Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

1990_sessiyapayti12.ОШКОРАЛИК

Нега бизни ғайриқонуний тарзда бўшатишди? Фақат Каримовнинг халқни сўкканини ошкор қилганимиз учунми? Йўқ, бу жаҳлларни чиқарган охирги томчи эди, холос. Унгача ҳам  анчагина “хато”лар қилгандик.

Ким билсин, ҳамма нарсани матбуот, ошкоралик ҳал қилади, деб ўйлар эдим. СССРнинг йиқилишини ҳам ана шу кучдан, деб биламан. Сўнгги президент Михаил Горбачев матбуотга эркинлик бериши билан  оммавий ахборот воситалари халқнинг ошкора фикр айтиш минбарига айланди ва қисман бўлсада эркин сайловларга йўл очилди.

Бошқа жумҳуриятларда матбуот ва миллий ҳаракатлар кучли бўлгани боис эркинликнинг майдони ҳам кенг бўлди. Бизда эса Коммунистик партия жиловга маҳкам ёпишиб олган ва жон бериши амри маҳол эди. Бу ҳол сайловларга ҳам ўз таъсирини урмай қолмади. Аммо бошқа жойлардаги ҳаракатлардан илҳомланган одамлар якка тартибда бўлсада ўз номзодларини илгари суриб, сайловнинг илгаридан белгиланган қоидасини буза бошладилар. Баъзи жойларда халқ жунбушга келган эди. Чунки матбуот ҳам худди ана шундай кўринишда,  баъзилари курашчан ва баъзилари цензуранинг қуюқ соясида қолганди.

Шу боис ҳам сайловдаги дастуримда Ўзбекистонда “Ошкораликка кенг йўл очиш масаласига диққат қаратаман”, деган вазифани олдимга қўйган эдим.

Юқорида айтганимдек, СССРнинг бошқа жойларига нисбатан ошкоралик бизда жуда суст эди. Қаршилик эса жуда кучли. Газеталарда чиққан ҳар бир танқидий мақола халқ орасида воқеага айланса-да айни пайтда унга кўрсатилган қаршилик ҳам катта воқеа эди.

1990 йилда тузилган Ошкоралик қўмитаси  қисқа вақтдаи Олий кенгашнинг энг  етакчи ва айни пайтда Каримовнинг энг бошини оғритган қўмитасига айланди. Қўмита аъзоларининг кўпчилиги мустақил сайланган депутатлардан ташкил топганди. Чунки коммунистик партия рўйхатидан сайланганларни олдиндан турли комиссиялар рўйхатига киритишган ва “ўзбошимчалар” четда қолишганди. Янги қўмита тузилгандан кейин уларга йўл очилганди. Оддий одамлар майли, ҳатто депутатлар ҳам арз додларини шу қўмитага айтадиган бўлишди. Лекин Эркин ака негадир тиш тирноғи билан масалаларни ёпиб юборишга интиларди.

…Фарғоналик депутат, драматург Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослаганини эшитганимизда дарҳол қўмитанинг мажлисини чақирдик. Аммо Эркин ака:

-Бу масаланинг бизга дахли йўқ, қонунчилик қўмитаси кўриши керак,-дедилар.

-Улар ҳам кўришсин, аммо биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришимиз зарур,-дедик.

Қўмита тўпланадиган кун Эркин аканинг умр йўлдоши Гулчеҳра опа телефон қилиб:

-У киши касал бўлиб қолдилар… акангизни эҳтиёт қилинглар,-деди.

Мажлисга раислик қилдим ва матбуот воситаларидан вакиллар чақириб  масалани ёритишни сўрадик. Лекин кечқурун телевидение ҳам, радио ҳам, эртасига газеталар ҳам қўмита мажлиси ўтгани ҳақида хабар берган бўлсаларда Иномжон Турсунов масаласини четлаган эдилар. Радиотелевидение қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга телефон қилдим:

-Эркин акам билан гаплашсангиз бўлармиди, кеча хабарни у кишининг ўзлари таҳрир қилиб берганлар,-деди у.

-Кеча у киши ишга чиққанлари йўк-ку?!-ажабландим мен.

-Бунинг учун ишга чиқишнинг кераги йўқ, уйдан туриб ҳам рухсат бериш мумкин…,- деди Ганжа Ёқубов ва курашимиз осон кечмаслиги ҳақида гапирди ҳамда телевидениеда “Депутат минбари” рукнини ташкил  қилиш ҳақида таклиф қилди. Шундан билдим-ки у одам ҳам ислоҳотлар тарафдори ва  хабарни таҳрир қилиш  унинг ташаббуси эмас…

Бир куни қашқадарёлик депутат Мурод Жўраев хат ташлаб кетди. У Муборак шаҳрида ишлаётган мустақил телевидение ёпиб қўйилгани, ошкоралик бўғилгани ҳақида ёзганди. Текширишга бораман, десам, Эркин ака:

-Бу жуда ҳам муҳим масала экан, оқсоқол билан маслаҳатлашиб, ўзим бориб келаман,-деди.

Лекин доим  бир муаммони рўкач қилиб, масалани орқага ташлайверди. Мурод Жўраев яна келиб кетди. Қўмитанинг бўлажак мажлиси кун тартибига бу масалани киритишни талаб қилдим ва ўзим Муборакка бориб келдим. Эркин ака негадир ҳеч нарса демади. Воқеаларни айтиб бергандимда ачиниш билан тинглади ва тадбир олиш кераклигига ишора қилди. Шундан кейин қўмита мажлиси учун ҳисобот тайёрладим. Аммо муҳокама куни Эркин ака келмай қолди. Уйидан телефон қилишди.

-Қон босимлари ошиб кетган. Нега бунча азоб берасизлар,- деди умр йўлдоши.

Мажлисга Мурод Жўраевнинг ўзини ҳам таклиф қилган эдик. Аммо келмади. Ўша кун депутатларнинг ташаббус гуруҳида ҳам бу масалани қўйгандик. Унга ҳам келмади. Эшитсак,  у саҳарлаб йўлга чиқиши олдидан ётган уйига кимдир милтиқдан ўқ отган ва у ётоқда бўлмагани, йўлга чиқиш учун ҳозирланаётгани боис тирик қолган. Ошкоралик қўмитасининг бу борадаги норозилик баёнотини тайёрладик  ва аксар депутатлар қўл қўйишди. Тағин матбуотда берилмади. Суриштирсак, Эркин акадан изн олишган экан…

Буларга қарамай асосий вақтимни “Матбуот ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашга сарфлар эдим. Болтиқ бўйи жумҳуриятларида қабул қилинган қонунларни ва баъзи Ғарб давлатларининг бу борадаги ҳужжатларини ўрганиб ўзимизнинг лойиҳани тайёрладим. Кейин ўқиб чиқиш учун Эркин Воҳидовга бердим. Лойиҳани у киши доим қўлида олиб юрди. Иш жойида ҳам унга термулиб ўтирарди. Бир куни қайтиб берди. Қарасам, мен ёзган лойиҳа ўрнида мутлақо бошқа нарса:

-Бу нима?-дедим Эркин акага.

-Олий Кенгаш аппаратидаги ҳуқуқшунослар кўриб чиқишди ва амалдаги қонунларга зид бўлмаслиги учун  бироз тузатишди.

-Бу тузатилган эмас,  бутунлай бошқа нарса-ку?!

-Биласизми, қонун ёзишнинг ўз тили бўлади ва ўз мутахассислари бор. Улар ҳам бир вариант тайёрлашган экан, мен шуни қабул қилдим.

-Фақат ўзим ёзганим йўқ, ҳуқуқшунослар, журналистлар ва бошқа экспертларни ҳам жалб қилганимни биласиз-ку?

-Биламан, биламан, лекин эртага лойиҳамиз сессиядаан қайтмаслиги учун уларникини олайлик ва ўшанга тузатишлар киритайлик.

Узоқ тортишдик. Охири икки вариант ҳам қолаверсин, деган нуқтага келдик. Чунки олдинда қўмитамиз мажлиси, қўмита аъзоларининг ва бошқа қўмиталарнинг таклифлари ҳам бор эди. Қўмитамизнинг мажлисида бўлган гапларни айтишимни Эркин акага билдирдим. Шу боисми у киши яна мажлисга келмади.  Биз ўзимиз тайёрлаган лойиҳани қабул қилиб, кенгайтирилган мажлис ўтказиш, унга барча муҳаррирлар, қизиққан журналистлар, мутахассислар ва бошқа қўмиталардан депутатларни таклиф қилиш ҳақида гаплашдик.

Шундан кейин Каримов чақирди.

-Эркин Воҳидов латта чиқиб қолди-ку?- деди у,- доим мажлис ўтказадиган кунларингиз  касал бўлиб қолади.

-Аслида ҳам бироз касалман одам,-дедим .

-Бизнинг болалар бир қонун лойиҳаси тайёрлаган эди, ўзим кўриб чиқиб унга бергандим, лекин негадир уни қолдириб юборишибди-ми?

-Бизга у лойиҳани сиздан эмас, Олий кенгаш аппаратидан келди, деб айтишганди.

-Аппаратдагилар сизларнинг хизматкорингиз. Уларнинг қонун таклиф қилиш ҳаққи йўқ. Бу ҳақ менда  ва сизларда бор.

Иш-ишдан, ғишт қолипдан кўчганини, энди орқага юриб бўлмаслигини айтдим.

-Керак бўлса қонун қабул қилингандан кейин ҳам уни эълон этгунга қадар қайта ёзиб чиқишимиз мумкин, ўшандан кейингина қўл қўяман, буни назарда тутинглар,- деди Каримов.

Аммо Каримов айтганидек бўлмади. Биз маҳкам турдик ва қонун лойиҳасидаги асосий принципларни сақлаб қолдик. Ҳатто ўша илк қонунда “Ўзбекистонда цензура бекор қилинади” деган моддани ҳам сақлаб қолдик. Лекин Каримов қонунни имзолаган бўлсада, унга риоя қилмади, матбуотга эркинлик бермади.

…Бир куни Шовруқ Рўзимуродов кириб келди.

-Менинг устимдан жиноий иш очишибди,-деди у.

-Нега?-деб сўрадик

-Баҳона қилишаяпти, бировга уй олишида ёрдам қилгансан, деб. Агар депутат ёрдам қилмаса ким ёрдам қилади?

Эркин ака Шовруқни диққат билан эшитти. Унинг ҳамма гапларига қўшилди ва керак бўлса Олий Кенгаш ҳайъатида масалани кўтариши, ҳатто Президент билан ҳам гаплашажагини айтди. Шовруқ чиқиб кетгандан кейин:

-Бу биринчи сессияда Президентга қарши чиққан бола эмас-ми? Анчагина саводсиз кўринади-ми?,- деди.

Орадан кўп отмай Шовруқни қамашди ва бир куни Олий Кенгаш ҳайъатига муҳокама қилиш учун олиб келишганда биз депутатни қўлида занжир билан олиб юрилишига қарши исён қилдик. Эркин ака индамай ўтирди. Кейин ранжиганимни сезди шекилли:

-Бефойда, ҳаммаси бефойда, унинг тақдирини ҳал қилиб қўйишган, ёш йигит экан, жувонмарг бўлиб кетмоқда,-деди.

Биз сессияда Шовруқ масаласини кўтарган кунимиз ҳам Эркин Воҳидов миқ этмай ўтирди .У киши ҳаддан зиёд “маданиятли” одам.  Масалан, тушга чиққанимизда, хонага қайтар эканмиз, лифтнинг эшиги очилса:

-Қани, қани, марҳамат!-деб тураверарди ва  уни ҳурмат қилганлар ҳам чекинишарди, шу зайл баъзан лифтнинг эшиги бекилиб у ташқарида қоларди. Лекин Каримов режими пайтида у ташқарида қолмади, доим ичкарида бўлди.

Ошкоралик қўмитаси ишида ҳам у  доим ана шундай  кутиб туриш ва бошқаларни ўтказиб юбориш услубини қўлларди.

Ошкоралик қўмитаси энди оёққа тураётган кунларда Эркин Воҳидов қўмитамизнинг хизмат машинасида кетаётганда, дўрмон йўлида кимдир машинага қарата ўқ узган. Эркин ака дарҳол орқага қайтишни буюриб,  уйига борган. Шофер эса келиб бизга:

-Машинага кимдир ўқ отди,-деди.

Эркин аканинг уйига телефон қилсак, у шундай бўлганини тасдиқлади ва мазаси қочиб қолганини айтди. Шу куни Москвада чиқадиган “Комсомолская правда” газетасида бу ҳақда хабар чиқди.

Биз ошкоралик қўмитасининг мажлисини чақириб,  суиқасд орқасида ким турганини аниқлаш масаласида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат эттик, масалани сессияга олиб чиқиш борасида қарор қабул қилиб, президиумга топширдик.

Эртасига Олий Кенгаш ҳайъатининг ёпиқ йиғилиши бўлди. Унда Каримовнинг ўзи қатнашди ва президиум аъзоларидан бошқа одам киритилмади.

Мажлисда Эркин Воҳидов воқеа ёлғонлигини айтгани, матбуотда чиққан хабар уйдирмалиги ва “миш-миш”ларни тарқатганларга қарши баёнот қабул қилингани, шофернинг иши билан МХХ шуғулланиши ҳақида қарор олинганидан воқиф бўлдик.

Шоферни дарҳол ишдан олиб, қамаб қўйишди. Унинг оиласи ва бола чақаси чинқираб келди, Эркин ака бир нарса қила олмаслигини айтди. Поликлиникада Эркин аканинг умр йўлдошини кўриб қолдим. У бизнинг ҳаракатларимиз учун Эркин акани қийнашаётганини айтиб, бизни тартибга чақирди.

Ўқ отилгани аниқ. машинани дарҳол текширтирганимизда мутахассислар ўқ теккан жойни аниқлашди. Эркин аканинг ўзи ҳам кўпчиликка бу гапни айтди. Кейин нега сўзидан қайтди? Қўрқдими?

Хабарни ёзган журналист қувғинга олингани, шофернинг қамалгани нима бўлди? Агар ўшанда Эркин ака маҳкам турганда ва суиқасд иши очилганда шу воқеадан кейинги йилларда юз берган кўп нарсаларнинг балки олди олинган бўлармиди? Эркин акани қўрқитиб, бошқаларни эса йўқотиб юборишди. Агар у маҳкам турганда уни йўқотишга журъат этишолмасди, унинг обрў эътиборидан қўрқишарди ва бу қолганларни ҳам  қутқарган, Ўзбекистон бугун балки демократик давлат бўлармиди?

Аммо Эркин ака қадамба қадам орқага одимларди. Бир куни:

-Эркин ака, бунинг отини чекиниш дейдилар,  путуримиз кетиб қолади,-дедим.

-Путуримиз кетиб қолмаслигининг олдини олиш учун уриниб келаяпман-да,-деди у киши парво қилмаган ҳолда.

Эркин ака характери жиҳатидан жуда юмшоқ, бировнинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиладиган, ҳазилни севадиган, доим кулиб юрадиган одам. Ҳар қандай жиддий масалани ҳам бемалол ҳазилга буриб юбора олади.  Ҳузурига келган ҳар қандай одамни бемалол эшитар, гарчи доимий сигарет чекмаса ҳам улар билан биргалашиб тутатар ва одамларни ўзига маҳлиё эта биларди.

Масалан, мустақиллик тарафдори бўлган бир киши билан бу масалада очиқ гапалаша олса, орадан кўп ўтмай мустақилликни истамаган одам келса, у билан  мустақиллик ҳеч нарса бермаслиги тўғрисида ҳам бемалол гаплашаверарди.

Эркин ака ватан ҳақида йиғлаб шеърлар ёзиши ва ҳаммани ҳайратга солиши мумкин ва амалда ватанни кичик бир манфаатга сотиб юбориши оддий ҳол эди. Ошкоралик қўмитасини қонунга хилоф равишда ёпишганида, “Халқ сўзи” газетасини “синдириш”ганида, демократ депутатларни қамашганда, уларнинг депутатлик ваколатларини тўхтатганларида, ҳатто яқин сафдошларини ўлдирганларида, оилаларини қувғинга олишганида ҳам Эркин ака жимлигини бузмади. Аммо лирик, фалсафий шеърлар ёзишни ҳам тўхтатган эмас. Балки шунинг учун ҳам у қаҳрамондир!  Яъни биз билмаганни билади ва биз қила олмаганни уддалайди.

Хуллас, ошкоралик ана шундай ўлдирилди ва бу ишда энг асосий роллардан бирини Эркин Воҳидов ўйнаб берди. Бу унинг кейинчалик  сессияларда Каримовнинг сиёсатини оқлайдиган мурожаатлар билан чиққанида, 1999 йил воқеларидан сўнг “Сизга отилган ўқ менга тегсин” деб Каримовга бағишлаб шеърлар ёзганида, йилига бир марта орден олганида ҳам тасдиғини топди.

Аммо биз маълум нарсаларга эмас, мавҳум нарсаларга кўпроқ ишонамиз. Ҳали ҳам Эркин Воҳидовни улуғлаймиз, шеърларини ёдлаймиз, қўшиқ қилиб айтамиз… Шунақа  бағри кенг халқмиз…

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, IAK. Bookmark the permalink.