Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари (ўнгдан) Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад (1990 йил)

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Маматов (1990 йил)

8.ТАШАББУС ГУРУҲИ

Биз Олий Кенгашда ишлаётган депутатлар ўз-ўзидан иккига ажралган эдик. Демократик ўзгаришлар тарафдори бўлганлар ва борига шукур қилувчилар. Биринчи гуруҳга асосан ёшлар ва сайловда катта курашлар эвазига ютиб чиққанлар кирганди. Иккинчи гуруҳ эса ҳукумат рўйхатидан ўтганлар ва келажакларини ҳукуматнинг йўлидан юриш, деб билганлар.

Бу бўлиниш аста-секин вилоятлардан Олий мажлис қўмиталарига аъзо бўлганлар орасида ҳам сезилиб қолди. Аммо биринчи гуруҳга кирувчилар бармоқ билан санарли, иккинчи гуруҳдагилар жуда кўпчиликни ташкил этишларига қарамай улар озчилик билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлиб қолаётгандилар. Биз куч сифатида сочилиб кетмаслик ва “бир мушт бўлиш” ҳақида ўйлаб Олий мажлисдаги депутатларнинг гуруҳини тузишга киришдик.

Тойиба Тўлаганова:

-Бу ишни сиз ташкил қилаяпсиз, раислигини ҳам ўзингиз олишингиз керак,-деди.

-Гап раисда эмаску- дедим.- Қолаверса бу ишда фаол қатнашаётганлар ҳам кўп. Ҳатто қўмита раислари орасида ҳам қизиқиш билдирганлар бор.Шунинг учун ҳам раис ҳақида ўйлаш унчалик мантиқли туюлмаяпти.

-Йўқ,- деди Тойиба,-ҳамма нарса раисга боғлиқ ва гуруҳимиз Раёсат билан, Олий мажлис билан юзма-юз тура олиши учун раис кучли бўлиши керак.

-Лекин биз раисни олдиндан белгилаб қўйсак, ҳукуматнинг йўлидан борган бўламиз. Биз демократия тарафдоримиз, шундай экан раис масаласини йиғилишда ҳал қиламиз,-дедим.

Ташаббус гуруҳининг йиғилишини ўтказиш учун Олий кенгаш жойлашган Вазирлар маҳкамаси биносининг биринчи қаватдаги мажлислар хонасига тўпландик. Кутилмаганда мажлисга Муҳаммад Солиҳ кириб келди. Биз ҳайрон бўлдик. Чунки биз аввал Олий мажлисдагилар тўпланиб, бир гаплашиб олмоқчи, кейин четдаги хайрихоҳларни ҳам таклиф қилиб, кенгайтирилган мажлис ўтказиб, гуруҳ тузилганини эълон қилмоқчи эдик. Аммо мажлисни бошламасимиздан олдин Муҳаммад Солиҳ сўз олиб:

-Ҳар қандай ҳаракат раисдан бошланади. Аввал раисни танлаш, кейин биринчи қадамни ташлаш керак. Орамизда раис бўладиган номзодлар кўп. Лекин Абдулҳай Мирсаидов жуда ҳам муҳим номзод. Техника фанлари доктори, Ўзбекистонда бу соҳада бу поғонога чиққан энг ёш олим шу киши. Менимча ҳозирданоқ бу одамни раис этиб белгилашимиз керак. Қаршилар йўқ бўлса керак,-деди.

Ҳали кенгайтирилган мажлис ўтказганда раисни демократик йўл билан сайлаб оламиз, дея ўйлаб қўйдим. Лекин Абдулҳай Мирсаидовнинг раис бўлишига ҳам қарши эмас эдим. Чунки камсуқум, камтар ва елиб югурувчан одам. Муҳаммад Солиҳ дарров уни раис ўтирадиган жойга таклиф қилди. Бу ҳаракатдан баъзилар ранжиди, баъзилар эса эътибор ҳам қилишмади. Чунки гуруҳнинг раиси бўлиш фақат ортиқча ташвиш, дегани эди. Лекин кейинчалик билдимки, биз ўшанда хато қилган эканмиз. Раисни ҳаракат чиқариши керак, раис ҳаракатни эмас, дея тушунардим. Бу тушунчам бизнинг жамиятга ёт эканини орадан кўп йиллар ўтиб англадим.

Биз ўшанда Олий Кенгашнинг демократик депутатлар гуруҳини тузиш учун  тўплангандик. Аммо катта йиғилишга қадар бормади ишимиз. Шу боис гуруҳимизнинг номи “Ташаббус” ўлароқ қолди. “Раис”ни ўша куни Каримов чақириб гаплашгани ва орадан кўп ўтмай унинг Каримов билан бирга сафарга бориб-келганини эшитдик. Шундан кейин унинг гуруҳ ишларига қатнашишига ҳафсаласи ҳам қолмади. У ўз-ўзидан четга чиқиб қолди.

Лекин биз тўпланиб, гуруҳнинг мажлисларини ўтказиб, масалаларни муҳокама қилиб олавердик. Ўшанда бу гуруҳ ишини юритишда Тойиба Тўлаганова, Ойгул Маматова, Тошпўлат Жўраев, Ҳамза Эшназаров, Ринат Мирхонов, Воҳид Аъзамов, Бахтиёр Қодиров, Алижон Қўчқоров ва бошқалар фаол эдилар. Гуруҳимизнинг аъзолари 7-сессия арафасида олтмишдан ошиб қолганди. Баъзилар мажлисларимизга келмасалар ҳам бизнинг таклифларимиз, баёнотларимизга қўшилишар ва уларни имзолаб беришарди.

Бир куни Каримов чақириб қолди.

-Бу “Ташаббус” гуруҳи дегани нима ўзи, нима билан бандсизлар?-деди.

-Ҳамма масалалар билан,-дедим.

-Масалан бир-иккитасини мен ҳам билсам бўладими?

-Бўлади,-дедим унинг мақсадини англаб, яъни унинг гуруҳнинг сиёсий йўналишдаги фаолиятидан бохабар бўлишни истаётганини сезиб, гапни бошқа томонга бурдим.- Масалан бизнинг иш шароитимиз. Шу масалани ҳам биргалашиб ҳал қилмоқчимиз.

-Биринчи сессияда ўзингиз чиқиб имтиёзларни бекор қилиш керак деган эдингиз, энди имтиёз излаяпсизларми?,- деди Каримов киноя билан.

-Имтиёз эмас, оддий меҳнат шароити излаяпмиз. Масалан, бизнинг Ошкоралик қўмитаси учун битта кичики хона берилган. Бир томонда раис Эркин Воҳидов, иккинчи томонда мен ўтираман. Қўмита котибаси Тойиба Тўлаганова учун эса ҳатто стол ҳам йўқ. Меҳмонлар учун ажратилган жойда ўтириб ишлайди. Айни ҳолни ҳамма қўмиталарда кўриш мумкин. Бу аҳволда ишлаб бўладими?

-Тойибани кўп ҳам қўмитага яқин йўлатманглар. Ундан ташқари, жой бўлмаса нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор, президентнинг хонасини бўшатиб берайми? Ёки Вице президентнинг хонаси бўш ётибди, шу ерга келиб ишлай қолинглар,- Каримов Тойибанинг номини эшитиб бироз жаҳлга минганди.

-Олий Кенгашнинг ҳам ўз биноси бўлиши керак. Сессияни келиб сизнинг бинонгизда ўтказаяпмиз, қайтиб бориб Вазирлар маҳкамасидаги тор ханаларда ўтириб қонун лойиҳаси тайёрлаяпмиз. Мана Анҳорнинг нариги томонида, кўп қаватли, катта бир иншоот қурилиши қачондан бери тўхтаб қолган. Шуни мослаб, Олий Кенгашнинг биноси қилиш мумкин эмасми?

-Мумкин… бу масалани менга қўйинг. Мен ҳал қиламан,-деди у ва эртасига бир мажлисда дабдурустдан ғамхўрлик қилаётганини намойиш этгандек, “Мен кейинги пайтда депутатларнинг қийин иш шароитини кўриб қийналиб кетаяпман. Бунча катта президент аппарати нима учун керак? Ана у партиянинг биноси-чи? Анҳорнинг нариги томонида баланд бино қурилмай чала ётибди. Шуни Раёсат аъзолари бориб кўрсинлар. Маъқул тушса, тузатиб Олий кенгашга берайлик. Халқнинг вакиллари учун биринчи навбатда ғамхўрлик қилишимиз керак” деб қолди.

Каримовнинг бундай “ҳунари”ни аста-секин ҳамма билиб олди. Шу боис унинг ҳузурига киришганда, “Ислом ака, мана шу ишни сизнинг гапларингиздан келиб чиқиб қилмоқчимиз, шуни ўзингиз бошлаб юборсангиз” дея бир ўқ билан икки қуённи урадиган бўлишди. Биринчидан, Каримов янги ғоя муаллифи ва иккинчидан, ўша иш битиб кетарди. Шу сабабдан ҳам мамлакатдаги ҳамма ишлар унинг номига боғланиб қолди.

Олий мажлисдаги шароитга қайтсак, фақат бино масаласи билан кифояланган эмас эдик. Президент идорасидаги оддий бир ходимга кўрсатиладиган хизматнинг юздан бири ҳам халқнинг вакили бўлган депутатга лозим кўрилмасди. Депутатлар олти ойдирки меҳмонхонада ётиб, кун кечиришарди. Ҳафтада бир марта икки килограммдан гўшт сотиларди. Бунинг учун улар ишдан кейин Вазирлар маҳкамасининг зах ертўласида соатлаб навбатда туришарди. Президент девонидаги оддий ходим эса оиласига керакли нарсани ёзиб берар ва махсус хизмат ходимлари керакли нарсаларни машинада унинг уйига етказишарди. Ҳатто тушлик ошхонасида ҳам депутатлар бегона эдилар. Аввал Вазирлар маҳкамаси ходимлари овқатланишарди, чунки жойлар уларнинг номига беркитиб қўйилганди, улардан қолсагина депутатларга бериларди. Булар имтиёз эмас, оддий иш шароити эканлигини Каримовга тушунтиришга ҳаракат қилдим.

-Депутатларнинг транспорт масаласини ҳам ҳал қилиш,-керак,- дедим охирида.

-Қўмита раисларига яқинда машина берамиз, шуни биргалашиб минишади,- деди Каримов, кейин телефонни олиб Мирсаидовга: -Шукур Раҳматович, ана у машиналар қачон келади? Раисларга “Волга” беринг, қўмитадагилардан баъзиларига “Жигули”, ўз пулларига сотиб олсинлар. Келганингизда шуни ҳам гаплашайлик,-деди.

Кейин яна менга юзланиб,

-Нима масала бўлса келиб айтиб туринг, ўзим ҳал қиламан,-деди- Ана у Нурали билан Эркин акангиз оғиз-бурун ўпишиб юрибдилар. Улардан эҳтиёт бўлинг…

Чиқиб кетарканман, ўша кезда нима учун Каримов бу қадар “ғамхўр” бўлиб қолгани ва охирги гапларининг бизнинг “Ташаббус” гуруҳига нима алоқаси борлигини тушуна олмагандим. Кейинчалик билсам у “Ташаббус” гуруҳи кучланиб бораётганидан чўчиган ва гуруҳнинг ҳар бир аъзоси билан ана шундай алоҳида-алоҳида гаплашиб чиқаётган экан. Олти кишига эса ўз пулига “Жигули” автомашинаси сотиб, кейин уларни вазифасини суиистемол қилганликда айблади. Ўшанда уларга олманглар шу машинасини, десак ҳам, шароитлари қийинлиги, йўл қатновидан безганлари, қолаверса ўз пулларига олишаётганини айтишганди. Аммо бу Каримовнинг тузоғи эди.

“Ташаббус” гуруҳи гарчи бир ташкилотга айланолмай қолган бўлса ҳам демократ депутатларни бирлаштирувчи марказ эди. Айниқса, 7-сессияга тайёргарлик кўришда бу гуруҳ кучга айланди.

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, IAK and tagged , , . Bookmark the permalink.