Абулфайз БАРОТОВ

abarotovМарҳумани сўнги йўлга кузатишга қўни-қўшнилардан бирон киши чиқмади

Оддий воқеа

Беш йил муқаддам мен яшаётган “Дом”га бир аёл кўчиб келиб, қўшни бўлиб қолдик. Битта ўғли ҳам бор. Олий маълумотли рус тили ўқитувчиси экан. Маҳалла-куй уни илиқ қарши олди, тўй-маракаларда ўз давраларига қўшишди.
Лекин аёл негадир ишга кирай демасди. Кейин ўғли ҳам кетиб қолди. Аёлнинг икки нафар ўғли бўлиб, эри билан ажрашган экан. Ўрта бўйли, хушбичим бу аёл бир ойча тинч яшади. Кейин бегона эркаклар унинг уйига срқатнов бўлиб қолди. “Дом”да яшовчиларнинг барчаси унинг бу қилиғидан ҳайрон бўлиб қолганди.
Хуллас, машмашалардан бошимиз чиқмай қолди. Битта подъездда яшаганимиз учун, ундан энг кўп азият чеккан мен бўлдим. Унинг жазманлари турли ёшдаги кишилардан иборат бўлиб, баъзан адашиб бизнинг эшигимизни тақиллатиб қолади.
Очаман. Ёши олтмишларга яқинлашиб қолган, сочлари силлиқ таралган эркак қўлида елим халта, табассум билан мендан сўрайди:
-Кечирасиз, Дилбар шу ерда яшайдими?
-Баъзан воқеа бошқачароқ кечади. Бу гал нимадандир хавотирланиб турган йигитчани кўраман. Унинг қўлида елим халта йўқ. Бир баклашка фанта, бир шиша арақ, қоғозга ўралган колбаса ва иккита нонни кўкрагига босиб турибди. Йигитча мени кўриб қизариб кетади. Мени Дилбар опасининг жазманларидан биттаси деб ўйлайди. Шунда бўлсаям юрак ютиб, сўрайди:
-Кечирасиз бова, Дилбар опа шу ерда яшайдими?
Икки ҳолатда ҳам уларга бир хил жавоб бераман:
-Дилбарнинг эшиги ҳов ана, орқаларингда.
Баъзан, кечалари алламаҳалда кўча томонга қараган деразам тақиллаб қолади. Секингина парда тирқишидан қарайман. Қоронғида биттаси турибди, секингина дейди:
-Дилбар мен келдим.
Шумлигим тутади. Ғўриллаб жавоб бераман.
-Арақ билан колбаса олиб келдингизми?
Ноъмалум жазман ғинг демай орқага чекинади. Бир куни эндигина қоронғу тушганида деразам тақиллаб қолди. Иккинчи қават деразасидан тушган чироқ ёруғида қўлида халтаси бор йигитчани кўрдим. Деразани шартта очдим.
-Қўлингдаги халтани бу ёққа чўз-да, тезда йўқол аблаҳ,- дедим қаҳрли овозда.
Йигитча ток ургандек орқага чекинди. Ариқ четидаги дарахтга юзи аралаш урилиб, халтаси ерга тушиб, ичида нимадир жаранглаб синди.
Қиш кунларининг бирида эндигина қоронғу тушганида свет ўчиб қолиб, ҳаммаёқ зимистон бўлиб кетди. Хотиним уйга кирар экан, -деди:
-Дилбар бугун уйда йўқми дейман, биттаси эшигини гумбурлатиб уриб ётибди.
Бир оздан кейин деразам тақиллаб қолди. Ҳарвақтдагидек овоз бердим:
-Ким деразамни тақиллатаётган?
Дераза ортидан қаҳрли овоз келди.
-Чиқ бу ёққа аблаҳ, уйни бўшат. -Бўлмаса ҳозир деразани дабдала қиламан.
Жон-поним чиқиб кетди. Қўрққанимдан эсим тескари бўлиб қолди. Сўкинишига қараганда, бу лаънати мастга ўхшайди. Менинг Дилбаримни эгаллаб олган сенмисан ҳали деб, момомни Учқўрондан кўрсатсайди.
-Ҳой, хотин, дарров участкавойга қўнғироқ қил, Нуридинни, Муҳиддинни, Абдураҳмонни чақиринглар,- дедим жон ҳолатда.
Каллакесар жазман ҳамма гапимни эшитиб турган экан.
-Участковой мен ўзимман.-деди у янада қаҳрлироқ овозда. – Ҳозир қўлингни боғлаб, икки буклаб машинага тиқиб олиб кетаман.
Билдимки, у адашиб бизнинг деразамизни тақиллатган. Дилбарнинг эшигини тақиллатганида ҳеч ким жавоб бермаган. Кейин уй орқасига ўтиб, адашиб бизнинг деразага қулоқ тутса, уй ичида ғўнғир-ғўнғир овоз келаяпти. Дилбар уйда экан, ваъдани менга бериб, айшини бошқалар билан қилаяпти деб, ўйлаган жазман менга ҳужум бошлаган шекилли.
Қўшниларимиз етиб келишди. Вазиятни кўрган жазман машинасига мина сола қочиб қолди. Участковойни ҳам топдик. Жазман машинасинининг чироғини ёқиб, жуфтакни ростлаётганида, қизим машина рақамини эслаб қолган экан. Участковой машина рақамини ёзиб олди.
Эрталаб Дилбарни чақирдим. “Ҳа, ака, тинчликми,”- дея, бепарво кириб келди. Мен кечаги воқеани айтиб, машина эгаси кимлигини сўрадим.
– Ғанишер келибди-да,- деди у бамайлихотир.- Кеча уйда йўқ эдим. Айтиб қўяман, сизни бошқа безовта қилмайди.
Ғазабдан жоним халқумимга келди.
-Ҳой, инсофинг борми ўзи, сен лаънатининг,- дедим буғилиб.- Эшакдан ҳам баттар экансан-ку. Эшак ҳам беҳаёлигини бир йилда бир марта намоён қилади. Сен бўлсанг… Подъездни фохишахонага айлантирдинг. Екатерина иккидан ҳам ошиб тушдинг.
Дилбар менга бироз қараб турди-да, мутлақо вазмин оҳангда деди:
-Ўзингиз биласиз ака, мен сизни жуда ҳурмат қиламан. Лекин мени қандайдир бир Екатерина деган манжалақига тенглаштираяпсиз, бу яхши эмас ака. Буни ўзимга ҳақорат деб биламан.
Гапларига қаранг унинг. Бир вақтлар Россияни 34 йил бошқарган император Екатерина иккидай аёлни манови олий маълумотли рус тили ўқитувчи манжалақи деб ўтирибди. Екатерина ҳам вақтида мана шу Дилбарга ўхшаб, роса айшу-ишратдан боши чиқмаган. Лекин спиртли ичимлик ичмаган. Жазманлари сон-саноқсиз бўлган. Жазманларига катта-катта мансабларни ҳадя этган.
Дилбарга гап уқтириш бефойда эканлигини сездим. Жазманларининг ичида тетаклари ҳам топилиши мумкин. Манови одам мени тинч қўймаяпти деса борми, биронта ахмоқроғи қоронғуда бошимга яримта пишиқ ғишт билан тушириб қолса нима бўлади. Айтадилар-ку, эркак ва аёл ўртасига эси кетган тушади деб. Чалпак бўлиб кетишим аниқ. Яхшиси маҳаллага мурожаат қиламан.
Дилбар жойидан қўзғалар экан, янада вазминроқ оҳангда деди:
-Ака, мен куйганларданман. Эрим тракторчи эди, баданидан солярка ҳиди келарди. Беш кунлик дунё бу. Мен ўйнаб-кулишим, кайф-сафо қилишим керак. Агар бирон хизмат бўлса тортинмай айтаверинг, сизга хизмат бепул.
Аччиғим чиқди, лекин ўзимни тутиб ҳазилнома гап қилдим:
-Хизматинг рецензияланганми, сертифакти борми?
-Бу нима деганингиз, ака.
-Спид, сифлис деганлари кўпайиб кетди, шунга айтаяпманда.
-Мени хафа қилаяпсиз, ака. Бунақа нарсалардан худога шукур, холимиз. Бизга одамларнинг тозаси келади. Ўзимиз ҳам топ-тозаларданмиз. Хўп, мен кетдим.
Хонага хотиним кириб келди.
-Дилбар кетдими, нима деди?
-Хизмат бепул, – деди.
-Бу нима деганингиз?
-Бу деганим, уни йўлга солиб бўлмайди.
-Тўғри айтасиз дадаси, яхшиси мелисага, маҳаллага айтиш керак.
Маҳалла фуқоролар йиғини раисига воқеани айтдим. У ўнта аёл ариза ёзиб берсин, кейин бораман,- деди. Шаҳарча фуқоролар йиғини раисига айтган эдим, “сиз биринчи гуруҳ ногиронисиз, деворга суяниб олинг-да, кўзингизни юмиб олиб ўша бемаза аёлни чангитиб сўкаверинг, сизни ҳеч ким ҳеч нима қилолмайди, охири безор бўлиб қилиғини ташлар, балки кўчиб кетар ,- деб, маслаҳат берди. Бу гапни участковойга айтган эдим, унинг жон-пони чиқиб кетди.
-Ўндай қилманг ака, бу қип-қизил жиноят ҳисобланади.
Қизиқ, сўкиш жиноят ҳисобланар экан-у, фоҳишабозлик жиноят ҳисобланмас экан. Шундай қилиб маҳалла раиси ҳам, шаҳарча фуқоролар йиғини раиси ҳам қадам босмади. Участковойга қийин бўлди. “Асов отлар” ҳаддидан ошиб кетганларида мен унга қўнғироқ қиламан. У баъзан жазманларни идорасига сўроққа олиб кетади. Ўшандан кейин жазманлар анча вақтгача кўринмай қолади. Кейин яна пайдо бўлади. Дилбарнинг қилиғини ота -онасига ҳам айтдик. Улар қизимиз қуюшқондан чиқиб кетган, бизларнинг гапимизни олмайди дейишиб, қадамини узишди.
У ёқ-бу ёққа шикоят қилаверганимиздан кейин Дилбарни шаҳарча фуқоролар йиғинига чақириб муҳокама қилишди. Дилбарнинг қилиқларини эшитган сариқдан келган раиснинг жони чиқиб, қутуриб кетди. «Ҳей, сенинг онангни… Бутингни мана бунақа қилиб йиртаман-а, деб, икки қўлини икки томонга кериб кўрсатиб, Дилбарнинг нозик жойига тил текизди. Кейин Баённома тузишди, Дилбарга мени назоратчи қилиб қўйишди. Иш расво бўлганди. Унинг жазманлари энди мени чалпак қилишлари аниқ.
Уйга келганимдан кейин Дилбарни чақирдим-да,-дедим:
-Кўрдингми, мени сенга назоратчи қилиб қўйишди. -Энди аямайман сени. Кўзинга қараб юр. Баённома тузилганини кўрдинг-а. Яна ҳаддингдан ошаверсанг, қамаласан.
Дилбар кулиб юборди
-Қамалмайман ака, бунга статья йўқ
Калтароққина, ювошроққина участковойимизни бошқа жойга ишга ўтказишди. Янгиси келди. Буниси дадилроқ экан. Уйимга келиб, “ака, бошқачароқ иш қиламиз,”- деди. Унинг гапига қараганда, фоҳишалар учун қонун йўқ экан. Лекин қўшмачиликка бор экан. Ана шу йўл билан тинчитиш мумкин экан уни.
Участковой ёнидан пул тўлаб, бир йигит билан бир қизни “ёллади.” Улар Дилбардан бир-икки соат ҳордиқ чиқариш учун жой сўрашди. Пулнинг чўғини кўрган Дилбар рози бўлган. Хуллас, посбон, қўшнилар барчамиз бир бўлиб, Баённома туздик. Афсуски, Дилбар бу гал ҳам сувдан қуруқ чиқди. Амнистия туфайли унинг устидан бошланган тергов тугатилди.
Кейин эса ўрганиб қолдик. Бир донишманд, “инсон қўлидаги кишанга ҳам меҳр қўяди,”- дегандек, Дилбарнинг уйидан ғала-ғовур эшитилмай қолса, “нима бўлди экан, бир ёққа кетдимикин ёки касал-пасал бўлиб қолдимикин-а,”- деб ачиниб ҳам қўямиз. Беш йил шундай ўтди. “Дом”да 12 та оила турамиз. Агар бошимиз бирикканида, бу фоҳишани аллақчон бу ердан кўчириб юборган бўлардик. Кўплар ахлоқи бузуқ аёлнинг қилмишларига тамошабин бўлиб турдилар.
Кейин Дилбар қиш кунларининг бирида бир кечада у дунёга равона бўлди. Тинимсиз жинсий алоқалар ва айшу-ишратлар охири уни гўрга тиқди. Ота-онаси. укаси, синглиси келишди. Улар номига овоз чиқариб йиғлашган бўлишди. Марҳумани сўнги йўлга кузатишга қўни-қўшнилардан бирон киши чиқмади. Бари узоқдан тамошабин бўлиб туришни маъқул кўришди.

%d bloggers like this: