Ўзгармаган мавзулар

ЯНА БИР БОР ЎЗИМИЗ ҲАҚИМИЗДА

Антиқа халқмизда, ишонасизми йўқми? Атрофга назар ташланг, ҳаммаёқда ишга таклифлар, аллақандай юқори даромадли фирмаларга ёлланиш ҳақидаги рекламалар, аммо шунга қарамай ҳамма юқори малакали мутахассислар мардикор бозорларида, ҳатто буюм бозорларида аравакаш. Шунга қарамай тинимсиз ҳаётимиз гўзал, келажагимиз буюк ва энг даҳшати биз ҳаммадан бахтли, мустақил аросатлармиз деб, ҳурсанд бўламиз.

Дарвоқе мустақиллигимиз ҳақида. Ҳар йил мана шу “ютуғимиз”ни байрам қиламиз, газеталаримизда ҳам, телевидение ва радиоларимизда ҳам айни иборага алоҳида урғу бериб, ўзгача бир “ғурур” билан ёндашамиз. Аммо, худди ўша собиқ иттифоқдаги каби қаттиқроқ гапиришдан қўрқамиз, кес деса кесамиз, буз деса бузамиз, ур деса урамиз, қоч деса қочамиз… У шаҳардан бу шаҳарга эркин кўча олмаймиз, бир хонадонга қиз сўраб эркин бора олмаймиз, ўғил-қизларимиз истаган жойидаги институтда ўқий олмайди, биз учун кимлардир хулоса чиқаради, кимнингдир кайф устидаги қарори туфайли яшаётган уйларимизни бузиб, ўрнига ҳеч кимга керак бўлмаган кўприклар қурамиз, кенг ҳовли ўрнига товуқ катагини эслатувчи дўмларга чиқиб олиб ҳам, мустақиллик ҳақида лофлар тўқиймиз…

Ўзбекистон ҳақида шеър битиб, бир шоир “ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон, достонларда битган гулистон, Ўзбекистон дея аталур”, деб ёзган эди, эсласангиз. Мундоқ атрофга қарангчи, ўша бўстондан бирор аломат қолдимикан, умуман нимадир қолибдимикан. Газ, нефт, буғдой мустақиллигига эришганмиз, аммо дўконларда Қозоғистон унини кўрмасак нон ёпмаймиз, бензинни худди Америкадан сотиб олгандай Жаҳон бозори нархларида сотиб оламиз, газ ҳақида эса Андижонда ўн бир ёшдан-ўн беш ёшгача бўлган янги авлод вакиллари умуман тасаввурга эга эмас, улар учун бу пойтахт Тошкентдаги буюк синоат. Ҳар сафар ота-онаси билан пойтахтга меҳмонга келса бечоралар соатлаб ўша “газ” отлиғ мўжизани томоша қилишади, сўнг уйига қайтгач синфдош дўстларига сўзлаб бериш учун.

Кўча кўйда, байрам тадбирларида таъзимимиз ерга қадар, уйга киргач эса кўзимизни яширарга жой топа олмаймиз. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаб майдонлар ясадик. Уларнинг номларини абадийлаштириш чораларини кўрдик, аммо тирик қолганларини унутдик. Ҳаётдан кўз юмган уламоларимиз ҳақида, уларнинг доно ўгитларини авайлаб ёш авлодга етказиш керак деб куюнамиз, аммо ҳали ҳаёт бўлган донишмандларимизга ҳатто ўз вақтида нафақа пулини етказиб бера олмаймиз, ўтиб кетганлар учун миллионларга ҳайкаллар бунёд этамиз, тирикларининг эса нафақасини ҳеч бўлмаса юз минг қила олмаймиз.

Биз ниҳоятда кечиримли халқмиз, ҳатто уришса ҳам, тепишса ҳам борингки, меҳмонга борган фарзандингизни темир тобутда қайтаришса ҳам кечирамиз, “иттифоқдош” дўст бўлиб оламиз, улар учун уйларимизнинг тўридан жой кўрсатамиз, қолганини ҳам олинглар, биз бойиб сизлар қолиб кетманглар деймиз. Ўн етти йил давомида орттирган билимимиз, эришган ютуқларимиз остонамиз олдидаги чироқни нормал ёнишини таъминлай олмайди, аммо дунёга тенглашдик деб, дўмбира чаламиз. Қишда уй ичида чопон кийиб ўтирамиз, аммо иссиқликни таъминловчи идора вакилларига индамай, жилмайганча, хижолат бўлиб ақчасини тийинигача тўлаймиз.

Ўтиб кетган даражада ялқовмиз, аммо учраган одамга ўзимизни ўта ғайратли, журъатли қилиб кўрсатамиз. Ўлгудай қўрқоқмиз аммо, даврада ҳеч кимга сўз бермай нақ ҳўв теппани ҳам обдон “пармалаймиз”. Дам олгимиз келса ишга югурамиз, дам олиб чарчагач иш қилгани уйга қайтамиз. Айниқса теппада ана шундай манзара, ишга борганда бизнинг тўралар дам олгани, оёғининг чигалини ёзгани, айш қилгани боради, уйга қайтгач эса … Оддий фуқаролар ҳам бугун уй ичидаги ташвишдан қочиб ишга боради, ишхонада дам олади, тушлик пайтигача дам олади, тушлик вақти ўтгач, уйга қайтар пайт яқинлашгани сари яна ташвиш уни эгаллай бошлайди, уйга нимадир кўтариб бориш ташвиши…

Антиқалигимизнинг яна бир мисоли, биз йўлларни теккислаш, равонлаштириш ўрнига ўша кўчалар ҳақда унутиб қўяқоламиз. Ҳурмат қилсак ҳам ҳеч қайси миллатда учрамайдиган кўринишда ҳурмат қиламиз. Бизнинг урфимиз бўйича биз фақат бизнинг фикрни маъқулловчиларни ҳурмат қиламиз, маъқулламаса уни бутун мамлакатимиз билан бирга, жипслашган ҳолда ёмон кўрамиз. Чиройли давра қуриб, чиройли гурунгдан кўра, кимнидир ғийбат қилиб, фитна қилиб, биров ҳақида шум сафсаталарни тарқатишдан мириқамиз, лаззат оламиз, ҳатто бир ярим граммга семирамиз. Бутун Европа ва Ғарб биздан, ана шу тарзда холестеринсиз семириш йўлларини ўрганса бўлади, раҳбар фамилиямизни адашиб тилга олгудай бўлса, ўша заҳоти нақ 10 килога озиб кетамиз, ҳеч қандай тренажер-пренажернинг кераги йўқ.

Қашшоқ бўлишимизга қарамай нақадар роҳатбахш ҳаёт кечираётганимиз ҳақида қасидалар битамиз, эпослар ёзамиз, гирялар тўқиймиз, уст бошимизга кийганимиз етти ямоғли эканини била туриб, биз энг бой (?) кўп нарсаларни ўз кучи ва қудрати (??) билан эришган мамлакат аҳлимиз деб ғурурланамиз. Шундай вилоятларимиз борки, аёллар қишда ҳам ёзда ҳам шиппак кийиб юришади, эрлар эса целофан устидан ковуш кийиб тирикчилик пайида кўча кезади. Пойтахтда эса кимсан энг каттанинг арзандаси аёллар либослари бўйича томошалар уюштиради, энг кўркам бўлиш сирлари ҳақида журналлар чиқаради, Тошкентдан ўн-ўн беш километр нарироқдаги қишлоқ аҳли етти ухлаб тушида кўрмаган либослар савдоси билан шуғулланади, ўзбекнинг чўнтаги кўрмаган нарҳларда…

Баъзан “бас” деб девор муштлаймиз, ўзимизча қовоқларимизни осволиб бир нималарни ғўдранишга тушамиз, аммо шундай бўлсакда, негадир ўтиб кетган даражада сабрлимиз. Дунёда ҳеч бир халқ шундай сабрга эга эмас. Биз ҳатто сабр косамизни аллақачон тўлдириб бўлган катталарга нисбатан сабрли бўлишда ҳам чунонам тоқатга эгамизки, бу ҳақда достонлар битса арзийди. Ич-ичимиздан кўролмасакда улар учун шеърлар битамиз, ич-ичимиздан ёмон кўриб шаънига сўкиниб турсакда, бир бора жилмайиб қўйишига зормиз, ёнидан йироқлашаётганимизни сезсак тунларимизни бедор ўтказиб, қийланиб чиқамиз, эртасига эса “информацион ҳуруж”, “теппадан ёғилаётган доно ўгитлар”, “ҳурматли юртбошимиз Қундузбобо эртаклари” ҳақида оташин сўзлар айтиб йўқотилган “имконият”имизни тиклашга киришамиз, “кириша”миз кетгани боисидан бўлса керакда а?..

Аслида ҳаммамиз учун, яшириб нима қилдик, ҳаммамиз учун теппадагиларнинг ҳар бири худди тўшагимизга тўкилган ушоқ кабидир. Қанча ўша ушоқни кўрпадан сидириб ташлашга уринманг, ётганингизда барибир белингизга ботади, барибир ғашингизни келтириб уйқуингизни қочиради. Яна ўрнингиздан туриб кўрпани астойдил қоқасиз, ҳатто анави чанг ютгичлар ёрдамида у ёқ-бу ёққа ғир-ғирлатиб оласиз ҳам, БЕФОЙДА! Худди тишларимиз орасига кириб қолган гўшт қолдиғидай, қанчалар симирманг туфлаб ташлаш амримаҳол. Аммо шундай бўлсада улар кўриниш берса йўлларига паёндоз бўламиз, қўл чўзса ўпишга ошиқамиз, қош қоқиб қўйса эшшак бўлиб миндириб олишга тайёрмиз, аммо улар кетгач эса кетидан, нақадар улардан тўйганимиз ҳақда дардлашишга тушамиз.

Сўнгги ўн-ўн беш йил ичида эришганимиз энг катта ютуғимиз шу бўлдики, биз асло ўйламайдиган халққа айландик, мутлақо ўйлашни унутдик, ланж бўлиб қолдик. Айниқса фарзандларимиз мутлақо ўйлаш нималигини, мушоҳада нималигини билмайди, оғзига келганини бидирлайди, худди анави номи “улуғ” радиодаги каби. Аммо ҳаяжонланишдан худо бизга берган, эҳҳе… Чунонам ҳаяжонланиб қўямизки, қўяверасиз… Икки соат бемаза, мантиқсиз мавзулар масаласида ҳаяжонга берилсак бас, икки кун қон босимимиз ошиб ҳаракатлана олмай қоламиз. Билишимча, энг юқорида ҳам шу аҳвол экан. Катта стол муштласа бас, ҳамма шу заҳоти ҳаяжонга берилиб кетар экан, масала гўё аниқ бўлгач эса, уч кун-тўрт кунлаб ҳаяжон эгалари ўзларига кела олмай юрак ушлаб юришармуш. Бизданда улар ҳам, шунинг учун ўшандай… тағин билмадим… Балким, уларнинг ҳаяжони билан халқ ҳаяжони ўртасида фарқ бордир…

Антиқа халқмиз, айниқса шу кунларда антиқалигимиз яққол кўзга ташланади. Нимада дейсизми? Мана бир мисол, биз сўнгги кунларда Ғарб ва Европани жон-жонимиздан ёмон кўра бошладик, имкон топдик дегунча уни ёмонлашга, баъзан ҳақоратлашга, борингки, Йўлчининг (Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” рўмони қаҳрамони) лопаткаси остидан янги узилиб чиққан паҳсанида ўша томонларга шартта улоқтиришга розимиз. Аммо, ана шу шижоатимиз ортидан Европа ёки Ғарбга тақлидан ҳаёт кечирамиз, ўшаларга тақлидан уйланадиган ҳам, ўшалар каби отаси ноаниқ фарзандлар туғадиган ҳам бўлдик. Уларни кўргани кўзимиз йўғ-у, аммо катталаримиз фарзандлари ўша ерда ўқимаса бўлмайди, ёзда бир маротаба бўлсада ўша томонларда дам олиб қайтмаса ярашмайди, борингки, ейишимиз ҳам, ичишимиз ҳам ҳатто … ҳам ўшалар каби, ана шу даражада ёмон кўрамизда, ахир.

