САВОЛ: Сиз Каримов ҳали узоқ вақт тахтдан тушмайди деб ўйлайсиз, шекилли? (Одил).
ЖАВОБ: Балки… Ўзбекистоннинг яқин келажаги ҳақида оптимист эмасман. Аммо Каримовнинг “қуёши” сўнмоқда. Кимнинг ҳам қуёши сўнмайди!
Бугунга қадар бу “қуёш”га сиғинганлар энди халққа ва ҳақиқатга хизмат қилиб, ўзларини оқлаб оладиган фурсат келди. Агар бу фурсатни ҳам қўлдан бой берсалар, табиийки келгусида юзлари шувут бўлади. “Рашидовнинг сеҳрига тушган эдик” деганлар каби булар ҳам “Каримовнинг сеҳрига тушган эдик” дея олмайдилар. Чунки бугун бу “сеҳр” нинг асоратидан қутулмоқнинг имкони бор.
Афсуски биз имконларни бош беришга одатланганмиз. Балки буни айтайлабдан қилармиз. Чунки Каримовдан кейин бошқа “каримов” келади деган гапга ишонамиз ва бу тўғри бўлиб чиқади ҳам. Тарих бўйи шундай бўлмаганми?
Қалқон
САВОЛ: Шанхай ташкилоти масаласига қандай қарайсиз, бу Ўзбекистонга фойда келтирди-ми? (Ойсара).
ЖАВОБ: Гапнинг индаллосини айтганда Хитой ва Россия АҚШ билан рақобат қилишга интилмоқдалар ва бунинг учун ҳар бир кичик имкониятни ишга солмоқдалар. Шанхай ташкилоти қутблашманинг бир кўриниши.
Шундай экан, қолганлар бу ишнинг ичида нима қилиб юрибдилар?
Ўзбекистон нима сабабдан Россия ва Хитойнинг пинжига тиқилмоқда? Ҳатто Россия билан стратегик шериклик шартномасини имзолади.
Бу Ўзбекистоннинг, унинг халқининг манфаатидан келиб чиқмаган нарса. Бу золим режимнинг, яна ҳам аниқроғи Каримовнинг шахсий манфаатидан келиб чиққан нарса. Чунки АҚШ Ўзбекистон билан тузган стратегик шериклик шартномасига демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини киритди. Тошкентга ёқмади. Россия билан тузилганда эса бу нарса “эсдан чиқиб” қолди. Хитой эса ўзи бешбаттар.
Шундай экан, “Шанхай” ўзбек халқига ҳеч нарса олиб келмайди, балки фақат Каримовга ўзини қониқтириш учун ташқи қалқон бўлиб кўринди, дейиш мумкин.
Манфаат
САВОЛ: Бугун Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаяптими?(Зокиржон).
ЖАВОБ: Назаримда Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаётгани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати кичик манфаатлар учун катта нарсаларни қурбон қилиш билан овора. Масалан, демократияга таянган давлатларда кимнинг президент ёки бош вазир бўлишидан қатъий назар мамлакатнинг устивор манфаатлари об-ҳавога ўхшаб ўзгаравермайди.
Тўғри президентларга қараб ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар кузатилиши мумкин ва бу аксар ҳолларда қонун яратувчилар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Аммо Ўзбекистонда бугун Ислом Каримовнинг манфаати мамлакат ва миллат манфаатидан устун қўйилган. Масалан: Ўзбек халқига ҳатто бир миллиард долларлик ёрдам қиламан ёки бир миллион кишига иш жойи очаман деган хорижлик ҳам агар Каримовни танқид қилиб қўйса, бир дақиқада кавуши тескари қилиб қўйилади.
Ўзгаларнинг манфаатларини англамоқ учун энг аввало ўз мамлакати ва миллатининг манфаатини англамоқ керак.
Қийин иш
САВОЛ: Ўрта Осиёдаги давлатлараро “совуқлик” қандай ҳал қилиниши(юмшатиш) мумкин? Ёки унда ҳам “ғарб демократлари кўмаги” керакми?(Зокиржон).
ЖАВОБ: Бу мавзуда илгари кўп ёзганман. СССР парчаланган кунларда бундай совуқлик йўқ эди ва бугунга қадар бу вужудга келтирилди. Шу сабабдан уни вужудга келтирганлар бошқарувда экан, бу ҳақда орзу қилиш ҳам бефойда. Чунки улар жуда майда, шахсий манфаатлари учун асли бир оиланинг фарзандлари бўлган инсонларни бугун бир-бирига ёв қилиб қўйдилар. Энди улар ҳатто бир-бирларининг оёқларидан отмоқдалар ҳам.
Бугунги раҳбарлар халқнинг умумий бирлигини парчалаб, “ўзбекчилик”, “қозоқчилик”, “қирғизчилик”, “туркманчилик”, “тожикчилик” каби тор кўчаларга бошладилар. Бугун Ғарб тугул бутун дунё бирлашиб келса ҳам мавжуд совуқликни тугата олмайди.
Бу келажакнинг иши ва бугунги мансабпараст тўраларнинг оёғи бу заминдан узилгандан кейингина совуқлик аста-секин барҳам топиши мумкин.
Илиқ муносабатни бузиш учун унчалик маҳорат ҳам, интилиш ҳам, қобилият ҳам талаб этилмайди. Бир аҳмоқнинг қўлидан келадиган иш бу.
Аммо совуқ муносабат ўрнида илиқ, самимий, дўстона муносабатни тиклаш жуда қийин, мураккаб жараёндир ва жуда кўп ақлли одам ҳам бу жабҳада кучсиз қолиши мумкин.
Тўқнашув
САВОЛ: Бугун Марказий Осиёда асосан қандай манфаатлар тўқнашмоқда? (Зокиржон).
ЖАВОБ: Дунёнинг манфаатлар тўқнашадиган бир қанча стратегик-геополитик марказлари бор ва ана шулардан бири ўз номи билан Марказий Осиёдир.
Биринчи, Марказий Осиё жуда кўп мамлакатлар учун янги бозор эканлигидир. Ҳамманинг ҳам бозорда даллол ёки харидор бўлиб қолгиси эмас, маҳсулот сотиб, мўмайгина пул қозонгиси келади. Шу жиҳатдан Россия, Хитой ва АҚШ дунё бозорига ҳукмронлик қилиш учун рақобатлашаётган кучлар сифатида Марказий Осиёда уларнинг манфаатлари тўқнаш келмоқда.
Иккинчи, хавфсизлик масаласи. Хитой учун Уйғур автоном вилояти ҳаёт-мамот масаласидир. Бу Хитойнинг парчаланиб кетиши учун қулай бўлган нуқта. Чеченистон Россия учун қандай аҳамият касб этаётган бўлса, Уйғур вилояти ҳам Хитой учун шундай биринчи галдаги масаладир. Ҳам чеченлар ва ҳамда уйғулар билвосита эмас, балки бевосита Марказий Осиёга боғлиқдирлар, уларнинг бу ерда чуқур ришталари бор.
Россия ва хитойликлар бу нуқтани эътибордан четда қолдирсак таҳлика шу жойда юксалади деб ўйлайдилар. Чеченлар ва уйғурларнинг исломий ақидаларни байроқ қилган гуруҳлари курашнинг қуролли йўлини танлаганлари жангарилар таҳликасига қарши туришни биринчи галдаги вазифа қаторига қўйган АҚШни ҳам бу минтақадан узоқлашмаслиги учун замин ҳозирлайди. Бу ерда манфаатларнинг тўқнашуви эмас, балки муштараклигини кузатиш мумкин.
Учинчи, Марказий Осиёнинг ер ости ва ер усти бойликлари масаласи. Асрлар давомида буюк давлатлар бунинг учун кураш олиб борганлар ва бугун ҳам бу кураш давом этмоқда.
Тўртинчи, Марказий Осиёнинг жуғрофий потенциали. АҚШ учун Россия, Хитой ҳамда Ҳиндистон орасида ўзининг рамзий жойи бўлиши жуда муҳимдир. Бу нафақат Афғонистон, балки Марказий Осиёнинг бус-бутун ҳолидаги жуғрофий кўриниши бўлиши мумкин. Чунки бир нуқтага таянган куч кутилмаганда заифлашиб қолиши мумкин, айниқса режимлар турли бўлган бир пайтда.
Хуллас, асрлар давомида бўлгани каби бугун ҳам Марказий Осиёда дунёнинг энг кучли давлатларининг манфаатлари тўқнаш келмоқда. Бу аслида минтақа учун жуда муҳим ва катта имкониятдир. Агар минтақада бошқарувлар бу имкониятни ўз шахсий манфаатлари йўлида эмас, балки мамлакатлари ва миллатларининг манфаатлари йўлида қўллансалар буюк истиқболни таъминлайдилар. Афсуски, шундай бўлмаяпти.
Яхшилар кўп…
САВОЛ: Ўзбекистонда режим ўзгарса ҳукуматдагиларнинг ҳаммасини йўқотиш керак, деган тушунчага қандай қарайсиз? (Эркин).
ЖАВОБ: Бугун ҳукумат тизимларида ишлаётган одамларнинг ҳаммасини айблаш хато бўлади. Назаримда президент девонида ҳам, ҳатто ўша Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура, армия, МХХ да ҳам, Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб, чет эллардаги элчихоналару бугун биз юз ўгирган матбуот идораларида ҳам фақат ўзини эмас, ватан ва миллатни ҳам ўйлаганлар бор. Айниқса, ҳукуматнинг биринчи шахс даражасида бўлмаган мулозимлари, қуйи тизимларида яъни вилоят ва туманларда бундайларни кўпроқ учратиш мумкин.
Исён қилиш ҳамманинг ҳам хислати эмас. Бош кўтариш жасоратига ҳамма ҳам тайёр деб айта олмайсиз. Оиласи ва болаларининг келажагини таҳликага солишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Булар ўз навбатида қўрқувнинг илдизини суғоради. Айниқса, оила ришталари жуда кучли бўлган бизнинг миллатда.
Бу эса зулм машинасини юрғизганларга қўл келади. Улар самимий инсонларни қўлланадилар. Кимлардир қўлланилганини билмайди, кимлардир қўлланилаётганидан ички азият чекади. Бу айни пайтда бизнинг ҳали бус-бутун, баркамол миллат даражасига кўтарилмаганимизнинг ҳам белгисидир.
Бугун Каримовни олиб, ўрнига виждонли ва халққа меҳрибон бирини қўйиб қўйсангиз бутун ҳукумат тизими виждонли ва меҳрибон бўлиб қолади. Зотан буни истаб, шундай кунни кутиб юрганлар ҳам кўп.
Саддамнинг кетказилиши тарафдори эдим. Унинг кетказилиши бошқа диктаторларга ҳам сабоқ бўлади, деган фикрда эдим. Лекин Саддам кетиши билан йўл қўйилган бир-икки жиддий хато қандай оқибатларга олиб келганини кўрдик. Жумладан, Ироқ армияси, ҳукумат тизимлари мухолифатнинг талаби билан бутунлай тарқатиб юборилар экан, ўша куниёқ “Бу хато бўлди”, деган эдим. Чунки бу тизимларда бир-икки киши эмас, миллионлаб одам ишлайди ва уларнинг миллионлаб яқинлари, нонхўрлари бор. Қолаверса уларнинг ҳаммаси ҳам айбдор одамлар эмас.
СССР парчаланиши билан бутун коммунистларни йўқотсангиз ким қолар эди? Ироқда ҳам Саддамнинг ўрнига бошқа одамни тайинлаб, кейин аста-секинлик билан яхши ва ёмон ажратилса айни муддао бўлар ва АҚШ томонидан ҳам, Ироқ томонидан ҳам бу қадар кўп одам ўлмаган бўларди.
Табиийки, бу менинг хусусий қарашим.
Ўзбекистонда ҳам режим ўзгарса бу режим остида хизмат қилганларнинг ҳаммаси қурбон бўлиши керак, деган тушунчани оқламайман. Яхшилар кўп…
Жаҳонгир МАМАТОВ,
2004 йил. “Оқсарой сирлари” китобидан.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Savol-Javob |