Абулфайз БАРОТОВ

barotov“ИСМИНИ ЁЗИБ ҚЎЙДИМ”

1970 йилда тўнғич фарзандим Лайло туғилди. Мен ҳам ота бўлганимдан оғзим қулоғимда бўлиб юрган кезларимда қўлтиғига қоғоз ўроқлик каттагина нарсани қистирганича дўстим дараматург Машраб Бобоев (ҳудо раҳматига олган бўлсин) келиб қолди. Мени биринчи фарзандим билан табриклади. Сўнгра олиб келган совғасини очди. Бу антиқа совға-сополдан ясалган кичгинагина кучук боласи эди. Чиройлилигини айтмайсизми? Олдинги иккала оёғини ерга тираб чўнкайиб ўтирибди. Сариқ рангли гавдасини тикасига кесиб ўтган оқ ҳошияли чизиқлар уни янада кўркамроқ қилиб кўрсатарди. Кўзларига қандай ранг берилганини билмайман-у,аммо у ёниб турарди. Орқа бўйнида танга пул ташлайдиган тешикчаси ҳам бор.
Дўстимнинг совғасини кўзга кўринарли жойга қўйдим. Кучукча кўзлари ёнган холда савлат тўкиб турибди.Уйимга ташриф буюрганларнинг кўзлари дарҳол кучукчага тушади.
-Вой-вуй анови кучукчанинг чиройлилигига қаранг. Кўзлари ёниб турибди-я. Уни қаердан топдингиз?- деб, сўрашади.
Бу гаплардан қалбим ғурурга тўлади. Томоғимни бир қириб қўяманда, виқор билан жавоб қайтараман:
-Буни Машраб Бобоев деган шоир дўстим қизим Лайлонинг туғилган кунига совға қилиб олиб келган.
-Шоирларнинг дидига қойил қолмай илож йўқ,- деб қўяди улардан баъзи бирлари.- Бунақа чиройли кучукчани қаердан топибди-я.
Бир ҳафтада икки уч марта, баъзан тўрт мартагача кучукча ва Машраб ҳақида саволларга жавоб беришимга тўғри келади. Бирон ўтириш бўлиб қолгудай бўлса, менга роса “иш топилади”.Меҳмон деганининг кўзи албатта кучукчага тушади. Тушдими, албатта саволи тайёр. Меҳмонни “атойи худо” дейишади. Саволига жавоб бериш керак. Қалбим ифтихорга тўлиб-тошиб, керак бўлса ўзимдан қўшиб-чатиб совға ҳақида гапириб бераман. Дўстим Машраб Бобоевнинг совғаси-ю қизим Лайлонинг номини бир неча марта тилга оламан.
Кучукча эса яшил кўзларини чақнатиб сервант устида виқор билан ўтирибди. Мен гап орасида унинг орқа бўйнида тешикчаси борлигини, ўша тешикчага жиринглатиб танга ва пул ташлаб турганимизни ҳам қистириб ўтишни унутмайман. Меҳмонлар орасидан саҳийроқлари пул ёки танга ташлаганларида, кучукчага, унинг тешигига ва дўстим Машрабга ичимда тасаннолар айтиб қўяман.
Вақт ўтиб буларнинг бари жонга тега бошлади. Кучукчани бошқа хонага олиб чиқиб қўйишим ҳам мумкин эди. Лекин ундай қилгим келмасди. Нихоят йўлини топдим. Кучукчанинг қоқ пешонасига қора бўёқ билан билан “Машраб Бобоев”деб ёзиб қўйдим. Кўнглим таскин топгандай бўлди. Энди сўраганларга кучукча пешонасидаги ёзувга имо қиламан: “ўша киши олиб келган.” Бу”ихтиром” қайтага яна битта ташвишни олиб келди. Энди меҳмонларнинг баъзи бирлари кучукчага қўшиб Машраб Бобоев ҳақида ҳам сўрардилар. Ҳуллас, энди ёмғирдан қочиб дўлга тутилгандим.
Шундай кунларнинг бирида Тошкентга ишга кўтарилиб кетган Машраб Бобоев уйимга ташриф буюриб қолди. Азбаройи ҳурсанд бўлиб кетганимдан дўстимни ўша хонага бошлаб кирибман. Қуюқдан-қуюқ хол аҳвол сўрашганимиздан сўнг мен ошхонага чиқиб хотинимга меҳмон яхши кўрадиган овқат учун “буюртма”бериб хонага қайтсам, Машрабнинг икки кўзи сервант устида савлат тўкиб ўтирган кучукчада. Жон поним чиқиб кетди. Юрак ҳовучлаб бу ёғи нима бўлишини кутиб турибман.
Машраб секин менга қаради. Ранги оппоқ бўлиб кетибди. Индамай жойидан турдида, эшик олдига бориб пишиллаганича туфлисини кия бошлади. Ғинг деб оғиз очмай, шу алпозда уйдан чиқиб кетди. Мен тилим танглайимга ёпишганича қоққан қозиқдай бўлиб турардим. Сўнгра секин хонага кириб бошимни чангаллаб олдим.
Овқат тайёр бўлганини айтиш учун хонага кирган хотиним менинг ёлғиз ўтирганимни кўриб ҳайрон қолди.
– Нега бундай ўтирибсиз? Меҳмон қани, шамоллагани чиқдими?
Мен чурқ этмадим. Кучукчанинг пешонасига номини ёзиб қўйганим учун дўстим кетиб қолди деб, айтолмайман-ку, ахир. Жавоб беравермаганимни кўриб хотиним олдинга ўтиб юзимга қаради.
-Ие, нима бўлди сизга. нега йиғлаяпсиз?
-У кетди ,-дедим алам билан. -Бутунлай кетди, энди келмайди.
Хотиним ҳамон ҳеч нарсага тушунаолмай ҳайрон бўлганича турарди. Мен унга бу ҳақда айтмадим. Бу азоблардан бир йилдан сўнг қутулдим. Машрабнинг ота-онаси Пойариқ туманининг “Пойариқ”савхози ҳудудидаги чекка қишлоқлардан бирида яшарди. Машрабнинг отасининг тоби йўқлигини эшитиб, яхшилаб бозорлик қилдим-да, Пойариққа жўнадим. Мени илиқ кутиб олишди. Машраб яқинда келиб кетган экан. Пойариқлик шифокор – шоир Зиёдулла Нурматов бир галги учрашувимизда менга шундай деди.
Машраб отасидан хабар олганлигингиз учун сиздан жуда миннатдор. Сизни яхши инсон экан,- деди.
Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.