“Туронзамин” почтасидан

aldarkusaПахтамизнинг чаноғи ҳам тиллодир

ЎзРадионинг болалар учун “Салтанат эртаклари” туркумидан

Ассалому – алайкум, азиз ва ширин болажонлар! Икки дарё оралиғидаги салтанат ҳақидаги эртакларимизни яна давом эттиришга қарор қилдик. Бизни соғинган бўлсанглар керак, шунинг учун радио атрофида яхшилаб ўрнашиб олиб, қунт билан тингланглар.
Аввалом бор, азиз болажонлар, эртакдан олдин сизларга шу кунни долзарб янгиликларини етказмоқчимиз. Уларни баьзилари яхши янгилик, баьзилари эса ёмон хабар. Қайси биридан бошлай? “Яхшиларидан”,- дейсизларми? Маъқул. Энг яхши хабар шундан иборатки, салтанатда пахта йиғим-терим кампанияси қизғин давом этаябди. “Буни нимаси яхши?”, – дейсизларми? Тўғри айтасизлар. Тушунмаган, бефарқ ва умуман барча салтанат инсонлари учун бу ёмон хабар. Айниқса мамлакатдан қочиб кетган 4 миллион дангасалар учун.

Лекин Олампаноҳ, Бош Вазир ва улар атрофидаги турли фонд ва форумлар учун бу роса зўр нарса. Айниқса салтанат пойтахтида бўлиб ўтаётган ҳалқаро пахта ярмаркасида бир миллиард доллардан ошиқ миқдорда контрактларга қўл қўйилганини айтмайсизми? Бу миқдордан 10 фоизи “откат” қилинса, биласизми қанча бўлади? 15 фоизи “откат” қилинсачи? Айтишларга қараганда хозир “откат” 20 фоизга чиққан эмиш.

Бу фақат фондга ва форумга бериладигани! Сизлар эса пахта йиғим кампаниясини ёмон хабар деб ўтирибсизлар. Демак буни мисолида яна бир маротаба Президентимизни олиб бораётган тинчликсевар сиёсати ўз тасдиғини топаябди. Демак сиз билан биз мухтарам Президентимизни сайи-харакатларини ва ташаббусларини доимо қўллаб қувватлаётганимиз жуда тўғри экан.
Умуман пахта йиғим-терими билан боғлиқ янгилик ва хабарлар роса кўп. Улар деярли барча касб эгаларига тегишли. Саньат, маданият , спорт ва бошқа нарсалар билан қизиқадиганларга хам тегишли.

Масалан Чирчиқ ҳокими, спорт устаси Фурқат Хайруллаевни пахтага автобус таьминловчи транспорт корхонаси хўжайини Шухрат Набиев билан Президент кубоги учун қилган жанги миллий кураш мухлисларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Уч раунддан иборат бўлган ушбу жанг Чирчиқ ҳокимининг калла зарбидан бурни синиши билан тугади.

Яхшиям рақиби уни қулоғини тишлаб олмабди. Сурхондарё вилояти биринчилигида эса Қизириқ тумани хокими, 1-тоифали ҳакам Олим Алимардонов ўзи яратган спорт тури бўйича ҳаваскор спортчи, ёш фермер Ориф Рўзибоевни ўзини ва онасини мағлуб қилмоқчи бўлди. Ёш спортчи мағлуб бўлди, аммо онасига келганда ҳокимнинг секундантлари уни толиққанлиги туф айли рингдан олиб кетдилар. Мутахассисларнинг фикрича бунга унинг устози, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳақорат устаси Туробжон Жўраевнинг йўқлиги таьсир кўрсатди. Айтишларига қараганда бу устозни Олампаноҳ ҳар қандай мусобақалардан четлаштирибди эмиш.

Аттанг, тажрибали мутахассис эди. Умуман йуқ одамни ўрни мусобақаларда анча билинар экан. Масалан пахта териш спорти буйича Қорақалпоғистон биринчилигида ҳал қилувчи ўйинлар олдидан Тўрткўл жамосидан учта мусобақада қатнашувчи спортчи-фермерлар қамалишдан қўрқиб ўз жамоаларини ташлаб, Россия ва Қозоғистонга қуённи уриб қолишибди. Шу ҳам иш бўлдими? Яна эркак эмиш улар?

Намангандаги эмизакли болалари бор аёллардан ўрнак олмайсанларми? Учқўрғондагилар бешик-мешиги билан боласини кўтариб пахта тераябди. Фарғонанинг “Нефтчи” футболчилари эса машғулотларини тўғридан-тўғри пахта даласига кўчирдилар. Тўп ўрнига фартук, дарвоза ўрнига хирмон.

Нафақат футболчилар, қўшиқчи-ю раққосалар, олиму-врачлар, ёзувчи-ю чизувчилар, хамма-хамма далада. Айтишларича мусобақа қатнашчиларига маьлум имтиёзлар хам бор экан. Масалан пахтага чиқишга эринган мусобақа иштирокчиси буни ўрнига “қуруғи”дан ташлаши мумкин экан. Лекин хам пахтага бормасанг, хам йўталмасанг нақ лицензиянгдан ажраласанг. Ана энди тўйга бориб қўшиқ айтиб кўрчи. Маданиятсизлик Вазирлиги хабар беришича қўшиқчи пахта мавсуми тугагандан сўнг хам лицензиясидан ажраб қолиши мумкин эмиш.

Агарда мунтазам “қуруғи”ни бериб турмаса. Шу масалада баьзи болажонлардан савол тушди. “Гугуша” деган қўшиқчи нега лицензиясиз қўшиқ айтмоқда? У “қуруғи”ни берганми?”,- деб сўрашаябди. Савол берганлар қизиқ бола экан. Ахир одам ҳеч махал ўзи-ўзига пора берадими? Бошқа бу масалада оғиз очманглар, бўлмаса охири яхши бўлмайди…

Мана кўрдингларми, азиз болажонлар, қисқа эшиттиришимизда сизларга қанчадан қанча янгиликларни етказдик. Энди эса ётиб ухланглар. Эртага саҳардан пахтазорга чиқишимиз керак. Хали план тўлишига анча бор. Шунинг учун яхшилаб дам олинглар. Алла болам, ухла болам…
Эшиттиришни сизларга етказган М.Мансур. Тошкент шахри 18.10.2013 йил.

<span>%d</span> bloggers like this: