Башорат Эшова

bashoratҲаёт кундалигидаги ёзувлар (7)

Тошкентда яшаган вақтларимизда,  Зангиота АТС да ишлаб юрган кезларимда уйимизда телевизор эмас ҳаттоки радио ҳам йўқ эди .

Қўшнимиз кўчиб кетаётганида менга бир соат совға қилиб кетди ва ўша  соатдан фойдаланар эдик .

Бир куни инженер-техник Комилжон исмлик укам бошлиғимиздан илтимос қилиб, бир радиони менга арзонроқ нархда сотиб олиб бериб,  уйга қўйиб кетди . Энди болаларимнинг хурсандлигини мен сизларга айтиб, таърифлаб  беролмайман . У радио кечаси-ю  кундузи ишлайвериб ишдан чиқди . Отабек билан Шаҳло дарсларини индамай бажаришар эди,  лекин нимадур етишмаётганини мен ҳис қила бошладим.

Радио бузилди,  телевизор керак, бу бечоралар дунё воқеаларидан хабардор бўлишлари керак-ку,  деб ўйладим . Сабр қилиб неча йил яшаш  мумкун?  Юлдузнинг шуъласи кўринмяпти,  деб ўйлаб ,  болаларим кўриб турсин,  деб бир чайқовчидан  эскироқ  телевизор олдим.  У  ҳам мендан кетгунча,  эгасига етгунча экан бир ҳафта  ўтар-ўтмас бузилиб қолди . Эгасини топиб қайтариб бердим . Сўнгра  Чилонзор массивидаги  Оқтепа даҳасида яшовчи дугонам Гуляникига бориб, эски телевизорингизни менга сотинг,  деб ундан илтимос қилган эдим,  у пулингиз керак эмас,  тузатиб фойдаланаверинг,  деб қизи билан кўтаришиб, уйимизга ташлаб кетишди ва  битта чироғини алмаштирсангиз бас,  анча вақт кўриб турасиз деди .

Энди уста қидиришга тушдим . Қўшним Валентина эллик олтинчи домда Олег деган уста бор,  яхши тузатади,  ҳам бошқаларга нисбатан орзонроқ пул олади деди . Ўша Олегни топиб гаплашдим,  у кўриб битта чироғини алмаштириб берди ва менга майли сиз беш  юз сўм берақолинг деди,  дугонам Гуля ҳам бор эди.

Сўнг менга қараб туриб,  ўғлингиз неча ёшда деб сўраб қолди.  Бу кичкина ўғлим ўнинчи синфда ўқияпти,  дея  катта ўғлим Улуғбек хақида хукуматимизнинг бизларга қилган адолатсизлиги ҳақида ҳикоя қилиб бердим .

У киши ўйланиб туриб ,  “мени бир СНБ  дўстим бор,  ўша дўстим билан сизни таништириб қўяман”, деди .

Мен, Олег, сиз у кишини  анчадан бери танийсизми,  деб сўрадим.  У, ” ҳа,  мен ярим ставкага СНБ да ишлайман,  уларнинг подвалида бузилган ускуналарини тузатиб бераман”,  деди.

Бир куни ўша дўсти билан мени таништириб қўйди.  Паст бўйлик,  қоп-қора,  кўзлари жуда ёмон,  ориқ,  тепакал одам экан.

Мен 1952 йилда туғилганман исмим Ғофир,  тўрт нафар фарзандим бор,  худо ҳоҳласа яна икки йилдан сўнг қарилик нафақасига чиқаман,  деди у . Мендан ўғлим ҳақида бўлган воқеани сўраб- суриштириб бўлганидан сўнг,  ўғлингизни туғилган йилини,  исми шарифини ва қачон биринчи бор судланганлиги ҳақида ёзиб  беринг, деди .

Мен у кишининг  кўзларидан ёмон одамлигини сездим,  балки мен адашаётгандирман,  деб таваккал қилиб ёзиб бердим. У киши ” сиз уч кун кутиб туринг,  мен ўғлингиздан хат олиб келаман”,  деб кетди ва айтганидек уч кундан кейин менга хат олиб келди .

– Опа, ўғлингизни  кўрдим,  сизни саломингизни унга айтдим,  уни аҳволи жуда ёмон,  сиз менга пул берар экансиз,  ўғлингиз айтди, – деди .

Ўғлимни тириклигини ўзим ҳам билар эдим, лекин тирик экан, дегани учун хурсанд бўлиб,   хатни ўқиб ўғлим ёзмаганлигини сездим .

Бу хатни ўғлим ёзган эмас . Ўғлимни хати бир текисда ёзилади, уни қўли жуда чиройлик ёзади ва хат ёзаётганида биринчи мендан ҳол-аҳвол сўрайди,  кегин Отабекдан ҳол-аҳвол сўрайди ва Отабек укам,  уйнинг каттаси сен бўлиб қолдинг ойижонимни айтганини қилгин,  деб сўнг мени жажжи эркатой синглим Шаҳлога,  деб ёзар эди.  Бу ерда ҳеч кимнинг исми кетирилмаганку,  бу унинг хати эмас,  лекин катта ҳарфлар билан, ” ойи,  сиз шу кишига пул бериб юборинг”,  деб ёзилган.  Мен бу хатга ишонмайман,  деб хатни йиртиб-йиртиб ташладим.   У  киши уялмасдан,  безрайиб туриб менга пул бермайсизми,  дейди, яна .

Мени ахмоқ деб ўйлаяпсизми,  адашасиз дедим ва йўқолинг бу ердан,  деб бақириб кетдим. Менга қараб тиржайиб турган совуқ башарасини ҳали ҳам унутганим йўқ .

Бир куни Олегни кўриб қолиб,  ўша Ғофирни фамилияси ким,  деб сўрадим.  Қодиров Бухоролик деди . Мен бошқа у кишини сира кўрмадим .

Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда бировнинг бошига иш тушганда ИИВ, СНБ сингари кучишлатар тизимлардагилар, суд-прокуратура идоралари ходимлари порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа турли йўллар билан моддий манфаатланиш учун ҳаракат қилишлари одатий тусга кирган.

Мендайин қўл учида кун кўраётган бир аёлданки пул сўрашга уялмаган кимсалар, бошқаларни қандай кунга солишлари мумкин тасаввур қилаверинг.

Zamondosh.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.