Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

jahongir_mamatov15. 7-СЕССИЯ: ДЕМОКРАТИЯНИНГ СЎНГИ КУНИ

1991 йил 30 Сентябр… Мустақил Ўзбекистон тарихининг фавқуллодда муҳим куни. Шу куни Ўзбекистон демократия ва зулмни танлаш чорраҳасида эди. Демократияни танлаши учун бир одим қолганди. Аммо яккаҳокимликни, қонунсизликни, мамлакат Конституциясини тан олмасликни, бир сўз билан айтганда зулм йўлини танлади. Нега?

1991 йилнинг 30 Сентябрида иш бошлаган Ўзбекистон Олий Кенгашининг ўн биринчи чақириқ 7-сессияси ҳақида гап очилганда ана шу “Нега?” деган савол ўртага тушади. Ўзбекистон ҳукумати бу сессиянинг барча ёзувларини йўқотиб юборган ва тарих саҳифаларида ҳам бу борада бирор из қолдирмаган. Лекин тарих ҳукуматларга боғланиб қолган эмас.

7-сессиянинг муҳим бир қисми туширилган видеотасмани бизга тақдим этган киши “Ўшанда телевизорни кўриб ўтириб, воқеалар қизий бошлагандан кейин ёзиб олдим, аммо маълум бир жойга келганда узиб қўйишди” деди. Видеотасмада 7-сессиянинг кун тартибини муҳокама қилиш жараёнида қизғин чиқишларнинг бир соатдан кўп, яъни мутлақо муҳим бўлган қисми акс этган. “Америка Овози” радиосида ишлаганимда бу видеотасмани магнит лентасига кўчириб  2003 йилнинг Август ойида махсус радио дастури орқали  эшиттиргандим. Кейин доимийга интернетга ҳам жойлаб қўйдим. Бу ҳужжат 7-сессияга орқаваротдан берилган уч хил баҳонинг нақадар ёлғон, чиркин манфаатлар йўлидаги уйдирма эканлигини ўртага қўйди. Аввало ҳақиқатга назар ташлайлик-да кейин берилган баҳоларга. Continue reading