиқиб туришибди. Лекин йиғи овози эшитилмайди. Акам мени уйга бошлади. Тўрда отам ётар, мендан бошқа барча оила азолари, қариндош уруғлар, отамнинг дўстлари жамул- жам эди. Акам отамнинг тепасига энгашиб:
-Ота, кўзингизни очинг, Рахмонқулингиз келди, -деди.
Отам бир қимирлаб қўйди. Мен отамнинг бошига энгашдим.
-Ота,мен Рахмонқулман, ахволингиз яхшими?!
Отам яна қимирлаб қўйди. Сўнгра мажолиз овозда шивирлаб деди:
– -Келдингми болам? Қачон келдинг?
-Ҳозир келдим, ота!
-Айтган нарсаларингни олиб келдингми?
-Опкелдим ота, опкелдим…
-Нималар опкелдинг?
-Кийгиз олиб келдим ота, -деб ўйламай гапириб юборсам бўладими. Чунки отам мен ўлсам Сирдарёнинг кийгизидан олиб келасан, ўшанга ўраб қабрга олиб борасизлар, дерди. Нафасим ичимга тушиб кетди. Бу ёғи нима бўларкин деб, юрак ҳовучлаб турибман. Хайрият, отам гапимни яхши англамади шекилли, гапини давом эттирди.
-Яна нималар опкелдинг?
Мен эса осон қутилганимга шукур қилиб, олиб келган нарсаларимни қаторлаштириб санай кетдим: ”бир қоп гуруч, икки қоп ун, 30 литр ёғ, 20 килограмм қанд қурс, 5 килограмм чой, 300 дона нон, 5 метр духоба, 50 метр чит сатин…”
-Бўлди бас, -деди отам таҳдидли овоз билан. -Мени ўлдига чиқарибсан-да. Мен ўлиб кетаверай, сизлар эса шунча нарсаларни исроф қилиб, ҳавога совиринглар, шундайми?
-Йўғ-э, ота, асло ундай эмас, сиз хали ўлмайсиз!
-Буни ўзим ҳам биламан , -деди отам янада қаҳрлироқ овозда. -Ҳалиги ваъда берган нарсаларинг қани?
-Опкелганман ота, опкелганман, -деб, акам олиб кирган дўлана ва писта- бодомларни отамга кўрсатдим.
Отамнинг кўзлари мошдек очилиб кетди. Энди у устидаги кўрпасини отиб ташлаб, қаққайиб ўтириб олган эди .Сўнгра қўлини пахса қилиб дадил овозда деди:
-Пленум чақириб шуни маълум қиламанки, Рахмонқул ўғлим овора бўлиб шунча нарсани олиб келган экан, энди ўлсам уят бўлади. Кийгизни тагимга тўшанглар, қалинроқда ётсам тезда тузалиб кетаман. Ҳозир менинг ўлимимга атаб қўйилган қўйлардан биттасини сўйингларда, худойи қилиб юборинглар.
Ярим соатдан кейин акам ҳовлида семиз қўйнинг терисини чаққон шилар, отамнинг дўстлари мени ўртага олишиб, бир- бирларига гап бермай, дейишарди:
-Илгарироқ келишинг керак эканда, укам. Отанг уч кундан бери ана ўламан, мана ўламан,-деб баримизни хит қилиб юборди-ку. Уч кундан буён уйимизга бора олмай сарсонмиз.
Ана шу воқеадан кейин отам яна икки йил яшади.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.