Абулфайз Баротов

abarotovАРАҚХЎР САНТЕХНИК, ХОТИНИМ ВА МЕН

Самарқанд вилояти “Ленин йўли” (Ҳозирги “Зарафшон” газетаси) да ишлардим. Вилоят телерадиокампаниясидан Миршариф Хўжаев деган йигит ишга келди. Аввал партия турмуши бўлимига мудир, сўнгра масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари вазифалари ишлади. Кейин обкомга интрукторликка ишга ўтиб кетди. Тўғрисини айтиш керак, ўта ҳалол, пок инсон эди. Мен самарқандлик ҳамкасбларим орасида Миршариф Хўжаев ва Бобоқул Имомов сингари покдомон инсонларни умрим давомида бошқа учратмадим. Лекин Миршарифнинг битта “камчилиги” бор эди. У қалтис ҳазил қилишни яхши кўрарди. Унинг ана шундай ҳазилларидан биттасини бошимдан ўтказганман.
Самарқанд шаҳрида кўп қаватли “Дом”нинг биринчи қаватида яшайман. Бир куни ҳожатхонамиздаги унитаздан кутилмаганда, ахлат қайнаб чиқа бошлади. ЖЭКка қўнғироқ қилиб воқеани айтдим-да, зудлик билан сантехник юборишларини илтимос қилдим. Ярим соатлардан кейин ёши қирқлар атрофида, юзлари тиришиб кетган сантехник келди-да. аҳволни кўриб, “воҳ-воҳ, бунга қандай чидаб ўтирибсизлар,”- деди, афсус оҳангида. Чидамаганимизда қўлимиздан нима келарди. Сантехник ўзи озғин бўлсаям, бемалолхўжалар тоифасидан экан шекилли, сира шошай демайди.
-Қани бўла қолсангизчи,- дедим сабрим чидамай.- Қаранг, ҳаммаёқ ахлатга тўлиб кетаяпти.
-Бу гапингиз тўппа-тўғри,- деди у дона-дона қилиб.- Ахлатда эс деган, ақл дегани на қилсин. Бурқиллаб чиқаверади, чиқаверади, мен сизга айтсам.
Жон-поним чиқиб кетди. Бу галварс қип-қизил файласуф ҳам экан-ку. У менинг аччиғим чиққанини сезди шекилли, гапнинг дангалига кўчди.
-Оғойни, бу ахлатни шундай тўхтатиб бўлмайди.- Уйингизда арағингиз борми?
-Аввал ахлатни тўхтатсангизчи, арақ бўлса бир гап бўлар,- дедим хун бўлиб.
-Мен чучқамидимки, хуриллаб ахлатга кириб кетаверсам. Тезда арақ келтиринг. Қаранг, бунинг исига чидаб бўлмаяпти.
Дўконга чопдим. Сантехник пиёлани араққа тўлдириб симирди. Газак ўрнига муштини бурнига олиб бориб, “уҳҳ,”- деб қўйди. Кейин халтасидан 4-5 метрча келадиган троссини чиқарди-да чувалатиб, бир учини унитазга тиқди-да, бошқа учидан бураб уни айлантиришга тушди. Анча уринганидан кейин, ахлатнинг қайнаб чиқиши тўхтади. Троссга илиниб темир чойнакнинг қопқоғи чиқди. Сантехник тўнғиллаб сўкиниб қўйди. Кейин троссни ошхона томон торта бошлади. Троссдан оқиб тушаётган ахлат ошхона йўлагини баттар ифлослантира бошлади. Сантехник ошхонадан балконга чиқадиган эшиккача троссини силкитиб тортиб борди-да, кейин уни куч билан бир тортган эди, тросс ҳаволаниб кетиб нақ шипга урилаёзди. Ҳамма томонга ахлат сачраб кетди.
-Ҳой, нима қилаяпсиз?- дедим жаҳл билан.- Ахир, ҳамма жойни расво қилдингиз-ку.
-Нима қиппиз, қаерни расво қиппиз,- дея троссини ўраб йиғиштирган сантехник чала ичилган арақ шишасини қўйнига тиқди-да, хайрлашишни ҳам насия қилиб гум бўлди.
Роса аччиғим чиқди. Бефаросат сантехникни бир боплашни кўнглимга тугиб қўйдим. Эрталаб ишга борганимданоқ, “Арақхўр сантехник” сарлавҳали танқидий луқма ёздимда, хотинимнинг номидан газетанинг эртага чиқадиган сонига тиқиштириб юбордим. Кечқурун эса энди уйга қайтаман деб турганимда, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим.
-Кимсан?-деган сан-санлаган овоз келди симнинг нариги учидан.
Овоз оҳанги танишдек туюлди. Лекин кимлигини билолмадим.
-Ким керак сизга?- дедим мен ҳам.
-Шакарова Мусаллам киминг бўлади?- деди яна ўша гап оҳанги танишга ўхшаб кетадиган овоз.
Гап газетанинг эртанги сонида эълон қилиниши лозим бўлган луқма ҳақида кетаётганини сезиб қолдим-да, ўзимни босиб, жавоб қилдим.
-Нега у кишини суриштириб қолдингиз? Нима ишингиз бор?
Энди гап оҳанги танишроқ овоз дағаллашди, хириллаб, жунбўшга келганича, ўшқира кетди:
-Ҳой, бетовфиқ. Танқид Шакарова Мусаллам номи билан эртага газетада чиқади. У эса сенинг хотинчанг бўлади, тўғрими? Ўшанинг қўли билан мени бутун вилоятга бир шарманда қилай депсиз-да. Кўрсатиб қўяман сенга. Қани айтчи, қайси йўлдан уйинга қайтасан?
