Абулфайз БАРОТОВ

barotov“САЛОМ, АЖДОДЛАРИМ, БУ- МЕН!”

У дунё хабарин ким берган, эй дил!
Умар ХАЙЁМ.

Инсон ўлганидан сўнг унинг руҳи 16 марта одам 8 миллион 400 минг марта турли ҳайвон ва жонзотлар шаклида дунёга келади,- деди суҳбатдошимиз-ўрта бўйли, қорачадан келган гаплари ниҳоятда мулойим одам. Мен сизнинг бу ёруғ оламга неча марта келиб кетишингизни айтиб беришим мумкин.
Ҳангу манг бўлиб қолдик. Ахир бу ёруғ оламга неча марта келиб кетганлигимизни билиш албатта, қизиқ-да. Суҳбатдошимизнинг гапларига ишонмасликка хаққимиз йўқ. У бизга бир қоғозни кўрсатди.Унда босма ҳарфлар билан шундай сўзлар ёзилган: ”Халқаро илмий ишлаб чиқариш ПАМАКC-АКО фирмасининг…”
Бўлди.Унинг исми шарифини ошкор қилишдан ўзимни тияман. Манзили -макони ҳақида ҳам жим турайлик. Баъзи мулоҳазаларга бориб шундай қарорга келдим. Уни шартли ном билан табиби-ғайб деб атай қолайлик.
Ҳуллас, одамзодни маймундан тарқалган деган фараз ҳозир рад этилган. Ҳаммамиз Одам Ато ва Момо Ҳаво фарзандлари эканлигимизни илгарилари ҳам билардик. Аммо эндигина тан олиб турибмиз-да. 70 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида динни афюн деб келдик. Оқибатда ҳудосизга айланиб, мехр-оқибатни, мурувватни унутдик.
Ҳозирги кунда ҳар хил башоратчилар, экстрасеанслар, руҳий таъсир орқали даволовчилар кўпайиб бораяпти. Анатолий Кашпировскийнинг довруғи оламга таралиб, қанчалаб кишилар ундан шифо топаётган эди. Ҳозир уни Полшада яшаяпти дейишади.
Табиби-ғайбнинг мусиқадай ёқимли, навбатдаги гаплари бизларни баттар гангитади:
-Мен сув парилари билан мулоқатда бўлиб тураман. Якка ўзим қолганимда уларни кўраман. Париларнинг миллионлаб канизаклари бор. Агар менга биров мураккаброқ савол бериб қолса, дархол парилар ёрдамга келади. Ортимдан унинг овозини эшитаман.
-Ё,алхазар! Сиз сув париларини кўриб турасизми?
Савол берган киши ҳамкасбим Аҳмаджон бўлиб, у ҳайрон қолганидан эсхонаси ўйнаб кетганди. Аҳмаджон қуръон сураларини арабчада яхши ўқийди. Номозни, рўзани канда қилмайди. Ўта диндор йигит.У сув парилари билан мулоқатда бўлиб турадиган одамни менга ўхшаб биринчи марта кўриб турарди. Хайрон-у-лол қолган фақат иккаламиз эмасдик. Суҳбат туман муҳарирининг хонасида бўлаётган эди. Ҳудди қуйиб қўйгандек Шерали Жўраевга ўхшаб кетадиган муҳаррир ҳам ҳайрон бўлганидан нақ портлаб кетгудек бўлиб ўтирарди.
Табиби-ғойиб таҳририят эшигига иш билан бош суққанди. Яъни эъон бердирмоқчи, ўзининг” ноёб ҳислатларини” кўз кўз қилдирмоқчи экан. Бизларнинг журналистлар эканлигимизни билиб гапга тушиб кетди.
Табиби-ғайб водийлик бўлиб, икки яшар пайтида сув тўла чуқурга тушиб кетади. Сув тубида уч соатча ётса ҳамки сув ютмаган. Ота-онасига уни сув париси олиб берган. Мана шундан буён сув париси унга бир умр ҳамроҳ экан.
Кейин мактабга боради. Учинчи синфда ўқиётган пайтида ҳомийси-сув париси билан яна учрашади. Сув париси унга хавф солган юқори кучланишли ток хавфидан огоҳ қилади. Сув париси билан учинчи учрашув пахта терими вақтида бўлганди. Ҳардам хаёл бўлиб қолган табиби-ғайбни ўқитувчилари кўп койишарди. Теримда кунлик режани бажариш шарт эди. Бир куни у ухлаб қолиб, пахта тера олмай қолади. Лекин унинг учун пахта териб қўйилганди. Пахта ўғирлатган одам эса йўқ эди. Барча хайрон қолади.
Табиби-ғойбнинг овози мусиқадай ёқимли. Уччаламиз ҳайкалдай қотиб унга маҳлиё бўлиб ўтирибмиз.
Мен Жуна Давиташвилининг шогирдиман,- деди у гапини давом эттириб.-1987-1988 йилларда Москвада Жуна билан учрашиб, кўп мулоқатда бўлганман.Унинг ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Жуна хозир СПИД га қарши даво излаяпти.
Инсон қисматини олдиндан башорат қиладиган Жунани бутун дунё билади. Табиби-ғайбга ҳурматимиз оша борди. Айтишича илгари унда ҳам одам фикрини ўқиб олиш қобилияти бўлган. Кейинчалик негадир йўқолиб кетибди.
У бизларга шундай бир воқеани гапириб берди: табиби-ғайбнинг “ноёб” ҳислатлари ҳақида гап сўзлар тарқалган пайтлар эди. У туғилиб ўсган туман марказидаги универмагдаги таниш икки сотувчи қиз унга шундай дейди: ”Анови киши магазинга кирадими ёки йўқми? Қани башорат қилчи? ”Киради!”-дейди табиби-ғайб.-“Восток”соатини сўрайди, лекин олишга пули етмайди
Воқеалар у айтгандай ривожланади. Пули етмаган ҳаридор соатни қайтариб берар экан, ўзига ранглари қумдек бўлиб қараб турган қизларни кўриб довдираб қолади.
Ҳа, табиби-ғайбнинг гаплари бирам мулойим. Кашпировскийники бундай эмас эди,шекилли. Уники бир меёрда жасоратлироқ чиқарди.
-Анатолий Кашпировскийнинг Москвада туриб Грузияда операция столида ётган икки аёлнинг оғриғини сув билан қолдирганлигини телевизорда кўрган бўлсаларингиз керак,- деди табиби-ғайб. -Мен Кашпировскийнинг ўша усулини такрорлай оламан. Ҳар қандай қаттиқ оғриқни бир зумда тўхтатиб қўяман. Бир имо қилсам, кесилган жойингиздан шариллаб оқаётган қон дарҳол тўхтайди.
В,ажабо! Бу, мўжиза-ку! Лекин шундай ноёб мўжиза эгаси нега гавжум шаҳарлар қолиб, анчайин кичик бир туман марказида макон топди экан. Лекин бу гапни унга айта олмаймиз. Ичимизда шивирлаймиз: ”Сенга инсоф берсин, табиби-ғайб, ишқилиб бир бирларингизни чавақлангларчи, қонларингни тўхтатаман-,деб қолмагин, ишқилиб. Ҳайрият ундай бўлмади.
Табиби-ғайбнинг айтишича, у 1986 йилда тиббиёт институтини тугатган. Касби руҳий муолажаа қилувчи врач. Жунадан қўл теккизмасдан даволаш сирларини ўрганган. Туғма касалликларни ҳам даволаши мумкин экан. Унинг айтишича ракни даволаса бўлади, лекин қандли диабетни даволаб бўлмайди.
Ҳар бир касаллик бизга худо томонидан юборилган жазо, -деди табиби ғайб.- Бандасига қандай шифо топиш йўлини ҳам парвардигорнинг ўзи кўрсатади. Мен экстрасеансларни тан олмайман. Улар ҳар хил касалликларни тузатаман-, дейди. Бариси ёлғон.
Ё,товба! Қуръони Каримда ҳам, ҳадисларда ҳам экстрасеанслар, кўзбойловчилар ҳақида салбий гаплар айтилган. Илгариги замонларда ғарбда уларни жодугарлар сифатида ўтда куйдиришган. Ҳозир улар жуда кўпайишиб, фаоллашиб кетди. Ҳамма ёқда даволашаяпти, одамлар уларнинг қабулига гуррос-гуррос бўлиб боришаяпти.
Табиби-ғайбнинг ота -онаси туманнинг чўл совхозларидан бирига чўлқуварлар сафида келишган. Ўтган йили табиби-ғайбнинг отаси авариядан ҳалок бўлибди. Шунинг учун у бу ерга келиб ишлашга жазм қилибди. Шу пайтгача Пермь вилоятидаги шаҳар поликлиникасида ишлаган.
Табиби-ғайб Кашпировский руҳий муолажасини, яъни дам солиб даволашини тан олади. У экстрасенсларни кўзбойловчилар деб атайди. Бироздан сўнг у мусиқадай ёқимли овози билан бизларни туман маданият саройига таклиф этди. Жон деб рози бўлдик. Бу оламга неча марта ва қай шаклда келиб кетганлигимизни жуда билгимиз келарди.
Маданият саройининг кутубхонасида беш олти нафар аёл табиби-ғайбни кутиб ўтиришарди.Улар даволанаётган беморлар экан. Табиби-ғайб улардан интервью олишимизни илтимос қилди. Шу ерлик Ойша, Мукаррам, Солия исмли аёллар билан суҳбатлашамиз. Улар ҳар хил касалликлар туфайли бу ерга келганликларини, ҳозир даволанаётганликларини айтишди. Холбуви исмли аёл учинчи гуруҳ ногирони бўлиб, ўн икки бармоқли ичаги яра экан. Сеансдан кейин оғриқ қўзғаб кетибди.
Қўзғабдими, демак даво топасиз, оғриқ тезда тўхтайди!,- деди табиби-ғайб.
Яна одамлар келиши керак экан. Маданият саройи залининг ҳайҳотдай залига кирамиз. Табиби- ғайб аёллардан бирига: ”қўлларингизни жуфт қилиб, олдинга бирдек чўзиб туринг, мен таъсир ўтказаман, қўлларингиз ҳаракатга тушиб кетади”,-деди.
Аёл шундай қилди. Оқ сариқдан келган аёл бир хил алпозда тураверганидан қўллари толиб, юзлари қизариб бурикиб кетди. Табиби-ғайб таъсир кўрсатмоқчи бўлиб, қўлларини унга қаратиб ғалати тарзда силкитиб қўяди. Аёл эса мангуликка қўйилган ҳайкалдек қўлларини ҳамон олдинга чўзганича қизариб, буриқиб турибди.
Ҳа, майли, “объектингиз” кейин ишлаб кетади,- деб, табиби-ғайб унга ўтиришга рухсат берди. Яна бир иккита аёл келди. Сеанс бошланди. Табиби-ғайб бизларга қўлларимизни тиззаларимиз устига қўйиб, кафтларимизни юқорига қаратган холда ўтиришимизни, кўзларимизни юмишимизни илтимос қилди. ”Ҳозир сизлар ўтмишдаги руҳларингиз билан учрашасизлар!”- деди у. Руҳларингиз ҳар хил шаклда –одам ёки турли ҳайвон кўринишларида номоён бўлишлари мумкин…”
Унинг мусиқадай ёқимли овози яна секин жаранглай бошлади. ”Она сутидек оппоқ, соф руҳларингиз кўз ўнгингизда намоён бўлади. Сиз илгари ким бўлиб дунёга келганлигингизни билиб оласиз….”
Кўзларимни юмиб олганман. Аввал табиби-ғайбнинг қорачадан келган юзи бироз липпиллаб турди-да, ғойиб бўлди. Ҳайҳотдай залнинг салобатли кўриниши ҳам йўқликка сингиб кетди. Ҳар хил ҳайвонларни ўйлайверганим учунми билмадим, кўз ўнгимда отнинг шакли замбаракнинг ўқидек кўндаланг бўлиб турарди.
“Оббо, неча замонлар илгари бу дунёга от шаклида ташриф буюрган эканман-да,”- деб ўйладим. Кейин хотиним эсимга тушиб аччиғим чиқиб кетди. Хотинбой кеча ўтоқ қиламан деб томорқадаги бир неча бодринг палагини мажақлаб кетган эди. Маълумки, палаги мажақланган бодринг аччиқ бўлади.”Демак, бизнинг ҳурлиқо ҳам қачонлардир бу дунёга келган, фақат тўнғиз қавмида ташриф буюргани аниқ.”
Қўлларимиз тиззада, мусиқадай овоз ҳамон эшитилиб турарди. От шакли ҳам ғойиб бўлди. Қўлларим толиб, белим оғриб кетди. Ниҳоят сеанс тугади. Табиби-ғайб ким нима кўрганини суриштира бошлади. Кўплар ҳеч нима кўрмабди. Навбат муҳаррирга келганида у менга қараб дабдурустдан “сизни кўрдим!”- деб юборса бўладими. Ё, товба, мени кўрган эмиш. Ким билади балки бундан минг йилча муқаддам ҳудди шу дарроз муҳаррир мен шаклимда бу дунёга келиб кетгандир.
Ҳамкасбимиз Аҳмаджон ҳеч нарса кўрмабди. У табиби-ғайбга ўқрайиб қараб турарди. Аҳмаджоннинг асаби чатоқроқ, харбий хизматда бўлганида фалокатга учраб контузия бўлиб қолган. Сал нарсага жаҳли чиқиб, жиғига теккан киши ким бўлишидан қатъий назар, авлод -аждодигача ”ишлов”бериб юборади.
Ҳайрият, ҳамкасбимиз ўқрайиш билан кифояланди.Табиби-ғойиб билан хайрлашамиз. Аёллар ҳам уй уйларига йўл олишди. Мен бу ҳақда ёзмоқчилигимни айтаман. У ҳурсанд бўлиб кетади. ”Фақат катта газетага ёзманг, мафия етиб келади,”-дейди. Ҳайрон бўлиб сабабини сўрайман. У тўнғиллайди:” мафия пулга ўч бўлади, менда пул кўп деб, ўйлайди”
Сув парисининг паноҳида бўлган, бир имо билан шириллаб оқаётган қонни дарҳол тўхтатиб қўя оладиган, руҳлар билан бемалол мулоқатдаги бундай одамнинг мафиядан қўрқишига ҳайрон бўламан. Сув париларини ишга солиб мафиянинг оёғини осмондан қилиб юбориш қийинми? Ёки руҳлардан илтимос қилиб барча мафияларни ахта қилиб чиқса қандай яхши бўларди-я.
Кўчага чиққанимизда қаттиқ шамол туман марказини алғов далғов қиларди. Ғалати замонлар бўлаяпти-да ўзи. Саратонда дўл, жала ёғиб беради. Осмонни учар ликопчалар босиб кетди. Ҳар хил мўжизалар юз кўрсатаяпти. Худонинг қахри келди шекилли.

Бу дунёда гуноҳсиз ким бор?
Нечун яшай олди бўлмай гуноҳкор.
Ёмонлик қайтарсанг ёмонлигимга.
Фарқимиз не бўлди, айт парвардигор.

Мен гуноҳкор банда уйга кела келгунча Умар Ҳайёмнинг ушбу сатрларини хаёлан такрорлаб келдим.

Абулфайз БАРОТОВ: Буни 1988 йилда ёзгандим.

%d bloggers like this: