Мустақиллик қаҳрамонлари

bhayit.jpgСССРни зирқиратган ўзбек

Йиқилмас чинор

Биз боболари, ўтмишдошлари билан жуда ҳам фахрланадиган халқмиз. Лекин баъзан режимгагина ёққанларни қўшилиб мақтаймиз, ёқмаганларини эсламаймиз. Худди Советлар Иттифоқини узоқ йиллар давомида зир-зир титратган Боймирза Ҳайитни ёдга олмаганимиз каби.

Боймирза Ҳайит Туркистон тарихининг 20-асрдаги чинорларидан биридир. Яна ҳам аниқроқ айтсак, улкан чинори. Чунки Туркистоннинг 20-асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ёритишда унга тенг келадиган бошқа олим йўқ. Ўша даврда йўқ эди ва ҳалига қадар йўқ.

Оқни оқ, қорани қора дегани учун уни “Ватан хоини” деб атадилар. Бу ибора унга нисбатан ўз мазмунини йўқотди ва ватансевар англамига келди. Чунки ўша кезда ватанини Боймирза Ҳайит каби кучли севадиган бошқа одам бўлмагани ва “Ватан хоини” калимаси доим унга қарата айтиб турилгани учун ҳам бу ибора ўз мазмумини ўзгартирди.

бунгача Совет раҳбарияти уни ёмонотлиқ қиламиз, йиқитамиз деб кўп уринишди.

Политбюро кўрсатмаси билан

Шароф Рашидовни биласиз. Билмасангиз ҳам эшитгансиз. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси, узоқ йиллар Ўзбекистон коммунистларининг сардори бўлган.  Шу одам  Боймирза Ҳайитга қарши мақола ёзган десам ишонмаслигингиз мумкин.

Шароф Рашидовнинг 1958 йил, 27 сентябрида  Москвада чиқадиган “Литературная газета”да “Туҳматчига”  деган мақоласи чоп этилган. Кейинги куни бу мақола барча ўзбек нашрларида кўчириб чоп этилган. Айни кунда шу мақола бошқа республиклардаги газеталарда ҳам чиққан. Мазкур “асари”да Рашидов  Боймирза Ҳайитнинг Швецариядаги “Базлер нахрихтен” деб номланган газетадаги “ Москва Шарқнинг маънавий ҳаётига суқулиб кирмоқда” деб номланган мақоласини қаттиқ танқид остига олган.

Аслида Рашидов ёзган бу мақолани танқид деб бўлмайди. Бир сўз билан ҳақоратнома дейиш мумкин. Унда Боймирза Ҳайит “фирибгар”, “унтер-ёлғончи” каби оғир калималар билан қораланган.  Бу мақолани Рашидов ўзича ёзармиди ва бутун мамлакат бўйлаб ихтиёрий равишда кўчириб босишармиди?  Бу иш фақат ва фақат Кремлнинг буйруғи билан бўлиши мумкин. Кремлнинг ҳам кичкина одами эмас, “коттакон”ларининг буйруғи билан. Боймирза Ҳайитнинг мақоласи ҳақиқатдан иборат бўлгани ва  Москванинг фикрида ётган режаларини очиб ташлагани учун ҳам Кремлнинг юрагини зирқиратган.

Ўзбекистон коммунистларининг йўлбошчиси Шароф Рашидов ўша “машҳур” мақоласида жумладан шундай деб ёзади:

“Бутун дунёдаги миллион-миллион кишиларга шу нарса аёнки, Б. Ҳайит “мустамлака Туркистони” деган умумий ном остида атаган бизнинг Ўрта Осиё республикаларимиз халқлари чинакам тенг ҳуқуқли бўлиб олганларидан кейин, Совет ҳокимиятининг қирқ йили мобайнида ўз хўжалик тараққиётининг шу қадар юқори босқичига кўтарилдиларки, ўз миллий маданият ва санъатларини шу қадар барқ урдирдиларки бунга капиталистик мамлакатлар ҳавас қилсалар бўлади.” (“Қизил Ўзбекистон”, 30 сентябр, 1958 йил).

Рашидов ўз мақоласининг давомида Боймирза Ҳайитни “иғвогар”, ёзганлари “фисқу фужурдан иборат”, “миси чиққан сафсата”, “беъманигарчилик” дер экан “Иғвогарнинг югургани сомонхонагача…” деб хулоса қилади.

Бугунга келиб кўриб турибмизки, Боймирза Ҳайитни қоралаган совет идеологиясининг ўзи сомонхонадан жой топди.

Шароф Рашидовнинг Боймирза Ҳайит ҳақида ана шундай руҳдаги бир нечта мақоласи бор. Демак, Боймирза Ҳайит шўроларни шу қадар ларзага солганки, унга қарши катта бир республиканинг раҳбарини, КПСС Марказий Комитети устунларидан бирини ишга солишган.

Афсуслар бўлсинки, Ўзбекистон мустақил  давлатга айлангач ҳам бу ҳақиқатни кўра олмади. Ҳануз Рашидов улуғланмоқда, Боймирза Ҳайит унуттирилмоқда.

Совет Иттифоқи бўйлаб

Боймирза Ҳайитга қарши нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки бутун Совет иттифоқи бўйлаб кураш олиб борилганди.   Масалан, Тожикистоннинг рамзи ҳисобланган Мирзо Турсунзода номидан 1959 йилнинг 11 июнида “Литературная газета”да чоп этилиб, кейин барча маҳаллий нашрларда таржимаси эълон қилинган “Туҳматнинг умри қисқа” сарлавҳали мақола бунга мисол бўла олади.

Бу “асари”да Мирзо Турсунзода, жумладан, шундай деб ёзади׃

“Ҳайит ўзининг мақоланамо уйдирмаларида Туркистон “Совет мустамлакаси” деган маънони исботлаш учун ўзини юз ёққа уради. У “Туркистон” деган эски иборани бекорга рўкач қилаётгани йўқ. Туркистон турклар юрти деганидир. Мана шунга асосланиб бу нодон “туркистон миллати” деган аллақандай афсонавий миллатни юзага келтириб чиқармоқда…Ҳайит шаллақилик билан “Туркистон фожиаси”ни тасвирлайди, 1924 йилда руслар Туркистонни беш қисимга бўлган эмишлар… Ҳайитлар нақадар қутуриб сўлак оқизмасинлар, Совет Ўрта Осиёси Осиё халқларига сўнмас машъал бўлиб нура сочa беради”. (“Қизил Ўзбекистон”, 14 июн, 1959).

Қаранг, Рашидов каби Мирзо Турсунзоданинг ҳам “тили ўткир”.

Шу руҳдаги “ўткир” мақолалар Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам узлуксиз чиқиб турган.

Масалан, “Коммунист Туркменистана” журналининг 1959 йил 5-сонида Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон 20-асрда” деб номланган китобчаси ҳужум остига олинади  ва адиб “крокадил кўз ёшлари” тўкиб коммунизмнинг порлоқ йўлига ғов бўлишга тиришади, деб танқид қилинади.

“Коммунист Туркменистана” айни сонида А. Илёсов, К.Новоселов имзоси билан “Буржуа миллатчиси Боймирза Ҳайит ҳақиқатни бекита олмайди” деган мақолага ҳам ўрин ажратган.

“Партийная жизнь Казахстана” журналининг 1959 йил 3-сонида Н. Сагиндиков, А. Шаманов имзолари билан “Ҳақиқат ёлғондан кучли” деган мақола  босилган. Унда ҳам айни услубда ҳақорат билан тўлиб тошган гаплар, Советларни улуғлаш ва Боймирза Ҳайитни камситишдан нарига ўтилмаган. Боймирза Ҳайитнинг иддаоларига қарши аниқ фактлар қўя олмаган коммунизмнинг нўноқ ижодкорлари унинг шахсини ҳақоратлаш ва камситишдан нарига ўтолмаганлар.

Кимлар ёзмаган у кишига қарши. Жумҳуриятларнинг биринчи раҳбарларидан тортиб мана ман деган ёзувчиларига қадар. Ўзимизнинг ёзувчимиз Ойбекдан тортиб, вазир Саид Шермуҳамедовга, советшунос Лазиз Қаюмовдан бошлаб ёзувчи Мирмуҳсингача ўзбекнинг минглаб таниқли шахслари Боймирза Ҳайитни “ватан хоини” деб ёздилар. Унинг мустақиллик ғояси чириган ғоя эканлигини ва ақлга сиғдириб бўлмас гаплигини бот-бот урғуладилар.

Ҳа, СССР деган империянинг идеология машинаси у кишига қарши тинмай ишлаб турган. Совет матбуотида Боймирза Ҳайитга қарши икки мингдан зиёд мақола чиққан ва бари туҳмату ҳақоратдан иборат. Бирортасида у кишининг озодлик борасидаги фикрларига қарши жўяли фикр билан жавоб беришолмаган.

Чунки устоз Боймирза Ҳайит ўз фикрларида минг чандон ҳақ бўлган

У йўқолади деган мустамлака  йўқолди.

У  йиқилади деган СССР йиқилиб кетди.

У озод бўлади деган Туркистон халқлари  рус истибдодидан қутулдилар.

У мустақилликни чирмаб олган золим режимлар истибдоди барҳам топади, деган эди, бу ҳам амалга ошмоқда.

Бу фикрлар ҳақоратга, камситишга эмас, ҳурмат қилишга, қойил қолишга лойиқдир.

Ўзбекистон қаҳрамони деган унвон бериладиган бўлса, халқлар қамоқхонаси ҳисобланган СССРни зир титратган Боймирза Ҳайитга берилиши керак!

Лекин мана шундай империяни қалтиратган фарзанди борлигини озод Ўзбекистонда ўзбекнинг ўзи ҳали тушуниб етгани йўқ.

Жаҳонгир Маматов.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Mustaqillik qahramonlari and tagged , , . Bookmark the permalink.