Саволларга жавоблар

jm_2012yilЎрмон    

САВОЛ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият нима учун борган сари ёмонлашиб кетяпти? Қамоқхоналардаги шафқатсиз қийноқлар, асоссиз қамоққа олишлар, диндорларнинг таъқиб қилиниши, эркин фикрли, ростгўй ижодкорларнинг муттасил қувғин қилиниши ва шу кабилар… Буларнинг асосий сабаблари нималардан иборат ва ҳукуматнинг бундан кўзлаган мақсади нима?(Муҳиддин).

ЖАВОБ: Агар бирор бир ҳаракат назоратдан четда бўлса у қуюшқондан чиқади. Сиз бирор бир ҳаракатингиз қонунга зид эканлигини билсангиз ва бунинг учун жазо олишингизни тушунсангиз, табиийки ўша ғайриқонуний йўлдан қайтишга уринасиз. Лекин назоратсизлик инсонни ваҳший ҳайвонга айлантириши мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматини чеклайдиган ёки назорат қиладиган тизимлар у ёқда турсин ҳатто танқид қиладиган очиқ минбар ҳам йўқ. Шундай шароитда нафақат инсон ҳақлари балки бошқа соҳалардаги вазият ҳам ёмонлашиб бораверади. Бу эса занжир ҳалқаси кўринишини ташкил қилади. Ана шу ёмонлашув шароитида ўзини сақлаб қолиш учун ҳукумат ҳамма нарсага тайёр бўлади. Агар диндорларнинг соқоли хавф бўлиб кўринса уни кестириш ва ёки туғиладиган бола таҳлика деб билинса уни олдириб ташлашдан ҳам қайтмайди. Буни яшаш учун кураш деб билади. Бу ҳол ўрмон қонунига юз тутади.

Ҳукумат дер эканмиз табиийки бир гуруҳ одамлар назарда тутилади. Лекин ана шу бир гуруҳ одамлар яшаш учун курашнинг бошқа йўлини ҳам танлашлари мумкин. Бунинг учун уларнинг бошида турган одам биринчидан инсофли, иккинчидан ваколатлари чекланган ва учинчидан қайсидир бир минбарда ҳисоб беришга мажбур, ниҳоят энг асосийси халқаро ҳамда маҳаллий қонунларга бўйсунувчи бўлиши керак. Яъни бир гуруҳ, бир халқ битта одамнинг қулига айланмаслиги, балки қонун фуқароси бўлиши керак. Афсус…

Бугунгача шундай

САВОЛ: Бир ўтиришда Ўзбекистоннинг элчиси билан гаплашиб қолдик. У шундай деди: “Мен вазирликда ишлар эдим, бир куни Москвадан бир амалдор телефон қилиб, “Тезда етиб келинг”, деди. “Сизнинг даврингиз ўтиб кетди, расмий таклиф қилсангиз ва аэропортда бизнинг миллий байроқ турса, ҳамда расмий кутиб олсангиз, бораман”, дедим. Уларни шундай қилишга мажбур қилдим ва мустақиллигимиз нима эканлигини уларга кўрсатиб қўйдим”. Сиз мустақилликнинг илк йилларини яхши билганингиз учун элчимизнинг бу гапларига нима дейсиз?(Абдулло).

ЖАВОБ: Савол ёзган киши элчининг исмини ҳам ёзган ва у одам Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида жуда кичик лавозимда ишлар эди. Кейин Каримовнинг диққат марказига тушди. Катта ишларда ишлади. Унинг исмини ёзмаганимнинг боиси у ҳозир Каримовнинг қора рўйхатида. Зотан гап исмда эмас. Чунки бундай гапларни бугун кўпчиликдан эшитиш мумкин.

Ёв қочса баҳодир кўпаяди, деганларидек, мустақиллик қаҳрамонлари ҳам кўпайиб қолган. 1990 йилларда “Мустақилликка эришсак очдан ўламиз” деганлар бугун ўзларини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқдалар.

Ўзбекистонда ҳақиқий тарих йўқлиги ва кўп нарсалар сохталаштирилгани боис ҳар ким оғзига келганини гапирмоқда. Лекин ҳақиқий тарих ҳам йўқолган эмас ва бир кун у бутун халқнинг мулкига айланади. Ўшанда юқоридаги каби сохта қаҳрамонликка ўрин қолмайди. Чунки шундайлар аслида русларнинг лаббайчилари бўлгани ўртага чиқади-да.

Узоққа бормайлик. 1989 йил матбуотини кўтариб, Ўзбекистон халқ депутатлигига номзодларнинг (ҳукуматнинг барча мулозимлари ҳам номзод эдилар ва мустақил номзодлар ҳам бор эди-ЖМ) сайловолди дастурларини ўқиб чиқиш керак ва кимнинг ким эканлиги равшан бўлади. Ким мустақиллик истаганди ва ким Иттифоқ таркибида қолиб русларга қул бўлишни афзал кўрганди. Янги тарихни барпо этишга ҳисса қўшишни истаганларга бу бир майдон.

Бевосита саволга келсак, бундай нарсалар кимнингдир телефондаги гапи билан эмас, давлатлараро қоидаларга-протоколга асосланади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин уни расман таниганлар сафида Россия ҳам бор. Расман тан олиндими, муносабатлар ҳам расмий бўлади. Аэропортга чет мамлакат байроғини илиш расмий ёки давлат ташрифларининг талаби. Бугунгача шундай. Бундан кейин ҳам бу тартиб ўзгармаса керак.

Ҳақиқат ниҳолининг илдизи

САВОЛ: Ўзбекистон қаҳрамонлари ҳақида салбий фикр билдирибсиз. Хўп сизга қолса кимга шундай унвон берган бўлардингиз?(Юсуф).

ЖАВОБ:Аввало шуни айтиш керакки, “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони мамлакатнинг энг юксак унвони бўлиши шарт ва уни буғдой сепгандек сочиш керак эмас. Қолаверса, мамлакат миқёсида қаҳрамонлик кўрсатиш ҳам ҳар куни ва ёки ҳар ойда юз беравермайди.

Бу унвон биринчи галда мустақиллик учун чин маънода курашганларга ва сўнгра миллат ҳамда мамлакат йўлида жон фидо қилганларга, фавқулодда бир улуғ ишларга қўл уриб, жасорат намойиш этганларга берилиши керак. Ҳозир эса президентни мақтаганларга, унга садоқат кўрсатганларга берилмоқда.

Келажакда бу унвонни беришни фақат президент ҳал қилмаслиги керак. Буни президентдан мустақил бўлган бир гуруҳ кўриб чиқиши ва имзолаш учун, ўз таклифини айтиши учун президентга тақдим этиши лозим.

Айни пайтда президентнинг ўзи амалда туриб бу унвонни ўзига тақиб олишини маънавиятсизлик, вазифасини суиистемол қилиш деб баҳолаш зарур.

Менга қолса биринчи галда шўролар даврида ҳам мустақиллик калимасини қўрқмай айтган ва бу борада “Ўлмас қоялар” дек кучли асар ёзган Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов), Совет давридаёқ мустақилликни куйлаб довруғи довон ошган Дадахон Ҳасан, СССР оёқда экан прокуратура ва милицияни коммунистик партиядан мустақил қилиш учун биринчи одим отган Мурод Жўраев, ошкоралик қалдирғочи Тойиба Тўлаганова, Каримов Қашқадарёда ишлаган пайтидаги қилмишларини фош қилиш учун қўрқмай бош кўтарган ва баҳодирлик тимсолига айланган Шовруқ Рўзимуродов, КПССга исён қилиб, унинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган Самандар Қўқонов, Каримов бошчилигидаги коммунистик гуруҳ тиш-тирноғи билан кўрсатган қаршилигига қарамасдан Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини эълон қилишда жасорат кўрсатган ўнлаб Халқ депутатларига бу унвонни лойиқ кўрган бўлардим.

Ажабмаски, Каримов режими йўл қўйган мудҳиш хатолар бир кун тузатилади ва адашган унвонлар ҳам асл эгаларини топади.

Ёлғон дарахтининг илдизи калта бўлади ва кун келиб бу дарахт “қилт” этган шамолга бардош беролмай гурсиллаб йиқилиб тушади.

Ҳақиқат ниҳолининг илдизи эса жуда чуқур бўлади ва бу ниҳолни юлиб ташлаганингиз билан барибир бир кун яна ўсиб чиқади.

Жаҳонгир МАМАТОВ,

2004 йил. “Оқсарой сирлари” китобидан.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Savol-Javob. Bookmark the permalink.