Қоришиб кетдику ҳалол ва ҳаром
ШИРИНСАН
Шунақа бу ҳаёт телва-тескари,
Баъзида ростману баъзида мастман.
Бўғиб ўлдирардим юрганинг сари,
Минг афсус, мен сенинг эринг эмасман.
Барибир юрасан, юраги ғашман,
Наҳот қизғанаман бўлса-да эринг.
Менку бир бечора, бир сўққабошман
Ўзгани жалб этар жозиба, заринг.
Севмоқлик омонат эй сарви қомат,
Сен учун бегона бундайин лаззат.
Қилмишинг хиёнат, яқин қиёмат
Қалбингда йўқми айт садоқат, иззат?!
Мен сени севмайман, лекин кераксан,
Сендайлар бағрида бахтим йўқолган!..
Қалбимда рашк ўти токи тириксан,
Бирибир ширинсан “мингтадан қолган!”
20. 09. 2013
ҚОЙИЛ
Кимлардир ташвишда, кимдир хотиржом,
Илонлар жон сақлар бугун қўйнимда.
Ўзимку ногирон, яримжон, нимжон
“Хавфли жиноятчи” номи бўйнимда.
Қоралар оқ бўлди оқлар булғаниб,
Латавош кимсанинг тушиб салласи.
Диссидент қўйнига кириб тўлғаниб
Мистовоққа чиқди итнинг калласи.
“Давлат тўнтаришин” ясайди энди
Мунофиқ кимсалар ИАКка мойил.
Қойил эй журналист, жасур афанди,
Сендаги маҳорат, тадбирга қойил!
20 09 2013 йил
ПЕШКАМАН
Хақим йўқ орқага қайтишга,
Шахмат тахтасида пешкаман.
Ҳақ гапни айтаман, отаман!
Отишга шай турган пушкаман.
20 09 2013 йил
БУЛҒАНГАН ДУНЁ
Жавобин жойладим берилган тест’ти,
Ғанимни титратди мендаги фикр.
Ўткир устарада сочимни кесди,
Бошим омон қолди Худога шукр!
Ёлғончи бу дунё тўлди посадга,
Сотилар виждон, ор пулга нақма-нақ.
Бозорлар учради мангу косодга,
Авж олди ғирромлик, сиёсат нохақ.
Ер шари ёнмоқда қуёш—террорист,
Сардорлар афирист, мунофиқ имом.
Шайтон малайлари хуқуқбон—юрист,
Нажасдан иборат покловчи ҳаммом.
Хақиқат йўқ энди чироқлар ўчди,
Қоришиб кетдику ҳалол ва ҳаром.
Ишонган йўл бошчи ҳароми чиқди,
Ҳаётим булғанди нажасга тамом!
2013 йил 21-сентябр
zamondosh.com
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |