ПАРИЛАР ТАШРИФИ
Бу воқеани Булунғурнинг Қирқахмад қишлоғилик марҳум Қувондиқ Ёқубов гапириб берган эди.
Кутилмаганда бедаво дардга чалиниб, бормаган табибим, учрашмаган шифокорим, ётмаган касалхонам қолмади. Табиб-у- шифокорлардан биронтаси касалимни аниқлай олмадилар. Турли хил ташҳислар қўяр, муолажа қилишар лекин мен шифо топмасдим.
Кундан кунга қовжираб сўлиб борардим. Тузалиб яшаб кетишдан умидини узган шифокорлар уйимга жавоб беришди. Тақдирга тан берганман. Ростини айтсам бу дунёда ўз ўлимингни кутиб яшашдан оғир азоб бўлмаса экан. Кечалари ётган ўрнимдан қайта турмай шу алфозда ўлиб қолмай деб букчайиб ўтирганимча болишни қучоқлаб ухлашга ҳаракат қилардим. Буни уйқу дейиш қийин, салгина пинакка кетаман,ҳолос.
Ғалати касаллик. Вужудимда менга азоб берадиган оғриқ дегани мутлақо йўқ. Овқатдан қолганман, томоғимдан сув ҳам ўтмайди. Хотиним шўрлик ҳар куни эртадан кечгача ,”жон дадаси бир қошиққина сут ичинг, қувват бўлади”,- деб ёлворгани ёлворган. Унга бошимни чайқаганимча жимгина рад жавобини бераман. Секингина оғиб бораётган умрим кунлари-ю -тунлари шу зайилда ўтар, тақдиримга тан берганимча бамайлихотир ўз ўлимимни кутар эдим.
Ана шундай кунларнинг бирида ярим кечасида чироқ ёнмасада уй бирдан ёришиб, эшик овозсиз очилди-да, хонам рўмол ўраган аёллар билан тўлди.
Улар 25-30 нафар эди. Бўйинлари аралаш қошларигача бостириб рўмол ўраб олган, кўйлаклари енгидан фақат қўлларининг панжаларигина кўриниб турган бу аёлларнинг бари беқиёс даражада гўзал эдилар. Ёнимда эса гўзал ёш бир қиз ўтирарди. У дона-дона қилиб шундай деди:
-Бизлар сизни олиб кетгани келдик. У томонда (афтидан нариги дунёни айтди) роҳат-фароғатда яшайсиз. Фақат рози бўлсангиз бас.
Беихтиёр тилга кирдим:
-Қизим, хали бу дунёда менинг қиладиган ишларим кўп. Ўғлимни уйлантиришим, қизимни узатишим керак. Менсиз хотинимга қийин бўлади.
Шундай деб йиғлаб юбордим. Қиз жимгина менга қараб турди-да,”бизлар яна келамиз!”- деб жойидан турди. Эшик яна сассиз очилди. Улар ҳудди нурдек қуйилиб чиқиб кетишди. Ўзимга келдим. Қоп қоронғу уйда ҳамон букчайиб ўтирибман. Ёнимдаги болаларим, нарироқда ётган хотиним деразадан тушиб турган хира нур ёруғида зўрға кўзга ташланарди.
Бу қандай синоат бўлди? Мижжа қоқмай тонг оттирдим. Кўнгилларига ғулғула тушмасин деб бу воқеа ҳақида уйдагиларга лом- мим деб оғиз очмадим.
Уч кундан кейин ярим тунда улар яна келишди. Уй ҳар доимгидек ёп-ёруғ эди. Йигирма бештами-ўттизтами аёллар тизилишиб жимгина ўтирибди. Бўйинларида ҳам, рўмоларининг учларида ҳам сон саноқсиз турли хил тақинчоқлар.
Яна ўша гўзал қиз дона-дона қилиб деди:
-Бир қарорга келдингизми? Бу азоб уқубатлардан бир йўла қутилганингиз тузук эмасми? У ёқдаги ҳаёт бу ердагига қараганда қанчалик яхши эканлигини бир тасаввур қилсангизчи?!
Яна йиғладим. Бу дунёни ташлаб кета олмаслигимни, фарзандларим холи нима кечишлигини айтиб унга ёлвордим. Қиз яна бирозгина индамай турди-да, кейин,”биз яна бир марта келамиз”- деб жойидан турди.
Яна қоронғулик қарида қолдим. Аёлим, фарзандларим бемалол пишиллаб ухлаб ётишибди. Бўлган воқеа ҳақида яна сукут сақладим.
Аёллар жума куни ташриф буюришди. Бу гал қиз гапни калта қилди:
-Бас, етар, энди, кетишга тайёрланинг, бошқа баҳоналарингиз ўтмайди. Сизни олиб кетамиз.
Кўзларимдан дувуллаб ёш оқа бошлади. Қўлларимни кўтариб беихтиёр яратган Эгамга ҳитоб қилдим:
-О, парвардигорим! Наҳотки мен сенга шунчалар керак бўлиб қолган бўлсам. Шўрлик банданга яна озроқ умр берсанг бўлмасмиди. Бу дунёдаги ишларимни битириб, ҳузуринга шоду- ҳуррамлик билан борар эдим-ку. О, қодир ҳудойим! Мурувватингни дариғ тутма, илтижоларимни қабул эт.
Кўзларимдан ёшим ҳамон шашқатор оқар, бошимни эгиб олганман. Қизнинг овози эшитилди:
Ўзингиз биласиз! Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Бизлар энди бошқа келмаймиз. Яхши қолинг.
Эрталаб тетик холда кўзимни очдим. Иштаҳам очилган. Хотинимни чақирдим.
-Хотин,сут борми, бўлса опке, ичгим келаяпти.
Қувонганидан довдираб қолган хотиним пиёладги сутни қўллари қалтираб дастурхонга қўя олмас, бир оғиз гап гапира олмай нуқул йиғларди.
Йигирма кун деганида бутунлай соғайиб кетдим. Шифокорлар ҳайрон бўлганларидан фақат елкаларини қисишади, холос. Билдимки, яратгандан астойдил сўрасанг айтганингни берар экан. Тузалганимдан сўнг менинг ўлимимга атаб қўйилган қўйлардан биттасини сўйиб худо йўлига худойи қилиб юбордик.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |