Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

kitob9.ЮЗМА ЮЗ

Кўп нарсани матбуотнинг кучи билан ҳал этиш мумкин, деб ўйлардим. Шу боис ҳам фаолиятимизни матбуотга эркинлик бериш билан бошлаш керак, деб тушунардим. Бизнинг Ошкоралик қўмитасида тайёрлаётганимиз Матбуот ҳақидаги қонун лойиҳасида ҳам эркинлик масаласига алоҳида эътиборни қаратаётган эдик.

Матбуоти эркин бўлган халқнинг дунёқараши, қадам ташлаши эркин бўлади. Акс ҳолда занглаб қолган дунёқараш билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Қорин овқатга қанчалик эҳтиёж сезса, инсон тафаккури ҳам эркин маълумотга шу қадар иштиёқманд.

Матбуотни бўғиш эса тафаккурнинг манқуртлашувига, келажакнинг зулмат қўйнида қолишига олиб боради.

Бу ҳақда ўйлар эканман, депутат дўстларимга ўз ҳисобимиздан бир мустақил газета чиқариш кераклигини айтдим. Бу нафақат мустақил хабар манбаи ва айни пайтда ҳақиқат истаётганларнинг ҳам минбари бўлар эди. Қолаверса, эркин матбуот учун йўл очиларди бу билан. Шундай мустақил нашрга эҳтиёж жуда катта эди.

Шу боис таклифимни Олий Кенгаш қўмиталаридаги депутатлар қўллашди. Ўн бир нафар миллатвакили ўз маблағимиз ҳисобига “Юзма-юз” номли газета чиқаришга қарор қилдик ва ҳар биримиз ўртага ўша пайтнинг (1990 йил) пули билан етти минг сўмдан маблағ қўйишимиз ҳақида баённома ёздик. Бу ўн ойлик маошимиз миқдорида бўлиб, тўплаганда катта бир газетани чиқаришга етадиган маблағ эди.

Шуни ҳам айтиш керак-ки, баъзи депутатлар шунча пулни қандай топамиз, деб ўйлаганимизда, қўмиталарда ишлаган бошқа сафдошларимиз Каримов билмаган тақдирда қарз бериб туришга рози бўлгандилар. Шу боис ҳам биз Матбуот қўмитасига ана шунча пулимиз борлиги ҳақида кафолатнома ёзгандик. Яъни пулни кўпчилк бериб, масъулиятни ўн бир киши бўйинга олишга қарор қилгандик. Агар газетамиз чиқса, унинг қўлма-қўл бўлиб кетишига ва қарзларимиздан қутулишга ишонардик.

Газета чиқариш ҳақидаги қарорни Олий Кенгаш қўмиталари раисларига бирма-бир олиб кириб, имзолатиб чиқдим. Кўпчилик имзолади. Бу эса Олий Кенгаш Раёсатининг қарори деган гап эди. Шундан кейин уни расмий бўлсин, деган хаёлда почта орқали давлат Матбуот қўмитасига юбордим.

Рўйхатдан ўтказиш чўзилиб кетди. Шунда янги газетанинг ташкилотчиси сифатида давлат Матбуот қўмитасининг раиси (қўмита вазирлик даражасида бўлгани учун қўмита раиси вазир ҳуқуқига эга эди ва оғзаки сўзлашувда уни вазир деб ҳам чақиришарди) Убайдулла Абдураззоқов ҳузурига бордим. У яхши кутиб олди, унга муддат ўтиб кетганини эслатдим. У масала фақат ўзига боғлиқ эмаслигига ишора қилди. Хайрлашар эканмиз, “Маслаҳатлашиб, натижасини сизга айтаман” деди.

“Натижа” эртасигаёқ сув юзига чиқди. Эрталаб ишга келсам, “осмон қулаб тушган”у қўмитамиз раиси Эркин Воҳидов тутиб олгандилар.

-Нима қилиб қўйдингиз? -деди у алом-алик ўрнига.

-Нима қилибман?

-Ука, кимдан-кимдан, Сиздан кутмагандим, вазирни ҳам урасизми?

-Вазирни… қайси вазирни урибман?-ажабландим .

-Нима, бир нечтасини урганмидингиз-ки, қайси бирини деб сўрайсиз?- кесатди Эркин ака.

-Ҳазилни қўйинг, Эркин ака…,-дедим мен.

-Ҳазили борми, дунё тескари бўлиб кетди. Оқсоқол от устида, қамчини маҳкам тутганлар. Соат 10.00 да Раёсат мажлиси бор,-Эркин ака жиддий эди.

-Бирор англашилмовчилик бўлганга ўхшайди,- дедим энди масалани жиддий олиб.

-Кеча ростдан ҳам “Матбуот қўмитаси раиси билан кўришаман” деб чиқиб кетгандингиз. Шу боис оқсоқолга ҳеч нарса дея олмадим,- деди Эркин ака.

-Тўғри, кўришдим, лекин…

Хуллас, суҳбатга аниқлик “аралашмасдан” бизни Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов чақиртирди.

-Ҳа, болам-а, ҳеч тинч юрмадинг-да! – деди у қучоқлаб.

Ҳайрон бўлдим. Нимагадир у хурсанд эди. Нимага? Билолмадим.

-Мен мажлисдан олдин ўзимиз гаплашиб олайлик, деб, сизларни чақиртирдим. Нима бўлганда ҳам бу укамизни қутқариб қолишимиз керак. Ёш, жаҳли чиқиши мумкин. Қолаверса, ўзи ёмон бола эмас, – деди раис Эркин Воҳидовга қараб.

-Тўғри, тўғри…,- дея Эркин ака бошини чайқаб қўйди.

-Лекин ҳеч нарсани тушунмаяпман,- дедим масала жиддийлигидан андиша этиб. Раис гапимни эшитмагандек гапира бошлади.

-Биз ҳам ёш бўлганмиз. Биласанми, дунё комсомол-ёшлари қўмитасига раис бўлганимда сен тенги эдим, -раис ўзига хос енгил кайфиятда гапиришга кўчди.-Адашмасам, Олмонияда эди. Полшадан келган ёшлар раҳбари билан қизишиб қолдик. Шундай уриб юборибманки, шўрлик, ўлиб қолай деганди. Бирдан кимлигим, қаердалигим ёдимга тушди. Қўрқиб кетганимдан дарров уни қучоқлаб олдим. Нима бўлса ҳам, европаликда, узримни қабул қилди. Бизда узрни қабул қилиш бироз оғирроқ. Шундай бўлса-да, вазирдан илтимос қиламиз, укамизнинг узрини қабул қилсин. Аммо масала жиддий. Бундай ҳолларда иш терговга ҳам кетиши мумкин. Ана унда ҳеч нарса қилолмаймиз. Эркин ака, оқсоқол билан ўзингиз бир учрашсангиз. Юраклари кенг, балки кечирарлар.

-Ҳозир олов бўлиб турибдилар…- деди Эркин ака.

-Биласиз-ку, ёнадилару ўчадилар, энди масала ҳам жиддий-да. Депутат вазирни урса… Тўғри, ёш, демократия деб сайлаб қўйдик. Баъзан масъулият ҳам кишини йўлдан чиқаради. Тарбиялашимиз керак,- деди раис.

Сўнг у Эркин Воҳидовга латифа айтиб берди. Менга эса бир пиёла чой узатиб, “Ма, ол, бизнинг қўлдан чой ичиш ҳам табаррук, ҳали эслаб юрасан” деди.

Бу орада раис ўринбосари Бугров ва қўмита раислари кириб кела бошладилар.

-Қарор тайёрми?-деб сўради раис ўринбосаридан русчалаб.

-Тайёр! Фақат Жаҳонгир Маматов “танишдим” деб имзо қўйиши керак!

-Бу қарорга имзо шарт эмас. Мазмунини биз таништирдик ҳисоб. Қолаверса, оқсоқол кутиб ўтирибдилар. Қани бошлайлик бўлмаса. Ҳа, вазир келган бўлса, чақиринг, кирсин! – деди раис ва ўрнидан туриб, костюмининг тугмасини ўтказиб мажлисни очган бўлди. Одатда президум мажлисларини ўтирган жойидан олиб борадиган раис бу сафар ўрнидан тургани ҳам қизиқ эди. Лекин у бир муддатдан кейин яна қайта ўтирди-да енгил йўталиб олиб, сўзида давом этди׃

-Кеча ҳаётимиздаги энг хунук воқеа юз берди. Депуатат Жаҳонгир Маматов ўз масъулияти ва вазифасини суистеъмол қилиб, Матбуот вазирининг хонасига бостириб кириб, уни дўппослади…

Мен вазирга қарадим. У жилмайиб ўтирарди. “Нима гап?” дегандек менга саволомуз бош қимирлатди. “Билмасам” дегандек, бошимни елкамнинг ичига тортдим.

Раис узоқ гапирмади. Сўзни вазирга берди.

-Мен нима гаплигини тушуна олмадим,-деди Убайдулла ака.

-Нега тушуна олмайсиз? Кеча Жаҳонгир сизни урдими?

-Йўқ! Кеча ҳузуримга келди, газета ҳақида сўради, шу…

-Унда оқсоқол қаердан билдилар? Нима у киши ёлғон гапирадиларми? Йўқ! Кўплаб тўғри информация оладиган жойлари бор. Нега ҳақиқатни яширасиз? Биласизми, шу ҳолингизда оқсоқолни ва бизни ноқулай вазиятга туширмоқдасиз. Нима бўлди, ўзи? Қани бир бошдан гапиринг.

-Нима бўлганини айтдим, – деди вазир.

-Оқсоқол “Жаҳонгир Убайни урибди” дедилар-ку!

Абдураззоқов бирдан кулиб юборди:

-Мен Оқсоқолга “Жаҳонгир ёқамдан олаяти, газетани нима қилайлик?” дегандим. Балки шундан….

-Ёқангиздан олибди-ку, ахир!

-Йўғ-е, бу бир ибора, биз газета хусусида жавоб беролмадик. Жаҳонгир Маматов икки марта қўнғироқ қилди, кейин ўзи борди…

Кулгим қистади. Ҳозир ҳамма кулиб юборса керак, деб ўйладим. Чунки Каримовнинг “ҳовлиқмалиги” ва ўзбек тилини яхши билмаслиги катта бир мамлакатнинг Олий кенгаши раҳбарларини масхараомуз вазиятга солиб қўйганди.

-Шуни оқсоқолга айтиш керакмиди? – Иқтисод қўмитаси раиси Абдуваҳоб Йўлдошев кулиш урнига жаҳл билан сўрай бошлади. -Биз имзо чеккандик, нега бизни қора отли қиласиз? Ярим кечаси оқсоқол уйга қўнғироқ қилиб, на отамиз, на онамиз қолмай ҳақоратладилар…

Барча қўмита раислари унга ажабланиб қарадилар. Чунки улар ҳам “пой”ларини олган эканлар. Аммо масалани бу қадар очиш шартмиди, деб Абдуваҳоб акага ажабланиб қараётгандилар. Зотан кўп ўтмай раёсат Иқтисод қўмитаси раисини бошқа ишга “кузатиб” қўйиш учун йиғилди. Ҳозир эса:

-Қаёқдан билай? Газетани оқсоқолнинг маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов тўхтатиб турганди. Мен масалани унга айтдим. У оқсоқолга англатибди. Кейин ўзлари телефон қилдилар-,деди Убай ака.-“Ёқангдан олдими” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедим. Бўлган гап шу!

Мирзаолим Иброҳимов нима қилишини билмай қолди. Пиёладаги чойни ҳўплади-да, Бугровга “Нима қиламиз?” дея бош чайқади. Мирзаолим ака Совет кадри бўлгани учун ўринбосаридан жуда қўрқар эди. Совет даврида ҳамма жойда иккинчи одам Москванинг жосуси бўларди ва бутун масалани ўша ҳал қиларди. Биринчилар эса қўғирчоқ каби рол ўйнаб берардилар. Агар “иккинчи” билан ораларидан мушук ўтса, ёки бирор ҳаракатлари унга ёқмай қолса, тамом ҳолларига маймун йиғларди.

Бугров ўзбек тилини тушунмас эди. У “Менга сўз берилди” дея ўрнидан туриб, русчалаб гапира бошлади:

-Маматов… Олий Кенгашга келган кунларданоқ унинг кимлиги аён эди. Биз уни кузатдик, ўргандик, тартибга чақирдик. Лекин бўлмади, қолган гап қарорда ёзилган. Ижозатингиз билан ўқиб бераман…

-Тўхта-е, сен ҳам хол қўйдинг! – деб юборди Мирзаолим ака ўзбекчалаб, кейин кулгисини тута олмади. Бошқаларнинг ҳам кулгиси қистаб турган экан, унга қўшилишди. Ўринбосарнинг юзи тундлашди.

-Мен эрталаб қарорни ўртоқ Каримовга кўрсатганман. У киши таҳрир қилиб берганлар. Куладиган жойи йўқ!-деди у масхара бўлган одамнинг жаҳли чиққани каби ҳолатда.

Мирзаолим аканинг ранги оқариб кетди. Анча вақт бошини эгиб қолди. Вазиятдан чиқиш ҳақида ўйлаётган эдими ёки аслида ўзим хол қўйдим, энди нима қиламан, деган хаёлда эдими, хуллас билиб бўлмасди. Бошқалар ҳам жим бўлиб қолишди. Бугров эса анқайиб турарди.

Анчадан сўнг Мирзаолим ака масалани русчалаб ўринбосарига тушунтирган бўлди. У рангини ўзгартирмади ва׃

-Барибир қарор қилишимиз керак,-деди,- унинг бузғунчилиги ҳаммага маълум. Ҳали бошимизга кўп иш олиб келмасдан ҳозир имкони борида қутулиш керак. Ислом Абдуғаниевичнинг фикрлари ҳам шундай.

У бу гапини кўпчиликка эшиттириб айтди. Гап сўраб қўл кўтардим.

-Хўп,-деди раис – айбдорни ҳам эшитиб кўрайлик.

-Бугров жаноблари Совет даври битаётганини унутдиларми? Мени президиум эмас, сессия сайлаганини ҳам у кишига эслатиб қўймоқчиман. Бу киши ҳам бориб Маматов ёқамдан олди десин, ана ундан кейин балки масалани сессияга олиб чиқишар,-дедим қизиққонлигимга бориб.

-Бас,-деди раис.-Шунақа совуқ гапинг бошингга етади.  Кейин Бугровга, “Бу гап сессияга чиқса шарманда бўламиз” деди ва жавобини кутмасдан:

-Ўтир, болам,,- деб “гуп” этиб сўнди.-Тилим бор, деб гапираверма. Боя мажлисдан олдин сени нега чақиргандим. Бундай тушунтириб бермайсанми, ўшанда. Ҳа, майли. Бирибир қарор қилишимиз керак. Қарор бундай: вақтини топиб, масалани оқсоқолга етказиб қўйиш менга топширилсин. Бу хусусда Эркин Воҳидов менга ёрдамчи бўлсин. Тамом.

У кафтини-кафтига ишқаб, “қарс” этиб қўлларини бир-бирига урди-да “Келганларингиз учун раҳмат” ишорасини қилди.

Бу телеминиатюралар театри эмас, бутун бошли бир мамлакатнинг Олий кенгашидаги аҳвол. Миллион-миллион одамларнинг, халқнинг тақдири ана шуларнинг қўлида. Шунча воқеадан кейин ҳам улар корридорга чиқиб хахолаб кулишмоқда.

Тирсагимдан кимдир ушлади. Қарасам вазир:

-Дўстим, ҳаётингизни сақлаб қолдим. Мендан қарздорсиз. Ҳозир, ёлғондан бўлса-да бир тарсаки тортиб юборганди, десам, кетдингиз эди…

-Раҳмат, тақсир, -деди

Эртасига эрталаб келсам, “Мирзаолим ака касал бўлиб қолибди” дейишди. Ўшанда эътибор қилмагандим. Кейинчалик эшитдимки, Каримовнинг калтаги унинг бошида синибди. “Имкониятни қўлдан бой бердинг”, деб уни қаттиқ ҳақорат қилибди.

Иш шу билан битмади. Каримовнинг ўзи газета учун пул беришга баённома ёзганларнинг ҳар бирини чақириб гаплашди. Қўмита раислари эса имзо чекканлари учун сиқувга олиндилар. Охирида Каримов мени ҳам чақирди:

-Биласизми, янги қонун бўйича эркин иш қилганларга фақат фойданинг беш фойизи қоладиган бўлади. Бутун пулларингиз давлатга ўтиб кетади. Топган-тутганларингиздан айрилиб қоласизлар.

-Қайси қонун?-деб сўрадим.

-Болалар тайёрлаяпти. Яқинда сессияга олиб чиқамиз,-деди у совуққонлик билан. Сизга газета керак бўлса, мана менга айтинг, мен ҳукуматнинг ҳисобидан очиб бераман.

-Олий Кенгашнинг ўз газетаси бўлиши керак, деб ўйлагандик.

-Бунга қарши эмасман, Олий Кенгашники бўлсин, лекин шахсий пулга чиқадиган газета эмас. Олдин Матбуот ҳақидаги қонунни чиқариб олинглар, кейин ижросини кўрамиз. Бунинг устига Олий Кенгаш ижро билан эмас, балки қонунчилк билан шуғулланиши керак.

Кейин у пўписа қила бошлади:

-Сиз одамлардан эҳтиёт бўлинг. Сизларга пул берамиз деганларни ҳам билиб олдик. Улар дорнинг тагидан қочган ўғри, муттаҳамлардир. Ҳали уларнинг ҳаммасини дорнинг тагига қайтараман. Сиз тўғри йигитсиз. Улардан узоқ туринг. Бўлмаса сояси сизга ҳам тегади. Сайловчиларингиз Маматов етти минг сўмни қаердан топди, деб сўраб қолишлари ёки вазир мени урди деб айтиши ҳам мумкин. Сайловчилар сўрасалар ҳам тўғри қиладилар. Бечора халқ бир сўмга зор бўлиб турганда, сизларнинг ҳар бирингиз газета учун дея ўртага етти минг сўмдан ташласаларингиз, табиийки, савол туғилади. Яхшиси Олий Кенгашнинг газетаси ҳақида ҳужжат тайёрланг, сессияга ўзим олиб чиқиб, тасдиқлатиб бераман …

Хуллас, “Юзма-юз” ўқувчи билан юзма-юз бўлмасдан Каримовнинг зуғумига юзма-юз келди. Бу ҳақда Олий Кенгашда сўз очолмайдиган бўлиб қолдим. “Қўйинг шу гапни” дейдиган бўлишди. Чунки биз эркин матбуот қанчалик кераклигига ишонсак, Каримов ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун эркин матбуотга йўл бермасликка шу қадар тиришарди. Шу боис умидни Олий Кенгашнинг газетасига боғладик. Балки бу газетани мустақил минбарга айлантиришимиз мумкин, деб ана шу мумкинликнинг йўлларини қидира бошладик.

Аслида Каримов бизни қадамба-қадам синдираётган эди.У давлат ишлари билан эмас, кўпроқ ана шундай ишлар билан бевосита ўзи банд бўларди. Бу эса кўпчилкни чўчитиб қўймоқда эди. Бизни қўллаганларнинг аксарияти у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам қаршимиздаги юҳонинг домига тушиб кетилажагини англамадилар. Балки англасаларда ташвишга қўшилиб нима қилдим, энди узоқ турганим яхши дегандек, ўзларини четга торта бошладилар. Уларни ҳам тушуниш мумкин эди. Лекин демократ депутатлар озчилик бўлсакда, ҳали чекинишни хаёлга ҳам келтирмасдик. Бир эшик ёпилса, иккинчисини очишга уринардик.

Тойиба Тўлаганова эса׃

-Газета чиқаришнинг имконини тополмасак, варақа чиқарамиз, фикрларимизни оддий қоғозга ёзиб тарқатамиз- дерди.

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, IAK and tagged , , . Bookmark the permalink.