Динимиз, пайғамбаримиз, азиз авлиёларимиз, аждодларимиз деб кўкрак урамиз, уларни ҳатто пуллик ҳожатхона очилиши маросимида ҳам бирров эслаб ўтишга интиламиз, аммо уларнинг ҳаёт тарзи, ўгитлари, буюрган нарсаларини имкон қадар эсламасликка ҳаракат қиламиз. Буларнинг бари биз учун ортиқча машмашадай. Мусулмонлармиз деймиз, ҳатто балант минбарлардан туриб Яратганнинг номини ҳам тилга оламиз, аммо амалга келганда худо қалбда бўлиши керак деб, Унга эмас, бандасига сиғинамиз. Аллоҳнинг буюк неъматини, яъни жаннатини ўзлаштириб олиб, бирорта мевали дарахт қолмаган диёримизни унга менгзаймиз, худди ўша жаннатда яшаётгандай гердаямиз, ҳамма ёққа кулгу бўлсакда бу ҳақда жар соламиз, аммо негадир ўлган одамга дуо қилаётиб “борган жойинг жаннат боғларидан бўлсин”, деймиз.

Мантиқ йўқда, ахир жаннатдан кетса мантиқ бўйича дўзахга борилади, бизда эса… Дунё мусулмонлари икки дунё саодатини, яъни икки дунёда ҳам жаннатда бўлгандай бўлишни истаса, биз уни ўзимизга яратиб олдик. Дуоларимиз ҳам шу боисми, бироз мантиқсизроқ, имомларимиз диндорлар сони ошиб кетмаслигини жиддий назорат қилаётганларнинг ишларига муваффақият сўраб дуо қилади, оддий деҳқон унингсиз ҳам давлат тортиб олаётган дон бу сафар сермаҳсул бўлсин деб сўрайди, солиқчи тижоратчи ва тадбиркор кўпайсин деб дуо қилади, зеро бу унга қўшимча даромад олиб келади, мелиса юлғич кўпайсин дейди, зеро бу унга қўшимча унвон беради, шифокор беморнинг кўпайишини истайди, зеро унинг жисмига пичоқ тортса пул ишлайди, тортмаса фарзандлари оч қолади, прокурор … хуллас ана шундай…

Азиз авлиёларимизни уларнинг ўгитларини онда-сонда бирор жойда маъруза қилсак эслаймиз. Шаҳаримизни атиги бир йилга, ҳеч бўлмаса мана шу бир йил диндорлар тинч яшасин деб, Ислом маданияти маркази дейишган эди, эҳҳе, берди Худо, дарҳол биз “Умумжаҳон Ислом маданияти пойтахти”миз деб жар солдик, ҳатто бир думалаб Макка ва Мадинадай бутун дунё мусилмонларининг маънавий ва маданий марказларини ҳам ортда қолдирвордик, нима қипти… нима у шаҳарлар Тошкент олдида… Ҳадисдан мисол келтиришимизни кўрсангиз эди, биз ундаги ўгитларни танлаб-танлаб ишлатамиз. Масалан, “подшо Худонинг ердаги соясидир”, деган жойларини бирам кўп такрорлаймиз. Аммо, энг катта жиҳод ўша подшога ҳақиқатни шартта айтиш, деган жойларини “конституцион тузумга тажовуз”, деб қабул қиламиз, шу боис бўлса керак Ҳадислар савдосини кескин қисқартириб ташладик. Ну и что, зато кимсан, Ислом маданияти пойтахтимиз… мунофиқликни қаранг…

Антиқа халқмиз, бизнинг туйғуларимиз ҳам антиқа, аниқроғи ноаниқ. Биз ё свевамиз, ё аксинча. Ахир ўзингиз бир эътибор беринга, “тушун сени соғиндим ёмон”, “хотиним чунонам мазали овқат пиширибди, ж…б”… Сўнгги мисолдаги, энг сўнгги ибора бугун бизда ассалому алайкум ўрнидаги энг оммавийлашган ибора. Шундан келиб чиқиб бир мушохада қилсак, “ёмон соғиндим” дегани нима дегани, нима соғинишнинг “яхшиси” ҳам борми? Агар бор бўлса қайси бири чиройлироқ? Анави одамнинг турмуш ўртоғи мазали таом тайёрлагани учун ўша номга муносиб бўлдими, ёмон овқат тайёрласа демак покиза бўлиб қоладими? Ҳамма нарса ана шу кўринишда, севсак “ёмон” севворамиз, ҳурмат қилсак демак “ж..б”лар даражасида ҳурмат қиламиз, шу боис бўлса керак ўзимиз ҳам бир ёмон бир … майли мавзуни давом эттирмай қўяқолай…

М.Иброҳимов.

2008 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Shu kunning gaplari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s