Мулоҳаза

Яна озроқ гап қолди-да…

Билишимча, ўзим шахсан бунинг гувоҳи бўлмаганману аммо, Европа, Америка ва ҳатто Осиёнинг айрим давлатларида бошига ташвиш тушган одам сўнгги чора сифатида психологларга мурожаат қилар экан. Албатта агар ташвиш “911” аралашмаса бўлмайдиган даражада бўлмаса. Негаки, кўнглини кимгадир очиб олган инсон, ҳар қалай ўша давлатлар мантиқига кўра, бемаъни ҳаракатлардан сақланар эканда. Лекин шу-у-унча муаммолар ва ташвишларни ўзига қабул қилиб олган психолог бечора нима кунга қолиши, негадир кўпам айтилмайди… Айтилмайдиган мавзудирда а?

Нега буни эсладим, гап шундаки, бизда ҳатто ана шу кўнгилни ёришга ҳожат пайдо бўлиб қолган тақдирда ҳам тингловчи шахсни топиш бирам мушкул экан. Майли ҳаммасини бафуржа айтиб ўтай…

Бир жойга (буни қаранг, қаёёқалиги уже эсимда йўқ) шошиб кетаётган эдим, йўлимдан тахминан 65-70 ёшларга бориб қолган отахон чиқиб қолди. Қўлидаги таёқчаси билан елкамга туртиб, “болам, шу арз эшитадиганнинг каттасини қаёқдан топаман?” деб сўради. Аввал иккиланиб туриб қолдим, зеро қайси “арз эшитадиган” ҳақида гап кетаётганини тушунмадим-да. “Арзингиз нима масалада эди, отахон”, деб қизиқиб кўрдим, умид қилдимки муаммо нимадан иборатлигини билсам, кимга бориш тўғрироқлигини тавсия қилишни ҳам билиб оламан деб. Отахон кўзларини қисганича менга синчков разм солдилар-да, “сен ҳам каттароқ идорада ишлайсанми?”, деб сўради. “Йўқ, шунчаки арзингиз нимадан иборатлигини билсам, кимга боришни айта оламан девдим”, дедим имкон қадар тиржайиб. Отахон, “э-э, келиб, келиб сенга гапирибман”, дедию қўл силтаганича бошқа бир одамга таёқчасини ўқтала бошлади…

Гапнинг очиғи хафа бўлдим, нима айб қилдим ахир. Отахоннинг бу қилиғига жавобан мен ҳам шартта қўл силтаб кетворай ҳам дедим. Аммо шўрлик шу қадар ташвишли ҳолатда эдики, кета олмадим. Отахонни чақириб бемаза савол берганим учун узр сўрадим ва шартта президент деъвонига борар йўлни кўрсатиб, “мана шу йўлдан борсангиз, панжара билан ўралган ҳашаматли бино олдидан чиқасиз, ўша бинода арзларни тинглаши шарт бўлган барча катталарнинг ва кичикларнинг энг каттаси ўтиради, ўшанга учрай қолинг”, дедим. Отахон таёқчасини дўқиллатганича ўша мен кўрсатган томонга юрди. Аммо сал ўтмай тўхтади-да, “болам, шу ёшимда адашиб бошқа, қўлидан иш келмайдиганлар олдига кириб кетмай, кел, мени ўзинг ўша бино ёнига обориб қўй”, деди. Қўл соатимга қарадим ҳар эҳтимолга қарши ёнимда турган курантга ҳам қараб олдим, на илож…

Президент девони сари борар эканмиз отахон кўп нарсалар хусусида нолиб борди. Уларни ошкор қилмаётганим учун узр, ота ҳеч кимга гапириб юрма тағин, девдилар. Ўзимча отахонни юпатгандай бўлдим, “ҳаётда шунақаси ҳам бўлар эканда энди, отахон, нима ҳам қилардик”. “Э-э, ҳозирги ёшларни-ей, ҳаётда қанақаси бўлишини сен қаёқдан ҳам билардинг, тавба, яшашни бошлаганингга атиги уч кун бўлгандирку ҳаёт ҳақида палсапа қиласан, э-э, нималар бўляпти ўзи а?”. Отахоннинг бу гапларидан сўнг умуман индамайгина боришга аҳд қилдим. Бўлмаса одамни тоза хижолат қилиб ташлар экан. Бино ёнига яқинлашдик, “анави ўша мен айтган бино бўлади. Ҳўв ерга борсангиз, пропуск ёзиб беради, фуқароларни қабул қилиш бўлимига, кириб ўша ердагиларга бор гапни айтаверасиз”, дедим. Ўзимча отахоннинг дуосини олиб шу ердан ортга қайтмоқни мўлжаллаган эканман… “Ўша ердагиларга?”, отахоннинг ранги оқариб кетди.

Нима деяримни билмай жим қолдим. Отахон эса қошларини чимириб бир қарадию, “Собир бўлганда эди, нақ …” деганича ортга қараб юра бошлади (Собир дегани ким бўлди экан?). “Хой отахон, ия бу нима деганингиз, тўхтанг ахир, кириб мундоқ муаммоингизни тушунтиринг, катта билан учраштир денг, ахир сразу киргизворишмайдику, катта бўлса” деб унинг кетидан тушдим. Отахон эса таёқчасини бир силкитдию, “эй тирранча, унақа каттага учраштиришдан олдин нима гаплигини эшитувчилардан биласанми қанчасини кўриб қўйдим, жағимни чарчатганим қолди, холос. Нима қиласан бошимни қотириб, тинглаб кўришармуш… э-э ўша…” деб бақира кетди. Сиз мен билан юринг, дедиму отахонни елкасидан тутиб ичкари олиб кирдим. Фуқароларни қабул қилиш бўлими ёнига келдик. У ердан аллаким чиқиб отахонни ичкари таклиф қилди. Ярим соат ўтмай аллақандай одамлар пайдо бўлди. Ичкари кириб кетишди. Сал ўтиб отахон билан бирга чиқишди ва қаёққадир етаклай бошлашди.

Мен ўша пайт билмасдан, “отахон мен энди қайтаверай а?” деб юборибманда. Отахоннинг ғазаб билан қарагани етмай, бояги одамлар, “ия, сиз олиб келганмидингиз отахонни бу ерга, қани сиз ҳам юрингчи” деб қолишдию. “Қулт” этиб бир ютиндиму ишора қилинган машинага ўтирдим. Шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида тўхтадик. Машина ичидаги шахслардан бири тушиб отахонни ҳокимият томон етаклади, мен эса негадир машинада қолиб кетдим. Эшик ёпилгач, машина жойидан қўзғалди. “Қулт” этиб яна бир бор ютиниб қўйдим. Ким билади қаёққа олиб кетишмоқчи эди, аммо отахон бир нималар деб бақирган эди, машина тўхтади. Отахон ёнида турган шахс ишора қилиб мени ҳам машинадан тушишга буюрди. Ҳокимият қабулхонасида турар эканмиз, бояги одам “укам, сан ҳар кимни, ҳар қаёққа етаклайвермагин хўпми, акс ҳолда бошингни балога тиқиб оласан”, деб огоҳлантиргандай бўлди. Бош силкиб рози бўлдим…

Сўнгра отахонга юзланиб, “ҳозир ҳоким ўринбосари сизни қабул қилади, ҳоким йўқ экан. Нима дардингиз бўлса ўшанга айтсангиз ҳал қилиб беради, президентга бунақа масалалар билан борилмайди, унинг кўриши шарт бўлган масалалари чекланган отам”, дедию, менга бир хўмрайиб ташқари чиқиб кетди. Ўша топда ҳаёлимдан, бошқарув муддати чекланмагану одамларни қийнаётган масалаларни кўриши чекланганмикан, деган ҳаёл ўтди. Шу заҳоти атрофимга бир қараб, ҳаёл ўша “лип” этиб пайдо бўлгани жойдан ташқарига чиқмаганига амин бўлиб олдим, ахир огоҳлантириб кетишди. Сал туриб галстук таққан бир зот чиқиб келди, тиржайганича отахон билан мени (?) ичкарига таклиф қилди. Ҳоким ўринбосарининг хонаси экан. Ўринбосарнинг ўзимиди ё бошқа бировми, хуллас бириси чиқиб отахонни тинглади, сўнгра енгил кулиб, “ҳозир сизни прокуратурага обориб қўйишади, масалангизни ўшалар кўриши керак экан”, деди. Менга қараб эса, “отахонни билиб-билмай бекор овора қилибсизда ука, ақлингиз етмабмиди?”, деб уят қилгандай бўлди. Тавба, мен бу ерда причем…

Ташқарида аллақандай машина пойлаб турган экан, ўшанга чиқаришди, ўтирганимиз заҳоти шофёр мингга қўйиб шаҳар прокуратураси биноси ёнига олиб келди. Машинадан тушиб кетаётган эдик, ҳайдовчи бақириб қолди, “ия, анавиларни кетиб боришини қара, ҳа, пулини тўламайсанми ука?”. Оббо, буниси етмай турувди, “ҳокимиятнинг машинаси эмасми бу?”, “Аҳмат окангнинг машинаси, шахсий машинам укам, ҳокимиятнинг эмас, пулини тўла”, “узр билмабман, неча пул бўлади?”, “кўнглингдан чиқариб узатавер, камтар одаммиза, берганингни олиб кетурамиза”, кўнглим буни тусамаган эдику, дедимда минг сўм узатдим. Ҳайдовчининг қошлари чимирилиб кетди, “масхара қивоссанми ука, ундан кўра шартта эшикни ёпиб кетвор-э”, яна минг қўшдим. Раҳмат ўрнига бир нималар ғўдрандию, машина жойидан жилди. Оббо, отахоним-эй, анча сарсон қиладиган кўринасизку… Қабулга ёзилдик, кутиб туриш тавсия қилинди. Отахон яна дардини тўкишга тушди…

Бир соатларга яқин кутдик, ахийри чидамай қабулхонага қўнғироқ қилдим-да, ҳоким ўринбосари юборганини, ишимиз бироз шошилинч эканини айтдим. “Ҳозир одам тушади, кутиб туринг”, деган жавоб бўлди. Ярим соат кутдик. Бир қиз тушиб келди, отахон билан мени ичкари таклиф қилди. Зинама-зина юриб аллақайси хонага кирдик. Ўрта ёшлардаги бир одам қўл чўзиб биз билан саломлашди, ўтиришга буюрди. Сўнгра отахон дардини айтди. Прокурор деганлари отахоннинг гапларини сигарет тутатиб, қаёқларгадир телефон қилиб, нималарнидир варақлаб ўтириб тинглади (агар умуман ниманидир тинглаган бўлса). Сўнгра бирдан кулиб юборди, “отам бекор овора бўлибсиз-ку, бу масала билан шаҳарми, туманми мелисасига бориш керак эди-да. Бу прокуратуранинг иши эмас-ку, э-э, отам-эй”, деб ўрнидан турди. Бу хўп, майли энди борақолинглар дегани эди. Биз ҳам ўрнимиздан қўзғалдик. Отахоннинг юзлари хўмрайиб кетган эди. Прокурор эса менга қараб, “Олий маълумотлимисан ука, отамни овора қилмай мундоқ тушунтирмабсанда, тавба ёшларимиз бирам бўш-эй”, деса бўладими…

Прокурор инсофлироқ экан, ўзи машина чақиртириб ўша машинада шаҳар милициясига юборди. Ҳайдовчи унга қарашли эканига амин бўлганим боис бемалол ўтирдим, зеро чўнтак қурғур уже енгиллашиб қолганди, обед пулим ҳам сарфланиб бўлдия… Шаҳар милицияси бошқармасига етиб келдик. Қабулга кирдик. Қайсидир бир бўлимнинг кичик сержанти қабул қилди. Отахон истамайгина гапини бошлаган эди ҳам, милиция ходими, “бўлди, тушундим, буни отам, участка нозирингизга айтсангиз у оқсоқол билан бирга ҳал қилиб беради, биз бу билан шуғулланмаймиз, майли яхши боринг” деб гапни қисқа қилдию. Отахон ўрнидан туриб чунонам сўкиндики, асти қўяверасиз. Мелиса ходими эса менга қараб, “ҳў-ў, опчиқ давай, ҳозир дабдалангни чиқараман”, деб бақирса бўладими. Отахонни елкасидан тутиб ташқари етакладим, у эса тинмай сўкинарди. Адашмасам аввалги қабуллардан бошлаб, сўнгги қабулгача ким билан учрашган бўлсак ҳаммани обший қилиб сўкди-ёв. Ташқаридан икки-уч майда милиция ходимлари югуриб киришди, отахонни икки ёнидан тутиб, шу қадар тезликда кўчага олиб чиқиб қўйишдики, ҳайрон қолдим.

Бир жойда кичикроқ кафе учраган эди отахонга бир пиёла чой олиб бердим. Анча ҳовуридан тушгач, маҳалласига йўл олдик. Участка нозири уҳлаб ётган экан, хонасига кириб ўтирдигу оқсоқолни чақиртирдик. Оқсоқол етиб келди, участка нозири юзини ювиб келгач, отахон дардини айтишга тушди. Отанинг гапларини “арз тингловчи” ҳам афтларини бужмайтириб тинглади. “Э-э, Мавлон ота, нима гапларни кўтариб юрасиз-эй, тинчгина уйда қарилик гаштини суриб ўтирмайсизми, тавба”, деди оқсоқол деганлари. Сўнгра бош чайқаб, “бу масала маҳалла доирасида ҳал бўлса экан давно тинчитардик, вазирларми, улардан каттароғими ҳал қилмаса, биз нима ҳам қила олардик”, деса бўладими. Ўша пайт отахон шундоқ ўрнидан қўзғалди-да менга қараб, “болам, сенга раҳмат, гапимни тўлиқ эшитган, менга сал бўлса ҳам малҳам бўлгувчи гап айтган сен бўлдинг, билмай қаёқларга бориб юрибман, шартта ўзингга айтиб қайтмайманми”, дедию хонадан чиқиб кетди. Аламим келиб, участка нозирию оқсоқолни қўшиб бақира кетдим, тавба бундай талантим борлигини билмаган эканман.

Журналист эканимни айтдим, агар бир фуқаро дардини тинглай олмасаларинг нега ўтирибсанлар тепамизда дедим, ҳаммангни ўзи жавобгарликка тортиш керак дедим, яна нималардир дедим… Участка нозири хонадан қочиб чиқиб кетди, оқсоқол эса нималар ҳақдадир кечирим сўраб маҳалла ичига шўнғиди. Кўча бошида бир муддат ўйланиб туриб қолдим. Иккала “арз тинглагич” баҳона ҳаммасига айтадиганимни айтиб олганимдан бироз енгил тортгандим. Аммо шу топда яна озроқ гап қолгани учун кета олмасдим. Лекин не таажжубки, ўша гапларни тинглайдиган ҳеч ким йўқ эди. Тавба, қандай замонлар келди а?..

М. Иброҳим.

Мустақил журналист.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s