Абулфайз Баротов

abarotov“Бу ерни шаҳар деб қўйибди”

Россиядан мардикорчиликдан қайтаётган ўғлимни Тошкент темир йўл вокзалида кутиб олиш учун йўлга чиқдим. Поездга билет олдим деб хабар берганига салкам бир ой бўлган эди. Ана шу бир ойнинг ўтиши кони азоб бўлди. Кун санаймиз, вақт дегани эса имиллаб, сира ўтақолмайди. Машина ёллаб Тошкентга йўл олдим. Шофёр ёнида мудраб кетиб борар эканман, мардикорчиликдаги ўғлимизни ўйлаб жуда қийналиб кетганимизни ўйладим. Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, касал-пасал бўлиб қолмадимикин,- деган хаёлга борамиз. Хайрият, телефони деган матоҳ бор экан, соғинганимизда қўнғироқ қилиб, аҳволини, соғлигини билиб турдик.
Ҳозир республикамизнинг 5 та шаҳрида фуқороларимизни хорижга қонуний жўнатиш учун миграцион пунктлар ишлаб турганлиги ҳақида эълонлар берилмоқда. Лекин, ушбу пунктлар йўлга отланган фуқороларнинг ишга бўлган талабини қондираяптимикин? Агар қондираётган бўлса, нега улар жонларини хатарга қўйиб, тўп-тўп бўлиб Росси ва Қозоғистонга иш излаб кетмоқдалар.

Бундан тўрт ой муқаддам Бўстондан 15 нафар йигитлар ишлаш учун Тошкентга отланишган эди. Кейин маълум бўлишича, иш ваъда қилган кимса, уларни алдаб Қозоғистонга ўтказиб, қулдек сотиб юборишибди. Энг ачинарлиси, одам савдосининг бош айбдори ҳуқуқ тартибот органи ходими эканлиги юракда оғриқ ўйғотади.

Тўрт ой деганда йигитларнинг дараги чиқди. Мардикорликка кетганлар ота-оналарининг тинимсиз ҳаракатлари туфайли минг машаққатлар билан уйларига қайтиб келдилар. Уларнинг айтишларича, уларга қулларча муносабатда бўлишган, паспортларини олиб қўйишган, бир чақа ҳам пул ололмаган мардикорлар, жонлари омон қолганларига шукур қилиб, уйларига етиб келишган.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши қаттиқ кураш кетаяпти. Ишсизликка барҳам бериш учун ҳар йили юз мингларча иш ўринлари яратилмоқда. Лекин хорижга кетаётган мардикорларнинг оқими тўхтамаяпти. Сабабини сўрасангиз, “ у томонларда яхши ҳақ тўлашади, бола-чақани боқса бўлади,”- деб, жавоб беришади.

Шунақа ўй-хаёллар билан Тошкентга етиб борганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Поезд кечаси соат ўн яримларда келишини билсак ҳам, анча барвақт вокзалда пайдо бўлдик. Мен вокзалнинг шундоққина рўпарасидаги махсус жойда машинанинг ичида ўтириб турадиган бўлдим.. Мен билан бирга келган укамнинг ўғли ва шофёр вокзалга кетди.

Ярим соатлардан кейин бир ўсмир аравачада ўғлимнинг юкларини олиб келиб қолди. Қувониб кетганимдан, “раҳмат ўғлим,”- деб, икки минг сўм узатдим. Ўсмир менга олойиб қаради.
-Бу нима қилганингиз бобой, мен сизга гадоймидимки, икки минг сўм бераяпсиз?- деди жаҳли чиқиб
-Бўлмаса қанча беришим керак? Ана вокзал, бир қадам, меҳнатинга яраша-да.
-Бобой, билмасангиз билиб қўйинг. Буни тадбиркорлик дейдилар. 15 минг сўм берасиз. Бир сўм ҳам кам бўлмасин.

Лаънати тадбиркор 15 килограмча юкни 400-500 метрлик масофадан аравачасида олиб келгани учун шунча пул сўраётган эди. Қарасак, овозини баландлатаяпти, чамаси жанжал қиладига баҳона ахтараяпти. У билан тортишиб ўтиришнинг фойдасизлигини билиб, айтган пулини бердик. Галварс “тадбиркор”, “акажоним, юкларингизни машинагача ўзим олиб бораман деб, ўғлимнинг юкларга ёпишган ва аравачасига шоша-пиша орта бошлаган. “Кира ҳақига кўпи билан икки минг сўм олар деб ўйлаган эдик,”- деди ўғлим. –Унинг бундай қилишини қаёқдан билибмиз.
Жўнаётганимизда болага насихатомуз дедим:
-Ҳали ёш экансан, китоб ўқиб, телевизор кўриб уйингда ўтирсанг бўлмайдими? Ухлайдиган пайтинг ҳозир.
Бола менга қараб тиржайиб қўйди.
-Бобой, пул топиш керак, ухлаш шарт эмас. Бу ерни шаҳар деб қўйибди.

Хайрият, бола ҳинд киноларидагига ўхшаб, “бу ерни Бомбей деб қўйибди,”- демади.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.