Мулоҳазалар

duppiЎхшаши йўқ бу ўсал диёр…

Ўхшаши йўқ диёримиз унда содир бўлаётган ходисалару воқеалар билан ҳам ўзга давлатлардан фарқланади. Маълум маънода ягона десак ҳам бўлади. Аввало ўхшаши йўқ диёримиз гаранг қилиш қобилиятига эга, ҳар қандай сиёсий арбоб, бизнинг мамлакатга ташриф қилишидан олдин у ҳақда истаган гапларини айтиши мумкин ва одатда ўша истаган гаплари бироз хижолат қилгулик бўлади. Аммо ўша гапни қийиб юборувчи сиёсатдон мамлакатимизга келса тамом, ҳаммаси ўзгаради қолади, гаранг бўлиб қолгани боисидан, бизни тинимсиз мақташга тушади. Ширин Акинер бундай қобилият олдида шарманда бўлади қолади.

Чиндан ҳам ҳўв катталар айтмоқчи диёримиз сеҳрлимикан, деб ўйланиб қоламан. Мана масалан ҳалиги чуви чиқиб қайтган ЕИнинг махсус вакилларини олинг, АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонда бўлиб қайтган барча мулозимларини олинг, уларнинг ҳаммаси келгунига қадар биздаги оғир вазият ҳақида гапиришган эди, келгач эса бирам мулойим бўлиб қолишдики, қўяверасиз.

Қандайдир, фақат ўзларига аён прагрессларни гапиришдими-е, ҳаммани лол қолдирувчи қонунлар ва тартибларнинг жорий этилганини айтишдими-е. Қайтгач, анави транс ҳолатидан чиқишдию, ия, қовун туширдикку, деган хижолатчилик билан, яна ўша-ўша танқидларини бошлаб юборишди. ЕИ мулозими ҳатто керак бўлса бекор қилгани санқцияларнинг бекор қилинишини бекор қилиб юбориши ҳақида айтди. Аммо…

Демоқчиманки диёримиз шундай, ўхшаши йўқ, мияси бутунни ярим қилади, мияси яримни умуман… Мана масалан кузатганимиз йилнинг ёзида россиялик бир дўстим бизникида меҳмон бўлди. Шўрлик қовун еб қорни оғриб қолган эди, аптекадан қорин оғриғига қарши дори олдик, ичди, қорин оғриғи тўхтади, аммо унинг ўрнини тўхтовсиз ич кетиши эгаллади, яна дори олдик, ич кетиши тўхтаб, танасига қизил нуқталар тошиб кетди, яна дори олган эдик, нуқтачалар йўқолиб, кўнгли айнадиган бўлиб қолди, кейингиси у дардни ҳам чекинтирди, ўрнига эса яна қорин оғриғини қайтариб туриптию. Шўрлик кетар пайт рангида ранг йўқ кетди. Энди қачон кўришамиз, деб роса кўз ёши қилса денг, ҳа, нега хафа бўласан, соғинсанг келаверасан, бизнинг боришимиз оғирроқ десам, “узр дўстим, аммо жонимдан тўйганим йўқ”, деб жавоб қилди.

Қисқа муддат меҳмон бўлгани учун трансга улгурмай қолди, атиги уч кун бўлди. Аммо роса эсда қоладиган сафар бўлгани аниқ. Диёримизга мослашгандаку любой дардни кўз юмиб енгарди. Оддий дорилардан довдираб қолипти, бизнинг халқ ҳўв бир ерларда ишлаб чиқилган, ҳали синаб улгурилмаган вакциналарни ўзида синаб бердию. Бизда синалиб, барча камчиликлари бартараф этилгач, ана руслар ҳам, қозоқлар ҳам қабул қилишга розилик берди. Биз эса, ҳали ҳеч ким ҳатто синаб кўрмаганидаёқ вакцинани танамизга шартта қабул қилдик.

Маълум маънода Гагарин бўлдик. Ана энди дунё шифокорлари нимаики янги восита ишлаб чиқилса кимда синашни билиб олишди. Зеро уларнинг ҳатто каламушларию бошқа қурбақа-мурбақалари ҳам бу қадар чидамлиликка эга эмас. Ана ҳатто истеъмолга яроқли деб топилганини ичиб нима бўлганини айтиб ўтдим.

Яхшиям сувимизни ичишга улгурмади, йўқса уйига қайтмасмиди… Негаки, ҳар қандай, анавинақа филтр-милтирлардан сув ичиб юрган шўрлик биз истеъмол қилаётган экин суғоришга мўлжалланган сувни ичолмасдида. Бу бизнинг раҳбарлар ўйлаб топган ноу-хау. Раҳбарият фикр қилдики, бу қурғур 27 миллионга ичимлик сувини топиш учун бир қирғизга, бир тожикка ялинамизми, э-э онасини, ундан кўра анави суғориш учун ғамланган сувдан унумли фойдаланамиз, ерлар суғорилгач, ортганини халққа ичимлик суви ўрнида улашамиз, дейишди. Ана Сурхондарё, Қашқадарё ичяпти, Водийни ўшанга тайёрлаяпти, ахир бекорга у ерни сувсиз қолдирмадида. Раҳбарлар билади, ўзбек любой сувни ичаверади, унга бу ҳатто фойдали.

Нега фойдали деб ишонади раҳбарлар биласизми? Ҳозир айтаман. Эсланг, ҳўв йилларда пахта даласида юрган пайт не-не пестициду-бошқацидларни ютмадик, ҳатто аёлларимиз ўшанинг остида юравергани учун бош қоронғи бўлганда ҳам қурғур пестицидларни қумсайдиган бўлувди. Униси ҳам майлия, мунтазам ўша кимёлар остида бўлиш натижасида ўзбек нотабиий тарзда дунёда энг кўп фарзанд кўрадиган миллатга айланди. Ҳамма ҳайрон бўлганди, “вуй блин, анавилар ўлиш ўрнига болалаб ётибди”, деб. Пестицидлар камайганидан буён болалаш ҳам камайди, ҳатто камқон деган дардни орттириб олдик, бўқоқлар… хумори тутганидан раҳбарларнинг беминнат ёрдами туфайли ўзга юртларга, ўша устимизга жуда пестицидни бўлмаса ҳам, ниманидир сепиб туришлари мумкин, ўша пайтдаги каби шароит туғдириб беришлари мумкин ўлкаларга чиқиб кетдик.

Завқланиб, мириқиб ишлаябмиз, ҳатто кимдир у ердаги муносабат ҳақида танқидий гапирса кўзини ўйиб олишга тайёрмиз. Би-Би-Сига бир дўстимиз тўғри айтди, ахир Россия бизни боқаяпти. Қаерда боқишининг нима фарқи бор, бу қурғур дориворларсиз сал қолса йўқ бўлиб кетардик. Ҳукумат ҳам қараса, ҳаммамиз чиқиб кетадиганга ўхшаябмиз, бунинг олдини олиш учун махсус дам олиш жойини яратди, ўзиям экологияси ўша пестицидли йилларни эслатади, қаерда дейсизми? Жаслиқда. Қани айтинг, ўша ерга борганларнинг қайси бири қайтиб келган? Тўғри, ҳеч қайсиси, ахир нега қайтсин, бизга шу керакку. Ўша сабабдан ҳам аввал астойдил эътироз билдирганлар Ўзбекистонга келиб, яратилган шароитларда нақадар мириқиб яшаётганимизни кўргач тилдан қолиб қайтяптида. Бу ерга келган чет эллик энг кўп ишлатадиган сўз “аймсорри”. Ҳам айтган гапи учун, ҳам айтиш керак деб ҳисоблагани учун.

Биз ана шундай кимёлару ҳар ҳил цистидларга тўлиб тошганимиз учун ҳам на чироққа, на газга ва на иссиқликнинг бошқа турларига эҳтиёж сезамиз. Кўпчилик биздан бўлмаганлар буни ўзича тушуниб ғавғо кўтаришади, тавба. Ахир бизнинг баданимиз ҳеч нарсани сезмайдику, кузда иссиқни, қишда совуқни. Тунда, қороғу пайт кўзларимиз чироқдай, худди машинанинг икки чироқларидай йўлларимизни ёритиб туради. Қаранг, салгина қор ёғиб, бирозгина газсиз қолган эди бутун Европада хаос бошланди. Катталар Россияга келиб ҳатто кечагина ўз сафига қўшмоқчи бўлганлари Украинани бир нималар деб ташлади. Биз буни кўриб чунонам кулибмиз, вой бадани нозиклар-э, деб. Бизда қор қалинлашиб нечта бозорларнинг томлари қулади, уйларнинг деворлари муз билан қопланди, нима қипти, кўрмагандай юравердик. Автобуслар ҳам, трамвай, троллейбусу метро ҳам юраверди.

Давлат Қамчиқ довонини ёпиб қўйган эди, намойишлар қилиб ташладик, бизни Европалик юпқа баданларга ўхшатманг, деб. Ўзбек учун хавф деган тушунчанинг ўзи йўқ ахир. Европа сал ҳаво исиб қолса аномал иссиқлик дея ҳатто кўчаларда махсус дам олиш палаткалари тиклади, текинга сув тарқатди, ишлар, ўқишлар тўхтатилди… тавба кулгилида. Бизда 50-55 даража иссиқ бўлганда ҳам сезмагандай юравердик, болаларимиз боғчага ҳам, мактабга ҳам қатнади, биз эса ишдан қолмадик, сув ҳам, махсус палаткалар ҳам керак бўлмади. Нимага? Яратилган тўғри шароит, бизларни ана шундай чидамли қилиб юборган. Айтингчи ана шундай бўла туриб, биз буюк келажакка эришмай Европа эришсинми? Ўзга давлатлар халқлари ниҳоятда ожизлик касалига чалинган. Қаранг, Қирғизистонда ер силкиниши бўлиб нечта хонадон вайрон бўлди, одамлар ўлди. Мамлакатда мотам эълон қилинди. Биз ҳам хафа бўлдик бундан.

Аммо, барибир ундай ишлар бизга ёд. Бизда ҳар йил баҳорда ер силкиниши бўлади, кўп жойларда уйлар жиддий таъмирталаб бўлади. Ана ҳўв Қогондаги портлаш туфайли нечта уйлар вайрон бўлди, нечта одам ўлди. Нима қипти? Мотам қилмадик, йиғлаб ўтирмадик. Ҳатто давлатдан ёрдам ҳам кутмадик, у ҳам ўз кучимиз, шижоатимизни билгани учун ёрдам таклиф қилишдан уялди. Ҳатто портламай қолган нимайди, анави иснарядларни ҳам йиғиб ўтирмади давлат, ўзимиз топиб билдирамиз деб ишонтирдикда. Қандай топамиз дейсизми? Ҳа энди, оёғингиз остига портловчи нарса тўғри келиб қолса сиз сезмасангиз ҳам бошқалар сезадику, тавба. Сиздан сўнг келиб тозалаб қўйишади ўша худудни, тамом. Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз бир ақидага жиддий ишонамиз, яъни ҳеч нарса абадий эмас, шу жумладан уй ҳам, буюмлар ҳам, ҳатто тирик жонзотлар ҳам, шу учун куйинишга мутлақо ҳожат йўқ.

Ана масалан, катта ўтадиган кўчаларнинг бирида муҳташам маҳалла бунёд бўлган эди, номи ҳам даҳшат, Амир Темур маҳалласи. Икки қаватли уй у ерда энг оддий уй саналарди, яъни кўримсиз уй ҳисобланарди. Нима қипти, каттанинг одамлари келиб, “дўстлар, шу ер са-а-ал ёқмайроқ турипти, воз кечиш қийинми?”, деб қолишди. Нима деб ўйлайсиз, дод-вой қилдикми? Йўқ. Майли дедик, булдозирми деган мошин билан текксилаб ташлашди, биров кўриб, буюк қудратимизни ўзлаштириб олмасин деган ҳадикда маҳалла ўрнини беш метрли бетон билан шартта тўсиб ташладик. Уй эгалари ҳам нолигани йўқ, уларнинг бузилган уйлари ўрнига кўп қаватли уйлардан икки хоналикдан уй беришди. Шароитлари ҳам ўзбекка мос. Ана энди ўша маҳалла аҳли ҳам ҳамма қатори яшаб, роса болалайди, қувватга киради, қаерда кўргансиз бетон уйда яшаб букилиб қолган ўзбекни? Ҳеч қаерда. Россия ёки боринг ана Европада букилиб қолишлари мумкин, аммо ўзбек эмас…

Халқим бетон ичида бўлиб мен ташқарисида бўламанми деган андиша билан, президентимиз қатнайдиган йўлини бетон билан ўрашга киришди. Ҳеч қандай бошқа шароит қилинмайди, фақат бетон. Токи ҳатто қамоқдаги махбуслар ҳам нолишмасин, биз ҳаммамиз бир ҳил шароитдамиз, ҳатто президент ҳам. Тенглик бўлса шунчалик бўладида. Бир армани танишим, машинасининг мойи тугаб қолиб, ёнида ўша топда пули йўқ, нима қиларини билмай турган экан, мен бозордан пахта ёғи олиб келаётганимни кўриб хурсанд бўлиб кетди. Нима бўлаётганини тушуниб етгунимга қадар, қўлимдаги ёғни шартта олдию… Машинани юргизиб, аввал уйига бориб ёғнинг пулини тўлади, кейин ўша ёғни сотиб олган жойга олиб бориб, менга ҳам, ўзига ҳам ёғ сотиб олди. У табиий машинасини мойлаб туриш учун, мен эса табиий… машинам йўқ. Ўзингга, истеъмолга ҳам оласанми десам, ранги оқариб кетди, “жонимдан тўйибманми”, деди. Арманида, ўзбекмас, кўтара олмайди.

Ана шундай ўхшаши йўқ диёр, бизнинг диёр, сиз бўлсангиз…

М.Иброҳим

2009, “Туронзамин”

2 Responses

  1. TURONZAMIN da anchagina qiziq maqolalar boldi.
    IAK haqidagi Bobur akaning intervyusi juda eqdi.
    Meni adam ham IAK b-n uchrashgan, avvallari u Uz KP boshligi bolgan vaqtda. Majlislarda. Oshandan beri aytib keladi, bu odamdan hech qachon yahshilik bolmaydi, deb.
    Mana judayam usta ekan. bopladi Bakievni sotib olib.Togri bu qmmatga tushdi Kreml uchun, tahminan 2,5 mlrd dollarga.Ayrim kalta oylaydigan odamlar buning uchun Medvedevni tanqidga ham olishdi.
    Lekin mana endi RF oz talablarini ochiq qoya oladi Oq Uyga.
    Bular: Ukr , Gruziya masalalari, Gaz tranziti, WTO ga azolik, va hkazo,hokazo, hokazolar…
    Hullas bu 2,5 mlrd dollar kamida 10 barobar bolib qaytadi 2-3 yilda.
    Undan tashqari EU haliham RF ni oldida huddi kuchukchadek dumini likillatib turar edi. Mana endi esa Kremldan tel qilib Brusselda hohlangan ishni bitirishadi.

    Buning orqasida bizning IAK niyam kuni tugdi. Menimcha katta bazm-bayram boldiev Toshkentda.Chunki IAK ning tushlarida korib, orzu qilib urgan ishlari amalga oshib ketdi.
    Mana endi u aytadi hammaga, KORDILARINGMI, ANDIJONDAN KEYIN BIR TEPIB HAYDAB UBORGANDIM.OZLIGI YALINIB, KECHIRIM SORAB KELISHDI… deb.)))
    Mana sizga javob, NEGA MEDVEDEV UZ VA QZ BORIB KELDI? degan savolga.
    Hammasi planlashtirib amalga oshirildi!
    Hech ham hayron bolmayman, agar shu Bakievga berilgan 2,5 mlrd dollardan 1 mlrd ni (eki kamrogini) IAK va NAN tolaganini eshitsam ))) Chunki ularga ham manfaat katta.

  2. Kup gap juda ham tugri. Krizis ham shundan kelib chiqidmoqda.RF kamida 100 mlrd dollar pulni oz rublini kursini ushlab turish uchun ketkazib qoydi.Yani oz prestijini ushlab turish uchun, rublni kursini suniy ushlab turish uchun.Buning uchun rosa kritika ostida qoldi Kreml va VVP.
    NAN ham rosa dollar sarf qildi tenge ni kursini ushlab turaman deb.Lekin korinib turibdiki bu krizis kamida 2011-2012 yilga qadar davom etadi. Buni hatto Rf ning Central Banki raisi Gref bugun tasdiqladi, KRIZIS KAMIDA 2012 YILGACHA DAVOM ETADI. deb.
    Hullas qarashsaki bu ketishda valyuta zahiralari bir yilda tamom boladigan.
    RF otgan oydan boshlab, Qz esa kechadan boshlab oz valutasini ushlab turish planidan voz kechdi.
    Rubl rosa tashlayapti har kuni, kecha bir kunning ozida qozoq tenge si 25% ga tashlab ubordi! Bu judayam katta korsatkich!

    Lekin “OHSHASHI YOQ BU OSAL DIER….”imizda esa jimjitlik )))
    Cetdagi gasterbayterlarni pochti hammasi uyga keldi.Bank perevodlari rosayam kamayib ketgan.Pahtani narhlari 2008 da 2 barobar tushib ketgandi, bu yil yanada tushadigan.Gazni narhini 6 oy avvalgi neft narhi bilan hisoblab chiqarishadi, bu demak shu mart oyidan gazning narhi Dekabrdagidan 2 barobar kam boladi…
    Hullas aytmoqchimanki IAK da ham valyuta yoq. RF va Qz da yigib qoygan mablagi bor. IAK da esa umuman arzimagan miqdorda aholiga nisbatan hisoblasak.
    Demak shu kunlarda IAK ham somning narhini kamida 30-40% ga tashlab uboradi.
    Bu degani inflyaciya yiliga kamida 25% boladi… Qimmatchilik boladi!
    Ogir yillar kutmoqda Uz halqini.
    Halqda albatta norozilik kuchayadi.
    Yana qaytarib aytmoqchiman, bundan oppoziciya albatta foydalanib qolishi lozim!Bunaqa ogir , lekin bir manoda “qulay ” yillar kam keladi.

    Lekin IAK Kreml qoli bilan oziga juda qulay yol ochib oldi Amerikaga ham , EU ga ham…

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: