Мулоҳаза

Қориндан гапирадиган бўлиб қолдик…

-Қорнингни ҳеч хафа қилма, деб айтган эдилар отам раҳматлик,-деб қолди бир профессор гапдан-гап чиқиб. Худога шукур, отамнинг ўгитига амал қилиб кам бўлмадим, бир умр институтда проректор бўлиб ишладим, йўлини қилиб фан доктори бўлдим, ҳозир эсон-омон нафақага чиқдим.

Энди “Отель Бўйра” деган меҳмонхонада эшикоғаси бўлиб ишлаяпман. Чойчақа ёмон эмас, ҳар ҳолда институтдагидан кўпроқ. У ерда студентлардан пул йиғишдан қийин иш йўқ эди. Қўлга тушиб қолмасам гўрга эди, деб ўйлайвериб ўша ерда сочим оқариб кетди. Меҳмонхонада унақа ўй-хаёл йўқ, кирган-чиққан одамнинг елкасига икки чўтка уриб, атирни визиллатаман, беш пул ташлаб кетади, тирикчилик ўтиб турибди…

Мен профессорнинг қиёфасига қараб, институтда ҳам у проректор эмас, эшикоғаси вазифасини бажариб келганлигини тушуниб етдим. Эсиз умр, дея ўйладим. Ундан кўра қоровул бўлиб ишлаганида жамиятга қанчалик кўп фойда келтирган бўларди. Чунки қорнини хафа қилмайдиган одамлар учун калланинг ҳожати йўқ, улар қорин билан ўйлайди. Шунинг ҳисобига қорин катталашиб, мия жонивор кичрайиб кетаверади.

Бутун дунёда қорин масаласи биринчи ўринда туради. Одам қорни тўймадими, бир-бири билан ўрлашади, жанжаллашади, томорқасини босиб олади, кучлилар кучсизларни маҳв этади. Қорни тўйганидан кейин кўнгли ёришиб, бошини кўтариб ён-атрофга қарайди, кўзига ҳамма нарса чиройли кўрина бошлайди, ҳатто минғирлаб хиргойи қилиб қўяди. Овқати ортиб қолса, қўшни товоқ қилади. “Бор, мана бу лагандаги ошни қўшнига бериб кел, савоб бўлади,-дея ўғлини чиқартириб юборади.

Лекин қоринни хафа қилмасликда ҳеч ким италиялик сеньорларнинг олдига тушолмайди. Уларга яхши вино, мазали овқат, чиройли аёллар бўлса бас, иш, мансаб, сиёсатга тупурганлари бор. Италияликлар ҳар куни ҳамма қатори ишга боради. Нима бўпти, табиий ҳол-ку, деб ўйлайсиз. Табиий эмас-да!

Бизда деҳқон кетмонини елкасига ташлаб чиқса, ернинг авра-астарини чиқариб гупиллатиб ураверади. Ҳангиси бўшалиб кетса ҳам қайрилиб қарамайди. Хотининг “Ҳой дадаси, қаранг, эшшак бўшалиб кетипти”,-деса ҳам парво қилмайди. “Халақит берма, у мендан анча ҳурматли”,-дея тўнғиллаб кетмонни айлантириб ураверади. Сеньориноларнинг бирортаси соат 9.00 да ишга бориб, 10.00 да қаҳва ичишга ўтмаса, уни ҳурмат қилмай қўйишади, бой бўлмоқчимисан, дея мазах қилишади. Бир соатдан кейин уларни тағин қаҳвахонадан топасиз. Орадан яна бир соат ўтгач, орзиқиб кутилган тушлик бошланади.

Ҳамма иш тугаганидан хурсанд, сеньоринолар “Хайрли кеч!”-дея бир-бирларини ўпишиб кўришадилар. Ёзилмаган бундай қорин қоидасига риоя қилмаслик уларда уят ҳисобланади. Шунинг учун бу ҳолатни обдон кузатган ёзувчи Марк Твен: “Улар фақат ейдилар ва ухлайдилар, ухлайдилар ва ейдилар, бунда эътиборга лойиқ донолик йўқ, лекин италияликлар ҳаёт мазмунини шу билан ўлчайдилар”,-деб ёзган экан.

Одам қанча оч бўлса, қоринни тўйдириш мақсадида миясида улкан ғоялар пайдо бўлади, ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса ҳам шу ғояларни амалга оширишга киришади. XVII асрда инкивизация туфайли Франциядан Германияга, ундан кейин Америкага кўчиб ўтган француз гугенотлар авлоди, камбағал оиласида туғилган Жон Дэвисон Рокфеллар дастлаб қорин тўйдиришни ўйлаб юрганида ҳар бир хонадонда чироқ ёқилишини ҳисобга олиб, ёшлигидан керосинфурушлик қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ана шу тариқа у пулни пулга уриштириб, ниҳоят “Стандарт Ойл” компаниясининг президенти даражасигача кўтарилган, керосинфуруш барон лақабини олган. 1880 йилда бу компания олган даромад 18 миллион, ўтган аср бошида эса 8,5 миллиард долларни ташкил этган ва Рокфеллер дунёнинг энг бой одами сифатида тан олинган.

Ёшлигида конфетга бир тийиндан нарх қўйиб опа-сингилларига сотиб юрган Рокфеллер миллионер бўлганидан кейин хайрия ишларига қўшни товоқ қилиб 550 миллион доллар сарфлаган. У бир ойда 10 мингтагача ёрдам сўраб ёзилган мактублар олган ва мактуб эгаларига сахийлик билан пул жўнатиб турган. Лекин оилада жуда қаттиққул бўлган. Рокфеллер 4 нафар фарзандига ҳар куни битта ўлдирилган чивин учун 2 цент, ширинлик емаса яна 2 центдан пул тўлаб, уларни ёшлигидан рағбатлантириб борган. Лекин болалар овқат маҳалига кечикиб келишса, 5 центдан жарима тўлашган. Унинг хотини Лора Спелман умрининг охирига қадар эски кийимларини ямаб-тикиб кийиб юрган.

Италияликларнинг Рокфеллердан фарқи шундаки, улар топганини ейиш-ичишга сарфлайди, Рокфеллер эса фақат йиққан. Йиққан, еган ва қўшни товоқ килган. Шунинг учун халқимизда “Йиққандан қўрқма, егандан қўрқ”,-деган ибора бор. Қорнини хафа қилмайдиган одам йиққанини ейди. Унинг дунёқараши қоринга қараб кенгая боради. У китоб ўқимайди, билим олишни чеккага суриб қўяди, ўтмишидан мосуво, келажаги йўқ. Аста-аста ҳайвон инстинктига мослашади. Фақат ҳайвондан фарқли ўлароқ, у қаердан фойда келишини ва пул санашни билади. Ҳамма нарсани ўз манфаатига бўйсундиради. Ҳамма ҳаракатни пул билан ўлчайди, пули йўқ одамни одам ҳисобламайди. Ҳамма масалани қоринга қараб ҳал қилади.

Иймон-эътиқоддан гап очсанг, дарҳол “Бунинг қоринга алоқаси борми?”-деб сўрайди. Инсоф-адолатдан гапирсанг, қорин билан қанчалик боғлиқлигини суриштиради. Палакат босиб, мансабга илашиб қолса, атрофидаги одамларни қорин манфаатларини ҳисобга олган ҳолда йиғади. Ана ундан кейин бу меш қоринларни тўйдириш учун охир-оқибатда аҳоли кафангадо бўлади. Шунинг учун хасис Қорунни бир умр йиққан бойликлари билан қўшиб ер ютган, Қори Ишкамбани олтин-кумушлари қутқариб қололмаган.

Доно халқимиз “Чайнаганинг гумона, ютганинг ўзингники, яхшилик қил, бу дунёда фақат яхшилик қолади”,-деб бекорга айтмаган. Илгари ҳам, ҳозир ҳам, барча замон ва маконда бой ва муҳтож бўлган. Бурунги бойлар аввало илм аҳлига мурувватли бўлган, улар ҳолидан хабар олиб турган. Ўзидан қолганларга ёрдам берган, қўлидан иш келадиганларни меҳнатга жалб қилган. Вақти-вақти билан элга ош бериб, едириб-ичирган.

Қўлнинг хайри заволнинг маргидир. Лекин буни қорин билан фаҳмлаш қийин. Қорин ғами билан юрган кишилар учун илм аҳли шунчаки яшашни билмайдиган ношудлар, муҳтожлар боқимондалардир. Илм аҳли қорин аҳлини тан олмаслигидан уларнинг ғаши келади. Илм аҳли эса бунга парво қилмайди, қоринни бир четга йиғиштириб қўйиб, илмини қилаверади. Улар келажак ривожи учун тинмай ишлашади.

Гитлер Ўрта Осиё халқлари хусусида гап кетганида “Улар қориндан бошқа нарсани ўйламасликлари учун исмини қоғозга чизишни ўрганса бас, бўлмаса жуда доно бўлиб кетишади”,-деган экан. Лекин ақли кўтоҳ фашистлар йўлбошчиси бир нарсани ҳисобга олмаган. Бизда илм олишга чанқоқлик шунчаликки, узоқ тоғли қишлоқнинг боласи исмини қоғозга чизишни ўрганса, қолганини ўзи амаллаб тортиб кетади.

Буюк алломаларимизнинг ҳаммаси камбағал бўлган, лекин риёзат чекиб илм излаган. Улар яратган тафаккур машъали дунёни чароғон қиляпти.

Ҳа, қорнини хафа қилмаганлар ном-нишонсиз йўқолиб кетди, алломаларимиз яшаяпти.

Н.Самарқандий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: