Темур тинчи бузилганда…

Amir_TemurТарих қатларидаги сирлар

Шарқда марҳумлар шаънига ёмон сўз айтиш, шунингдек, уларнинг қабрларини топташ, руҳларини безовта Amir Temurқилиш катта гуноҳ саналади. Халқимиз азалдан бундай ножўя ишлардан тийилган, аммо даҳриёна тузум даврида қадимий анъаналарга амал қилинмаганлиги маълум. Юрт бошига ёғилган катта офатларнинг айримлари айнан мана шундай кирдикорлар оқибати эканлиги эса кейинчалик юз кўрсатаётир. Шу мавзудаги бугунги мақоламиз минтақамизни мўғуллар истибдодидан халос этган буюк шахс тинчининг бузилиши ва бунинг натижаси хусусидадир. Шу кунларда бу воқеага етмиш йил тўлган бўлса-да, унинг ибратли жиҳатлари асрларга татигулик…

Сталин тан берган саркарда

1941 йилнинг мартида фашистлар тобора шарққа юриш қилиб, собиқ Иттифоқнинг ғарбий чегараларига яқинлашиб қолишганди. Гарчи Германия билан ўртада тинч¬лик шартномаси бўлса-да, шўролар халқни ватанпарварликка ундовчи ҳаракатларни кучайтиришди. Бунда асосан, тарихда ўтган қаҳрамонлар фаолиятини ўрганишга зўр берилди, улар ҳақида асарлар ёзилди.

Тўғри, бунгача ҳам ватан озодлиги учун курашган буюк шахслар мактаб дарсликларига киритилганди. Шахсан Сталиннинг ўзи улуғ ҳукмдорлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга киришган, унинг кўрсатмаси билан ва қатъий назорати остида «Эътиборли кишилар ҳаёти» («Жизнь замечательных людей») туркумида китоблар чоп этила бошлаганди. 1937 йили мазкур рўйхатга Амир Темур ҳам киритилди. Сталин уни дунёни мўғуллар истибдодидан қутқарган шахс сифатида қайд этиб, тарих китобларига ўзгартириш киритди. Энди олимлар унинг фикрларини илмий жиҳатдан исботлашлари керак эди. Ўша паллада, Қозоғистон ҳудудидан катта қора харсанг топилди, ривоятларга кўра, у кўкдан тушган эмиш. Бу тошга битилган қадимги уйғур тилидаги ёзувда эса, ушбу харсанг Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси ёдгорлиги эканлиги қайд этилганди. Харсангтош зудлик билан Эрмитажга олиб келинди. У Сталин кўрсатмаси билан темурийларга бағишланиб очилажак янги кўргазманинг биринчи экспонати бўлиши керак эди.

1941 йилнинг 21 мартида эса «доҳий»нинг столида Марказий комитет маданият бўлимининг илтимоснома-хати ётарди. Унга кўра, Фанлар академияси ходимлари Самарқанддаги Гўри Амир мажмуасида экспедиция бошлашлари лозим эди. Кўргазма иштиёқида Сталин экспедицияни шу йил ёздан кечиктирмаслик ҳақида буйруқ берди. Айрим тахминларга кўра, бу экспедиция, биринчи навбатда, Темурнинг хазинасини топиш учун ташкиллаштирилган. Гитлерчиларга қарши эҳтимолий жангда бу бойликдан фойдаланиш кўзланган эди.

Ҳукмдор хокини излаб

Ўзбекистоннинг қадим шаҳри – Самарқанддаги Гўри Амир мажмуасида ўтказилажак экспеди¬цияга май ойининг охирларидаёқ ҳамма нарса тахт қилиб қўйилганди. Амир Темурнинг қабрини очишга сафарбар этилган экспедиция гуруҳи раҳбари этиб академик Қори-Ниёзий тайинланди, унинг қўли остида етук олимлар – шарқшунос Александр Семёнов, антрополог ва ҳайкалтарош Михаил Герасимов, олим ва ёзувчи Садриддин Айний, шунингдек, ёш оператор Малик Қаюмов ҳам бўлишган. Малик Қаюмовга онаси бу ишда қатнашмасликни илтимос қилган, лекин у «юқори»нинг ишончини оқлаш ҳақида кўпроқ ўйларди. Айний эса буюк саркарда ҳақида социалистик реализм услубида роман ёзишни ният қилганди.

Хулласи калом, 1941 йил 27 майда гуруҳ Самарқандга етиб келиб, иш бошлади. Уларнинг ишларини кузатгани минглаб одамлар келишганди. 1 июн куни гуруҳ раҳбари Қори-Ниёзий экспедициянинг мақсадини расман эълон қилди: «Темурийлар даври маданияти ва санъатини ўрганиш». Шунингдек, Герасимов бу ерда кимлар дафн этилганлигини аниқлаштириб, ҳужжатлаштириш ҳам назарда тутилганлигини айтган. Гап шундаки, Амир Темурнинг қабри ҳақида олимлар бир тўхтамга келишмаганди. Ҳатто шу ерда ҳам, Айний саркарданинг мана шу мақбарага дафн этилганини айтарди, Семёнов эса уни вафот этган жойи – Ўтрорга кўмилган, дерди. Қори-Ниёзий унинг хокини ўғли Шоҳруҳ мирзо Ҳиротга кўчирган, деса, яна биров туғилган шаҳри Кешда, деб тахмин қиларди.

Гўри Амир бу тахминлар орасида ҳақиқатга яқинроғи эди. Бундан ташқари, академик Михаил Массон 1925 йилдаёқ бу мақбарада аллақандай парамагнит ҳодисаларини кузатган ва ичкарида нурланувчи сирли объект мавжудлиги фаразини илгари сурганди. У ўшандаёқ бу ерда экспедиция уюштиришни сўраб, «юқори»га мурожаат этган, лекин у пайтлари ёш шўролар давлатининг бундан бошқа муаммолари етарли эди. Мана, орадан ўн олти йил ўтиб, бу шараф (ўшанда буни ҳамма шараф деб билган) бошқа олимлар гуруҳига насиб этиб турибди…

Шундай қилиб, 1 июнда гуруҳ йиғилиб, режа ишлаб чиқилди, асбоб-анжомлар созлиги текширилди ва тайёргарлик кўрилди. Эртасига эрталаб соат саккизда Шоҳруҳ мирзонинг қабрини очишга келишилди. Ёрдамга халқ усталари жалб этилди, икки нафар кекса кишини ҳар эҳтимолга қарши ёзувларни кўчириб олиш учун чақиришди.

2 июн тонгида прожекторлар ёқилиб, қабр устидаги мармар плитани кўтаришди, ичидаги жасаднинг қолдиқлари жуда ёмон сақланган экан. Герасимов ўрганиш учун унинг фақат бош суягини ва умуртқа поғонаси суякларидан биттасини олди, скелетнинг қолган қисмларини яшикка жойлашди. Шоҳруҳ мирзонинг скелетини тиклашга уч кун вақт сарфланди.

Мирзо Улуғбекнинг қабрини очишга 5 июнда киришилди, унинг суяклари нисбатан яхшироқ сақланганди. Бошнинг ўз жойида эмас, балки скелет ёнида турганлиги, шунингдек, боши кесилгандаги тиғ изи сабабли олимнинг шахсини аниқлаш қийин бўлмади. Унинг скелетини батафсил ўрганиш учун икки ҳафта вақт сарфланди. Ниҳоят, экспедициянинг энг асосий қисмига навбат келганди – Амир Темурнинг қабри!..

Сирли нишоналар

Темурники дея тахмин қилинган учинчи қабр устига ёпилган мармар плитада эски араб тилидаги ёзувлар бор эди. Халқ орасидаги ишончларга кўра, айни шу битик – Темурнинг қабрини асраб тургувчи сеҳрли қалқон эмиш. Шарқшунос Семёнов 17 июн куни ёзувларни тўлиқ ўқиб тугатди, унда Темурнинг ўн олтита исми ҳамда Қуръони карим оятлари ёзилганди. Бу тобутни очмоқ истагида бўлганларга аталган огоҳлантириш ёзуви ҳам эди: «Ҳаммамиз ўлгувчилардирмиз, вақти келади ва биз кетамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Агар кимда-ким кибрга берилса ва бошқалардан баланд кўтарилса ёки аждодлар хокини безовта қилса, уни энг қўрқинчли қарғиш урсин!» дейилганди унда. Даҳшатли сўзлар тадқиқотчиларни чўчитиб қўйди, экспедицияни тўхтатмоқчи ҳам бўлишди, лекин энди кеч эди. Барча газеталар оламшумул экспедиция тўғрисида ёзишар, унинг боришини бутун мамлакат кузатарди. Шу сабабли, барибир 1941 йилнинг 21 июнида қабрни очишга қарор қилинди.

Ўша куни соат еттидаёқ ҳамма йиғилди, аммо иш юришмай кўп қийналишди. Ярим соатдан сўнг тош кўтарувчи мослама – чиғир синиб қолди. Плитани қўлда кўтаришди, унинг остида эса фақат тупроқ бор эди. Ҳамма шубҳалана бошлади. Бундан ташқари, экспедициянинг барча аъзолари лоҳас бўлиб, бошлари айлана бошлади. Сал ўтиб, тупроқни кавлашга киришилди, соат бирда кўндаланг қўйилган учта мармар плитага етиб боришди. Шу пайт ҳукумат делегациясининг келиб қолиши иш жараёнини тўхтатди, «юқори»дагилар ғалаба рапортини кутишарди. Бироқ олимлар ҳали мақтанадиган бирор натижага эришганларича йўқ эди. Усмон Юсупов, Абдураҳмонов, Охунбобоев, шунингдек, бир неча олим ва адиблардан иборат делегация беш дақиқагина ишларни кўздан кечириб, чиқиб кетишди.

Экспедиция ўз ишини давом эттирди. Ниҳоят, плита остида тобутнинг қора қопқоғи кўринди, лекин шу заҳотиёқ ҳамма прожекторлар ўз-ўзидан ўчиб қолди. Кимлардир қўрқувдан қичқира бошлади, ичкарида нафас олиш қийинлашиб кетди. Нима бўлаётганини ҳеч ким тушунмасди, ҳаммани даҳшат босганди. Ҳаттоки, кейинчалик урушда не-не офатларга гувоҳ бўлган Малик Қаюмов ҳам ўша лаҳзани хотирласа, аъзойи бадани жимирлаб кетишини эслайди. Хулласи калом, ноилож экспедиция ишида танаффус эълон қилинди. Бу орада электрикка генераторни тузатишни буюришди. У бечоранинг эса боши қотганди: ҳамма нарса жойида, асбоблар соз, лекин генератор ток беришни истамаётгандек эди!

Шундаям ишонишмади!

Бу пайтда Малик Қаюмов сал ўзига келиб олиш учун мақбара яқинидаги чойхонага борди. Шу ерда бир-бирларига қуйиб қўйгандек ўхшайдиган уч нафар қария ўтирар, биттасининг қўлида аллақандай китоб бор эди. Улардан бири операторга мурожаат қилди: «Ўғлим, қабрдаги қазишмаларга сен ҳам алоқадормисан?»

Қаюмов ўз ичидаги қўрқувини босиш мақсадида ҳазиллашди: «Бу ерда мен энг асосийсиман, менсиз бу олимлар ҳеч нима қилиша олмайди». «Ҳали Темурнинг қабрини очмадингларми?» деб сўрашди улар. Малик: «Ҳозирча йўқ», дегач, улар дарҳол: «Темурнинг қабрини очиш мумкинмас, акс ҳолда уруш бошланади!» дея огоҳлантиришди. «Қаердан олдингиз бу гапларни?» – Малик Қаюмовнинг ҳайрати ортарди. «Мана бу китобда ёзилган», деди отахон.

Китобда арабчада қуйидаги сўзлар ёзилганди: «Буюк қўмондоннинг хокига тегиш мумкин эмас, бўлмаса, уруш бошланади!». Буни ўқиган Малик Қаюмов сўнгги кунлардаги руҳий аҳволини, мармартошдаги ёзувни эслаб, ҳақиқатдан ҳам қўрқиб кетди. Дарҳол бориб, шерикларига бу ҳақда хабар қилди. Қори-Ниёзий ёнига Айний ва Семёновни олиб, Қаюмов билан бирга чойхонага борди. Қариялар билан суҳбатлашиб, китобдаги огоҳлантиришни ўқиб чиқишса-да, ёши катта олимлар барибир ишонишмади. Чоллар шунда ҳам олимларни ниятидан қайтаришга уринишгач, Садриддин Айний ҳассаси билан уларни ҳайдай бошлади. Кексалар хафа бўлиб, ноилож ўринларидан туришди, Айнийга икки оғиз «ширин» гап айтиб, жўнаворишди. Энг қизиғи, улар муюлишга етганда ҳавога сингиб кетгандай кўздан ғойиб бўлишганини операторгина пайқаб қолди! Ёш Малик Қаюмов бир неча дақиқа сеҳрлангандай қотгач, ўзига келди ва қариялар орқасидан чопди. Аммо улар ғойиб бўлишганди… Сўнг Малик Қаюмов шу ерликлардан ўша қариялар ва китоб ҳақида сўрай бошлади. Маълум бўлишича, китоб ҳақида кўпчилик эшитган, аммо уни ҳеч ким қўлига олиб кўрмаган экан.

Яна бир ҳайратланарли томони – қариялар билан бўлган учрашувдан сўнг ҳам барибир қабрни очишга қарор қилишгач, чироқлар ўз-ўзидан ишлаб кетди! Экспедициянинг барча аъзолари муҳим тарихий кашфиётда иштирок этиш учун яна қабр ёнига тушишди. Герасимов тобут ёнига тушиб, унинг устки ёғочларини эҳтиётлаб олиб, узата бошлади. Шу ондаёқ тобут ичидан чиққан, атиргул ҳидига монанд аллақандай ёқимли ифор ҳамма ёқни қоплади.

Гарчи мўмиёланган бўлса-да, тобутдаги тана яхши сақланмаган, фақат суякларгина қолган эди. У баланд бўйли, боши катта бўлиб, баҳодирлиги шундоққина сезилиб турарди. Олимларнинг энди шубҳаси қолмаганди: уларнинг олдида Темур ётарди! Герасимов унинг бош суягини олиб, атрофдагиларга намойиш этди, тиззасидан жароҳатланганлигини билдирувчи суягини кўздан кечиришди. Шунингдек, барча темурийларга хос бўлган ирсий хусусият – умуртқа поғонасидаги еттинчи суякнинг патологияси ҳам скелетда яққол кўриниб турарди. Экспедициянинг бош мақсадига эришилганди, тахмини тўғри чиққан Садриддин Айнийнинг қувончи чексиз эди…

Қўшхабар

Ўта чарчаган бўлишса-да, кечқурун археологлар хурсанд ҳолда меҳмонхонага йўл олишди. Улар шу куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Тошкент киностудияси директори Николай Ким билан бирга муҳокамага берилишди. Николай Кимнинг ёнида радиоприёмник бўлиб, унда ҳам шўро олимлари Амир Темурнинг қабрини топганлиги ҳақида жар солишарди. Ким бошқа каналларни ҳам эшитаркан (у инглизчани бирмунча биларди), бирданига ранги оқарди ва: «Уруш бошланибди, Гитлер Иттифоқ ҳудудига ҳужумга ўтибди!» деди.

Энди ҳамма гангиб қолди. Айний домла эса бир бурчакда чўккалаганича мунғайган эди, бирон нима деёлмасди. Экспедиция аъзолари маслаҳатлашиб, Қори-Ниёзийга қўнғироқ қилиб, уруш бошланганини айтишди. Раҳбар Усмон Юсуповга қўнғироқ қилди, у эса экспедицияни тўхтатиб, Тошкентга қайтишларини буюрди. Александр Семёнов ва Михаил Герасимов ўрганиш учун скелет қолдиқларини олиб, Москвага қайтишди, бошқалар эса – Тошкентга. Фақат Малик Қаюмов яна бир неча кунга Самарқандда қолди – у урушдан хабар берган ўша отахонларни сўраб-суриштирди. Лекин ҳеч ким улар ҳақида эшитмаган экан, чойхоначи эса қарияларни ўша куни биринчи марта кўрганини айтарди. Ноилож Тошкентга қайтган Малик урушга кетишга қарор қилди.

Бироқ урушнинг олдини олишга жон куйдирмаганлиги, экспедицияни тўхтатишга олимларни кўндира олмаганлиги учун айбдорлик ҳисси уни тинч қўймасди. Шу сабабли фронтга жўнаш олдидан у Усмон Юсупов қабулига киришга муваффақ бўлди. Ҳамма гапдан хабар топган Усмон Юсупов дарҳол Қори-Ниёзийни олдига чақирди, нега вақтида менга хабар қилмадингиз, дея койиди. Экспедиция раҳбари эса, буларни унчалик муҳим деб ўйламагандим, дея ўзини оқларди. Негадир Усмон Юсуповнинг ўзи ҳам бу ҳақда Кремлга хабар қилишга шошилмади.

Фронтдаги фидокорлик

Малик Қаюмовни ҳарбий оператор сифатида фронтга олишди. Дастлаб Калининград жангларига борди, сўнгра қадрдон камераси билан кўп жангларга гувоҳ бўлди. Унга машъум экспедиция хотираси, Темурнинг хокини жойига қайтариш зарурати ҳеч тинчлик бермасди. Шу сабабли у мамлакат раҳбариятидан ким биландир боғланиб, масалани тушунтириб беришни истарди. Ниҳоят, фронт қўмондони Георгий Константинович Жуков шу яқин атрофда эканидан хабар топиб, унинг олдига кирди. Ўз блиндажида уни қабул қилган Жуков ҳаммасини зўр қизиқиш билан тинглади, саволлар берди, чой билан меҳмон қилди. Жонкуяр Малик Қаюмов ҳатто унга: «Токи Амир Темурнинг хоки қайта дафн этилмас экан, шўро аскарлари душманни енга олишмайди!» дейишга ҳам журъат топди ва бу ҳақда Сталинга хабар беришни илтимос қилди. Жуков унинг гапларини жиддий қабул қилиб, мамлакат раҳбарига хабар қилишга ваъда берди. Лекин вазият тақозоси туфайлими ёки бошқа сабаб биланми, негадир бу иш кечикди.

Бу орада Москвада Герасимов Амир Темурнинг, Шоҳруҳ ва Улуғбек мирзоларнинг бош суяклари асосида уларнинг қиёфасини тиклаш билан машғул эди (айтиб ўтиш керакки, у айни шу усулнинг муаллифи сифатида оламшумул шуҳрат қозонган). У 1941 йил августидан 1942 йил октябрига қадар ҳукумат топшириғига кўра шу устида ишлаган, олим 400 дан зиёд макетлар ясаган, ҳар бир деталь устида бош қотирган. Фанлар академияси раҳбарияти ундан ишни имкон қадар тез якунлашни талаб этгач, Герасимов бош чаноқларини уйига олиб келиб ишлаган. Қизи Маргарита Михайловнанинг айтишича, отаси деярли узлуксиз меҳнат қилиб, соҳибқирон ва авлодларининг қиёфасини тиклаган.

Малик Қаюмов эса жангнинг энг қизғин паллаларини суратга олди, атрофдагиларнинг ўлимига ўзи ҳам айбдорлигини ўйлаб эзилди. 1942 йил октябрда у Жуков билан иккинчи бор учрашишга эришди. Шундан кейингина қўшин қўмондони Сталин билан бўлган учрашувда унга бу ҳақда айтиб берган. Ўз навбатида Сталин Усмон Юсуповга қўнғироқ қилиб, Амир Темур ва авлодларини қайта дафн этишни буюрган.

Амир Темурнинг Ватан ҳимоячиларига ёрдами

Герасимов ўз ишини 28 октябрда якунлади, 15 ноябрда эса давлат комиссияси Амир Темур ва авлодлари хокини қайта дафн этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Суяклар ва иш тўғрисидаги илмий далиллару ҳужжатлар Герасимов лабораториясидан ўша куниёқ олиб кетилди, лекин қайта дафн негадир орадан бир ой ўтгачгина амалга оширилди. Бу орада хоклар қаерда сақланганлиги, нима қилинганлиги ҳақида бирор ҳужжатда маълумот йўқ. Шу сабабли ҳам халқ орасида бу тўғрида турли миш-мишлар кўпайганки, улардан айримлари ҳақиқатга яқин. Масалан, Сталиннинг маслаҳатчилари Амир Темур суякларидан урушда мудофаанинг ғайриоддий усулини қўллаш учун фойдаланишган. Яъни, темурийларнинг хоки ортилган самолёт фронт чизиғи бўйлаб, Сталинград остонасидаги жангда русларнинг ғалабасини таъминлаш учун учиб ўтган. Баъзи тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, фронтнинг оғир жойларида шу каби мўъжизалар пайдо бўлар, шунда собиқ Иттифоқ қўшинларига омад кулиб боқар эди. Гарчи собиқ тузум даҳрийликка асосланган бўлса-да, «дўппи тор келиб қолган» маҳалларда мана шундай азиз-авлиёлардан мадад олинган ҳоллар ҳам бўлганлигини кўпчилик таъкидлайди.

Яна бир тахминга кўра, Темур ва авлодлари хоки таркиби асосан, осиёлик жангчилардан иборат бўлган ҳарбий бўлинмалар устидан учириб ўтказилган ва бу билан мусулмон аскарларнинг жанговар руҳини кўтаришган. Гўри Амир мажмуаси директори, тарихчи Абдулло Абдуллаевнинг айтишича, урушда бўлиб қайтган қариялар унга айни шу ҳақда гапиришган, аммо олим бунинг илмий ва расмий исботини бирон жойда топа олмаган.

Ниҳоят, 1942 йил 20 декабрда Амир Темур ва авлодларининг хоки ҳурмат билан яна Гўри Амирда дафн этилди. Олимлар бу иш ҳақида тўрт тилда – ўзбек, рус, форс ва инглиз тилларида батафсил далолатнома ёзиб, комиссия аъзоларидан ҳар бири уни имзолашди. Тарихий ҳужжатнинг бир нусхасини герметик капсулага жойлаб, Амир Темур скелети билан бирга кўмишди. Худди шуни кутиб тургандек, икки кундан сўнг қизил аскарлар Сталинградни озод қилишди. Умуман, уруш бошланганидан бери шўро аскарларининг қўли энди баланд келиб, фронтда уларнинг қувончли ҳайқириқлари эшитила бошлади. Малик Қаюмов буларнинг бари ҳақида урушдан кейин эшитди ва саналардаги мосликлардан ажабланмади…

Темур сағанаси саргузаштлари шу билан тугагани йўқ. 1943 йил ёзда Сталин Гўри Амирга яна экспедиция жўнатади – бу сафар уни таъмирлаш учун. Курск остонасидаги жанглар арафасида у мазкур мажмуанинг реставрацияси учун бир миллион рубль миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бу эса ўн олтита танк ясашга ёки бир дивизия аскарни бир ой давомида озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашга етадиган маблағ эди! Таъмирлаш давомида партия раҳбарларидан кимдир мақбарани ёпиш ва уни очилса уруш бошланиши ҳақида ёзув ёзиб қўйиш таклифини киритади. Аммо бошқалар буни бир овоздан рад этишган – онгли инсоният бир хатони иккинчи бора такрорламаслигига ҳамманинг ишончи комил эди.

Қаҳрамонимиз Малик Қаюмов эса жангнинг охиригача борди. Берлиндаги ғалаба намойишини кинотасмага муҳрлади. 1945 йил июнда тарихнинг яна бир каромати зоҳир бўлди – бир замонлар уруш бошланиши ҳақида олимларни огоҳлантирган Малик Қаюмов ўша урушнинг тугаши ва ғалаба тўғрисида оламга жар солди.

Хулоса

Сталин шундан кейин Темур ва авлодларини бошқа безовта қилишга журъат этмади, Эрмитаждаги кўргазма ҳам ташкил этилмай қолди. Садриддин Айний мозийдаги буюк саркарда ҳақида замонавий роман ёза олмади. Малик Қаюмов эса орадан бир неча йил ўтгач, яна қадрдон камерасини қўлтиқлаб Самарқандга йўл олди. У энди мана шу сирли воқеалар тўғрисида «Амир Темурнинг қарғиши» номли фильм ишлади. Унда дунёдан ўтганлар руҳини чирқиратмаслик, мақбара ва қабрларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги ҳам қайд этилган.

Мақолани тайёрлашда «Россия» телеканали орқали намойиш этилган «Проклятие Тамерлана» (муаллиф – Алена Жаровская, режиссёр – Александр Фетисов, лойиҳа раҳбари – Василий Антипов) ҳужжатли-оммабоп фильмидан, «Даракчи» газетасининг 2009 йил 9 апрел санасидаги 15-сонида чоп этилган «Соҳибқирон қабрига қаратилган камера» мақоласидан ва интернет манбаларидан фойдаланилди.

Ҳамидбек ЮСУПОВ(Қорачиқ).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari and tagged , . Bookmark the permalink.