Жон-поним чиқиб кетди, қўрққанимдан ўтириб қолдим. Бу лаънати арақхўр ғирт каллакесар ҳам экан-ку. Танқидий мақола ёзганимни ҳам билибди. Мени дабдала қилиши аниқ. Балки шу атрофда, биронта муюлишда пойлаб тургандир ҳозир. Тош биланми, таёқ биланми бошимига туширса нима қиламан. Кеча авзойи чатоқ эди-я, лаънатининг. Бу ерни шаҳар деб қўйибди. Сени бўкиртириб сўя бошласа ҳам биров ажратай демайди. Мелиса дегани эса тўнғиз қўпганингдан кейингина пайдо бўлади. Яхшиси ўзимни эҳтиёт қилганим тузук.
Уйга қўнғироқ қилдим-да, кечроқ боришимни айтдим. Энди навбатчи машинада кетишга мажбурман. Бошқа иложим йўқ. Шу пайт қишлоқ хўжалик бўлимининг адабий ходими Илаш Суяров хонамга мўралади. Бирон марта, нега уйга кетмай ўтирибсиз, қачон кетасиз, деб сўрамаган Илаш бугун негадир меҳрибонлик қиларди. Икки қўли чўнтагида, тепамда зинграйганича, “қачон уйга қайтмоқчисиз?”- деб сўраб турибди. Дилим хуфтон бўлиб тургани учун унга тескари гап қилдим:
-Уйга қайтиш-қайтмаслигим билан нима ишингиз бор?-
Илаш бир нималар деб минғиллаб хонадан чиқиб кетди.
Навбатчи машинада уйимга омон-эсон етиб бордим. Бу воқеа ҳақида уйдагиларга оғиз очмадим. Иккинчи куни ҳар хил ўй-хаёллар билан кунни кеч қилдим. Газетанинг тўртинчи бетида босилган “Арақхўр сантехник” мақоласига ўттиз марталар кўз югуртирдим-ов. Энди уйга кетаман деб турганимда яна телефон жиринглаб қолди.
-Кеча бир амаллаб қутулиб кетдинг.- деди, ўша хириллаган, танишроқ, аммо кимлигини билишнинг иложи бўлмаган овоз.- Аммо бугун уддасидан чиқа олмасанг керак. Биз хотин-потинлар билан ҳисоб-китоб қилиб ўтирмаймиз. Бизга сен кераксан, тўғриси, сенинг бошинг керак.
Ёзган танқидий луқмага ҳам лаънатлар ўқиб, нима қилишимни билмай, жойимда тахта бўлиб қолдим. Биров кабинетим эшигини очиб яна ёпиб қўйди. Бошим қотиб, лол бўлиб ўтирганимда яна телефон жиринглаб қолди. Бирданига вужудимда қаттиқ ғазаб пайдо бўлди. Тўлиб-тошиб кетдим. Жаҳл билан гўшакни кўтардим-да, лаънати сантехникка овозим борича бақира боўладим:
-Ҳой ит, нима қилмоқчисан ўзи? Ўша ишинг учун сенга раҳмат айтишим керакмиди. Фалонимни ебсан. Қўлингдан келса осмонни ташлаб юбор, ифлос, эшак.
Столни муштлаганимча жазавам тутиб, арақхўр-сантехникнинг гўрига анча –мунча ғишт қалаб ташладим. Гўшакдан чурқ этган овоз эшитилмайди. Сантехники сўка-сўка хумордан чиқиб, бундай қарасам, ранги-қути учиб тепамда Илаш турибди.
-Баттаси икки кундан буён жонимни чиқараётган эди, ўшанининг онасини Учқўрғондан кўрсатдим,- дедим ғўддайиб.
Илаш афсуслангандек бошини чайқаб қўйди. Сўнгра, “энди сўкинманг, жон дўстим, уят бўлади, ўзингизни тутинг,”-деди. Шу орада телефон яна жиринглади.
Илаш типирчилаб қолди. У худди боя айтган гапини эслатмоқчи бўлганидек, телефонга қараб башарасини бужмайтирганича, нимадир демоқчидек қўлини бигиз қиларди. Яна ким бўлди экан,- деб, гўшакни кўтардим. Бироз жим турган гўшак ниҳоят тилга кирди:
-Абулфайз, сизга нима бўлди ўзи, фалонимни ебсан деганингиз нимаси. Ифлос, эшак дедингиз-а яна. Сизга кўнглим сиққани учун бир ҳазиллашмоқчи бўлувдим. Ҳазилни ҳам жуда ошириб юбордингиз-а.

-Э-э, бу сизмидингиз? –дедим елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлиб – Сизники ҳам роса ошиб кетди-да. Қайси йўлдан кетасан, бизга сенинг калланг керак… Кеча оқшом бутунлай ухлай олмай чиқдим.
Кейин билсам, Миршариф билан Илаш менга фитна тайёрлаган экан. Воқеани Илашга айтиб берган эдим, у дарров бу гапни Миршарифга етказибди. Илаш мен ҳақимда Миршарифни телефон орқали хабардор қилиб турган. Жўрангдан топ деганлари шу бўлса керак-да. Арақхўр сантехникка келсак, у танқидий мақолани ҳатто ўқиб ҳам кўрмаган шекилли, чунки Самарқанд шаҳридаги мен истиқомат қиладиган Темирйўл туманидаги ЖЭК ҳатто таҳририят томонидан чора кўриш учун юборилган танқидга жавоб қайтаришни ҳам эп кўрмади.

Абулфайз БАРОТОВ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek. Bookmark the permalink.