6.ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ: ЮТҚАЗИШ
СССР халқ депутатлигига жамоат ташкилотларидан ҳам номзодлар кўрсатиш бошланганда, Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси бўлиб ишлаб турган Аҳмаджон Мухторов ҳам даъвогар бўлди. Сайлов кампанияси Тошкентда бошланиб, асосий қисми Москвада давом этди. Аҳмаджон аканинг ишончли вакилларидан бири эдим. “Украина” меҳмонхонасида бир ой яшаб, номзодимизни ўтказиш учун курашдик.
Сайлов СССР Журналистлар уюшмасини “қайнатиб” юборди. Ҳамма республикаларнинг вакиллари ўз номзодларини ўтказишга интилардилар. Бунинг учун сизлар бизга овоз беринг, биз сизга каби “ўйин”лар ҳам бошланганди. Аммо кўп нарса номзоднинг дастури ва учрашувлардаги нутқига боғлиқ эди. Аҳмаджон ака талантли журналистгина бўлиб қолмай, айни пайтда яхши нотиқ ва замон муаммоларини илғаб оладиган сиёсатдон эди. Шу боис ҳам журналистларнинг эътиборини тез қозонди.
Москвадаги ҳаёт билан Тошкентдаги вазиятни солиштириб кўришга уринардим. Ер билан осмон қадар фарқ эди. Ўзбек журналистлари гарчи матбуотда долзарб нарсаларни ёзаётган бўлсаларда, ҳали уюшиб, сиёсий кучга айланмагандилар.
Ўзбекистон Ёзувчулар уюшмаси эса сиёсат қайнаб турган қозон эди. Бу ҳақда Аҳмаджон акага гапирсам у сайловни ўтказиб олайлик, биз ҳам уюшмани оёққа қалқитамиз ва катта кучга айлантирамиз, деган аҳдини ва режаларини айтарди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси туғилгандаёқ ўлик туғилгандек эди. Чунки илгари ҳам фақат “қоғоз”даги ташкилот бўлиб келган.
…1979 йилда Ўзбекистон радиосида ишлардим. Ёшлардан икки кишини ҳам мазкур уюшманинг қурултойига вакил қилиб сайлаш керак экан. Бизни-ёзувчи Примқул Қодировнинг қизи Гуля (Гуля ўша пайтда радионинг рус тилидаги болалар учун дастурлар бўлимида, мен эса ўзбек тилидаги қишлоқ хўжалик бўлимида ишлардик)ни сайлашди. Журналистлар уюшмасининг раиси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов эди. Қурултойда у нафақат нутқ сўзлади, балки анжуманнинг бошидан охирига қадар қимирламай ўтирди ҳам.
Сайлов бошланди ва варақалар тарқатилди. Гуляга:
-Кимларнинг номини ўчирамиз,- дедим ўзбекчалаб. У ўзбекчани тушунарди, аммо русча гаплашарди.
-Ўчиришнинг фойдаси йўқ, барибир айтишмайди, юз фойиз сайланди, деб айтишади.
-Рашидовнинг номини ўчириб кўрамизми?- дедим пичирлаб. Гулянинг ранги оқарди. Бир зум ўйлаб турдида кулиб:
-Балки Раҳмоновнинг номини ўчирармиз,-деди.
Расул Раҳмонов Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитаси раисининг радио бўйича ўринбосари эди.
-Бизни бу ерга олиб келган шу одам. Кейин биздан шубҳа қилиб қолиши аниқ. Бунинг устига унинг қўмита раиси Иброҳимов билан ораси яхши эмас, раис уни кеткизмоқчи, деган гаплар бор,-дедим.
-Рашидовни ўчирсак, КГБ бизни топиб олиши мукин,-деди Гуля.
-Қандай топади? Исмимиз ёзилмаган бўлса?
-Бармоқ изларидан топиши мумкин. Лекин синаб кўрсак бўлади.
Хуллас, иккаламиз Журналистлар уюшмасининг Марказий кенгаши аъзолари рўйхатидан Рашидов номини ўчирдик.
Саноқ комиссиясининг раиси номздоларни номма-ном санаб, “юз фоиз ёқлаб, қарши йўқ” деб айтар экан, биз жиноят қилган одамлардек миқ этмай ўтирардик. Кўзим Рашидовда эди. У ҳам худди бизга қараб тургандек. эди. Навбат “Р” ҳарфига келганда юрагим гупиллай бошлади. Худди бутун залдагилар юрагимнинг товушини эшитиб менга қараб туришгандек туюлди. Шу пайт “Шароф Рашидов… иккита қарши овоз” деган товушдан сесканиб кетдим. Бошимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Рашидов қизариб кетди. Ундан кўзимни олиб қочдим. Залда жимжитлик ҳукмрон. Шу дамда осмон узилиб тушсайдию нафасим бўғилиб қолсайди, дегандек бир кайфиятда эдим. Аммо ҳеч нарса бўлмади.
Шунга қарамасдан тиззаларимда қалтироқ. Гуля ҳам жим. Унинг ҳам дунёсида нималардир бўлаётганди. Биз индамай уйга кетдик. Ҳар куни КГБ ходимлари кириб келишини кутдим. Кейин билсам Гуля ҳам айни ҳисни яшаган экан. Аммо бирор жойда бу ҳақда бирор киши гапирмади ҳам, эсламади ҳам.
Шу воқеа катта қўрқувни енгишга замин бўлганини кейин англадим. Демак, одамлар қўрқув занжири билан ўраб ташланган ва ҳеч қандай назорат қилмасангиз ҳам улар ўзларини ўзлари назорат қилар эканлар. Режим ана шундай йўқ куч устига қурилганини ҳис қилдим . Демак, агар одамлар истасалар кўп нарса бўлиши мумкин экан.
Москвада Аҳмаджон Мухторовнинг ишончли вакили сифатида юрган кунларимда бошқаларда қўрқув занжири йўқолганини кўрдим. Аммо Ўзбекистонда ҳали бу қўрқув яшаётган ва одамларнинг аксарияти ўз-ўзини назорат қилаётганди. Ана шу масала тинчлик бермас ва нима қилиб бўлса ҳам бу йўқ занжирни узиш керак, деб ўйлардим.
Аҳмаджон ака СССР Халқ депутати бўлганларидан кейин у кишини Москвага Олий кенгашга доимий ишга чақиришди. Шу муносабат билан Тошкентдаги ишларини топширдилар.
-Ўрнингизга ўтиб, бир ўзимни синаб кўрмоқчиман,-дедим Аҳмаджон акага.
-Нима деяпсиз? Олий Кенгашдаги ишингиз бундан ўн марта юқори-ку? Нима қиласиз бу ўлик ташкилотни? Ҳатто битта машинаси ва алоҳида бир биноси ёки хазинасида бир мири пули ҳам йўқ-ку?,-дедилар.
-Лекин бир уринмоқчиман,-дедим.
-Марказий қўмита аллақачон ўз номзодини тасдиқдан ўтказиб қўйган-да.
-Ким экан?- деб қизиқдим .
-Лутфилло Кабиров, илгари рус тилида у-бу нарса ёзиб юрарди. Марказий қўмитада инструктор экан. Ўзбек тилини ҳам яхши билмайди. Ташкилот бугунгисидан ҳам баттар бўлади, энди.
-Сиз қаршилик қилмадингизми?
Аҳмаджон ака бир зум ўйланиб турди-да чуқур уф тортиб, гапира бошлади׃
-Ислом ака мендан хавфа. Ҳатто табрикламади ҳам, “Депутат бўлиш ниятингиз бор экан, ўзимизга айтсангиз ҳам бир жойдан сайлатардик”, деди. Энди Москвада бир гуруҳ тузиб ўзбекистонлик депутатларни бошқариш режаси бор экан. Гдлян ҳақидаги чиқишларим ҳам у кишига ёқмаган. Маслаҳат қилиб, кейин гапиринг, деяпти…
Ошкоралик қўмитасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига муқобил номзод йўли билан сайлов ўтказиш масаласини кўтардим ва ўз номзодимни ҳам кўрсатишим мумкинлигини айтдим. Журналистлар ташкилоти раислиги ҳозир эгаллаб турган лавозимимдан паст бўлгани учун ҳам кўпчилик ажабланмас эди. Акс ҳолда мансаб учун ўзини урмоқда, дейишлари ҳам мумкин эди.
Лекин бу воқеа коммунистик идора билан Олий кенгаш орасидаги илк ва ҳал қилувчи тўқнашув бўлди. Чунки мажлис қилган кунимизнинг ўзиёқ Марказий Қўмитанинг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов (асли биолог бўлган ва қўлидан ҳеч иш келмайдиган бу одамни идеология бўйича котиб қилиб қўйишганди. Кейин эшитишимизча у Каримовга камгаплиги билан ёқиб қолган ва “дўсти”га айланган экан) телефон қилди ва׃
-Нима гап?-юмшоқ оҳангда.
-Кеча мажлисга келмадингиз?- дея мен ҳам юмшоқ оҳангда савол билан жавом қилдим. У Ошкоралик қўмитасининг аъзоси ва кейинги пайтларда мажлисларга келмас эди.
-Сизлар шундай мажлис қилаяпмиз, дея маслаҳат қилдингизлармики, мен борай?-дея у яна савол билан давом этди. Бўш келмасликка уриндим׃
-Нега маслаҳат қилишимиз керак? Мажлис чақириш Ошкоралик қўмитаси раиси ва ўринбосарининг ваколатига кирадику?
-Лекин мажлисда муҳокама қиладиган масалани бизнинг бўлим билан келишиб олдингларми?
-Кечирасиз-у, сиз Олий кенгашни Марказий Қўмитага боғлаб қўймоқчимиз? Халқ вакилларига бу ҳақорат эмасми? Ҳамма ёқда демократия ҳақида гуриллаб гап бўлиб турсаю сиз шундай десангиз уят бўлмайдими?-дедим ўзимни босолмай.
-Сизни чақиртиргандим, келмабсиз, мана энди ўзим телефон қилаяпман, Ислом ака шахсан гаплашиб қўй деганлари учун, Журналистлар уюшмасида нима қилмоқчисиз?
Бу гап асабга тегдими ёки ёшлик ғурури қўзғаб кетдими шарта-шурта жавоб қилиб юбордим׃
-Биринчидан, котибингизга “Ҳамидов жанобларига айтиб қўйинг, аввал ўзлари мажлисга келишни ўрагнсинлар, кейин биз ҳам борамиз”, дегандим. Иккинчидан, депутатлик бурчингизни бажариб кеча мажлисга келганингизда нима қилмоқчи бўлганимизни билиб олардингиз!
-Оҳ-ҳу! Ростдан ҳам сиз билан гаплашиб бўлмас экан-ку,- деб суҳбатни якунлади Ҳамидов.
Жавобларимга ҳайрон бўлиб қараб турган Эркин Воҳидов катталар билан бундай муомила қилиб бўлмаслигини айтиб, анча маслаҳат берди.
Шу пайт қисқа рақамли, ҳукумат телефони яна жиринглади. Бу Ислом Каримов эди.
-Мен чақиртирсам келмабсиз,-деди у.
-Сиз чақирганингиз ҳақида ҳеч ким, ҳеч нарса деган эмас, бўлмаса борган бўлардим,- дея юмшоқ жавоб қилдим Эркин аканинг насиҳатига амал қилиб.
-Агар Марказий Комитетнинг қоровули чақирса ҳам демак мен чақирганим бўлади,- Ислом Каримов товушини баландлатиб гапира бошлади.-Сиз ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз ука? Бу депутатлик вақтинчалик нарса, деб такрор ва такрор айтаяпман. Яқинда ҳаммаси жойига қайтади. Москвадаги гапларга қараб хулоса қилманг. Коммунистик партия доим ҳукмрон бўлиб келган ва бундан кейин ҳам ҳукмрон бўлиб қолади. Унга дишманлик қилаётганлар билан ҳали гаплашиб қўямиз. Сиз эса ақлли йигитсиз. Уларга қўшилманг, бошқаларнинг гапига кирманг. Аҳмаджон Мухторовга ўхшаганлар ўзлари панада туриб сизларни ишга солиш билан овора. Ўзбошимчалар бугун депутат бўлгани билан эртага яна ўз жойига қайтариб қўямиз.
-Ислом ака,- дея унинг гапларига жавоб қилмоқчи эдим, аммо уни тўхтатиш қийин эди.
-Журналистлар уюшмаси раислигига бизнинг ўз номзодимиз бор. Эшак бўлса ҳам бизнинг номзодимиз бўлгани учун у ўтади. Сизга вазифа керак бўлса, мана менга айтинг, қайси вазирликни истайсиз, гапимга қулоқ солиб турсангиз Олий Кенгаш раислигига қадар ҳам олиб бораман.
-Аммо бугун мен эгаллаб турган вазифадан жуда ҳам қуйида бўлган ташкилотни бермаяпсизу…
-Гап ташкилотнинг катта-кичиклигида эмас, гап принсипда. Биз айтдикми, ўша одам бўлади, ука,-деди Каримов.
Бу масала энди яна ҳам жиддий аҳамият касб этди. Журналистлар уюшмаси раислигига номзодимни ташвиқ қилишга киришиб кетдим. Учрашувлар, мажлислар ўтаказа бошладик. Икки уч марта Аҳмаджон ака келиб йўлдан қайтаришга уринди, лекин давом этавердик.
Қурултой куни ўртага учинчи номзод ҳам чиқди. Бу “Бирлик”нинг номзоди, журналист Анвар Усмонов эди. Дастурлар, режалар баён этилди. Мен журналистлар уюшмасини сиёсий ташкилотга, ҳақиқатдан журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, уларни бирлаштирадиган, сўз эркинлигини таъминлайдиган, сензурага қарши турадиган ташкилотга айлантириш ҳақида гапирдим. Лутфилла Кабиров ва Анвар Усмонов ўз дастурларини рус тилида баён этдилар.
Қурултой Ўзбекистоннинг катта воқеасига айланди. Ўзбекситон Компартияси Марказий комитети бюросининг аъзолари келишди. Таклиф қилинмаган ҳолда Олий кенгашдан бир қанча расмийлар ҳам шу ерда эди. Ҳатто журналистикага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Кенгаш котиби Омон Олимжонов, Ўзбекистон Комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров ҳам шу ерда фаол эди. Мухолифат ҳаракатлари ва партияларидан ҳам вакиллар келган ва Матбуот уйининг мажлислар зали ҳақиқий сиёсий кураш майдонига айланганди.
Бу ерда эскилик билан янгиликнинг, зулм билан демократиянинг, яккаҳокимлик билан эркинликнинг кураши бошланганди. Хурсанд бўлдим. Демак, ҳаракатларимиз зое кетмаяпти, деб ўйладим. Қурултойда айтилган гаплар ҳам бундай минбарлардан илк бор айтилаётган, тортишувлар ҳам мисли кўрилмаган эди.
Негадир Аҳмаджон ака жуда хомуш. Унинг ёнига борсам׃
-Ҳали ҳам кеч эмас, ўжарликни ташлаб, номзодингизни олинг,- деди.
-Нима учун? –деб сўрасам, қўл силтаб кетиб қолди.
Овоз бериш давомида Каттақўрғондаги “Зарафшон” газетасининг бош муҳаррири Асқар Жалилов ёнимга келди. Асқар ака билан Самарқандда вилоят газетасида бирга ишлаган эдик. Ўшанда Аҳмаджон Мухторов муҳарриримиз эди.
-Аҳмаджон акани танимай қолдим, у кишига тушуна олмай қолдим, ҳамманинг ёнига бориб, Жаҳонгирга овоз берманглар, деб ташвиқ қилмоқдалар. У ўжар, менинг гапимга кирмади, ўзига ёмонлик қилмоқда. Унга дўстлик қиламан, десангизлар унга қарши овоз беринглар, деб юрибдилар,-деди у.
Яна Аҳмаджон аканинг ёнига бордим.
-Биласизми, бу принсиплар жанги, агар шу ерда ютқазсак, тамом, ҳеч қачон юта олмаймиз. Кўраяпсиз, демократия ҳамма республикаларга келганда ҳам бизда йўқ. Биз одамлардаги қўрқувни синдиришимиз керак. Агар бугун ютқазсак, мана барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деган фикрлар янада қатъийлашади,- дедим.
-Барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди,-деди Аҳмаджон ака.
-Лекин сизнинг депутат бўлганингиз ва менинг ҳам депутат бўлганим аниқ масала. Йўлимизни тўса олмадилар. Бизга ўхшаб 20-30 киши уларнинг деворини бузиб ўтди. Демак, мумкин экан.
-Гап ана шунда, 20-30 кишимиз. Улар эса бир неча юз киши. Мухолифатмиз, деб юрганларнинг кўпи эса шу йўл билан мансаб олиш ниятида. Мана қурултойда айтганларингизни эшитиб туришди. Аммо ўзларининг номзодини илгари суришди. Агар гап мақсадда бўлса, нега сизни қўллашмади? Бундан кейин ҳам қўллашмайди? Ёлғизланиб қоласиз?-деди Аҳмаджон ака ачинган қиёфада.
-Улардан қўллашларини сўраганим ҳам йўқ. Бу оддий ҳол. Номзод қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу-демократия.
Қозонни қайнатмоқчи эдим, менимча улгурдим шунга.
-Агар демократия бўлса, нега мен билан гаплашиб турибсиз. Мен ҳам демократияга риоа қилиб, ўзим истаган номзодни ташвиқ қилиб юрибман. Сиз эса қаршилк қилаяпмиз? Қозонга келсак, гап унинг қайнашида эмас, гап пишадиган овқатда. Булар аллақачон бир халта тузни ташлаб бўлишди. Энди бу ошни ҳеч кимга едира олмайсиз,- дедида “Қалай мот қилдимми?” дегандек, елкамга уриб қўйди.
Аҳмаджон акадан жуда қаттиқ хафа бўлдим.
-Бу демократия эмас, бу демократия ғояларини сотиш, дегим келдию у кишини жуда ҳурмат қилганим учун айта олмадим.
Саноқ комиссияси ичида журналистлар Исмат Хушев ва Дадахон Ёқубов ҳам бор эди. Бир пайт Дадахон менинг ёнимга келиб,
-Исматга овозлар сонини ўзгартириш юкланган. Менга ҳам, лекин мен буни қилмадим. Ана у Аҳмаджон тоғангиз билан Исмат бир нималарни режалаяптилар,-деди.
-Бу гапингизни қурултойга ҳам айтинг,-дедим.
Дадахон:
-Нима қипти, мени қўрқоқ деб ўйлаяпсизми, қурултойга ҳам айтаман, керак бўлса Ислом аканинг ўзига ҳам айтаман,-деди,-Исмат нимадир қилиб Сиз ва Лутфиллага 75 тадан, Анвар Усмоновга 22 та овоз чиқарди. Кейин Ислом акага телефон қилишди. У кишига ҳақиқатни манa мен айтаман. Аммо Аҳмаджон ака ичкарига кириб, мен Жаҳонгирга овоз бергандим, қайтиб олдим ва Лутфиллага овоз бермоқчиман, шуни ўзгартириб қўйинглар, деди.
Шу пайт Аҳамаджон ака минбарга чиқиб гапира бошлади. Мени анчадан бери билишини ва ўжарлигимни ҳам айтиб, менга овоз бермаганини эълон қилди.
Саноқ комиссияси ҳам Аҳмаджон ака айтгандек қилиб, натижани ўзгартириб айтди. Лекин Дадахон сўзида турди ва қурултойга мурожаат қилиб, орқада бўлган ўйинни айта бошлади. Саноқ комиссиясининг натижасига исён қилган делегатлар зални ташлаб чиқиб кета бошладилар. Дадахоннинг айтганларини кимдир эшитди, кимдир эшитмади. Аммо унинг “Натижалар бузилди” деган гапи қулоқлар остида қолди.
Саноқ комиссиясининг натижаси қурултой томонидан тасдиқлаш учун овозга қўйилмай, қурултой якунланмай қолди. Чунки ҳамма ёқ ғала ғовур бўлиб кетганди. Эртасига газеталарда Лутфилло Кабиров муқобил сайловда Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси этиб сайланди, у 76 та, Жаҳонгир Маматов 75 та, Анвар Усмонов 22 та овоз олдилар, деган хабар чиқди.
Мени ҳайратга солган эса, Аҳмаджон Мухторовнинг ҳаракатлари бўлди? Нега у бундай йўл тутди? Нега ўз истеъдоди ва қобилиятига қарши иш тутди? Нега мени шогирдим, деб юрган ҳолда оёқлар остига олиб топтади? Бу каби саволларга жавоб топа олмас эдим.
Орадан кўп ўтмай, бир кун Аҳмаджон ака саҳарлаб уйга келди. Ундан хафа бўлганим учун ичкарига таклиф қилиш ёки қилмасликни ҳам билмай қолдим.
-Бугун Москвага қайтаяпман. Сиз хафа бўлманг, сайловда ютқизган бўлсангиз ҳаётингизни қутқазиб қолдингиз. Ислом ака мени ҳам, сизни ҳам ўлдиртириб юборишини айтганди. Шу боис шундай йўл тутдим,- деди.
-Унинг шу гапига ишондингизми?- дедим.
-Сиз ишонмаслигингиз мумкин. Аммо мен ишонаман. Уларнинг қўлидан ҳамма иш келади. Улар кечиришмайди. Кечириш нималигини билишмайди. Сиз эса уларга қарши исён қилдингиз. Улар ўз принсипларини қутқазиб қолиш учун ҳамма йўлга бош урадилар…
-Биз ютганимизда уларнинг “принцип”ларини синдирган бўлардик. Ҳамма нарса биринчи одимга бoғлиқ. Биринчисида ютдингизми, демак йўл очилади.
-Майли укажон, мен сизни ўғлимдек яхши кураман, кўнглимдагини айтдим, қўйдим, аммо у кеча ҳам телефон қилди. Мени қаттиқ ҳақорат қилди, яна, сизни ўлдиртириб юборишини айтди. Ундан эҳтиёт бўлинг, уни яхши танийман. У мафиядан чиққан, бутун мафия унинг орқасида.
Аҳмаджон аканинг кўзида ёш ҳалқаланди… Ҳеч нарса деяолмадим. Барибир ўз фикримда эдим. Агар у киши маҳкам турганда Ислом Каримовнинг малайлари ҳеч нарса қила олмас эди. Ана шу биринчи ютқазиш кейинги одимлар давомида бизга қимматга тушишини ҳис қилардим, аммо бу қай йўсинда бўлишини тассаввур қила олмасдим. Лекин Аҳмаджон аканинг кетаётиб айтган яна бир гапи қувват берди.
-Мен унинг ҳақоратларини жавобсиз қолдирмайман… Агар сизга бирор нарса қилгудек бўлса, ҳаётининг энг катта хатосини қилган бўлади. Унинг ажали мен бўламан!
Демак, бу одамнинг ҳам қалбида исён бор.У кишига нисбатан хаёлимдан ўтган салбий фикрлар бирдан ғув этиб учиб кетди ва кузатиб қўйиш учун чиқдим. Кетаётганларида:
-Барибир ютишимиз керак эди,-дедим.
-Мен ҳам шу фикрга келдим, аммо кеч…-дедилар.
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг қурултойидан эсда қолган яна бир воқеа шуки, мажлисга Бош вазир ўринбосари, шоир Эркин Самандаров раислик қилганди ва очиқдан-очиқ мени сайламасликларини талаб этганди. Ўшанда хоразмлик ёш бир журналист ўрнидан туриб:
-Ёшулли, катта ишга ўтиб виждонингизни сотиб юборибсизку!- деганди.
Шу нарсага аминманки, бу гапни Эркин Самандаров ҳеч қачон унута олмаган бўлса керак, айниқса Каримовнинг топшириғи билан юқоридаги каби жуда кўп “ҳунар”ларни кўрсатиб, кейин ишдан қувиб юборилгач, айниқса, бу сўзлар бот-бот қулоқлари остида жарангалаган бўлса ажаб эмас?!
(ДАВОМИ БОР).
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, IAK | Tagged: Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”, Islom Karimov, Jahongir Mamatov |