Ўзгармаган мавзулар

БЕГОНА

Сурхондарёдан бир танишим меҳмон бўлиб келган эди. Телефон қилиб, Собир Раҳимов метросида турганини айтиб, уйимга қандай бориш қулайлигини сўради. Вей дўстим нималар деяпсиз, дедиму ўзим ўша танишим турган жойга йўл олдим. Ўн беш-йигирма дақиқаларда етиб бордим, дўстимни топдим, қучоқлашиб кўришдик ва ҳол-аҳвол сўраганча метро ичига юрдик. Ҳали жетон олиб улгурмасимиздан ёнимизга икки милиция ходими етиб келди. “Ҳужжатларни кўрсак бўладими?”, деб гап бошлади улар…

Шу жойида қисқагина эслатма, биласизми, милиция ходимларининг баъзан дабдурустдан сизни безовта қилиши шу қадар асабга тегиб улгурганки, натижада ҳеч бир тошкентлик ҳужжат сўраб келган милиция ходими билан нормал тарзда гаплашмайдиган бўлган. Албатта бироз тортишиб олади… Биз ҳам бундан мустасно эмас…

“Қандай ҳужжат қизиқтиради сизни, ока?” сўрадим милиция ходимларидан. “Кимлигингизни билдирувчи ҳужжатда, тушунмадингизми?” қовоқлари осилиб, жавоб қилди милиция ходимлари. “Ака, бизнинг шу кўринишимиз маълум маънода ҳужжат, ўзбеклигимиз яққол кўриниб турибдию”, дедим, пинагимни бузмай. Бундан улар буткул ғазабга минди.

“Қаерликсиз ўзи, билишимиз керакми?”, “Билишингиз керакдир, билмадим, а-так айтишим мумкин, ўзбекистонликмиз ака”, дедим тиржайиб. Милиция ходимлари бу сафар сал юмшоқроқ овозда, “биз буни қаёқдан биламиз, пешонангизга ёзиб қўйибдими?” дейишди. Мен эса “ёзиб қўйганда қандоқ, сиз билан ўзбекчада гаплашаяпмиз, таксига эмас метрога тушаяпмиз, уст-бошимиз (отасига раҳмат) хитойларнинг маҳсулотидан иборат, кўзларимиз оч, дилларимиз вайрон…”, гапим шу ерига етганида милиция ходими қўл силтадию, “бўлди тушундим, бораверинглар, чиндан ҳам шу ерлик экансизлар”, деб шериги билан нари кетди…

Жетон олиб метрога тушганимизда ранги оқариб кетган шеригим “милиция ходимлари яхши одамлар экан а? Индашмади олиб кетишадими, девдим” деди. Унга бир қараб, нима деяпсиз, қаёққа олиб кетишади, дегандай кулиб қўйдим. Ўзим эса чиндан ҳам содда милиция ходимлари экан деб унинг гапини маъқулладим. Йўлда кетиб борар чоғи эса ўйланиб қолдим. Чиндан ҳам, ўзбекнинг ўзбекистонлик ўзбеклигини билиш учун ҳужжатини кўриш шартмикан?

Сабаби, истаган бошқа давлатдан келган ўзбек, истайсизми шуни йўқми маҳаллий ўзбекдан тубдан фарқ қилади. Бироз тўқроқ, дадилроқ, келишганроқ, тетикроқ ва ҳоказо …роқ бўлади. Тўғрими? Бизнинг маҳаллий ўзбекчи, қадди букилган, пешонаси тиришган, кўзлари ғамгин, қадамлари ишончсиз, ҳаёли паришон, ранги ўчган, тили калимага келмайдиган, тўхтовсиз титрайдиган кўринишда.

Масалан мен (худо сақласину) милиция ходими бўлганимда, маҳаллий ўзбекларни йигирма чақирим наридан ҳам бемалол таний олган бўлардим. Бизнинг милиция ходимлари эса…

Пропискангиз ҳақидаги чўпчаклар бўлмаган гап, унақа тартиб йўқ. Тошкентга истаган пайт, истаган муддатга келишингиз ва ҳатто Қатортолда (тавба қилдим, астағфируллоҳ) яйраб кетишингиз мумкин. Милиция ходими бунинг учун сизнинг тинчингизни бузишга ҳақли эмас. Бир куни ана шундай қитмирроқ милиция ходимига дуч келиб колибман. Нуқул ҳужжатингни кўрсат деб, қистайверди. Нима қиласиз ҳужжатимни десам, пропискангизни кўраман деди. Нега дедим, у эса “может без прописка юргандирсиз” деди.

Паспортимни очиб, ўша туғилган жойимга қўйилган пропискани кўрсатдим. Вей юзлари чунонам ёришиб кетдики, қўяверасиз. “Ана, айтмабмидим, пропискангиз йўқ деб ука, во-от, уже проблема”, деди у тиржайиб. Мен ҳам тиржайдим ва “кўрмаяпсиз шекилли, ана пропискам турибдию”, дедим. Милиция ходими мириқиб кулди, “қани, чўта кўрмаябман?”. Қўлидан паспортимни олдимда, фалон шаҳар, фалон кўча, фалон уй, деб ёзиб муҳр босилган саҳифани кўрсатдим.

Милиция ходими яна кулди, “мен у ернинг пропискасини сўрамаябман, мана шу ернинг, Тошкентнинг пропискасини сўраябман” деди. “Менда ундай прописка йўқ, негаки қонун бўйича мен фақат битта манзилга прописка қилинишим шарт, учта-тўртта манзилга эмас”, дедим. Бу сафар милиция ходими жиддийлашди, “э-э, карочи, прописканг йўқ! Жаримага тортиласан, ё бўлмаса анави распределительга обориб ташлайман”, деди. Шартта ён телефонимни олдиму, “02” рақамини тердим.

Гўшакни кўтарган милиция ходимига, “ока, қўлимда мавжуд ҳужжатда ёзилишича, ПАСПОРТ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУЛКИДИР. МАЗКУР ПАСПОРТНИНГ ЭГАСИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИМОЯСИДАДИР, дейилган, шу тўғрими?”, дедим, гўшак ушлаб турган милиция ходими, бир муддат жим турдида, “раз ёзиб қўйган экан, значит тўғри, нима гап, тезроқ гапиринг”, деди. Шундан сўнг мен анави ходим қистаётгани, бир жойларга обориб қўяман деб пўписа қилаётгани, шу боис ҳимояга муҳтожлигимни айтдим…

Уч нуқта, гапимни тугатгунимча анави пўписа қилаётган милиция ходими кетиб юборганини англатади. Хуллас гап бунда эмас. Гап аслида ўзбекистонлик ўзбек учун ҳужжат шарт эмаслигида. Бизни ҳатто ўзга юртнинг милициясию полициясигача яхши танийди. Масалан Россияга қатновчи тадбиркордан сўранг, поезддан тушиб икки қадам юришингиз билан ёнингизда милиция ходимлари пайдо бўлади. Афт-ангорингиздан айнан ўзбекистонлик эканлигингизни, ва демакки сизни боплаб шилиб олиш мумкинлигини билади. Қозоғистон милицияси эса ҳатто сўраб ўтирмай шартта юкингизни титишга, ёнингиздан нимадир чиқса индамай чўнтагига солишга одатланган. Нега бемалол шундай қилади, балким қозоғистонлик ўзбекдир демайди, сабаби ташқи кўринишингиздан билади. Титаётганида индамай қизариб, йиғламсираб туришингиздан ҳам. Индаб нима ҳам қила олардингиз, яхшилаб битта тепки ейсизу, тинчийсиз.

Тожик милицияси сизни кўрган заҳоти шартта икки ёнингиздан тутиб участкасига етаклайди, ҳеч бир сўз айтмай аллақандай протоколлар тузади ва қамаб қўяди. Орадан уч кун ўтгач эса, жосус сифатида қамалганингиз ҳақида билдириб қўйишади. Ёнингизда нимадир олиб келган бўлсангиз унутганингиз маъқул, сиз уларни қайтиб кўрмайсиз. Биздан нисбатан мундайроқ (буни қарангки, шунақалар ҳам топилар экан) яшайдиган тожик дўстларимиз сизнинг юкингизни ўзи учун совға билиб, уйига олиб кетармуш.

Энг қизиғи ана шу жараён давомида тожик мелисаси ҳам сизнинг қаерлик ўзбек эканлигингизни суриштириб ҳам ўтирмайди, кўргани заҳоти шарт тутадию, обориб қўяди. Сабаби у ҳам сизни худди махсус скайнер аппаратидай кўргани заҳоти танийди. Туркман мелисаси эса сизни ҳатто ҳали унинг олдида пайдо бўлмасингиздан аввал аниқлайди. Қорангиз кўриниши билан ёнида турган машинасининг орқа эшигини очиб, жой ҳозирлайди. Индамай ўтирасизу керакли жойга обориласиз. У ҳам сизни маҳаллий ўзбек билан адаштирмайди, ақли етадида қаерлик ўзбеклигингизга.

Нуқул бизнинг мелисалар ҳужжатсиз сизнинг қаерлик ўзбеклигингизни билмай қийланади. Тавба, шунақа ҳам саводсиз бўладими одам, деб хафа ҳам бўласан киши. Бир куни журналист танишим билан маҳаллий ўзбекларни фарқлай олмайдиган милицияга дуч келдик. Анча биз билан тортишди. Ўзга вилоятнинг фуқароси Тошкентда юриши мумкин эмас, деган маънода уқтира бошлади.

