“САЛТАНАТ ЭРТАКЛАРИ”

qamoqКутиш даври (Ҳажвиёт)

Радиодаги тунгги эшиттиришининг навбатдаги сони 

Ассалому-алайкум, азиз ва ширин болажонлар! “Салтанат эртаклари” эшиттиришини янги сонини бошлаймиз. Демак бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-яқин замонда, Тошкент деган томонда икки дарё оралиғида катта салтанат бор экан.

Салтанатнинг конституцияда 5 йиллик, хақиқатда эса 25 йиллик подшоси бор экан. Одатда чорак аср подшоҳлик қилиш учун одам билимли ва кўп китоб ўқиган бўлиши керак. Тирикчилик сабабли ёшлигини Сиёб бозорининг қовун-тарвуз расталарида ўтказган Олампаноҳ кўпам китоб ўқишни ёқтирмас экан. Аммо Госпланда ишлаган вақтларидан бери мажбуран китоб ўқишни бошлабди.

Айниқса бир шайтон ҳақида китоб унга роса ёқар экан. Китобда ёзилишича, ўша шайтон ён-атрофдагиларни ва умуман барча инсонларни икки гурухга ажратар экан. Биринчисига асосан яхши инсонлар, аммо шайтоннинг душманлари, ҳалқ орасида обрў-эьтиборга эга бўлганлар, шунингдек шайтондан кўра ақиллироқ ва қобилиятлироқ бўлганлар кирар экан.

Иккинчи гуруҳ эса барча бошқалардан иборат экан. Шайтон доимо иккинчи гурухдаги одамлар биринчи гурухга кириб қолмасликларига қараб турар экан. Шу билан бир қаторда бор кучини биринчи гурухдагиларга қаратар экан. Уларни чалғитар экан, иложи борича юриш-туришига ҳалақит қилар, охир оқибатда уларни йўқотишга ҳаракат қилар экан.

Китобдаги шайтон (Қашқадарёдаги Китобдан чиққан шайтон эмас, шайтон ҳақидаги китобдан чиққан шайтон) кунлардан бир кун салтанат тахтига ўтириб қолибди. Шу пайтдан бери унга шайтон амаллари анча осон кечадиган бўлибди, чунки СНБ, милиса ва бошқа шайтончалар унга тўғридан-тўғри бўйсинар эканда.

Тахтга яхшилаб ўрнашиб олгач, барча шайтон амалларидан қаматиш амалини ёқтириб қолибди. Бу ишдан хатто хузур хам қилар экан. Мободо бир неча кун бировни қаматмаса, ниманидур йуқотиб қўйган одам каби ўзини жуда карахт хис қилар, то алла-кимни қаматмагунгача ўзига келмас экан. Охир-оқибат қаматиш амалини устаси бўлиб кетган олампаноҳ ҳақида ҳалқ орасида турли миш-мишлар овоза экан.

Масалан, салтанатнинг 20 йиллиги муносабати билан шотирлари тайёрлаган хужжатли фильмни кўра туриб, 20 йил илгари уни қаттиқ танқид қилган собиқ Куйбишев райкоми биринчи секретарига фильмда кўзи тушиб қолибди. “Бу бола нима иш қилаябди?”,-деб ёнидагилардан сурабди. “Тижорат билан банд, пиво цехи бор” , -деб эшитгач, “Нега қамоқда эмас, 3 кун мухлатда қамалсин!”,-деб буйруқ берган экан.

Шундан сўнг ўзини анча енгил тортиб, 3 кун резиденциясидан чиқмай ароқ ичибди. Шотирлари эса 2 кунга қолмай ҳалиги бечорани ҳакиллатиб зиндонга тиқишибди, сўнг улар ҳам 3 кун ароқ ичишган экан. Олампаноҳ ўрнатган тартибга биноан шайтон салтанатида қамалиш амалидан сохит бўладиганлар бўлмас экан. Ҳеч ким ҳаддидан ошиб кетмасин деб ўзи ёнига олган Давлат маслаҳатчилари, навбатдан ташқари сессияларда ўзи тайинлаган ҳокимлар, турли соха вазирлари, эгаллаб турган мансабидан ўз ҳоҳиши билан бўшаган мулозимлар, хулласи барча-барча бир кунмас бир кун қамалар экан. Фақат узоқ ўлкаларга қочиб жон сақлаш мумкин экан.

Шундай қилиб барчани қамайвергач, қамалишга навбат подшоҳ қариндошларига етиб келибди. Бундан хузурланган шайтон аввал ўз жиянини 5 йилга жиннихонага жойлабди. Сўнг ўз божасининг, яни хотинининг синглиси оиласига нигоҳи тушибди. Буни сезган божа вақтни йўқотмасдан салтанатдан тум-тарақай бўлиб, қуённи уриб қолибди.

От ўрнини той босар деганидек, отасини ўрнига ўғли энг обрўли қамоқхонанинг энг чуқурдаги камерасининг тўрига жойлаштирилибди. Буни кўрган Олампаноҳнинг энг яқинлари, яъни чала ялонғочликда бир-биридан гўзал, бир-бири билан гаплашмас, бир-биридан паст келмас (бор бойлиги бўйича эмас, бўйи бўйича) қизлари холаваччаси қамалишига турлича изоҳ берибдилар. Йигитни хибсланишига ҳисса қўшган шайтоннинг катта қизи бу холатдан хурсандчилигини яширмас эмиш.

Чунки қамалган йигитнинг барча мулки форум фондининг фондига ўтиб, Париж томонлардаги Интерпол “арест” қўйган ҳашаматли уйларини ўрнини шундоққина босади, қўяди. Бу нарсадан кўп ҳам бехабар бўлган Олампаноҳнинг кичик қизи эса “Мени нега хамма диктаторнинг қизи деб атайди?”,-дея хайрон бўлиб юрар эмиш. Аммо шу кунларда ўзининг Женева кўлининг бўйидаги данғиллама вилласига полиция назари тушганини сезиб, ҳар эҳтимолга қарши бу уйни Тошкентдаги 2 хонали квартирасини сотган пулига олинганлиги ҳақида хужжат тайёрлашга киришиб кетибди. Олампаноҳ эса қамалишга кейинги номзод қидириш билан банд экан.

Чунки халқнинг бу масаладаги рисқини кесмаслик учун зудлик билан кимнидур кесиши шарт экан. Хамма кимга навбат келган экан, деб хаяжонда кутар экан. Демак, азиз болажонлар, биз хам сизлар билан бу масалани нима билан тугашини интизорлик билан кутамиз. Хозир эса ётиб дам олинглар. Алла болам, ухла болам….

Эртакни сизга етказган М.Мансур. Тошкент шахри 19.10.2013 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.