Оддий воқеалар

adabiyot“БЕЛИНГИЗНИ ҚИМИРЛАТИБ, КЎЗЛАРИМГА ТИКИЛИНГ”

“Ойда-йилда бир бозор,уни ҳам ёмғир бузар.”
Ҳалқ мақоли.

Ўзбек кино ижодкорлари маҳсулоти – “Тоғлик куёв” бир неча йиллардан бери телеэкранларда қайта-қайта намойиш қилинган бўлсада, уни шу кунгача кўрмаган эканман. Яқинда фильм яна телеээкранларда пайдо бўлди. Тоғнинг куёвлари қанақа бўлар экан деб, ёнбошлаганимча иккала кўзимни телевизорга тикдим. Чунки каминаи камтарин ҳам тоғда ўсганларданмиз. Айрим урф-одатларимизда бошқа жойлардагидан бироз фарқимиз бўлмаса, бошқасининг бари рисоладагидек бир-бирларига ўхшаш.
Кинода шаҳарда яшайдиган икки қадрдонлардан бири иккинчисиникига меҳмон бўлиб борганида уй эгасига шундай дейди: “бизда ўғил бор, сизда қиз бор экан, қуда-анда бўлсак, дўстлигимиз риштаси қариндошликка айланиб, муносабатимиз янада мустаҳкам бўларди-да. Бу гап мезбонга маъқул келиб, бўлғуси келинни кўришни ихтиёр этган меҳмоннинг талаби дарҳол қондирилади. Мезбон қизини чақирди. Сочларини жамалак қилиб олган бўлғуси келинга меҳмон,- дейди:
-Қизим, сени келин қилмоқчиман, шунга нима дейсан?
Бўлғуси келин (эркароққа ўхшаб туюлди менга) “ии-е, би-е” дея уялган бўлдида, аниқ бир гап айтмай хонадан ўйноқлаб чиқиб кетди.
Қадрдонлар фарзандларимиз бир-бирлари билан учрашиб, танишсин деган хулосага келишди. Ўғилнинг отаси шаҳарга келган тепакал дўстини тасодифан бекатда учратиб қолиб, ундан онасига хат бериб юборади. Воқеа тоғли қишлоққа кўчади. Экранда икки елкасига йўғон таёқни кўндалангига қўйиб, 4-5 нафар болакайларни ҳалганчиқ қилиб кўтариб келаётган алп қомат, мўйловли йигит намоён бўлади. Кейин воқеа ҳовлида невараси билан шаҳарга отланаётган бувига кўчади. Невара бошига катта тугун қўйиб олган. Шўх мусиқа янграйди. Буви бармоқларини қарсиллатиб ўйнаганича қўшиқ куйлаб юборади. Невара ҳам жим тургани йўқ. Бир қўли билан бошидаги тугунини маҳкам ушлаб, иккинчи қўлида тоғора, қаддини тик қилганича, аввал белидан пастини бироз қимирлатиб туради, сўнгра навбатни белидан юқорисига бериб, бувисига жўр бўлганича, ўйноқлаганларича кўчага чиқишади. Автобус бекатигача рақсга тушиб, куйлаб боришади. Тусатдан кампирга шаҳардан хат олиб келган тепакал пайдо бўлиб, у ҳам рақсга тушганича уларни кузатиб қолади.
Қўшик йўловчи автобус ичида ҳам давом этди. Бувининг қўшиқ айтаётгани автобус деразасидан кўриниб туради. Буви ва набира ашула айтиб, рақсга тушиб шаҳари азимга ҳам етиб боришади. Ҳайҳотдай ҳовлига кириб овоз беришади.
-Ҳой, уйда ким бор?!
Ичкаридан пардоз-андози чала қолган кўҳликкина жувон югуриб чиқади. Кела сола қайнонаси билан кўришиб, уларни ҳовлидаги чорпояга таклиф қилади. Қайнонаси билан қуюқ сўрашар экан, ғўддайиб турган неварага “яхшимисиз муллака” деб қўяди.
Ҳайтавур қайнона чидаб туролмади, “таниб қўй, бу сенинг ўғлинг бўлади, бир келиб кетсин деб хабар юборган экансизлар, мана келдик,” -деди. Хотин шошиб қолди, ҳовлиққанича “айланайин-ургилайин” қилиб ўғли билан кўришди. .Хотин дастурхон олиб келиш учун уйга кириб кетганида, невара бувисига, “эна қорним очди” деди.
Дастурхон ёзилди. Буви бутун бошли битта нонни икки буклаб, неварасига берди. Невара нонни косага (қаймоқ шекилли) ботириб оғзига тиқди. Шу пайт уй эгаси (бувининг ўғли) ғудраниб келиб қолди. Ўғил шаҳарча манзиратни роса жойига қўйди. Сўрига чиқа сола “онагинам дўмбиллаб” юрибсизми деб, онасини қучоқлаганича сўраша кетди. Ўғлига билан ҳам, “сиз ҳам яхши юрибсизми?”-деб сўрашган бўлди. Сўрашиб бўлишларини сабр-тоқат билан кутган хотини эрига шоша-пиша деди:
-Дадаси, бу йигит ўғлимиз экан!
Бир зум серрайиб қолган ота яна дарров ўзини қўлга олди. Қулочини кенг ёзиб, ўғли томон қадам ташлади. Отанинг мулозаматларини келтириб ўтирмаймиз. Фақат, ўғлини танимай қоладиган ҳолатга келгунча эр-хотин 12 йилча хорижда яшагани маълум бўлди.
Ота-она, оқ яктаксифат кийимда келган ўғилни қаллиғи билан учрашувга тайёрлай бошлашди. Ота ўғлига, “келинга тоғда ўсганман, булоқ сувидан ичиб, тош кўтариб тоғ чемпиони бўлганман дейсан,” -деган, гапларни ўргатди. Ота ҳам роса гавдали экан. Лекин боласи бу борада отасидан ошиб тушди. Сандиқдаги ҳали оҳори тўкилмаган яп-янги костюм-шим ўғлига кичиклик қилиб қолди. Дўконга бориб лойиғидан топса бўлади, аммо кино чўзилиб кетади-да. Чунки олдинда томошабинни қизиқтирадиган қанчадан-қанча саргузаштлар бўлиши мумкин ҳали. Қуда томонлар фарзандларига яхшилаб гап ўргатишганларидан кейин, хотин қудалар фарзандларини эргаштириб учрашувга йўл олишди.
Куёвнинг қўлида бир даста гул. Бўлажак келиннинг онаси қизи билан уларни кутишаяпти. Куёвнинг онаси ўғлига, “ ҳов анову қизга (Жамилага) гулни берасан,” -деди. Қизнинг онаси куёвнинг салобатини кўриб, ҳуши бошидан учади. Иккала қуда уларни ёлғиз қолдириб кетишди.
Экранда катта ҳовуз бўйида қурилган емакхона намоён бўлди. Стол атрофида келин ўтирибди. Калта костюм-шим кийган “куёв” музқаймоқ олиб келиш учун навбатда турибди. Шу пайт катта гулдаста кўтарган пакана бир йигит оқсоқланиб пайдо бўлди. Бошмолдоғига чипқон чиққан шекилли, товони билан юриб келарди. Йигит кела сола қизнинг рўпарасига чўкиб, мулозимат билан унга гул узатди. Шу пайтда ликопчада музқаймоқ кўтарган куёв пайдо бўлди. У бегона йигитга таажжуб билан қараб стулга ўтирди. Пакана безбет чиқиб қолди. Ҳе йўқ –бе йўқ, куёвнинг олдидаги ликопчани олдига тортиб музқаймоқни тушира кетди. Ҳали ҳам ҳайрон бўлиб қараб турган куёвга, “музқаймоқ егинг келса бор ўзинга боўқа опке, ”- деди.
Тоғлик куёвнинг орияти қўзғади. Жойидан шартта туриб пакананинг олдига бордида, уни улоқдек кўтариб олиб, коптокдек қилиб ҳовузга улоқтирди. Пакана ошиқ ҳам бўш келадиганлар хилидан эмас экан, ҳовуздан бир амаллаб чиқиб, сувга бўккан мушукдек товони билан юриб яна столга яқинлашди. Барча мижозлар ҳайрон. Пакана столга икки қадам қолганда тўхтади. Каратечиларга ўхшаб қўлларини мушт қилди, бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатди, аммо “ия-я” деб бақиришга улгурмади. Тоқати тоқ бўлган куёв яна пакананинг ёнига бориб, уни даст кўтариб, ошхона олдидаги дарахт шохига кийимидан илиб қўйди.
Воқеа қизнинг хонадонига кўчди. Қудалар ёшларнинг қайтиб келишини кутишаётганди. Ўғил отасининг рўпарасига ўтириб сув ичгим келаяпти, деди. Ўғил отаси узатган катта бокалдаги сувни бир ҳўплашда бўшатди. Оғзи очилиб қолган қизнинг отаси, “и-и-и, бунинг оғзи ғорми, нима бало”,- деди.
Куёв қизнинг ота-онасига ёқмайди. Бунинг устига куёв, “шаҳарлик қизларда шарму-ҳаё кам,” – деган гапни қилди. Куёвнинг ана шу гапи қизга ботди шекилли, қандай бўлмасин йигитнинг юрагидан жой олишни мақсад қилди. Ҳаракатини бадан тарбияга ўхшаш машғулотдан бошлади. Шўх мусиқа янграб, қиз мусиқага монанд ҳаракат қилиб, “белингизни қимирлатиб, кўзларимга тикилинг,”- деб, йигитни машғулотга чорлади.
Тоғлиқ куёвнинг ҳамияти қўзғади, иккала қўлини тепага кўтарди, белини билтанглатиб, қизга тақлид қилганича ўзини у ёққа – бу ёққа ташлаб, маком қила бошлади. Қиз қўшиқ куйлб юборди. Иккалаласи ҳовли бўйлаб зир югургилаб гоҳо рақсга, гоҳо бадан тарбияга ўхшаб кетадиган ҳаракатларни шиддат билан адо эта бошладилар.
Қиз боланинг жони қирқта бўлади деган гап тўғрига ўхшаб қолди. Чунки тоғда ўсган, булоқ сувидан қониб-қониб симирган “тоғ чемпиони”нинг ҳоли тобора танг бўлиб борарди. Шунда бир воқеа эсимга тушди. Уч ёшар боланинг ҳаракатларини такрорлашга жазм қилган профессор, бола ўтирса ўтиради, турса туради, ётса ётади, хуллас, у нима қилса шуни такрорлайди, аранг икки соатга чидаб, сўнгра ҳушидан кетади. Бўлғуси келин бу борада болакайдан ҳам ошиб тушди. Чунки келин чарчаш нималигини билмас, ҳаракатларини тинимсиз давом эттирар, алп қомат “куёвнинг эса тобора суроби тўғриланиб, охир-оқибатда бошига профессорнинг куни тушди, йўлакка бўй-басти билан чўзилиб ётиб қолди.
Ичкаридан чувуллашиб ота-оналари югуриб чиқишди. Воқеалар гирдобига шунақанги шунғиб кетган эканман шекилли, кутилмаганда лоп этиб ўчган светдан биров бошимга тўқмоқ билан туширгандай бўлди.
Қаҳрамонларнинг тақдири нима бўлди экан, тўй бўлдимикин, чимилдиққа кирдимикин? –деб, ўйлайвериб томим кетиб қолди.
Озиб-ёзиб бир кино кўрай дегандим-а. Қайси канални очсам, корейс сериаллари билан ҳинд кинолари… Улардан яхши муомалани, овқат ейишни, оғзимизни қийшайтириб очиб-ёпишни, ўликка ҳам, тирикка ҳам ашулани ванг қилишни ўргандик. Свет яна ярим соатгина ўчмай турганида эди…

Абулфайз БАРОТОВ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.