Дунёни кезганда…

turkistonФрaнциядаги Туркистон

Франция билан Германия чегаралари яқинидаги Матз шаҳридан 95 км масофада жойлашган “Turquestein” аҳолиси бу номнинг қаердан келиб чиққанини билишмайди. “Қасабамизга ном берган рицар балки турк бўлгандир. Ким билади…” дейишади.

Бу Туркистон биз билган Туркистон эмас. Бу Туркистон Европанинг қоқ ўртасида Франция билан Германиянинг чегарасидадир. Бир қадам нарида Люксембург, Белгия эса бир-икки ҳатласа етгудек масофада.

Асрлардан бери қарағай ва дуб ўрмонлари орасида, бошидан тумани тарқамайдиган Туркистон водийси қушлар сайраши ва кийикларнинг овозидан ўзга овоз эшитилмайдиган жимжит ва сокин бир маскан.

Туркистон Франциянинг шарқида Матз шаҳрининг марказига 95 км масофада бир тоғлик водий ичида жойлашган бўлиб, тарихи 11-асрга бориб тақалади. Айни шу номда кичик ўзгаришлар билан 11 асрда ўн бир марта номи ўзгарган. Бу ҳолат минтақада ва Туркистон қасабасида гаплашилган тилларнинг аралашиб кетишидан вужудга келган.

Немисчада “турк” деган маънони билдирадиган “Türkstein”; 1124 йили “Truchstein”, 1126 йили “Durchelsteir”, 1200 йили “Druchetein”, 1260 йили “Türkenstein”, 1314 йили “Dursquestain”, 1422 йили “Turckstein”, 1490 йили “Tricquestain”, 1534 йили “Durckstein”, 1589 йили “Turqkestain”, 1667 йили “Turquestein”, 1719 йили “Turquestin” ва 1956 йили яна “Turquestin” деб талаффуз этила бошлаган ҳамда ҳоиргача ушбу ном ўзгармай давом этиб келмоқда.

Уч минг гектар майдонининг 98%и ўрмонлик бўлган Европа Туркистонида ҳозирги кунда 20 та оила ва 33 сайловчи яшайди. Уйларининг моддий қиймати жуда баланд бўлса ҳам барчаси харидоргир ва нархи миллиардлар билан ўлчанмоқда.

От ва қўй воз кечилмайдиган анъана

Европа Туркистонида люкс иморатларнинг атрофи кенг ҳовлилар билан ўралган. Атрофи фермалар билан қуршалган кенг яйловлари от ва қўй сурувларидан холи эмас. Бунинг сабабини сўраганимизда “Биз ҳаётимизни отсиз ва қўйсиз тасаввур қила олмаймиз. Булар бизга асрлар аввал ота-боболаримиздан қолган меросдир” дейишди.

Қасабада улғайган ёшларнинг кўпи катта шаҳарларга кетишни кўзлашмоқда. Лекин вақт ўтиши билан шаҳарнинг шовқин-суронли ҳавосидан сиқилганлар ота маскан – Туркистонга қайтиб, фермерлик билан шуғулланар, шаҳарда қолганлар эса дам олиш кунларини шу тенги йўқ водийда ўтказиш учун келишар экан.

Бу Туркистон озод

Қасабанинг ҳокими Ролан Мунтцдан қасабанинг номи қаердан келиб чиққанини сўрадим. У ҳам айнан шу саволни менга берди ва айтдики: “Қасабамиз номи жуда машҳур бир рицарнинг исми эканлигини ўргандик.” Мен сўрадим: “Бу немисчада қандай маънога келади?” У шундай жавоб берди: “Turquestein – турк қояси ёки турк тошидек маҳкам бўлган метин ҳамда қувватли бир рицар бўлиши керак. Балки ўша рицар турк бўлгандир. Нима учун турк бўлмаслиги керак?”

Харитани қасаба ҳокимига бериб, Осиёдаги Шарқий Туркистонни кўрсатдим.

Роланд Мунтц “Улар ҳали ҳам озод эмас, лекин бизнинг Туркистонимиз абадул-абад ҳур-озод қолади. Балки бизники ўлка эмасдир, лекин озод эканлиги бизни бағоят мамнун қилмоқда”- деди.

Тарихчиларга вазифа

Табиат овозидан ўзга овоз безовта қилмайдиган Европа Туркистонида чучуксув балиқларини етиштирувчи кўллар ва турли ов ҳайвонларининг гўшти билан меҳмон қиладиган 3 ресторан бор.

Европа Туркистонини кўриб, ҳеч кимдан қизиқтирган саволларимга тайинли жавоб топа олмадим.

Биз бориб кўрдик, изландик. Топган барча маълумотларимиз мана шулардан иборат. Умид қиламизки, бирон қизиққувчи тарихчи чиқса-ю Европа Туркистони ҳақида тадқиқотлар олиб бориб, масканнинг сир-синоат тарихини ойдинлатса.

Хайриддин Турон.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.