Гап халтадаги ёнғоқни қандай шақиллатишда!
Ишқибозлик юқумли касалликка ўхшайди. Бир бошланса, кейин тўхтатиб бўлмайди.
Мана, футбол ишқибозларини олайлик. Ўйин пайтида уларни полиция кучи билан тўхтатиб турилмаса, тўфонга ўхшаб йўлида учраган нарсани вайрон қилиб кетади. Ҳар ким ҳар нарсага ишқибоз бўлади. Биров отга, биров итга, биров машҳур хонанданинг ашулаларига дегандай.
Андижоннинг бир ҳукмдори каптарга ишқибоз бўлган. Давлат ишларидан бўш пайтида каптарбозлик қилган. Умуман, ҳукумат раҳбарларининг ишқибозликлари оддий фуқарога қараганда бутунлай бошқача бўлади. Улар кўп қиррали сиёсат юргизишга ишқибоз бўлишади.
Нега кўп қиррали дейсизми? Чунки олиб борган сиёсатининг бир қирраси бўлмаса, бошқа қирраси айтган гапларига тўғри келиб қолади-да! “Мен ўшанда фалон қиррани эмас, писмадон қиррани назарда тутганман”,-дейди у фуқароларига ёруғ юз билан. “Сиёсатчининг санъаткорлиги шундаки, у эртага, бир ҳафта, бир ойдан кейин нималар бўлишини олдиндан айта олиши керак,-дейди Уинстон Черчилл.-Кейин эса шу айтганлари нимага амалга ошмаганлигини халққа тушунтириши керак”. Ана шундагина у кучли сиёсатчи сифатида обрў қозониши мумкин.
Америка жини суймаган мамлакатлардан атом бомбаси излашга ишқибоз. Хитой одамларини қаёққа сиғдиришни билмай, қўшни давлатларнинг ерига ишқибозлик қилаяпти. Россия ўзи ишқибозлик қилган давлатлар юзини тескари бураётганлигидан хафа. “1991 йилда СССРнинг тарқатилиши ХХ асрнинг геосиёсий ҳалокати бўлди”,-деб юборди унинг раҳбари хафачилигини яширолмай. Хуллас, худонинг ердаги соялари ўз ишқибозлигини пардалай олмаганидан кейин бандалари нима қилсин?
Чўртан балиқлар ҳар йили ташланадиган ўлжасига қараб тишларини алмаштирар экан. Бу ҳам ишқибозлик туфайли. Чунки каттароқ ўлжага ташланиш учун тишлар каттароқ ва ўткирроқ бўлиши керак. Майда балиқлар учун чўртанга тиш алмаштириб ўтириш шарт эмас. У ҳам бу сиёсатни яхши билади.
Австриянинг Зальцбург шаҳрида машҳур композитор Вольфганг Моцартнинг уй-музейи бор. Ҳозир бу жойга томошага келган сайёҳларга унинг ишқибозлари томонидан Моцарт тухуми, Моцарт қазиси, Моцарт конфети, шампанскийси таклиф этилади. Моцарт пайпоғини ёки иштонини киймоқчимисиз, марҳамат! Гўзал хонимлар учун Моцарт сийнабанди таклиф этилади. Хоним бу сийнабандни хушторининг ёнида ечган пайтида Моцартнинг “Мўъжаз тун серенадаси” янграйди. Дарвоқе, бу серенада кечқурунлари ҳар бутанинг тагида янграйверганидан шу ернинг аҳолиси ёппасига аллергияга учраган, дейишади. Ишқибозлик нималигини билишмайди-да улар!
Бу ҳали ҳолва, Гейделберг университети ходими, ўзини-ўзи “профессор” унвони билан сийлаган Гюнтер фон Хагенс ўликлар билан бизнес қилади. У эгасиз ётган ўликларни писмирига сотиб олиб, тиливизирдан “Ўлик-шоу” ўтказади. Ҳа, энди ишқибозлик-да! Мана одамлар истаганча топ-шоу, ток-шоу, абет-шоу ўтказиб ётипти-ку! Агар фон Хагенснинг 88 ёшли отаси бир пайтлар СС агенти бўлганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бунинг ҳеч ҳайратланарли жойи йўқ.
Япониялик Акио Моританинг ишқибозлигига ҳавас қилса арзийди. Акио Морита-саховатли шолизор дегани. Ана шу саховатли шолизор шолипоясини қўйиб, 1946 йилда 3 кишидан иборат “Сони” фирмасини очади. Сонни ёки Санни дегани инглиз тилида бўтам ёки қуёшча маъносини беради. Кейинчалик у Америкадан “Вестерн электрик” транзисторларини сотиш бўйича лицензия олади ва ҳозир бу ишқибозлик туфайли машҳур “Сони” кампанияси маҳсулотларининг етиб бормаган жойи қолмади. Ҳатто ҳожатхоналарда ҳам “Сони” ҳожат чиқаргичлари ишлатилаяпти. “Америкаликлар Ойга қўниш билан оввора бўлганларида японияликлар Америкага қўниб бўлишди”,-деган эди бир таҳлилчи ишқибоз бу ҳақда.
Самурайлар династиясининг давомчиси, каратэ бўйича Халқаро ассоциация Президенти, 65 ёшли Дайкаку Чёдоин болаларга ишқибоз. Ҳозир унинг 53 нафар фарзанди бор, тўнғичи 50 ёшга кираётган бўлса, кенжаси энди атак-чечак қилаяпти. Машҳур самурай болалар сонини юзтага етказиш орзусида.
Европа ва Америкада олтинсочли хонимларга ишқибозлик катта. Ҳатто олтинсочлар байрами ҳам бор. Нима эмиш, олтинсочлар калласида ҳеч нарса бўлмаса ҳам сочида олтин кўп эмиш. Германиянинг “Лаура” журналининг тадқиқотларига кўра эркакларнинг 60 фоизи олтинсоч ўйнаш орттиришни орзу қилармиш. Орзуга айб йўқ.
Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатида полициячиларга мўйлабнинг катта-кичиклигига қараб ҳақ тўлашади. Мўйлаб қанча катта бўлса, маош ҳам шунга қараб кўпаяр экан. Мўйлаб йўқми, маошдан умид қилма! Ҳатто маҳаллий аҳоли мўйлаби йўқ полициячини писанд қилмас эмиш. Қизлар мўйлаби йўқ йигитга турмушга чиқмасмиш. Уйланмоқчимисан, марҳамат қилиб мўйлаб қўй, ёки бир умр бўйдоқликда ўлиб кетасан!
Британия тахти вориси, Букингем саройининг 56 ёшли шаҳзодаси Чарльзнинг уйланиш маросими бутун дунёда шов-шувга сабаб бўлди. Британия монархиясининг ёзилмаган қонунларига кўра меросхўр шаҳзоданинг қайлиғи қиз бўлмаслиги керак. Шаҳзода Чарльз ҳам бундан хурсанд. Қайлиқ шунга яраша унча-мунча бозорни кўриб қўйган, элликнинг посангисидан ўтган. Акси бўлганида, қиз излайвериб хуноб бўлиб кетарди бояқиш. Бизда ҳам бозорда жувонага қараганда она-бола сигирнинг баҳоси баланд юриши бежиз эмас-да! “Жувонани нима қиласиз ўзингизни қийнаб,-шивирлайди даллол қулоғингизга.-Ҳали бу туғадими-йўқми, номаълум. Ана, она-бола сигирни олинг, онаси яна туғади, боласи ёнингизга қолади!”
Москвада ишқибозлар томонидан чўчқалар олимпиадаси ўтказилипти. Унда хур-хурвойлар ким ўзарга чопишиб, футбол ўйнашипти. Ғолиблар бир умр балчиқда ағанаб ётиш ҳуқуқига эга бўлишипти. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ҳар кимга ўз қадриятлари азиз. Бизда ҳам ишқибозлар топиладиган бўлса, қўйлар олимпиадасини ўтказса бўлади. Араби ва ҳисори қўйлар ўртасида мусобақа ёки қўй-шоу ўтказилса, ундан ҳам қизиқарлироқ чиқади. Ана унда кўрасиз тиливизир каналларини “Қўйди-чиқди”, “Қўй топилди”, ширбоз, чори-панжи қўй-шоулари босиб кетишини. Бошловчи дарҳол қўй терисини ёпинган бўрининг парда орқасидаги соясига савол беради:
-Эна, Қўчқорвой акам бош эгиб келса, кечирармидингиз?
-Кечириш ҳам гапми, “Энангни кимларга ташлаб кетдинг?”-деб ҳам айтмас эдим,-дейди қўй терисини ёпинган бўри иштаҳаси очилиб. Бу ёқда содда Қўчқорвой ишнинг оқибати нима билан тугашидан хабари йўқ, хурсанд, саланглаб чиқиб келади ва парда ортида ғойиб бўлади… Томошабинлар эса Қўчқорвойнинг энаси билан топишганидан хурсанд, йиғлай-йиғлай қўй-шоуни тарк этишади.
Латвия ҳукумати республикада балиқларнинг ҳуқуқи поймол қилинаётганлиги туфайли дўконларда тирик балиқларнинг сотилишини таъқиқлаб қўйди. Бечора балиқларнинг тили бўлганида бундай ғамхўрликларга қандай миннатдорчилик изҳор қилишини билмадиг-у, ҳар ҳолда бу тажрибани халқаро миқёсда қўлламаган маъқул. Чунки ишқибозлар хабар топишса, балиқлар қирилиб кетиб, халқаро аҳволга путур етиши мумкин. Қолаверса, одамнинг балиққа раҳми келади.
Афанди ҳар куни бозордан ёнғоқ сотиб олиб, кун бўйи харидорларга ўша нархда сотармиш. Одамлар ҳайрон бўлишипти.
-Афандим, бундан нима фойда?-деб сўрашса, у:
-Ёнғоқнинг шақиллашига ишқибозман,-деб жавоб берган экан.
Шунинг учун ишқибозликнинг катта-кичиги бўлмайди. Гап халтадаги ёнғоқни қандай шақиллатишда!
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek |
Leave a Reply