Шунда бояги дўстим, “ўзингиз ҳам тошкентлик эмассиз чоғи” деб сўзамол милиция ходимини саволга тутди. У эса гап топа олмай қизариб кетдида, “бизга мумкин”, деди. Шунда бояги журналист дўстим, “бизга эса умуман мумкин!” дедию хайрлашди. Милиция ходими индамай қолаверди. Умуман олганда ўша дўстим ҳақ, Ўзбекистонда ҳаммага мумкин. Қаранг шу топда қизиқ мавзу туғилиб қолди, мен унга албатта кейинроқ яна қайтаман…

Ўзбекистонлик ўзбекни бугун ҳатто дунё танийди. Европа дейсизми, Америками, мана ҳатто Саудия Арабистони полицияси ҳам ўзбекистонлик ҳожиларни миллионлаб бошқа ҳожилар орасидан бемалол танийди. Уларга кўзи тушгани заҳоти афтлари буришиб кетади. Негаки, бизнинг ҳожилар фақат ўзларигагина хос юриш-туриш билан маълум тасаввурларни шакллантириб бўлган. Саудия Арабистони полицияси шунақанги ҳожиларимизни биладики (илк ҳожиларимизни назарда тутаяпман), қўяверасиз… Европаликлар ҳам яқиндан бери ўзбекистонлик ўзбекларни жуда ҳам яхши танийдиган бўлган. Айниқса ўша ерда яшаб, “ижод” қилаётганларини. Энг қизиғи, Интернет тармоғига илк бор мурожаат қилган инсон ҳам ўзбекистонлик ўзбекларга тегишли сайтлар билан ўзга юртнинг ўзбегига тегишли сайтларни осон фарқлайдиган бўлган. Чунки, ўзбекистонлик ўзбекнинг сайти ҳам худди ўзи сингари маълум хусусиятларга эга.

Аммо, Ўзбекистон ичида меҳмон бўлиб юрган, якка тартибда келган корейс, рус, татар, тожик, армани, яҳудий (буларнику умуман ажрата олмайсиз), қозоқ (айниқса Тошкентда қозоқни почти свой деб ўйлашингиз аниқ), туркман, украин, озарбойжон ва ҳоказо миллатлар вакилини мутлақо ажрата олмайсиз. Яъни меҳмон деб билмайсиз, шу ерлик бўлса керак деб ўйлайсиз. Чунки, улар ҳамма ерда деярли бир ҳил, виқор билан юришади, бир жойга йиғилиб олиб уйни бошига кўтаришмайди (ичмаган маҳаллари айниқса), бир-бирига тош отмайди… Бу ерда биз кам сонлимиз, бир-биримизни қўллаб маҳаллий халққа нақадар аҳиллигимизни намойиш этайлик, токи у ҳам бизнинг аҳиллигимиз туфайли ҳурмат қилсин, курагимизни мўлжаллаб ўтирмасин, дейишади шекиллида. Бизда ундай хусусият йўқ…

Бизда қандай хусусият бор, айтайми? Масалан бир жойда (ўзга юртда дейман-да) бирор ўзбек сал ул-бул топишга эришаётган бўлса, ўша ерда бошқа ўзбек унга қарши фитна бошлайди. Масалан, Москвада бир ўзбек йигити яхши иш топиб, пул йиғиб юрган экан. Бу ҳақда ишсиз қийланиб юрган бошқа ўзбеклар билишгану шартта милицияга хабар беришган. Бечора бояги ўзбек йигити топган-тутганидан айрилиб депортация қилингач, муваффақиятга эришган бошқа ўзбеклар унинг ўрнини эгаллаб ишлай бошлаган.

Қозоғистонда бир ўзбек йигити ўн тўрт-ўн бешта жиззахлик йигитларни олиб ўтиб 30 минг тенггега сотиб юрибди, ўз ватандошини сотиб шунинг эвазига уйини тиклаяпти, уйланаяпти, бойиб бораяпти. Шу даражага бориб етдики, ҳатто чет элда ўзбек ўзбекни кўрса қочадиган бўлган, энди бошлаган ишимнинг чувини чиқармасин деб. Ўзимизда ҳам шу аҳвол, сал кўзга кўриндингизми тамом, йиқитмагунларича қўйишмайди.

Энди ўзингиз ўйланг, ана шу ўзбекни танимай бўладими? Европа, Америка, қўшни давлатлар ва ҳатто Интернет фойдаланувчилари таниб улгурган ўзбекни маҳаллий милиция танимаса кулгилими ахир? Ҳужжатмуш тағин, тавба…

М.Иброҳимов.

Туронзамин, 2008.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Shu kunning gaplari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s