Абулфайз БАРОТОВ

abarotovБУ ҚАҲРАМОНЛАР ЭРТАКМИ ЭНДИ?

Китоб ўқимай қўйган кишилар фикрлашни йўқотадилар
Дени Дидро

Эллигинчи йилларнинг бошлари… Тўртинчи синфга қадам қўйган пайтларим. У вақтларда мен туғилиб ўсган Ўгат қишлоғидаги мактаб 7 йиллик эди. Ўнинчи синф маълумотига эга бўлиш учун қишлоғимиздан 12 километрча узоқликда жойлашган Қўйтошдаги мактабга бориб ўқиш лозим бўларди. Мактабимизнинг камбағалгина кутубхонаси бўларди. Кутубхонадаги китобларнинг кўпи ўзбек тилига ўгирилган рус ва чет эл ёзувчиларининг асарларидан иборат эди. Кутубхоначи бизларга ўхшаганларга, “китоб ўқишга ҳали ёшлик қиласанлар,”- деган баҳонада китоб беравермасди. Катта ёзувчиларнинг китоблари қўлимизга тушиб қолса, ҳаммавақт ҳам унга тишимиз ўтавермасди.
Шундай кунларнинг бирида амаким Олишбой Авалбоев (худо раҳматига олсин) эндигина босмадан чиққан “Алпомиш” достонини олиб келиб қолди. Мен яшаётган Уйлиқма овули Ўгат қишлоғидан 3 километрча масофада жойлашганди. Ўгатдаги мактабга қўшни Михлибой, Оришли, пастки Ўгат, Қийқим қишлоқларидан болалар 5-7 километрча йўл босиб қатнаб ўқирди. У пайтларда радио саноқли одамларда бор эди. Ўгат қишлоғидан бошқа қишлоқларга ҳали электр нури етиб бормаганди.
Хуллас, “Алпомиш”нинг дарагини эшитиб. оёғимни қўлга олиб, амакимникига чопдим. Китоб қариндошлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган экан. Бир ой деганда менга навбат келди. “Алпомиш” достонини кечалари овулдошларимга қайта-қайта ўқиб бераман. Достондаги қаҳрамонларнинг жасоратларига қойил қолиб, тасаннолар айтамиз. Ҳа, ўшанда Алпомиш, Барчинойларларнинг жасоратлари дунёқарашларимиз эндигина шаклланиб келаётган биздек ўсмирлар учун чинакам қаҳрамонлик бўлиб туюлар эди. Ўсиб-улғайганим сари ҳаётимга янгидан-янги адабий қаҳрамонлар кириб келиб, онгимда мустаҳкам ўрин олди. Ана шундайлардан бири Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди” романидаги Павел Корчагин эди.
Роман қаҳрамони Павел Корчагин инқилобнинг оловли йўлларида қон кечиб кўрсатган жасоратлари туфайли ёшларнинг миллий қаҳрамонига айланганди. Отам вафот этиб, оилада тўнғич фарзанд мен бўлганлигим сабабли, тирикчилик йўлига кирдим. 1962 йилнинг бошида комсомол йўлланмаси билан Жиззах туманидаги “Боғдорчилик” (ҳозирги Пахтакор туманидаги “Пахтакор”) совхозида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерсувқурилиш” трестига қарашли 6-“СМУ”да бетончилар бригадасида ишлай бошладим. Ўша пайтларда милиция участкаси идоралари қошида кўнгилли халқ дружиначилари штаби фаолият кўрсатар, ташкилотлар, муассаса ва хўжаликлардан “ихтиёрий-мажбурий” равишда буйруқ билан одам ажратилиб, улар участка нозири билан кечалари навбатчиликка чиқишарди.
1963 йилнинг 1 январидан 2 январига ўтар кечаси учткавойимиз Яхъё Қўзиев Жиззахга зарур иш билан кетганлиги учун, ўша кечаси дружиначилар бригадасига раҳбарлик қилишимга тўғри келганди. Участка нозирининг совхозда йўқлигидан фойдаланган бир гуруҳ безорилар жанжаллашиб, кишиларнинг тинчини буза бошладилар. Бир нечта дружиначилар билан безориларнинг ашаддийларидан бирини идорага олиб келиб, далолатнома тузаётганимизда, қўлида қурол билан унинг шериклари хонага бостириб киришди. Шерикларим мени ташлаб қочиб қолишди. Безорилар сочма ўқ билан ўқланган милтиғини орқа бўксамга тираб отишиб, ўлди деган хаёлда бир чуқурчага ташлаб кетишган.
Мен опеперация столида ўзимга келганимни эслайман. Оғзимга кимдир резина ниқоб қоплади. “Наркоз” деган овоз эшитилди. Сассиқ ҳиддан нафасим қайта бошлади. Шунда “Пўлат қандай тобланди” романининг бош қаҳрамони Павел Корчагин операция столида наркоз таъсирига берилаётганида, “бир-икки…” деб, санагани ёдимга тушди. Мен ҳам шундай қилдим. Йигирма бешгача санаганим эсимда. Кейин онгимда қандайдир чийиллаган овоз пайдо бўлди-ю, ҳушимдан кетдим.
Ўйғонганимда тепамда кўз ойнакли киши, афтидан жарроҳ бўлса керак, менга тикилиб турарди. “Ҳа, шоввоз, ўйғондингми?- деди у русчалаб, кейин юзимгга секингина шапатилаб қўйди. Шунда мен унга шундай жавоб жавоб қайтарган эканман: “мен Павел Корчагиндек ўлимни енгиб яшайман…”
Операция тафсилотидан орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтганидан кейингина хабардор бўлдим. Чунки салкам 70 кун ўлим билан ҳаёт орасида “борди-келди” қилиб ётган эканман. Айтишларича операция олти соат давом этган. Юрагим бир неча марта тўхтаб қолиб, клинник ўлим бошланган. Шунда улар охирги чора сифатида операция столини оёқ томонимда кўтаришганларида, юрагим яна уриб кетаверган. Уруш пайтида юзлаб яраланган жангчиларни ёш жарроҳ сифатида операция қилган Николай Васильевич Садовников мен ҳақимда. “гоҳ тўхтаб, гоҳ уриб кетаверадиган бундай телба-тескари юракни урушда жарроҳлик пайтимда ҳам кўрмаганман,”- деган экан.
Мен бир ярим йилда 5 марта оғир операцияни бошимдан ўтказиб, касалхонадан ногирон ва абгор ҳолда қишлоғимга қайтиб келдим. Ҳатто 7 синфни битирганим тўғрисида шаҳодатномага ҳам эга эмасдим. “Осмон узоқ-ер қаттиқ”,- деганларидек, ноилож уйда ўтириб қолдим. Ана шунда Этил Лилиан Войничининг “Сўна” романи қўлимга тушиб қолди. Фавқулодда ирода соҳиби бўлган асар қаҳрамони Артур Бертон худди Павел Корчагиндек юрагимдан жой олди. Ана шу қаҳрамонлар мени тушкунликдан сақлаб қолиб, ҳаётга муҳаббат, келажакка ишонч уйғотди. Максим Горькийда ҳам маълумот бўлмаган. Унинг “Менинг университетларим” асарини қайта-қайта ўқиб чиқдим. У “олий маълумот”ни Қозон шаҳридаги новвойхоналарда оддий ишчи сифатида, дарёда қатнайдиган пароходларда кочегарлик қилиб олган. Мендан минг йилда ҳам Горький чиқмайди деб, қўл қовуштириб ўтиришимдан фойда йўқ. У вақтларда кутубхоналарда зўр китоблар тўлиб ётарди. Ҳар куни эшак миниб Ўгат қишлоғи марказидаги кутубхонага йўл оламан. Камида иккита китоб ёздириб олиб, икки кунда яна кутубхонада ҳозир бўламан.
Кейин ижода қўл урдим. Биринчи машқим “Исроилга жин тегибди”, деган ҳажвия эди. Бош қотириб ўтирмай, ҳажвиядаги қаҳрамонларни қавми-қариндошларимнинг номи билан атаб юбордим. Бош образ Исроил менга ота бир, она бошқа опачамнинг эри, яъни жондек азиз жездамиз бўлади. Яна бир образ -Ҳалима чечам, Олишбой амакимнинг хотини, бегона эмас. Воқеалар эса бундай кечади: ҳажвиямда Исроил жезданинг оғзини бир кечада қийшайтириб, чап кўзини шипга қадаб қўйганимдан кейин, қишлоғимиздаги довруқли Бувнар фолбин унинг ланг очилиб қолган оғзига сўйилган хўроз билан уриб, “ҳув-ҳувлаганича, жездани даволай кетади. Ҳалима чечам эса, бу воқеани бутун қишлоққа достон қилиш учун уйма-уй зир югуради.
Ҳажвиям туман газетасида босилиб чиққанидан кейин, чамамда обрўйим Горькийникидан ҳам ошиб кетди-ёв. Поччам аввал менинг “шарофатим” туфайли опачамни ўласи қилиб калтаклади. Мени болахонадор қилиб икки соатча сўкибди. Ҳалима чечам шайтонлаб қолган бўлса, Бувнар фолбин эса ҳушидан кетган. Ишқилиб почча мени ур калтак-сур калтак қилмади. Уйимга қариндошлар келиб нега бундай қилганимни сўрашганларида, “бу, бадиий асар, дунёда Ироиллар. Ҳалималар, Бувнар фолбинлар тиқилиб ётибди,”- деб, жавоб берганман.
Хуллас, шундан кейин аччиқ тили туфайли “Сўна” лақабини олган Артур Бертон Италиянинг Венециясидан жанубий Американинг Перу деган жойига қандай бориб қолган бўлса, мен ҳам Ғаллаоролнинг Ўгатидан Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманига шундай бориб қолдим. Туманда давлат банкига бошқарувчилик қилаётган қариндошимиз Шукур Сафаровнинг ёрдами билан “Коммунизм байроғи” газетасига тех-котиб бўлиб ишга жойлашдим. Ойлигим 50 сўм. Дунёда менда бахтли одам йўқ. Тинмай ёзаман, ёзганларимнинг бир бир нусхасини вилоят газетасига ҳам юбориб турибман. У ерда ҳам чиқаяпти. Олишбой амаким одамгарчилик қилди, гарчи хотини Ҳалима чечамни ҳажвия қилиб юборган бўлсам ҳам, 8,9,10-синфларда ўқиган деган табель тўғрилаб олиб келиб берди. Кечки 11-синфни тугатдим.
Кейин вилоят “Ленин йўли” газетасининг ахборотлар бўлими мудири Исроил Мирзаевнинг кўмагида ўн биринчи синф маълумотим билан вилоят газетасига кичик адабай ходим бўлиб ишга жойлашдим. Кейин Самарқанд Давлат университетининг филология факультетига сиртдан ўқишга кириб талаба бўлдим.
Ана шундан кейин “Алпомиш,” Пўлат Қандай тобланди”, “Сўна” сингари асарлар қаҳрамонлар сафига Чингиз Айтматовнинг иродали, ўз мақсадлари учун курашувчан қаҳрамонлари қўшилди. Адибнинг “Жамила”, “Бўтакўз,” “Юзма-юз,” “Биринчи муаллим” “Алвидо Гулсари,” “Байдамтол соҳилларида” сингари асарларини ўқиганимга қирқ йилдан ошган бўлса-да, асар қаҳрамонлари ҳануз менга ҳамдард, ҳамфикр бўлиб, ҳаётимда яшаб қолди. Чингиз Айтматов Гулсари деган от тимсолида оддий халқнинг қисматини қаламга олган. Отни эгасидан ташқари колхоз раиси, тумандан келган вакил, ва бошқа турли-туман раҳбарлар миниб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланади. Ёзувчи меҳнаткаш халқнинг оғир қисматини от тақдирида ана шу йўсинда тасвирлайди.
Айтматов асарларидаги салбий қаҳрамонларини тарбиялаб ўтирмайди. У ёвуз одамни ҳеч қачон тарбиялаб бўлмайди, уни инсофга чақириш ҳам бефойда, – деган ғояни илгари суради.
Ҳозир шиддатли тараққиёт даврида яшаш бизларга насиб этди. Оммавий-ахборот воситалари чексиз ривожланиб, турли-туман мўъжизавий технологиялар ҳаётимизга кириб келди. Сон-саноқсиз китоблар босмадан чиқиб турибди. Аммо уни ўқийдиган одам кам. Маънавиятимиз эса тобора қашшоқлашиб бораётибди. Китобларда мустаҳкам эътиқодли, одамлар бахтли учун курашадиган қаҳрамонлар жуда камдек назаримда. Алпомишлар, Павел Корчагинлар, “Сўна”даги Артур Бертонлар, Айтматов  қаҳрамонлари наҳотки энди эртакка айланиб қолган бўлса деб, ўйлайман баъзан.

%d bloggers like this: