Саволларга жавоблар

jm_2008may31Ўз бўғзига пичоқ тортиш

САВОЛ: Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигининг қандай сабаблари бор? Нима учун ҳукумат ОАВни назорат қилишни расман бекор қилган бўлса-да, амалда кучайтирмоқда? Бунда журналистларни ҳам айблаб бўладими? (Муҳиддин).

ЖАВОБ: Биринчидан, матбуот жуда кучли сиёсий қурол. Буни яккаҳокимлар, зулм пешволари яхши биладилар. Чунки эркин матбуот ухлаётган тафаккурни уйғотиб қўяди ва бу зулмнинг емрилишига олиб келади. Каримов режими матбуотга эркинлик беришни ўз бўғзига пичоқ тортиш билан баробар деб билишади.

Баъзилар ўзбек матбуотида ёзилганларни ҳар қанча ёлғон деганлари билан авомнинг аксар қисми ана шу ёлғонга ишонади. Каримов режимига эса шу керак. Ўз фикрини авомга сингдириш учун матбуот унинг қўлидаги қуролдир ва режим йиқилмагунча қўлидаги бу қурол тушмаслигини 1990 йилда Олий Мажлиснинг минбаридан ҳам айтгандим.

Иккинчидан, журналистларни ёппасига айблай олмайман. Қамоқ камерасидаги одамдан қандай қилиб узоқ масофага югуришни талаб қиласиз? У югургани билан бир жойда айланишдан бошқа имконияти йўқ. Агар озгина эркинлик бўлса, у халқнинг дилидагини минбарларга олиб чиқади.

Аммо ҳамма соҳада бўлгани каби журналистлар орасида ҳам жасоратсиз, лоқайд, манфаатпараст бўлганлари топилади. Улардан бир нарса талаб қилиш қудуқдан олтин излашдек гап. Мени кўпроқ ранжитадигани қўлида имкониятлари бўлгани ҳолда буни ишга солмай режимга қул бўлган журналистлардир. Совет давридаги қатағонларга қарамасдан баъзи журналистлар ҳар бир имкониятни ишга солишга уринар эдилар. Лекин Каримов даврида бу ҳам йўқ бўлди, тўғрироғи йўқ қилинди.

Нуриддин Акрамович

 САВОЛ: Муҳиддинов ҳақида бирор нарса биласизми?(Солижон).

 ЖАВОБ: Бу одам ҳақида афсонавий бир гап эшитган эдим. Уни “Иккинчи Киров” деб аташган экан. У КПСС Марказий комитети котиби сифатида Ленинградга борганда рус тилида жуда яхши сўзлаши ва қўлини ўйнатиб гапириши ҳамда бошқа ҳаракатлари билан одамларга Кировни эслатган экан. Унга жуда катта олқиш кўрсатилган ва бу Москвадагиларга ёқмаган деган бир миш-миш бор эди.

1991 йил телевидениега раҳбар бўлиб келишим билан, Каримов ва Мирсаидов орасидаги зиддиятдан келиб чиққан ҳолда ўзбек раҳбарлари орасида бир-бирининг тагига “сув қуйиш”дек бир иллат, бир касалликнинг илдизлари ҳақида кўрсатув қилмоқчи бўлдим. Муҳиддиновни таклиф қилдим. Бажонидил қабул қилди. Келди. Юзи самимиятга тўла, табассум қилиб турувчи бир одам экан. Савол-жавобни ўзим қилдим. Саволларим Мирсаидов ва Каримов атрофида айлангач у кишининг лаби титрай бошлади. Бир пайт юзига тер сизди ва ранги оқарди. “Маззам бўлмаяпти” деди. Суҳбатни якунладим ва ўзим у кишини уйига қадар кузатиб қўйдим. Олой бозорининг орқасида, жуда катта ҳовлида яшар экан.

-Бу ҳовлини ҳукумат берган,-деди ва қўшимча қилди.-Менинг изним бўлмасдан эфирга берманг. Мен кексайиб қолган одамман. Эртага ЖЭК (Уй-жой бошқарув идораси-ЖМ)дан келиб мени чиқариб юборишса, қариган чоғимда қаерга бораман. Шундай ҳам мени Мирсаидов томонидаги одам деб, ҳовлини ўлчаб кетишди…

Унинг самимий эътирофига қулоқ солиб, рухсати бўлмагунча суҳбатни сақлаб қўйишга ваъда бердим. Ўша пайтда ундан хафа бўлмадим. Чунки ҳақиқатдан ҳам ёмон вазиятга тушиши мумкин эди-да.

Аммо эртасига тўполон бошланиб кетди. У Каримовнинг идорасига бориб, “Мени алдаб чақирди, бўлмағур саволлар билан жиғимга тегди. Касал бўлиб қолдим” деб шикоят қилибди.

Мен кўп ўтмай телевидениени ташлаб кетганимдан кейин бир куни унинг бошқа суҳбатини эълон қилишди. У фақат Каримовни улуғлаган ва бундай раҳбарни “Худо бергани” ҳақида гапирди. Кейин Нуриддин Акрамовичга бир вазифа ҳам беришди. Китоби ҳам эълон қилинди…

Халққа Худо раҳм қилсин! 

САВОЛ: Тасаввур қилинг, агар Каримов ўз ўрнига қизини қўйса нима бўлади? (Ботир).

ЖАВОБ: Буни тасаввур қилишни истамайман. Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар фалакнинг чархи тескари айланиб шундай воқеа юз берса, яна бир кушанда, тарих қотили пайдо бўлади.

Гап шундаки, руслар истилоси остида халқ Турон ғоясидан айрилди. Русларнинг бу қотиллиги шу қадар аянчлики энди Турон  ҳатто ғоя сифатида ҳам тилга олинмаётир.

Каримовнинг истилоси остида Туркистон орзуси ўлдирилди. “Туркистон умумий уйимиз” деган шиор билан  чегараларга симтўр тортилди ва мина тўшалди. Туркистон бирлиги учун юзага келган тарихий фурсат ўлдирилди. Каримов Туркистонни “Туркистон” пичоғи билан сўйди.

Агар Каримов ўрнига ўзи ҳам, кўзи ҳам тўймас қизини қўядиган бўлса у энди Ўзбекистонни ўлдиради.

Шуни истасангиз, Каримовдан кейин қизи келади, деб тасаввур қилишингиз ва қўл қовуштириб ўтиришингиз мумкин, аммо бундай воқеа у ёқда турсин, ҳатто бундай тасаввурни ҳам истамайман.

Жаҳонгир МАМАТОВ,

2004 йил. “Оқсарой сирлари” китобидан.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM, Savol-Javob. Bookmark the permalink.