“Туронзамин” почтасидан

adabiyot.jpgУйдагиларга “кўки”дан жўнатиб турибди

Радионинг тунгги “САЛТАНАТ ЭРТАКЛАРИ” эшиттиришининг навбатдаги сони

Ассалому-алайкум, азиз ва ширин болажонлар! Икки дарё оралиғидаги салтанат ҳақида эртакларимизни давом эттирамиз. Демак бир бор экан, бир йуқ экан, қадим – яқин замонда, Тошкент деган томонда икки дарё оралиғида катта салтанат бор экан. Бор бўлганида ҳам жуда антиқа салтанат экан.

Бундай антиқа давлат дунёда ягона экан. Ха, ха, тўғри эшитдингиз –дунёда ягона экан. Ҳам эртакда ягона экан, ҳам ҳақиқатда. Нега ягона?, – деб сўраябсизларми? Бунинг сабаблари кўп. Гапираман деса, гап хам кўп. Аввалом бор салтанат ҳалқ хўжалиги доимо, йилдан-йилга 8 фоизлик иқтисодий ўсишни таьминлар экан.

Азиз болажонлар, албатта сизлар ҳали бу рақамларни яхши тушунмасангиз керак. Тўғрисини айтса, бу рақамларга биз ҳам яхши тушунмаймиз. Нафақат яхши тушунмаймиз, балки умуман тушунмаймиз.

Баьзида бундай ўсишга қандай эришилди экан, деб қўлимизга қоғоз-қалам олиб, куни бўйи роса ҳисоблаймиз. Ҳисоблаган сари рақамлар чалкашиб кетаверади. Ахири кечга бориб, чарчаб телевизорни ёқсанг, “Ахборот”да хамма ўсишни-ю, барча ютуқларни лўнда қилиб кўрсатади. Куни бўйи ҳисоб-китобга кетган вақтинга аттанг дейсан.

Яна гапирадиган бўлсак, бу салтанатда олампаноҳнинг, кечирасиз мухтарам президентимизнинг ташаббуслари ва сайи-харакатлари туфайли барча нарсалар мўл-кўл экан, хамма ёқ тўкинчилик ва арзончилик экан. Баъзи болажонлар сўрашаябди: – Бу салтанатда камчиликлар бўлмайдими?,-деб. Жуда нотўғри савол.

Ахир президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва бутун дунёда кенг эьтироф этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” мавжуд бўлса, миллиардлаб хорижий инвестициялар салтанатга келаётган бўлса, хорижий сармоялар учун қулай инвестицион муҳит яратилган бўлса, изчиллик билан тадбиқ қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётган бир пайтда салтанатда камчиликлар бўлиши мумкинми? Тушунарликми сизга, баракатопгур? Яна савол бераябсизларми? Нега заправкаларда бензин танқис?, – деябсизларми?

Мендан сўрасалар эди, мен шундай айтардим – тушунинг ахир, баракатопгур, мамлакатимизнинг дунё миқёсида нуфузи ва обрўси ошиб бораётган пайтда бензинга бало борми? Ёш бола бўла туриб нега бензинга бурнингни тиқасанлар? Уят эмасми? Нега ҳафталаб газ бўлмайди?,-дейсизларми? Баракатопгур, нега доим нотўғри савол берасанлар? Ҳеч қандай газ танқислиги давлатимизда йўқ. “Ҳалқ сўзи”нинг кечаги сонида “Ўзбекнефтгаз” ширкатини расмий баёнотини ўқимайсизларми? Лекин ҳар қандай жойда бир-бир камчилик хам бўлиб турар экан, парво қилманглар, хаммаси яхши бўлиб кетади! Яна қайтариб этаман, яхши бўлиб кетади, деб, тушунарликми сизларга?

Шундай қилиб салтанатда мўл-кўлчилик кундан-кунга ошиб бораётган пайтда баъзи бекорчи одамлар тўкинчиликдан зерикиб, тўнларини елкасига ташлаб, узоқ томонларга айлангани кетишибди. Уларга дангасалар қўшилибди. Аввалига 10-15 одам кетибди, сўнг 100-200 одам кетибди, кейин 1000-2000 одам кетибди, охир оқибат 5 миллиондан ошиқ салтанат фуқаролари бошқа давлатларда саёхат қилиб юрган эмиш.

Бу ҳолатдан олампаноҳ роса хурсанд бўлибди. Ахир 5 миллион одамни боқишни ўзи бўладими? Хозир эса улар ўзини-ўзи боқаябди. Яна уйдагиларга “кўки”дан жўнатиб турибди. Бу долларлар эса охир оқибат тўппа-тўғри қизини фондига келиб тушаябди. Хурсанд бўлмай бўладими. Нафақат хурсанд бўлиш керак, балки яхшилаб рақсга ҳам тушса арзийди!
Баьзи болажонларимиз мажбуран пахта теримига чиқаётганидан хафа, чарчашаябди эмиш, қоринлари тўймаябди эмиш. Азиз болажонлар! Яна бироз чиданглар! 2 йилдан сўнг 90% пахтани машиналарда терамиз, деб нақ Бош Вазир ваьда бераябдилар. Бизлар эса сизлар билан буни роса томоша қиламиз. Бу эртак эмас, чин! Томоша қилишимиз чин, машинада пахта териш эса эртак. Шунга ўхшаш эртакларимиз ҳали кўп. Айниқса хўжайинларимизни оғзидан чиқаётган. Уларни хаммасини сизларга етказишга харакат қиламиз. Хозирча эса ётиб дам олинглар. Алла болам, ухла болам…

Эртакларни сизга етказган М.Мансур 20.10.2013 йил. Тошкент шахри.

%d bloggers like this: