Нуқтаи назар

duppiОрзу қилиш учун ҳам фармон керак

Яқинда Россия телевиденияси қалбни тўлқинлантириб юборгувчи кўрсатув намойиш этди. Унда машхур қўшиқчилар, миллионер шахслар, шифокорлар, телевидение ходимлари ва ҳатто театр ва кино усталари эзгуликнинг энг гўзал нуманасини намоён этишди. Дастлаб, шу ҳақда икки оғиз тўхталиб ўтсам…

Телевидение ўша кўрсатувда оғир хасталикка чалинган, ногирон ва эртанги кундан умиди узилган одамлар хонадонларини айланди. Даволаб бўлмас хасталикка чалингани боис, бу одамлар ўзларича алланималарни орзу қилиб, ҳаёт билан видолашиб кун кечирар эканлар. Кўрсатув давомида ана шу одамларнинг ҳеч бўлмаса охирги куни байрамона ўтсин учун орзуларининг ушланишига ёрдам кўрсатилди.

Бир чекка қишлоқда истиқомат қилувчи қиз оғир хасталикка чалингани боис. сочлари тўкилиб кетган экан. Кўчада юролмайди, ҳатто ўз онаси-да ундан воз кечган экан. У билан суҳбат қурилди. Қизча онаси қайтишини, яна узун сочли қизалоққа айланиб, гўзал шахзода билан бирга мухташам ресторанда тушлик қилишни, бирга рақс тушишни орзу қилишини айтди.

Эрталаб қизалоқ уйғонганида уни ўз онаси табассум билан қарши олди. Телевидение ходимлари гўзал либос олиб келиб қизалоқни кийинтиришди. Махсус парик кийдириб узун сочли маликага айлантиришди. Ташқарида эса, қиз орзу қилганидай қизил рангдаги узун лимузин турарди, унинг ичи жимжимадор безалган. Лимузинни эшигини барно йигит очди, қизалоқни ичкарига таклиф қилиб, йўл давомида унинг учун қўшиқлар куйлади, мухташам ресторанда у билан тушлик қилди. сўнгра бирга рақс тушди. Бу одам аслида ўта бадавлат тадбиркор бўлиб, бир кунини қиз учун бахшида қилди. Баъзан тўйни хашаматли ўтиши учун лимузин ёллайдиганлар бу машинанинг ижараси соатига неча пулни ташкил этишини билишади…

Бир шифохонада умуман юра олмайдиган, нормал гапира олмайдиган, деярли тирик мурдага айланган йигитчани кўрсатишди. Йигит таниқли қизиқчи билан учрашиб сухбат қуриш ниятида эканлигини айтди. Тўғри, қизиқчи кела олмади, чунки у ўша куни ҳорижда гастролда экан, аммо йигит учун видео тасма юборди, унда йигитга аталган салом ва сара хандалар бор эди. Йигит чунонам хурсанд бўлдики, асти қўяверасиз. Ана шу бахтиёрлик табассуми билан йигит ҳаётдан кўз юмди.

Бир қишлоқ фуқароси оғир хасталикка чалинган экан. Шифокорлар унинг соғайиши борасида умид йўқлигини айтишгач, шўрлик хаста бир умр Кремл ёнидаги “Қизил майдон”ни кўришни орзу қилиб яшаганини айтиб эзилди. Эртасига эса, телевидение ходимлари уни Москвага олиб келишди. Майдонни обдон айланди, энг гўзал мехмонхонага жойлашди. Мехмонхона раҳбарияти люкс хоналардан бирини ватандошига бўшатиб берди, текинга хизмат кўрсатилди. Икки кун давомида тўйиб-тўйиб майдонни айлансин учун, ҳукумат мулозимлари имконият яратиб берди. Москвадан қайтгач, шўрлик хаста бахтиёр ҳолда ҳаётдан кўз юмди…

Бунақанги мисоллардан эҳҳе қанча кўрсатилди. Кўрсатувни кўрар чоғи, беихтиёр кўзим намланди, шўрлик ўзбекнинг орзуси ушланиши учун хисса қўшишга тайёр ҳатто бирор фарзанди ҳам йўқ. Бутун бошли ОАВ ҳам, чўнтаги озми-кўпми даромад кўрган бойваччаси ҳам, борингки актёру қўшиқчиси ҳам фақат битта одамнинг орзуси учун тер тўкади. Битта одамнинг. Қолганларда орзу йўқдай гўё… Қолганлар одам эмасдай гўё…

Халқимиз шу кунларда уйлари салгина бўлса-да иссиқ бўлишини истайди, газ яна ҳеч бўлмаганда бир сантиметрга кўтарилиброқ узатилишини истайди, кун давомида ўчиб кечга яқин атиги икки-уч соатга ёқиладиган чироқлар ҳеч бўлмаганда байрам кунлари мутлақо ўчмаслигини орзу қилиб яшайди. Бир ўйлаб кўринг, бутун дунёда одамлар қандайдир саёҳатларни, пойтахтидаги майдонларни, қизиқчи ёхуд қўшиқчилар билан бирга кун ўтказишни, яна алланималарни орзу қилса, бизникилар бор йўғи айтиб ўтганларимни орзу қилади. Бошқа нарсаларни орзу қилишга уларда ҳатто тасаввур етишмайди…

Ўзбекистон қишлоқларидаги болакайлар ҳам Тошкентдаги ким учун қурилгани номаълум қолаётган боғларда ўйнаб келишни орзу қиладилар, балким. Аммо ҳозир уларнинг орзуси пошнаси мустаҳкамроқ туфли кийиш, қўллари ва юзларидаги шўрларни, ёриқларни йўқотиш ва чиройли ўйинчоқларни ўйнаш… Оталари эса бирор марта бўлса-да уйига нималарнидир харид қилиб, дадил кириб келишни орзу қилади. Оналари хомиласи етишган чоғи қўрқмай касалхонага боришни ва у ердан ярим хаста бўлиб эмас. Соғ-саломат, паҳлавон чақалоқ билан қайтишни орзу қилади.

Баъзан, анави Олий Мажлис деганлари биносига кириб ўша ерда кундан-кунга семириб, ўриндиқларга сиғмай бораётган депутатлар билан халқ ўртасида очиқ мулоқот ўтказилсайди, деб орзу қиламан. Шундай мулоқотки, анави халқ “душман”лари, яъни милиция, СНБ, прокуратура, ҳокимликлардаги югурдаклар аралашмай, улар ҳатто яқин йўлатилмай уюштирилган учрашув бўлса… Президент ва унинг оила аъзолари, вазирлар ва уларнинг оила аъзолари, суд, прокурор, солиқчи, божхоначи, снбчи ва хоказо тўралар ҳеч бўлмаса бир ойга оддий халқ билан ўз хонадонларини алмашсалар эди, деб орзу қиламан…

Халқ мана неча йилки битта орзу билан яшайди. Йўқ, жаноб миллат кушандалари, президент ва сиз айтаётган қанақангидир буюк келажакни эмас, сизларнинг ҳаммангиз бир кун тўсатдан, худди (тавба қилдим, тавба қилдим…) туркманбоши сингари… Аслидаку туркманбоши оз бўлсада халқи учун нимадир қилди. Ҳар қалай оқсоқоллари соқолли, кўчалари ва уйлари чироқли, сув, газ, туз, жамоат транспортлари текин… Ўзи учун текин эмас, халқ учун. Халқ деганда шўрлик раҳматли ўз атрофидаги ғуломларини эмас, туркман халқини тушунгани ҳам хавас қилса арзигулик… Туркман халқи қандай билмадиму, аммо ўзбеклар туркманбошининг вафотидан анча қайғуришгани бор гап…

Бир воқеа ёдимга тушиб қолди. Талабалик пайтларим эди, қишлоқлик бир оғайнимизнинг ёнига, қариндоши, ўн икки-ўн уч ёшли болакай келиб қолди. Бояги болакай Тошкентга иш топиб беш ўн сўм ишлаш учун келган экан. Биз ёш ғамхўрга хавасимиз келди. Зеро, у оиласи учун пул топай деб келган деб ўйладикда. Кейин билсак, йигитча топган пулига копток сотиб олиш ниятида экан. Унинг айтишича, копток ўйнаб футболчи бўлса. худди Бекхем, Зидан, Рональдиниоларга ўхшаб бой яшармуш. Шунда оғайним, Ўзбекистонда бой яшаш учун ё ҳоким бўлиш керак ёки вазир деди.

Бояги болакай чунонам хафа бўлиб кетди, зеро у нега оддий футболчи бўла туриб бой бўлиш мумкин эмаслигини тушунмас эди. Ҳоким бўлақол сендан нима кетди десак, ҳокимни халқ ёмон кўради, вазирни ҳам, мен халқ ёмон кўрадиган эмас, худди Бекхем, Зидан, Рональдинио сингари халк севадиган инсон бўлмоқчиман. Устига устак бой бўлмоқчиман, деб жавоб қилди. Шу болакай ҳам орзулари ушланмай яшаяпти.

Ҳўв Россияда, Қозоғистонда, Тожикистон ва Қирғизистонда, борингки дунёнинг бошқа бурчларида дарбадар юрган миллатдошларимиз ҳам, аслида бу катталаримиз ақли калталик қилиб ўйлаётганларидай мўмай даромад эвазига кимнидир ағдариш ёки кимгадир тенглашиб олиш учун эмас, кун ўтказишга етарли сармояга эга бўлиш учун юрибди. Уларнинг ҳам ўзига яраша орзулари бор, аммо бу орзулар одатда Россиядан қайтар чоғи Қозоғистон чўлларида ва ниҳоят Ўзбекистон вокзаллари ва аэропортларида йўқ бўлиб кетади. Орзулар таланади…

Орзулар ҳам таланарканми, деб хайрон қоларсиз. Ўзбекистонда орзулар нафақат таланади, отилади, тепкиланади, зўрлар томонидан ўзлаштирилиб олинади, жиловланади, қамалади, қийноққа солиниб ўлдирилади, хуллас йўқ қилинадида. Ўзбек орзу қилиши учун ҳам президентнинг махсус фармони керак, худди бугун Қурбон ҳайитини байрам қилиш ҳақида фармон чиққани каби, кейин вазирлар маҳкамаси бу фармон бўйича низом ишлаб чиқиши керак ва ниҳоят жойлардаги идоралар масъуллари буни назорат остига олиши керак. Акс ҳолда билиб бўладими кимлар, нималарни орзу қилиб юборишини. Бу ўта хавфли масала…

Ана шунақа гаплар…

М.Иброҳимов.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s