“Туронзамин” почтасидан

abarotovАбулфайз БАРОТОВ: УЛАР ФИДОЙИ ЭДИЛАР

“Жиззах ҳақиқати” газетаси ташкил бўлганининг 40 йиллиги олдидан

Ўтмишга назар

1973 йилнинг охирида Жиззах вилоятига асос солинди. Янги вилоятнинг кўзгуси- “Жиззах ҳақиқати” газетаси йиллар синовидан ўтиб тобланди, унинг янги жамоаси айнан шу синов йилларида чиниқди. Ўша пайтларда журналистларнинг ишлаши учун етарли шарт-шароит йўқ эди. Вилоят “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари туман газетасининг эски биносига жойлашганди. Ёз пайтларида бизлар стол-стулларимизни таҳририят ҳовлисидаги ўрик дарахти остига судраб чиқиб, у ёқ – бу ёққа ўтиб турган одамлар кўз ўнгида ишимизни давом эттирардик. Бир тасаввур қилинг-а: таҳририят чорраҳанинг шудоққина четида жойлашган. Чап томонимизда катта бозор. Рўпарамизда дўконлар-у, алоқа бўлими, яна қандайдир катта-кичик идоралар…
Одамдар ўтиб-кетиб турибди. Бизлар эса стол-стулларимизни ҳар ер- ҳар ерга қўйиб олганимизча, ёзув-чизув ишлари билан машғул бўламиз. Баъзи бирларимиз машинка чиқиллатаяпмиз. Ҳазил-мутойиба билан кунни кеч қиламизда, ашқол-дашқолимизни яна судраб ичкарига олиб кириб, дарҳол ошхонага чопамиз. Сал кечиксак, ошхона бекилиб, оч қолишимиз мумкин. Туман маркази бирданига вилоят марказига айлананиб, одам кўпайиб кетганлиги учун тузукроқ овқатланадиган жойни топиш амри маҳол бўлиб қолган эди.
Ётоқхонамиздаги шароит эса бундан ҳам расво эди. Жиззах педагогика билим юртининг алимсоқдан қолган ҳайҳотдай бир қаватли эски мажлислар залига бош муҳарриримиздан бўлак барчамиз жойлашганмиз. Газета ҳафтада уч марта чиқади. Муҳаррир ўринбосари Холбўта Худоёров асли жиззахлик бўлса ҳам, аммо кўп йиллар Сирдарё вилоятида турли газеталарда, турли лавозимларда ишлаган тажрибали журналист эди. У кишига ловозимига қараб тўрдан жой берганмиз. Сирдарёдан яна Ҳайитбой Набираев, Маматқул Эрназаров, Баҳорой Холбекова сингари журналистлар ҳам ишга келишган. Самарқанддан келганлар -Октябрь Жавлонов –бош муҳаррир, Абдурашид Абдураҳмонов –масъул котиб ва мен -хатлар ва оммавий ишлар бўлими мутасаддисиман.
Катта залда бироз латифабозлик қиламиз. Кейин қитмирларнинг қитмири Ҳайитбой Набираев ва қитмирликда ундан қолишмайдиган шогирди Нурали Қобуллар аввалига бир-бири билан пичирлашиб оладилар-да, сўнгра ёстиқ-пастиқ деганларини биз томонга қараб улоқтира бошлайди. Биз тўрдагилар ҳам жавоб қайтариб турамиз. Кейин бошқа нарсалар, жумладан, туфли-пуфли деганлари бошимиз устидан пириллаб учиб ўтиб, муҳтарам ўринбосар ётган кароватга ёмғирдек ёғилади. У киши эса орриқ оёқларини кароватга осилтирганича, “шериклар, бўлди-да энди, тинчинглар, ухлайлик, ахир,”- деб, ўнг қўлини чап қўли кафти устида “арра” қилиб туради. Шўрлик ўринбосарни аанчалик “бомбардимон қилишса ҳам, у қўлларини арра қилиб юргизар, аммо бу ердан кетишни хаёлига ҳам келтирмасди. Шунда Ҳайитбой билан Нурали охирги чорани қўллашди. Аллақаердан катта ўлик илонни топиб келишиб, Холбўта аканинг кўрпаси орасига жойлаб қўйишди. Илонни кўрса шайтонлаб қоладиган муҳаррир ўринбосари ўша заҳотиёқ кўрпасини орқалаб ётоқхонадан гум бўлди. Энди у киши ҳар куни эрталаб, кўрпа-ёстиғини кабинетининг бир бурчагига яхшилаб тахлаб қўйгани ҳолда, “яхши дам олдиларингми шериклар,”- деб, бизларни кутиб оладиган бўлди.
Ётоқхонада эса зерикканимиздан янгидан-янги томошалар ўйлаб топамиз. Ётоқхонамиз ҳовлисини лампочка нури чароғон ёритиб турибди. Рупарамиздаги тўрт қаватли катта бинога билим юртининг ётоқхонаси жойлашган. Ярми ўғил болалар бўлса, ярми қизлар. Билиб турибмиз: талабалар, кароватларимизни ҳовлида у ёқ-бу ёққа судраб юрганимизга ҳайрон бўлиб қарашмоқда. Ниҳоят, кароватларимизни қатор қилиб қўйиб олиб, оёқларимизни ётоқхона томонга узатганимизча, ярим яланғоч ҳолда чўзилиб ётиб оламиз. Шунда, сураткашимиз Тоҳир Норқулов қўлларини орқага қилиб, оҳиста қадам ташлаганича тепамизга келади. Унинг онаси Уфа татари миллатига мансуб бўлганлиги учун Тоҳиржон татарчани сувдек ичади. Мана у ўнг қўлини дирижёр тайёқчасидек кўтарди-да, кейин у- ёқ-бу -ёққа силкита бошлайди. Оғзидан мусиқасиз ашуланинг сўзлари учиб чиқиб, уни талабалар ҳам бемалол эшитаётган эди.

Сайдинг куябер сайёд
Сайёра икан миндек…

Фурқатнинг бу ғазали татарчада ғоят кулгили ва жозибали чиқарди. Бизлар эса чўзилиб ётган жойимизда оёқларимизни қўшиқ оҳангига мослаб ётоқхона томонга ҳаволатганимизча, овозимиз борича, “ғиппа-ғип,” –деб, сапчиб тушаверамиз. Тоҳиржон эса аста-секин қўшиқни, авж пардасига кўтариб, қўлларини беўхшов силкитганича, “оввора икан биздек” деб, тусатдан диконглаб ўйнаб кетади. Бу бетамизлигимиз бизларга қимматга тушди. Билим юрти директори бизларнинг беҳаёлигимиз ҳақида муҳарриримизга шикоят қилганидан кейин, политехника билим юртининг тўрт қаватли ётоқхонасининг биринчи қаватига.бадарға қилиндик. Тўрт кишилик алоҳида хоналарга яхшилаб жойлашиб олдик. Аммо“Джизакская правда”нинг баъзи мухбирлари ичиб олиб, гоҳида “ҳўнар” кўрсатиб турганлигини айтмасак, бу ерда туриш-турмушимиз бинойидек эди. Ажойиб ва талантли журналистлар- Нурали Қобул, Сулаймон Ҳусаинов, Маматқул Эрназаров, Ҳайитбой Набирев, Тугал Музаффаров, Ризо Худойқулов, Тоҳир Норқуловлар билан оға-инидек яшадик. “Жиззах ҳақиқати” маданият бўлимининг мудири,марҳум Султон Пўлат ажойиб инсон эди. Унинг бировни ранжитганини сира кўрган эмасмиз. Хатлар бўлимида бирга ишлаган укамиз Норпўлат Норматов яқинда оламдан ўтибди. Руҳлари шод бўлсин унинг. Бирга ишлаган, дўстларим ва укаларимиздан Саидмурод Норбоев, Абдулла Раҳмонқулов, Ҳусан Холбоев, Акрам Иномовлар билан ҳар замонда учрашиб. суҳбатлашиб қоламиз. Акрамжон салкам чорак асрдан бери Жиззах шаҳар ва Жиззах туманининг нашри “Жиззах овози” газетасига муҳаррирлик қилиб, ўзининг юксак ташкилотчилиги ва одамохунлиги билан, катта обрў ва эътиборга сазовор бўлган инсонлардан.
Мен “Жиззах ҳақиқати”да бир йилгина ишлаб, яана Самарқандга қайтиб кетдим. Кетаётганимда муҳарриримиз Ўктам ака, “Анвар ишга келармикин-а, ўринбосарликни ҳам эплаб кетарди, бир гаплашиб кўрмайсизми,-деди.
Гап менинг божам, Самарқанд вилоят “Ленин йўли” газетасида адабий ходим бўлиб ишлаётган Анвар Жўрабоев ҳақида бораётган эди. Анвар талантли журналис, ташкилотчи, кутилмаган турли хил тадбирларни ўйлаб топадиган инсон эди. Мен Ўктам аканинг гапини аввал қайнсинглим бўлмиш, Анварнинг рафиқаси Умида Турсуновага айтдим.
-Агар Ўктам ака гапида турса, Анвар Жиззахга ишга боради,- деди Умида.
Анвар билан Умида Москвадаги Усачёва педагогика институтида бирга таълим олишган. Ўктам Жавлонов асли (чин исми Октябрь эди) форишлик бўлиб, бизнинг қайнота Шакар Турсуновнинг узоқроқ қариндоши эди. Мен Анвар билан Жиззахга келиб, уни дўстларим билан таништирдим. Анвар Ўктам ака билан учрашиб, ишга келадиган бўлди.
Анвар оиласи билан Жиззахга кўчиб келиб Нурали Қобулнинг қайнотаси Исом ака Рашидовнинг бўш турган ҳовлисида истиқомат қила бошлади. Исом ака ажойиб инсон эди. Ҳар куни юзтани отиб олиб, ўзини-ўзи хурсанд қилиб юрар, ҳеч қачон мен Шароф Рашидовнинг укасиман деб керилмасди.
Анварнинг Тошкентга ишга боришига юз фоиз Нурали Қобулнинг ҳиссаси бор. Нурали Исом аканинг Муҳаббат деган қизига уйланганидан кейин, унга порлоқ келажак юз кўрсатаётган эди. Нурали Қобул “Ўзбекистон санъати” журналига муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга кўтарилганидан кейин, Анварни ҳам ёнига тортди. Анвар бир қанча вақт ана шу журналда фаолият кўрсатди. Анварни том маънода шуҳрат чўққисига олиб чиққан инсон эса, “Халқ сўзи”нинг биринчи муҳаррири, давлат арбоби Ахмаджон Мухторов эди. Ахмаджон ака Самарқанд вилоят “Ленин йўли” газетасида муҳаррирлик қилганида, Анварга меҳри тушиб қолганди. Кейин Анвар “Халқ сўзи”га муҳаррир, Ўзбекистон олий Кенгаши депутати бўлди.
Анвар ҳали Жиззахда ишлаётган пайтидаёқ хотиним билан оилавий муносабатимиз тобора дарз кетиб, ўзининг энг юқори чўққисига чиққанлиги ва бу тарзда яшашдан бошқа маъно йўқлигини билиб, уч хонали квартирамни барча лаш-лушлари билан хотиним ва икки нафар фарзандимга қолдириб, Самарқандни тарк этдим. “Жиззахчўлқурилиши” ҳудудий бошқармасининг “Бўстон” кўп нусхали газетасида ишлай бошладим. Ўшанда энди собиқ божага айланган Анвар билан Жиззахда учрашиб қолганимда, унинг муносабати менга нисбатан ўта совуқ эканлигини сезардим. Қизиқ дунё экан. Анвар ва Умиданинг ЗАГСига бағишланган базм маросими Самарқандда менинг уйимда бўлган эди. Анварнинг ота-онаси Булунғурда истиқомат қилишар, ажойиб ва камтар инсонлар эди. Анвар билан Умиданинг ЗАГСга кетадиган харажатларни Анварнинг Самарқандда истиқомат қиладиган, ўзига тўқ оила бекаси бўлган Улмас опаси ўз гарданига олган эди. Анварнинг Собир деган ёлғиз укаси ҳам бор эди. Бу инсонлар ҳам дунёдан ўтиб кетган деб эшитдим. Илоё руҳлари шод бўлсин уларнинг.
Бир неча йиллар аҳил яшаган биз божалар эндиликда бир-биримизга бегона эдик. Қайнотамиз Шакар Турсунов (худо раҳматига олган бўлсин, яхши одам эди) автоҳалакат туфайли оламдан ўтганида, Анварга қўшилиб, “отамов, отамов, энди Фарҳод қайтади-ов” деб, уввос тортганларимнинг бари вақти келиб, бир тийин бўлди. (Фарҳод Анвар билан менга қайин ука бўлиб, Умида Турсуновалар оиласида ёлғиз ўғил фарзанда эди). Хайрият, Анварни Нурали Қобул Тошкентга ишга чақириб қолди.
Анвар Жўрабоев мансаб пиллапоясидан қадамба-қадам юқорига кўтарилиб, соясига кўрпа тўшайдиганлар кўпайгандан-кўпаярди. Кейин уни юксакликка кўтарган инсон Ахмаджон Мухторов билан ораларидаги юз берган келишмовчиликлар ҳақида эшитган бўлсамда, бирон жўяли нарса дейишдан йироқман. Улар ҳақида ёзувчи Абулқосим Мамарасулов вақти келганида бирон нима ёзар деб ўйлайман. Чунки Абулқосим бир неча йил “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган. У Анвар Жўрабоевнинг вазифасидан четлатилган устози Ахмаджон Мухторовга нисбатан салбий муносабатидан жуда яхши хабардор бўлган.
Мен Анвар Жўрабоевнинг кейинги тақдиридан иккинчи божам Эшпўлат Икрамов орқали хабардор бўлиб турардим. Эшпўлат яқин қариндошимиз бўлади, бир қишлоқда туғилиб ўсганмиз. У Умиданинг Розия исмли синглисига уйланганди. Кейин негадир улар ҳам ажрашиб кетишди. Анварнинг вафот этганини эшитиб, унга қаттиқ ачиндим. Самарқанддаги дўстларим Зиёдулла Нурматов, Нусрат Раҳмат ва бошқаларга дарҳол хабар бериб, эртага соат ўн бирларда уни дафн қилишларини айтганимда, улар чинакамига даҳшатга тушдилар.
Анвар Жўрабоев вафот этган пайтда хотини Умида Турсунова икки фарзанди билан узоқ Канадада яшаётган эдилар. Оғир дард туфайли тўшакка михланиб қолган, хотини ва фарзандлари соғинчида бу ёруғ олам билан видолашаётган Анварнинг бошида унинг тўнғич фарзанди Одилжон турди. Унинг қисмати бундай якун топмаслиги керак эди. Чунки у жуда кўп кишиларга беғараз ёрдам берган, шу жумладан, хотининг жигарларига ҳам. Улар Анварнинг ёрдамида Америкада бир неча йиллар ишлаб, уйларига бой-бадавлат бўлиб қайтдилар.
Мен шу сатрларни ёзар эканман, ўтмиш бутун борлиғи билан кўз ўнгимда намоён бўлди. Ўтмишнинг хира ва ёқимсиз тушдек хотиралар гирдобида Анвар Жўрабоев ҳам элас-элас кўзга ташланиб қолади. “Янги дунё” сайтида истеъдодли журналист Шароф Убайдуллаев Анвар Жўрабоевга ўз эҳтиромини билдирар экан, уни сиёсатдан жабрланганлар сафига қўшиб қўйгандек туюлди менга. Анвар Жўрабоев талантли журналист, зукко раҳбар, обрўли давлат арбоби бўлиши билан бир қаторда, майда-чуйда имкониятлардан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиладиган ўзига хос инсон эди. Шунинг учун унинг қисматини сиёсатга аралаштирмаслик керак деб ўйлайман. Назаримда, тақдир бир вақтлар менга раво кўрган қисматни ўттиз йилдан сўнг собиқ божамнинг бошига солган кўринади. Начора, тақдир ҳукмидан ҳали ҳеч ким қочиб қутула олган эмас.

%d bloggers like this: