Абулфайз БАРОТОВ

barotov«МАНИФЕСТНИ МЕН ЁЗМАГАНМАН»

Илгарилари «Думалоқ хат» ёзиш «урф» эди. Ана шундайлардан бири бутун туманнинг тинчини бузарди. Анонимчининг кимлигини раҳбарлар тахминан билишарди. Аммо қўлга тушмаган ўғри-ўғри эмас-да. Ниҳоят, раҳбарлар маслаҳатлашиб шундай фикрга келишди: «ариза бериб қўйганига анча бўлган, партияга қабул қилайлик уни. Балки шундан сўнг коммунистик виждони қийналиб, «думалоқ хат” ёзишни бас қилар …»
Унга буни айтмай бюро йиғилишига таклиф қилишди. Райкомнинг биринчи котиби уни қўллаш мақсадида осон савол берди:
– Айтингчи, «Коммунистик партия манифести»ни ким ёзган ?
Нима мақсадда ўзини бу ерга таклиф қилишганига ақли етмай ўтирган анонимчи бу нотаниш сўзни эшитиб, жон-пони чиқиб кетди.
– Худо шохид, уни мен ёзган эмасман!
Райижроқўм раиси тонг сахардан чорвачилик хужаликларини айланиш учун чикиб кетиб, эндигина кайтган, қаттиқ чарчаганидан президумда мудраб ўтирарди. У анонимчининг «мен ёзган эмасман» деган гапини эшитиб қолди-да, ҳой-наҳой гап «думалоқ хат» устида кетаётган бўлса керак деб ўйлаб, шоша-пиша луқма ташлади:
– Шу аблах ёзган уни, ундан бўлак ит ёзармиди.
Гурр этиб кулги кўтарилди. Вазиятнинг бу томонга айланиб кетганлигини кўрган биринчи котиб тезда бюрони тўхтатади-да, анонимчига кейинги бюрога яхшилаб тайёргарлик кўриб келинг деб, жавоб берди.
Бюрода иштирок этган туман ички ишлар бўлимининг бошлиғи бу масалани ўзича ҳал қилмоқчи бўлди. Анонимчини кабинетига олиб кириб, сўроққа тутди:
– Манифест деганини ёзганингни бўйнинга оласанми ё йўқми?
Бечора анонимчи йиғламсираб ёлворди:
– Айтдимку ахир, уни мен ёзган эмасман деб.
Бошлиқ «фаоллашиб» кетди. Қинидан тўппончасини чиқариб, қундоғи билан анонимчининг бўйни аралаш елкасига туширди.
– Аблаҳ, иштонсиз муаллим! Бутун туманни алғов-далғов қилиб, раҳбарларнинг обрўйини тўкаётган сенсан. Ёзганингни бўйнинга оласан, ё мен сени қамокка тиқаман.
Қўрқиб кетган анонимчи «айбига иқрор» бўлди.
– Ёзган бўлсам ёзгандирман, қайси бири эсимда бор, -деди ҳиққилаб.
Ички ишлар бошлиғи қувониб кетди ва райкомнинг биринчи котибиги қўнғироқ қилди:
-Ака тан олди. Ҳалиги ман… манифест деганини шу ҳароми ёзган экан.
Биринчи котибнинг жони халқумига келди.
– Тан олдирмай ўл, лаънати. – Даров қўйиб юбор уни.
Барибир бу воқеа ошкор бўлиб, анча-мунча гап-сўзга сабаб бўлган эди.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.