Ёлғондан хурсанд бўлиш қийин экан…
Ҳукмингизга тавсия қилаётганим мулоҳазаларимнинг пайдо бўлишига бир танишимнинг ўзаро суҳбатимиз давомида кўтаринкилик билан айтган сўзлари сабаб бўлди. Аслида унинг бундай дегани учун айбламоқчи эмасман, зеро ҳар қим, ҳар қандай шароитда ўзига маъқулини кўради.
Баъзан шундай одамларга ҳавасинг ҳам келади, зеро уларнинг дунёси бирам сўлим, осойишта ва шинамда.
Хуллас, танишим алоҳида қандайдир мамнунлик билан, “худога шукур, дунё цивилизацияси даражасига, Европа мамлакатлари даражасига кўтарилиб олдик”, деб қолди. Дастлаб унинг бу беғубор хурсандчилигига қўшилишиб, кайфиятини қўллаб юбормоқчи бўлдим ҳам, аммо бундай қила олмадим. Ёлғондан хурсанд бўлиш қийин экан…
Аввало унинг бу хурсандчилиги аслида асослимиди, деган саволга жавоб излаб кўрсак. Лекин, бундан олдин бир нарсани таъкидлаб ўтмоғим лозим. Мен ҳеч кимга ўз қарашларим ва хулосаларимни сингдириб, ундай эмас мана бундай, демоқчи эмасман. Хуллас, унинг хурсандчилиги нечоғли ўринли.
“Европа даражаси” ёки “дунё цивилизацияси” деган мақом бизнинг наздимизда нимани англатади ва унинг кўриниши қандай бўлиши керак?
Аввало ўша биз тенглашишга интилаётганимиз ва ҳатто айрим дўстларимиз айтмоқчи деярли тенглашиб улгурганимиз мамлакатларда полиция ва фуқаро ўртасидаги муомалани таққослаб кўрсак. Европа полициячиси (айтайлик Германия, Британия, Франция ва хоказо) ҳеч қачон ўз мамлакати фуқаросини у шаҳридан бу шаҳрига келгани учун судрамайди, унда ўлжани кўрмайди ва ниҳоят унинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайди, хуллас фуқаронинг ўзи мурожаат қилмагунича у томонга ҳатто тик қарамайди.
Энди танишим айтган биздаги, яъни Европа даражасига етиб улгурган Ўзбекистондаги вазиятга аҳамият берсак. Бизнинг “полициячи”лар ўзларини нафақат ҳаракатланишингиз, кийинишингиз, ташқи кўринишингиз, балки қолган барча эхтиёжларингизнинг ҳам мутлақ хўжайинлари деб билади.
Милиция ходимининг кўз ўнгида бирор қизнинг уяли телефони юлиб қочилса, уч-тўрт йигит бирор кимсанинг асабига тегса, борингки аёл бор, ёши катта отахон онахонлар бор демай бемалол куракда турмас иборалар ишлатилса, мелисанинг иши йўқ. Зеро, бу унинг вазифасига кирмайди.
Истаган давлатда милиция ёки полиция ходимига мурожаат қилиб борсангиз сизнинг муаммоингиз юзасидан чора кўриш пайига тушилса, бизда ўша муаммоингизга балким ўзингиз сабабчидирсиз, деган тахминдан иш бошланади. Ҳай бу масала ҳаммага таниш, шу боис уни ортиқча чайнашнинг ҳожати йўқ. Мухими, бу масалада биз Европага икки чақирим ҳам яқинлаша олганимиз йўқ.
Европа ёки танишим айтмоқчи цивилизациялашган давлатларда бемор касалхонага кириб келса унга нақ учта ёки тўртта шифокор пешвоз чиқади. Бордию уйга тез ёрдам чақирилса, ичи тўла зарурий ускуналар билан жиҳозланган ва биринчи тезкор ёрдамни кўрсата олиш имконига эга машиналар етиб келади.
Энди бизнинг шароитни кўриб чиқсак. Аввало, агар сиз тез ёрдамни чақирсангиз, ДАМАС машинаси етиб келади, унинг ичида қандайдир жиҳоз бўлиши у ёқда турсин, бемор олиб кетиладиган бўлса омонатгина ўрнашиб олиш имкони бўлади, холос. Йўлда кетар пайт қандайдир чораларнинг кўриб борилиши ҳақда гапирмаган маъқул, чунки ДАМАСда юриб кўрган одам биладики, машина силкиниб юради, агар шифокор укол қилиб қолишни мўлжаллаган тақдирда ҳам игнани керакли жойингизга санча олмайди, бордию осма укол илса нима бўлишини тасаввур қилаверинг. Энди, майли бир амаллаб шифохонага келдингиз, яқинларингиз керакли дориларни олиб бермагунича муолажа бўлмайди. Медсестра деганлари укол қилгани кирганида сиздан сўрайди, нима укол олаяпсиз, деб, ия, деб ёқа ушлайсиз.
Ҳай, майли, келтириб ўтганим мисолларни аслида тилга олмасак ҳам бўлади, зеро бордию, тўсатдан бу ҳолатлар ўзгариб қолгудай бўлса, аминманки ҳаммамиз бирров кўкрагимизга туфлаб оламиз, бир бало бўлганов, деб хавотирга ҳам тушамиз. Сабаби, биз Ўзбекистонда ҳамма вақт шундай бўлиб қолади деб астойдил ишонамиз, худди теппадагилар сингари…
Ҳа, айтганча, теппадагилар ҳақида. Ихтиёрий Европа давлати ёки боринг ана ўша цивилизациялашган давлатда халқ бирор талаб билан кўчага чиқса, жуда бўлмаса мамлакат парламентидан кимдир уни қўллайди.
Бизда ҳали бирор марта халқ эътироз билан чиқса парламент вакиллари, жилла қурса парламентнинг ўша ҳудуддан сайланган депутати ҳам чиққан эмас, илиб қўйган халқнинг муаммосини. Бизда халқ кўчага чиққани боис ўша ҳудудда бир тўда кўзи қонга тўлган милиция ходимлари пайдо бўлади. Бирини жинни, бошқасини провокатор, яна бирини эса чет элнинг жосуси деб ҳақоратлайди, секин билинтирмай у ёқ-бу ёғига мушт отиб олади. Уйлар бузилиши масаласига келсак, эҳҳе гапиришнинг ҳам хожати йўқ. Шартта устидан тракторни тортиб, уйни бўшатмасликка қўймаймиз, ҳе, онасини деймиз…
Умуман, ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатнинг ўзиёқ бизнинг қандай давлатлар қаторига қўшилиб улгурганимизни билдириб туради. Мисоллар орасида мен тез ёрдам машиналаримизнинг аҳволи ҳақида гапирдим. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг Европа даражасига етган ватанимиз раҳбарлари бундан ташвишга тушаяптими? Йўқ албатта. Улар янги-янги такси машиналари олиб келишни ўйлайди, йўналиш бўйича қатновчи таксилар олиб келишни ўйлайди, негаки уларга халқнинг соғлиги эмас, сўнгги пулини ҳам тортиб олиш керакроқ. Ҳамма ёққа супермаркетлар, банк учун бинолар, бизнесс марказлар қуриб ташлайди, кўприклар тиклайди одамларнинг ўша ердаги уйларини бузиб бўлса ҳам. Аммо мамлакатда ўша қурғур МДСдан (Тошкентдаги энг сифатли ва юқори малакали шифокорлар хизмат кўрсатадиган тиббий марказ. Ҳа, айтганча, пуллик хизмат кўрсатилади у ерда) бошқа тузукроқ шифохона, замонавий ускуналар билан, тез ёрдам машиналари ва шинам палаталари билан жиҳозланган шифохоналар йўқлиги уларни ҳатто уялтирмайди, сабаби … Европа давлатлари ва цивилизацияга эришган юртларда ундай эмасдир-ов!
Яна ўнлаб мисоллар келтириб ўтишим мумкин, бизнинг қандай давлатлар қаторидалигимизни исботлай олувчи. Аммо, сиз ҳаммасини унингсиз ҳам яхши билганингиз боис мисолларни шу ерда тўхтатиб қўяқоламан.
Европалашган деганда бизнинг одамлар андайча кийиниш билан, алламбалоча кўришиш, аллақандайча юриш-туришни тушунади. Аммо, зинхор ўша юртлардаги каби шароитни, имкониятларни ва эркинликни тушунмайди, шу боис бўлса керак Европа давлатлари қаторига қўшганда мутлақо бошқа меёрларни назарда тутади, йўқса ўша дўстим ҳам нима аслида қандайлигини яхши биладику…
Биз эса мана шу оддий мисоллардан ҳам билиниб турганидай, қатъий тарзда ортга қараб кетмоқдамиз. Ҳалиги, бир кинода айтилганидай, у томонга бориш қийин бўлса, шартта бу томонга юрворавер, нима қилипти, у ёққа борсанг ҳам қаёққадир келасан, бу ёққа борсанг ҳам… Мухими, бир жойда турма, оёғинг оғриб қолади…
М. Иброҳимов
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |
Leave a Reply